Китоблари ва телефони олиб қўйилган шоир Маҳмуд Ражаб Тошкентга чақирилди
Тошкент аэропорти божхонасида китоблари ва телефони олиб қўйилган ўзбекистонлик шоир, хоразмлик 56 ёшли Маҳмуд Ражаб 30 март куни унга божхона бўлимидан қўнғироқ қилишганини «Элтуз»га билдирди.
«Ҳозир Гурландаман, Тошкентга 1 апрель куни етиб боришим керак экан. Менга бу ҳақда божхона нозири, лейтенант Ҳусан Бобониёзов қўнғироқ қилиб айтди, душанба куни соат 10.00 га Тошкент аэропортига етиб келишимни тайинлади», деди Маҳмуд Ражаб.
Божхона ходими Маҳмуд Ражабдан мусодара қилинган Муҳаммад Солиҳ ва унинг укаси Муҳаммад Бекжоннинг китоблари, шунингдек, унинг олиб қўйилган телефони экспертизадан ўтказилгани, унга нисбатан диний идора хулосаси олинганини маълум қилган.
Маҳмуд Ражаб Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек зиёлиларининг биридир.
«Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ўзбек шеъриятининг улуғ даҳоларидан биридир. Муҳаммад Бекжон эса «Элтуз» тингловчиларига «Алвидо, Жаслиқ» (Қўрқувнинг нариёғида) китоби аудиоверсияси билан яхши таниш.
Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.
«Элтуз» нашри 26 март куни Гуржистоннинг Тифлис шаҳридан қайтаётганида Тошкент аэропортида ушланган, Европа Бирдамлик маркази семинарида қатнашган шоир Махмуд Ражабнинг ёнидан чиққан китоблар ва телефони мусодара қилингани ҳақида хабар берган эди.
Eltuz.com