Элак
6 март 2019

Бош прокуратура: Гулнора Каримова уй қамоғидан умумий тартибли колонияга ўтказилди

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 5 март куни билдиришича, 10 йиллик қамоқ жазосини уйда ўтаëтган 47 ёшли Гулнора Каримова  “жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи” белгиланган.

Прокуратура баëнотида таъкидланишича, Жиноят жшлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исломовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бош прокуратура ахборотида Гулнора Каримованинг уй қамоғини ўтагани борасида тафсилотлар бор.

“Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб, маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган”.

Бош прокуратура ахборотида маҳкума Гулнора Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилгани таъкидланади. Шунингдек, маҳкума Гулнора Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилгани ҳам айтилган.

Каримова нега қамоққа қайтарилди?

Бош прокуратура ахборотида “маҳкума Гулнора Каримова  жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармагани айтилиб, мисол келтирилган:

“Хусусан, маҳкума Г.Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Огоҳлантиришга қарамасдан, Г.Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган”.

Гулнора Каримова интернетдан фойдаланган

Бош прокуратура ахборотида чекловга қарамасдан, Гулнора Каримова “мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдалангани, жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилгани» айтилади.

Бундан олдин Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова  онасининг прокуратура ходимлари томонидан ўғирланганини билдирди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти набираси Имон Каримова ўзининг Instagram аккаунтида онаси Гулнора Каримованинг прокуратура ходимлари томонидан уйидан олиб кетилгани ҳақида ташвишли хабар тарқатди. Хабардан маълум бўлишича, 2018 йилнинг июнида Гулнора Каримова МШО (муддатидан олдин шартли озод этиш)га кўра озод этилган ва Тошкентдаги квартирасида қизи билан яшаб келган.

Иман Каримова инстаграмидан

«Бугун тахминан 19:00да ўзбек прокуратураси ходимлари, жумладан, Муҳаммедов Илёс менинг Тошкентдаги квартирамга бостириб киришди, у ерда мен онам билан 2018 йилнинг июнидан яшаб келганман, менинг онам Гулнора Каримова МШО (муддатидан олдин шартли озод этиш)га кўра озод этилган эди. У аввалига «раҳбарият» номидан ойимга таҳдид қилди, кейин бир неча минут ўтиб прокуратуранинг бошқа ходимларини бошлаб келди, улар билан биргаликда ойимни ваннахонадан чиқариб, номаълум томонга олиб кетишган. Ўзбек томони жуда кўп фактларни яширишни истаяпти ва келишувга эришилган эди, бироқ, афсуски, ўзбек прокуратурасининг шаффофлиги ва қонуннинг йўқлигини англатувчи бундай муносабатдан кейин энди чидаш мумкин эмас. Бу каби ноқонуний ҳаракат нафақат Конституция ва инсон ҳуқуқларига қарши, балки мамлакатга бўлган бирор қизиқиш, энг аввало, соғлом инвесторларни ҳуркитади. Ҳозирги пайтда унинг (Г.Каримованинг – Элтуз) қаердалигини, унга нима бўлганини ҳеч ким билмайди, бироқ Швейцариядаги адвокатлар ва прокурорлар аллақачон хабардор ва чоралар кўришмоқда. Бундай ҳаракатлар Ўзбекистонга ҳар қачонгидан жиддий ва тенглик асосида қараётган, бундай ноҳақликлар тақиқланган ривожланган давлатлар шаҳдини сўндиради. Агар унга нисбатан шу ҳол юз бераётган экан, демак ҳеч ким ҳимоя қилинмаган. Бу «одамлар» мамлакатимиз имижи ва аҳолининг қонунга бўлган ишончига панд беришмоқда. Менга ва менинг оиламга маълум бўлган барча тафсилотларни очиқлашни (нафақат айни шу ҳаракатни содир қилаётган ҳукуматдаги одамлар ва “бизнесменлар” билан келишувга кўра) истамасдим, бироқ ойимни ҳеч бир тушунтиришсиз ва ноқонуний куч ишлатиб, квартирасидан битта халатда олиб чиқишган, бунга исбот бор, агар вазият барқарорлашмаса, мен  ортиқ жим туришга қодир эмасман. Ҳар куни бошлиқлар/раислар алмашадиган ва бу одамлар устидан зўровонлик тўғридан-тўғри бизнинг президентга бориб тақаладиган, унинг сиёсати мамлакатдаги вазият назоратига панд берадиган бизнинг тузумни аллақачон камдан-кам одам жиддий қабул қилмоқда», – дейилади Имон Каримова Инстаграм орқали тарқатган маълумотда.

Кейинчалик у тағин бир билдириш чоп этди:

 «Ҳозирги пайтда прокуратура ходимлари менинг шахсий мулким бўлган квартирада юриб, уй ичида ўрнатилган камералардан юзларини беркитиб, далилий ашёларни йўқ қилишга уринишмоқда. Шундан кейин ҳам бизга тенг муносабатда бўлинди, деб ҳисоблаймизми? Иззатини сақлаймизми? Ҳеч қачон бундай бўлмайди! Бу бутун дунёга катта шармандалик, прокуратура ходимларининг квартирадаги одамни ва менинг шахсий буюмларимни ўғирлаганларидан кейин ҳам юзларини капюшон ортига яшириб юришлари».

2015 йили солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, 2 млрд доллар атрофидаги маблағ ўмариш ва бошқа молиявий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Каримова устидан суд махфий тарзда ўтди, жиноят иши деталлари номаълумлигича қолмоқда.

Ўтган йилнинг декабрида  унинг ўғли Ислом Каримов онаси Гулнора Каримованинг президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб- қувватлаши ва Ўзбекистон учун фойдали бўлишни истаётгани ҳақида ёзган эди.

«У (Гулнора Каримова) молиявий, ҳам жисмонан мамлакат ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун ўз иқтидорида борини қилишга қарор берди. У бутун умри давомида йиққанларини, билимдан бошқа ҳеч бир шахсий фойдани кўзламасдан, яхши келажак қурилишида иштирок этишга, издошларини илҳомлантиришга ва ёрдам тегадиган жараёнларда фойдали бўлишга тайёрлигини билдирди», – дейилади кичик Ислом Каримов баёнотида.

(Фото: Имон Каримованинг инстаграм саҳифасидан)

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа жиҳатдан ундан-да яқинроқ пойтахти ...
26 декабр 2023
Ғаллаорол суди танишини Туркияга жалабликка юбормоқчи бўлган аёл озодлигини уч йилга чеклади. Суд 23 ёшли судланувчи Озода Ҳазратқуловани Ўзбекистон ...
1 ноябр 2024
Мана хафта зувв этиб айланиб, яна сиз билан юзма юзман. Бир хафта ичида нималар бўлмади ўзбекистонда. Келди хуш  гулгун замон ...
13 январ 2016
Ўзбекистонда қалбаки дорилар бозори, айниқса, кейинги йилларда ривожланди, дейди Eltuz.Com билан суҳбатлашган ўзбекистонлик шифокор Сабоҳат Аҳмедова. Вазият шундай тус ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...