Zeromax кредиторларининг Гулнора Каримованинг Швейцариядаги активларига даъвоси қонуний эмас
Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир гуруҳ фаоллари Zeromax GMBH кредиторларининг Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини товон сифатида олиш ҳаракатлари кучайганидан хавотир билдирди.
Бу ўринда гап Швейцарияда Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан очилган жиноят иши доирасида музлатиб қўйилиб, мусодара қилинган 800 миллион АҚШ доллари ҳақида бормоқда.
Коррупцияга алоқадор бу маблағни айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш масаласи якуний босқичда турибди.
Zeromax кредиторлари компаниянинг ҳақиқий эгаси аслида Гулнора Каримова деб билади, шунинг учун бу маблағларга даъвогарлик қилиб келмоқда.
“Биз (кредиторларнинг) бу ҳақдаги баёнотларини ноқонуний, адолатсиз ва юридик жиҳатдан шубҳали деб ҳисоблаймиз”, демоқда фуқаролик жамияти фаоллари.
Zeromax GmbH дастлаб АҚШнинг Делавэр штатида Zeromax LLC сифатида, сўнг эса 2005 йилда Швейцариянинг Цуг контонида рўйхатга олинган бўлиб, расман Миродил Жалилов ва унинг хотинига тегишлидир. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу компания эҳтимол Гулнора Каримова паноҳида Ўзбекистон ҳукумати томонидан эксклюзив ва тўлиқ қўллаб-қувватлаб келинганини айтиб келади.
Шундай қўллаб-қувватлашлар сабабли Zeromax нефть ва газ қазиб олиш, ташиш ва экспорт қилиш, пахтачилик ва тўқимачилик саноати, алкоголсиз ичимликлар, фойдали қазилмалар, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда жуда қисқа муддатда жуда даромадли келишувлар, активлар ва имтиёзларни қўлга киритди.
2008 йилга келиб келиб Zeromax 22 та шўъба корхонага, 3 миллиард долларлик операцион тушумга ва 1,7 млрд долларлик активларга эга бўлди ва Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик инвесторига айланди.
Чуқур коррупция муҳити ва васийлик тизими ҳукмрон Ўзбекистон иқтисодиётида бундай юксак мавқега эришиш ҳукуматнинг барча бўғинлари қўллаб-қуватлашларисиз мумкин эмас эди. Шунга қарамай, Zeromax ҳукмрон элитанинг ўзаро рақобатчи гуруҳлари, айниқса, Миллий хавфсизлик хизмати тегирмонига тушди. Натижада 2010 йил май ойида Тошкент суди қарори билан солиқ мажбуриятларини бажармагани учун компаниянинг активлари мусодара қилинди, ўша йилнинг октябрида эса у тўловга қобилиятсиз деб топилди. Zeromax нинг кредиторлардан қарзлари эса тўланмасдан қолди.
Энди бу кредиторлар ўз йўқотишларини Zeromax нинг ҳақиқий эгаси деб кўрилаётган Г.Каримова активлари ҳисобига қоплашга уринмоқда. Активлар Г.Каримованинг телекоммуникация компанияларидан олган порасини ювиш бўйича жиноят иши доирасида Швейцарияда музлатилган.
“Назаримизда, Zeromax кредиторларига товон пули бу компанияни назорат қилган, унинг активларини қўлга киритиш ва мажбуриятларини бажармаслик учун уни банкротликка маҳкум этган Ўзбекистон ҳукумати томонидан тўланиши керак”, дейилади фуқаролик жамияти фаоллари баёнотида.
Унда айтилишича, ҳукумат Zeromax га бир фойдали актив ортидан бошқасини олишга рухсат берган, аммо кейин уни тижорий бизнес билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ишлар – Анжуманлар саройи, стадион, спорт мактаби қуришга, турли хайрия харажатларини амалга оширишга мажбурлаган. Алал-оқибат ҳукумат ҳақини тўламаган бу лойиҳалар Zeromax қарздор бўлиб қолишининг асосий сабаблари бўлган.
Фаоллар Zeromax билан келишувлар натижалари учун жавобгарликнинг бир қисмини кредиторларнинг ўзи зиммасига олиши кераклиги айтмоқда.
“Биз Zeromax кредиторлари унинг шубҳали келиб чиқишидан бохабар бўлган, деб ҳисоблаймиз. Компания банкрот бўлишидан олдин Гулнора Каримованинг у билан боғлиқлиги матбуотда етарлича ёритилган эди. Кредиторлар Каримова билан келишувлардан ўз бизнеси учун худди телекоммуникация компаниялари (TeliaSonera, Вымпелком ва МТС) у билан яширин келишувларга эришган вақтдаги каби имтиёзли шарт-шароитлар ва алоҳида фойдали бизнес имкониятларга эга бўлишни кутган бўлиши эҳтимоли жуда юқори”, дейилади фаоллар баёнотида.
Улар Zeromax кредиторлари ўзлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни ва Zeromax билан келишувларини ошкор этиши ва Гулнора Каримова активларига даъвосини асослашлари шарт, деб ҳисобламоқда. Бу жамоатчиликда кучли қизиқиш уйғотади. Ҳозирча эса улар Швейцарияда музлатилган активлар ўзбек халқига эмас, айнан ўзларига тегишли экани тўғрисида бирорта маълумот ёки далил тақдим этган эмас.
Фаоллар Ўзбекистон фуқаролик жамияти аъзолари сифатида Zeromax нинг кредиторлар билан муносабатлари ўзаро тил бириктириш ва коррупциядан холи экани ҳақида билишга ҳақли эканини таъкидлаб, бир неча саволларга жавоб берилишини талаб қилмоқда.
Бу саволлар қуйидагилар. Кредиторлар коррупциялашган режимга алоқадор компания билан муносабатга киришиш билан боғлиқ сиёсий таваккачиликларга нега эътибор қаратмаган? Келиб чиқиши шубҳали бўлган Zeromax билан шартномалар имзолашдан олдин нега улар зарурий экспертиза қилинмаган? Нега кредиторлар устав капитали бор-йўғи 20 минг доллар бўлган компанияга миллионлаб доллар сармоя киритган ва уларни тегишлича ҳимояламаган?
Кредиторлар Zeromax билан келишувларга алоқадор таваккалчиликлар ва бу компания Жалолов эмас, балки ҳукмрон режим вакили сифатида фаолият юритган Гулнора Каримова томонидан назорат қилинишини билмаган бўлишини тасаввур қилиш қийин.
Айрим кредиторларнинг талабларида камида номутаносибликлар бор. Масалан, кредиторлардан бири – Россиянинг ЕТК компанияси буюртмаси асосида тайёрланган аудиторлик ҳисоботи фаоллар қўлига тушиб қолди. ЕТК, ҳисоботга кўра, Zeromax га етказиб берилган, бироқ пули тўланмаган пўлат қувурлар учун 395 миллион доллар миқдорида товон олишга даъвогарлик қилмоқда. Аммо ҳисоботда Zeromax билан 100 миллион долларлик фақат битта шартнома даъвога асос сифатида келтирилган.
Ажабланарлиси шундаки, бу шартнома бўйича тўлов кечикаётгани ва ўтказиб берилмаганига қарамай, қувурлар етказиб бериш бўйича кейинчалик Zeromax билан гўёки қиймати 268 миллион долларлик яна битта келишув имзоланган. Аммо бу келишув бирорта шартнома билан тасдиқланмаган. Иккинчи, эҳтимол умуман йўқ бўлган шартноманинг рақами ҳам келтирилмаган. Кўринишидан, 268 миллион долларлик иккинчи келишув фирибгарлик аломатларига эга. Журналистик суриштирув ортидан фош бўлган ва Russian Laundromat номи остида машҳур бўлган худди шундай схемага кўра, сохта шартнома тузилади, кейин унинг ижро этилмагани учун товон тўлаш талаб қилинади, сўнг олинган “товон пули” келишув иштирокчилари ўртасида тақсимланади ва кўп сонли офшор ҳисоб рақамларига ўтказилади.
Фуқаролик жамияти фаоллари кредиторларнинг Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатилган активларини товон сифатида олиш талабларини рад этган мазкур мамлакат ҳукумати қарорини олқишлаган ва шу позицияда қатъий туришни сўрашган.
Фаоллар Швейцария ҳукуматини Гулнора Каримованинг активларини Ўзбекистонга қайтаришга масъулият билан ёндашиш, улар расмий Тошкент коррупцияга қарши курашишда сезиларли натижага эришгандан кейингина фуқаролик жамиятини ривожлантириш, жамият олдидаги ҳисобдорлик каби шартлар билан қайтарилиши лозимлигини талаб қилиб келади.
eltuz.com