UzPoster
20 июн 2018

Янги мактаб формалари кўпчиликка ёқмаяпти

Халқ таълими вазирлиги сайтида энг кўп ўқилган мақола Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг ягона формаси жорий этилиши ҳақидадир.

12 июнь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир синф учун алоҳида мактаб формалари бўлиши таклиф этилмоқда.

Бундан аввалроқ Халқаро пресс клубнинг май ойида бўлиб ўтган йиғилишида айни шу масала муҳокама қилинган, жорий этилиши кутилаётган мактаб формалари 1-4, 5-8 ва 9-11 синф ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида 3 ёш тоифасида ишлаб чиқарилиши айтилганди.

Шунингдек, формаларнинг материали 100 фоиз пахта хомашёсидан экани билдирилганди.
Мактаб билан алоқадор ҳар қандай янгилик ҳозир ота-оналар, соҳа ходимлари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўладиган замонда яшаяпсиз. Ягона мактаб кийими мавзуси ҳам шундай баҳс-мунозараларга бой кечмоқда.

Айтиш керакки, янги мактаб формалари намуналари ҳақида ижтимоий тармоқларда аксарият юзерлар салбий фикр билдирмоқда. Ҳатто юқорида тилга олинган мақолада ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин.

“Бунча хунук. Колхоз. Бундан кўра оқ-қора кийим яхшироқ. Биринчи синфнинг формаси солиқчиларникига ўхшайди”, дея истеҳзо қилиб ёзди телеграмда Шокир исмли фойдаланувчи.

“Мен ҳам қаршиман. Умуман дидсизлик. Ота-оналар ўз сўзини айтиши керак”, дейди яна бир юзер.
“Агар ишлаётганларини кўрсатгилари келса, ҳеч бўлмаса СССР давридагидек қилишса, яхшироқ бўлар эди. Кимдир атайин болаларни хунук кўрсатишга ҳаракат қиляпти шекилли”, деб ўз фикрини баён қилади ота-оналардан бири.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда ҳар бир синф учун алоҳида мактаб кийими кўрсатилган. Ҳар йили янги форма сотиб олиш ташвиши эса ота-оналарни янада кўпроқ норози қилмоқда.

“Ахир бу ота-оналардан кўпроқ пул шилиш учун эмасми?! Ўғлим водолазкасини, кўйлагини икки йил кияди. Кимдир шундан ҳам пул қилаётганга ўхшайди”, деб ёзмоқда юзерлар.

Қизларнинг юбкаси тиззадан баланд бўлиши керак эмаслиги таклиф этилаётгани ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозаларда маданиятларнинг кичик тўқнашувига сабаб бўлмоқда, дейиш мумкин.
Ғарбона маданият тарафдорларининг фикрича, қизи узун юбка кийса, худди роҳибага ўхшаб қолар эмиш.

Юзерлардан бири “Тиззадан 15 см баланд турадиган форманинг нимаси ёмон” деса, ўзбекона маданият тарафдорларидан бири “Баъзи қизларнинг ичидан кийгани кўриниб туришининг нимаси яхши”, дея эътироз қилади.

Ота-оналардан бирининг айтишича, янги форманинг нархи 200-250 минг сўм атрофида бўлиши кутиляпти. Лекин у пахта матоданми ёки синтетик материалдан тикиладими, ҳозирча номаълум.
Мактаб ўқувчилари учун янги формалар намуналари ҳали расман тасдиқланмагани кўпчиликда вазиятни ўзгартириш мумкинлигига умид уйғотмоқда.

Шунинг учун айримлар барчани бу масалада ўз фикрини очиқ-ойдин баён қилишга, керак бўлса, мактаб кийимларининг бундай кўринишда тасдиқланишига қарши туришга чақирмоқда.

Айрим ўқитувчиларнинг билдиришича, ёзнинг охирги ойларида мактабларда ота-оналар йиғилишлари ўтказилади ва уларнинг янги мактаб формаси бўйича фикрлари ўрганилади.

Халқ таълими вазирлиги эса тажриба-синов ўтказилган мактаблардан ўқувчилар, синф раҳбарлари ва ота-оналарнинг фикр-мулоҳазалари билдирилган сўровномалар йиғиб олингани ва мактаб формаси борасидаги хулосалар албатта ҳисобга олинишини билдирмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 сентябр 2018
Рассом Маҳмуджон Эшонқулов 
11 ноябр 2015
Рассом: Туз Eltuz.com
20 июл 2022
Ўзбек халқи кимга, қайси режимга қарам бўлиб келган эдики, энди у ўзини озод, эркин миллат деб билади? Бир ярим ...
9 май 2022
Абдулазиз Маҳмудов бир неча бор мендан видео интервю олишни сўраган. Бунга вақт ҳам, истак ҳам бўлгани йўқ. Мен унинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...