Асосий мавзулар
11 март 2019

Қўшхотинликка қарши чиққан мулозим виртуал сазоий қилингани ортидан узр сўраттирилди

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари, 4 фарзанднинг онаси, 35 яшар Наргиза Саидованинг фейсбук юзери Ҳаёт Бахтиёрўғли (исм фейк бўлиши мумкин) билан тортишувида қўллаган ибораси тармоқнинг либерал ва қадимчи сегменти ўртасидаги виртуал тўқнашувга сабаб бўлди.

Тармоқда кўпхотинлиликни тарғиб қилган Ҳаёт Бахтиёрўғли: «Битта хотинни эплай олмайдиган латта эркаклар ва эрининг устига эшак қилиб миниб олган шаллақи хотинлар қўшхотинликка қарши чиқади фақат», деб ëзган гапига жавобан Наргиза Саидова: «Пайғамбаримиз Хадича онамиз тирикликларида устига хотин олмаганлар. Билмадим, балки ўша пайт сўтакроқ бўлгандирлар. Балким Хадича онамиз шаллақи аëл бўлгандирлар, бунисини сиз яхшироқ биласиз. Ҳазрати Али ҳам Фотима онамизнинг устига хотин олмаганлар. Бу жуда кулгили ҳол, албатта”, дея сарказм билан ëзди.

Бу жумланинг контекстдан юлиб олинган қисмини “асос” қилган ва ораларида собиқ хизмат кўрсатган артистдан тортиб собиқ имомлару қамалиб чиққан журналистларгача бўлган оломон Наргиза Саидовага таҳдид қила бошлади.

Ўнлаб юзерлар Наргиза Саидованинг ўлдирилишини талаб қилди. Бу таҳдидлар ортидан 9 март куни Наргиза Саидова радикал исломий қарашлари билан танилган сайт орқали “узр сўраттирилди”.

«Қисқача айтадиган бўлсам, тушунмовчилик бўлган. Асосий ниятим, мен худонинг бир бандаси сифатида турли талқинларга сабаб бўлган, кескин тортишувларга сабаб бўлаётган ўша фикрларим учун барча мусурмонлардан самимий узр сўрамоқчиман», деди Наргиза Саидова видеомурожаатида.

Саидованинг баҳсли изоҳи 4 март куни юз берди ва у Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари қилиб тайинланганидан икки кун ўтиб “кун тартибига олиб чиқилди”.

Воқеани талқин қилган блогер Эльдар Асановга кўра, Наргиза Саидова айбдор эмас:

“Бу жанжалдан мендан яхшироқ хабардор бўлсанглар керак. Жанжалли мавзуларда ягона ҳақ тараф бўлмайди, шунга ўзимни бу мавзулардан четда тутадиган бўлганман. Аммо Наргиза опани шахсан таниганим учун унинг ҳимоясига икки оғиз гап айтаман.

Бу ҳақда ёзаётганларнинг кўпчилиги сингари мен ҳам бошида опа ўйламай ёзиб қўйди, динни ҳақорат қилиб қўйди, деб ўйладим. Аммо бу ҳақда ёзаётганларнинг кўпчилигидан фарқли равишда, масалани охиригача ўрганиб, кейин хулоса қилдим.

Диний ёки бошқа сабабларга кўра кўпхотинликни ёқлаш, бошқа сабабларга кўра бирхотинликни ёқлаш, умуман уйланмай яшаш — бу ҳар кимнинг шахсий иши. Бу менинг қатъий позициям. Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор, ҳеч ким бировга ақл ўргатишга ҳақли эмас. Аммо кимлардир ўзини босолмай, ўзларини “мачо” деб ҳис қилиб юбориб, “кўп хотин олишга духинг етмайди” қабилидаги аҳмоқона, савиясиз кўча гапларини гапириб юради. Жанжалга шундай гап сабаб бўлган.

Гап бундай бўлган экан. Ҳаёт Бахтиёрўғли деган бир ҳовлиқманинг изоҳини скринда кўришингиз мумкин.

“Битта хотинни эплай олмайдиган латта эркаклар ва эрини устига эшак қилиб миниб олган шаллақи хотинлар қўшхотинликка қарши чиқади фақат”.

Ўзининг шахсий фикрини мутлақ ҳақиқат деб билган бу “мачо” шу гапи билан миллионлаб эркакларни ва аёлларни ҳақорат қилди. Айни пайтда Ўзбекистон қонунчилигига қарши ҳам чиқди. Судламоқчи, ҳақорат қилмоқчи бўлсанглар, ҳақиқий номзод мана шу.

Аммо ҳақиқий айбдор — ҳовлиқма (бир хотинли инсон сифатида бундан оғирроқ ҳақоратларимни ичимда айтдим) Ҳаёт Бахтиёрўғли қолиб, унинг фикрига «сизнинг мантиқингиздан келиб чиқсак, унда пайғамбаримиз сўтак бўлганми?» қабилида истеҳзоли муносабат билдирган Наргиза Раҳимова айбдор бўлиб қолди».

Эльдар Асанов «9 март куни биз халқнинг кучини эмас, оломоннинг хавфини кўрдик», дея хавотир билдиради:

«Ўзи миллионлаб одамларни ҳақорат қилган бу “мачо” (Ҳаёт Бахтиёрўғли ) Наргиза Раҳимовани бирор нарсада айблашга маънан ҳақлими? Наргиза опанинг гапини охиригача ўқимай, уни судлашга, ишдан бўшатишга, ҳатто ўлдиришга чақираётганлар маргиналларни, майли, гапирмай қўяқолай. Маргиналлар майли, кўпгина жиддий блогерлар ҳам шошилинч хулосалар қилибди», дея ëзади блогер.

Айни пайтда тармоқда таҳдидлар қораланган муносабатлар ҳам бор. Журналист Ибрат Сафо Наргиза Саидованинг виртуал линч қилинишини Афғонистон билан параллел қилди:

«Тўрт йил аввал Кобулда Фархунда Маликзода деган бегуноҳ аёлни шайтонлаган оломон уриб, тепиб, тошбўрон қилиб, томдан улоқтириб, машиналар билан босиб, кейин ёқиб юбориб ўлдирганди. Бунда юзлаб эркаклар қатнашди, кулиб, видеоларга олишди. Бунга бир мулланинг Фархундани Қуръони Каримни ёққанликда айблагани сабаб бўлди. Оломон далил-исботни сўраб ўтирмай, ҳукмни бажариб қўя қолди. Маза қилди. Кейин эса Фархунда ҳеч қачон Қуръонни ёқмагани исботланди.

Наргизага қарши жирканч усулларни қўллаётган, уни ҳақорат қилиб, аёллик шаънини ерга ураётганлар шу оломондан нимаси билан фарқли, деб ўйланиб қолдим. Важоҳат ва ғазаб шу қадарки, худди Наргиза олдингизда пайдо бўлиб қолса, тошбўрон қилиб ўлдирадигандек. Нима бўлди сизларга ўзи?» дея савол қўяди журналист.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 июн 2016
Саммитга ҳали икки ҳафта вақт борлигига қарамай, масжидларга ва бошқа жамоат идораларига, одамлар махсус металл сканери орқали текширилган ҳолда ...
21 апрел 2017
Ўзбек нашрлари барча савдо субъектларида касса аппарати жорий этилиши ҳақидаги президент қарори ижроси ҳақида ёзаркан, тадбиркорлар ва банклар ўртасидаги ...
22 май 2024
«Ўзсувтаъминот» бошқарув раисининг ўринбосари Садиллаев Шоҳрухали Шарофович Тошкент вилоятидаги қурувчи ташкилотлар билан мажлис ўтказмоқда. Унинг кўп ва хўб қўллаётган ...
28 сентябр 2021
Кўпинча корхоналар раҳбарлари ўз ходимлари штатини кўпайтирмасдан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузиш йўли билан зарур мутахассисларни жалб этишга ҳаракат қилади.  ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...