Асосий мавзулар
21 май 2018

Андижон ҳокими Раҳматуллаев оғзи шалоқлигича қолмоқда

Андижон шаҳрининг сўконғич ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг тилини тушовлашнинг умуман имкони бўлмаяпти.

Ўтган йили шундай феъли сабабли у суд қарори билан энг кам иш ҳақининг 30 баравари (5 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган эди.

Бу жазо ҳокимга пахтага кам одам чиқарган коллеж ва лицейлар директорларини “ҳайвон”, “шакал”, “эшак”, “падарингга лаънат” каби таҳқирловчи сўзлар билан ҳақорат қилгани учун берилганди.

Аммо бу чора Андижон ҳокимига заррача таъсир этгани йўқ. 2018 йил бошида Дилмурод Раҳматуллаев металлолом топшириғини бажармаган ва болалар спорти жамғармасига пул ўтказмаган раҳбарларни яна “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон” каби сўзлар билан ҳақоратлади.

Ҳокимтўранинг хурмача қилиқлари ҳукумат имижига салбий таъсир этишини ҳисобга олган шекилли, бир ойча муқаддам у шахсан бош вазирнинг ўзидан сўнгги огоҳлантириш олган эди.

Буни қарангки, Андижон шаҳри ҳокими президентнинг вилоятга ташрифи арафасида ободонлаштириш ишларига оид 15 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ​маҳаллий ташкилотлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг айримларини яна чапаничасига сўккани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Шунча шов-шув ва акс садоларга қарамай, бу ҳокимтўранинг тилини тушовлаб бўлмаётганига қандайдир сабаб бўлиши керак назаримизда.

Ўзимизга тусмоллаб бунга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Фикримизча, ҳокимнинг сўкинишни бас қилмаётганига учта сабаб бўлиши мумкин.

Биринчи тахмин шуки, унинг шу даражада ишонган тоғлари борки, ҳатто бош вазирнинг огоҳлантиришларидан ҳам қўрқмайди.

Иккинчи тусмолимиз – ҳокимтўра сўкиниш ваколатини анча юқоридан олган. Бошқа сабаб эса унинг сўкиниш касали билан боғлиқ руҳий ҳолати бўлиши мумкин.

Энди бу тахминлар юзасидан баъзи мулоҳазаларни баён қилсак. Ҳокимтўра ҳеч кимдан қўрқмаётган экан, демак унинг ишдан кетишини кутиш фойдасиз.

Агар сўкиниш ваколати унга юқоридан берилган бўлса, унда бунинг учун барча масъулият ўша юқорининг зиммасида бўлади.

Мабодо сўконғичлик сабаби Д.Раҳматуллаевнинг руҳиятидаги бузилишлар оқибати бўлса, у ҳолда ҳокимни дарҳол тегишли тиббий мутахассислар текшириб, чоралар кўриши керак. Акс ҳолда вазият эрта бир кун ҳокимият нуфузини ерга урадиган даражага етиб бориши, хунук оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Андижонга сафаридан кутилган энг катта натижалардан бири шу ҳокимнинг ишдан олиниши экани ҳақида мустақил матбуотда ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди. Аммо улар ўз тасдиғини топгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Тасдиқланган маълумот шуки, президент оғзи Андижон шаҳри ҳокиминикидек шалоқ бўлмаса-да, кези келганда сўкишларни қойиллатадиган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўзи энг ишонган ҳокимлардан бири эканини айтиб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Савол туғилади: вилоят ҳокими шаънига айтилган бу қўллаб-қувватловлар унинг раҳбарлигида ишловчи шаҳар ҳокими томонга ҳам ишора эмасмикин?!

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 август 2017
Ёдгор Обид – 1940 йилда Тошкент тумани Кўктерак мавзейида туғилган. Москвадаги Олий адабиёт Институтида таҳсил олган. «Оққуш эртаги» номли ...
3 сентябр 2017
Паҳлавон Содиқ 1973 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида туғилган. Тошкент ва Туркияда журналистикадан таҳсил олган. «Руҳият насими» (1994) шеърий ...
7 октябр 2020
Комил Аллламжонов томонидан асос солинган, ҳайдовчиларни ўқитишга ихтисослашган Avtotest Report компанияси 2017 йилда ҳукумат қарори билан тўла монополия ҳуқуқини ...
11 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) 1970 йилларнинг ўрталаригача биз кандакор рассом Омон Азиз устахонасида улфатчилик қилдик…Камина илк бора Туркия қўшиқчиларини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...