Асосий мавзулар
31 январ 2019

Ҳаммасига Каримов айбдор

Германияда чиқадиган  «Süddeutsche Zeitung» (Зюддойче Цайтунг) газетаси 29 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг интервьюсини чоп қилди.

Каримов даврида ҳам, бугун ҳам ташқи ишлар вазири бўлиб қолаётган 71 ёшли Абдулазиз Комилов немис мухбири Фрэнк Нинхуйзеннинг «Нима учун илгари ислоҳотлар амалга оширилмаганди?» деган саволига бундай жавоб беради:

«Президент Каримов Ўзбекистон учун кўп ишлар қилди, бу айниқса мустақилликни ҳимоя қилишда, унинг айрим тамал тошларини қўйишда кўринади. Бироқ бу бошқа давр эди ва жаноб Каримов ҳаммани шахсан назорат қилган. Ҳеч ким сиёсатни тўғрилаш учун ҳеч нарса қила олмаган. Ҳатто бундай мавзуни муҳокама этиш қийин бўлган».

Йигирма йилдан зиёд даврда Марказий Осиёдаги ўта авторитар давлат бўлган Ўзбекистоннинг бугунги кунда очилаётгани, 2016 йилдан буён 15 мингдан зиёд сиёсий маҳкумнинг озод этилгани ҳақида гапираркан, Комилов нима учун мамлакатга ислоҳотлар зарур бўлиб қолганига изоҳ беради. 

«Агар сиз мамлакатни ривожлантиришни истасангиз, одамларга эркинлик беришингиз ва сиёсий-иқтисодий тузумни либераллаштиришингиз керак бўлади», дейди Комилов немис нашрига берган интервьюсида.

Айни пайтда вазир кўплаб давлатлар бу йўлдан бормаётганига ҳам ишора қилиб, одамларининг эркдан маҳрумлигига қарамай, иқтисодий ривожланаётган Хитойни мисол келтиради.

«Хитой бу Хитой. Бу уларнинг ички иши. Бироқ биз бу йўлдан бормаймиз», дейди Комилов.

Немис нашрига берган интервьюси асносида ўзбек ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари ислоҳотлар мамлакатга инвестиция киритилиши учун кўпроқ муҳимлигини урғулайди.

«Бу стратегия ўз ичига сиёсий, иқтисодий, демократик, инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги ислоҳотларни қамрайди ва энг яхши инвестицион муҳит яратишни кўзлайди. Биз кўпроқ ишлар қилишимиз кераклигини тушунамиз. Бироқ кейинги икки йил ичида қўйилган қадамлар жуда улкандир», дейди Комилов.

Ортга йўл йўқ

Немис журналистининг Ўзбекистон пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга оид саволига жавоб бераркан, Комилов болалар меҳнати аллақачон тугатилгани Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан тасдиқлангани, катталар мажбурий меҳнати эса айрим вилоятлардагина сақланиб қолгани, бу ҳам жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда бартараф этилаётганини билдиради. Вазирнинг фикрича, бу катта прогрессдир. 

«Сиёсий маҳкумлар-чи? Human Rights Watch ташкилоти сиёсий айбловлар билан қамалган минглаб маҳкумлар ҳамон турмаларда қолаётгани ёзмоқда», дея навбатдаги саволни кўндаланг қўяди немис журналисти.

Комиловга кўра, кейинги икки йил ичида илгари диний ташкилотлар сафида бўлган 15 000 маҳкум озод этилган, бироқ баҳсга ўрин бор.

«Албатта, кўплаб маҳкумлар уларни халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаши учун ўзларини сиёсий маҳкум дея аташларини исташади.  Биз мунозара учун очиқмиз», дейди Комилов.

Журналистнинг «Ислоҳотлар қанчалик узоқ давом этиши мумкин?» деган саволига Комилов «Ортга йўл йўқ» дея жавоб беради:

«Ҳаммага маълумки, чуқур ислоҳотлар одатда одамларга ёқмайди. Ўтиш босқичи – оғир давр. Шунинг учун одамларнинг бу сиёсатни қўллаш муҳимлигини, агар ҳеч нарса қилинмаса, вазият янада оғирлашишини англашлари жуда муҳим. Биз минтақада иш юритишни истаймиз. Вазият оғир эканини биламиз. Бироқ биз учун бошқа муқобил йўл йўқ!»

Немис журналисти одамлар айнан муқобилликни, турли мухолиф ғоялар, партиялар танловини, эркин сайловларни исташаётганига ишора қилади.

«Биз сизга бунинг вариантларини тақдим қиламиз. Энг муҳими, биз демократия, бозор иқтисодиёти, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар йўлида ҳаракат қиляпмиз».

«Шунингдек, эркин сайловлар йўлида ҳамми?» дея тағин ўз саволини урғуларкан, немис журналисти Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг тасдиқ жавобини олади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 май 2016
Машҳур фаоллардан бири ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси етакчиси Е.Урлаева кўп бора оғир воқеаларни бошдан кечиргандан кейин 9 март ...
8 октябр 2021
Бу 20-асрнинг энг буюк ўзбек шоири Мухаммад Солиҳ ëзган шеърдан иқтибос эди. Бир вақтлар Гдлян «Ўзбеклар ўғри» деганда, Ўзбекистондаги ...
9 октябр 2024
Исроилда теракт. Россияда Ютубнинг тўсилишига қарши намойишлар, Украинадаги рус  харбий асирлари, Бухородаги электр идораси ва Навоий олтин конидаги бахтсиз ходиса ...
17 феврал 2024
Анжанликлар уйни «эшик» дейди.  Ўлиб кетган Ўзбекистон президенти  Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева эгалик қилган Беверли Ҳиллздаги ҳовлини «эшик» эмас «қаср» десак ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...