Асосий мавзулар
28 январ 2019

Тадбиркорларга хронометраж қўйилди

Янги йилдан бошлаб қўшимча қиймат солиғи жорий этилиши ортидан Ўзбекистонда тадбиркорларнинг солиқдан қочишга интилишлари янада кучайгани кузатилмоқда.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда пештахталари бўшаб ётган йирик супермаркетлардан олинган суратлар кўплаб чоп этилмоқда.

Иқтисодиётнинг бундай қийин аҳволга тушиши мутахассислар томонидан аввалдан башорат қилинганди.

Чунки ҚҚСнинг бирданига 20 фоиз этиб белгилангани кўпчиликни ҳушёр торттирган, нарх-наво ошиши қочиб бўлмас ҳолат эканлиги тахмин қилинганди.

Январь ойининг аввалида унчалик билинмаган бундай вазият ой охирлаганда яққолроқ кўзга ташлана бошлади. Зеро, ҚҚС залвори энди-энди билинмоқда.

Тошкентнинг энг йирик бозорларидан бўлмиш “Ўрикзор”да савдо қиладиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, солиқчилар дўконда ўтирволиб, кунлик тушумларни ҳисоб-китоб қилмоқда.

“Бизга хронометраж тушди. Солиқчи кун бўйи дўконда ўтириб, ҳар бир тушган сўмни ҳисобламоқда. Хронометраж 2-3 кунлаб давом этяпти”, дейди тадбиркор.

Шу ўринда тадбиркорлар хронометраж деб атаётган амалиётнинг моҳиятини тушуниб олиш зарар қилмайди.

Хронометражнинг маъноси шуки, солиқ идораси вакили савдо объектида бир кунда қанча савдо қилинганини бевосита ҳисоб-китоб қилиб боради. Шундан сўнг мана шу тушумга қараб тадбиркорнинг йиллик савдо ҳажми миқдори ҳисобланади ва у шу асосда солиқ тўлашга мажбурланади.

Гап шундаки, йиллик савдо айланмаси 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари ҚҚС тўлашга ўтказилди. “Ўрикзор”да эса бундай катта айланмага эга бўлган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади.

Фоизи катта бўлган ҚҚСга ўтиш эса йирик тадбиркорларнинг фойдаси кескин камайишига олиб келишини айтмоқда савдогарлар.

“Одамлар хронометраждан қочишнинг йўлини қилишга уриняпти. Масалан, дўкон олдига ўзининг одамини қўйиб, катта миқдорда харид қиладиган эски мижозларни аста четга олиб, гапни тушунтириб, қайтариб юборишяпти.

Доимий мижозлар орасида бирданига 2-3, ҳатто 5-6 миллион сўмга товар оладиганлар бор. Ўшаларни астагина ортга қайтаришяпти. Бўлмаса, агар шу куни савдо 100 миллион бўлса, ўша асос қилиб олиниб, кейин солиқ уйимизни куйдириб юборади”, дейди “Ўрикзор”да савдо қилувчи тадбиркор “Элтуз” билан суҳбатда.

Худди шундай ҳолат умумий овқатланиш соҳасида ҳам кузатиляпти. Тошкентдаги кафелардан бирининг хўжайини унга нисбатан ҳам хронометраж амалиёти қўлланилганини айтди.

“Бир кунда 10 миллион сўм ҳисоблаяпти ва кунига банкка шунча пул топширасан, деяпти. Мен топган пулимнинг ҳаммасини банкка топширсам, кейин қандай ишлайман”, дейди кафе хўжайини.

Унинг айтишича, кунига 10 миллион сўмлик савдо қилгани билан гўшт, сабзавотлар каби кафе учун керакли маҳсулотларнинг ҳаммасини бозордан харид қилади. Банкка топширилган пулни эса барибир вақтида ололмайди. Натижада кафенинг иши юришмайди.

Тадбиркорлар ўзларини солиқ тўлашдан қочишга мажбур қилаётган ҚҚС балоси билан имкон қадар курашаётган бир пайтда давлатнинг тегишли идоралари бу янги солиқ сиёсатини оқлаш ҳаракатини давом эттирмоқда.

Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтадиганлар учун “ягона солиқ тўлови суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига, лекин ягона солиқ тўлови суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камайтириш тартиби сақланиб қолиниши”ни билдирди.

Лекин давлатнинг “ширин” сўзлари тадбиркорларни ишонтира олаётгани йўқ. Аксинча бўляпти ҳаммаси.

Зеро, бозор иқтисодиёти фойда кўришга асосланган. Тадбиркорнинг фойдасини камайтирадиган ҳар қандай янгилик эса иқтисодиётга тескари таъсир кўрсатади.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 март 2017
16 март куни эрталаб, иммиграция қоидаларини бузганлик айби билан ушланган Россиянинг «Новая газета» мухбири 30 яшар ўзбекистонлик Худоберди Нурматов ...
30 ноябр 2023
Туркиянинг Сакаря шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган 49 нафар ўзбекистонлик хотин қўлга олинди. Қайд этилишича, Сакарья вилоят полиция бошқармаси Жамоат тартибини сақлаш бўлими Ахлоқ бюроси гуруҳлари, Сакарья Бош прокуратураси бошчилигида жорий йилнинг 25 ноябрь куни кечқурун Сакарьянинг Қорасу туманида 10 га яқин манзилда рейд ўтказган.   Операция давомида жами 61 нафар ...
28 апрел 2017
Тошкент пропискасига кириш учун расмий рўйҳатдаги ҳужжатларни йиғишга вақтинча пойтахтда бўлиш муддати ҳам етмаслиги ҳақидаги мақолани чоп этган Кun.uz ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг зўр ҳимоячи. 2007 йил ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...