Ёқутистонда жинсий тажовуз ортидан мигрантларга қарши митинг бўлди
Якутск шаҳрида маҳаллий аёлнинг зўрлангани ҳақидаги хабардан сўнг, 17 март куни кечқурун ўрта осиёлик мигрантларга қарши стихияли норозилик митинги бўлди.
Тергов қўмитаси Ёқутистон бошқармасининг билдиришича, ўша куни эрталаб турар жойлар яқинидаги болалар майдончаси ҳудудида бир аёлни зўравонлик билан машинага миндириб олиб кетишган. Соат 16:00 да аёл ўзининг зўрлангани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган.
Ўғирлаш ва зўрлашда ўрта осиёлик уч шахс гумон қилинмоқда, уларнинг бири ушланган.
«Якутия.Инфо» нашрининг полициядан иқтибос келтириб ёзишича, стихияли митингда 200 тача одам қатнашган. Полиция тўпланганларни тарқалишга чақирган ва акцияни назорат остига олишга уринган.
Митинг иштирокчилари 18 март куни кечқурун «Триумф» спорт мажмуасида тағин йиғилишни режалаштирмоқда. Ёқутистон раҳбари Айен Николаевнинг «РосБизнесКонсалтинг» (РБК) телеканалига айтишича, ҳукумат раҳбарларининг намойишчилар билан учрашишга келиши кутилмоқда.
Якутскдаги масжид стихияли митингдан сўнг полициянинг кучли қўриғи остига олинди.
Eltuz.com