Асосий мавзулар
1 апрел 2019

Ташқи қарз кўпайишидан қўрқиш керакми?

Ўзбекистон Марказий банки мамлакатнинг ташқи қарзи ўтган йилдагига нисбатан 9,5 фоиз, яъни 1,5 миллиард долларга ўсиб, 17,3 миллиард долларга етганини эълон қилди.

Соф ташқи қарз эса 2017 йилдагига нисбатан 2 баробар ёки 2 миллиард 100 миллион доллар ўсган.

МБ бу ҳолатни давлат дастурларини молиялаштириш учун олинаётган қарзлар билан тушунтирди ва бу тенденция кейинги йилда ҳам сақланиб қолинишини билдирди.

Бу ўринда эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир жиҳат борки, давлат томонидан кафолатланмаган хусусий ташқи қарз ўтган йил давомида 977 миллион долларга камайиб, 7,2 миллиард долларга тушган.

“Ўзбекистон ташқи қарзларни тўлашда ҳар доим имтизомли эканини кўрсатиб келган. Лекин биз четдан қарз олаётганда аксарият ҳолларда ҳукумат кафолатига таянганмиз. Бу эса иқтисодиётимизга, мамлакатда мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлик белгисидир”, деди “Элтуз” билан суҳбатлашган таҳлилчи Аброр Худойқулов.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда давлат қарзлари кўпайганини тўғри тушуниш керак. Чунки Ислом Каримов президентлигидан кейин мамлакатни техник ва технологик модернизациялаш кучайган.

“Биз мамлакат тараққиётини тезлаштириш йўлидан боряпмиз. Ўтказилаётган ислоҳотлар хорижда ҳам ишонч уйғотди. Шунинг учун қарз берувчилар кўпайди. Бу ҳолатни ижобий баҳолаш тўғри бўлади”, деди таҳлилчи.

Қарздорлик кўпайиши давлат сектори улушига тўғри келди. Хусусий сектордаги қарздорлик эса қарийб бир миллиард долларга камайди.

Сиёсий тузумга нисбатан ишончсизлик одатда қарз бериш фоизлари нисбатан юқори бўлишига олиб келади. Ҳатто йирик хусусий лойиҳалар учун ҳам ҳукумат кафолати талаб этилади.

“Ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимиздаги хусусий секторга нисбатан ишончни ошириб бораётгани кузатиляпти. Шунинг учун хусусий секторнинг ҳукумат кафолатисиз қарз олиш имконияти ошиб боряпти”, деди Аброр Худойқулов.

Ўтган йили Ўзбекистон хусусий секторнинг қарзлари ва фоизлари ҳисобидан 1,6 миллиард доллар тўлашга мажбур бўлди. Давлат қарзлари бўйича тўловлар эса 550 миллион долларни ташкил этди.

Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг ташқи қарзи камлигини (ЯИМнинг 25 фоизидан кам) ижобий омил сифатида баҳолашмоқда. Лекин аҳоли сонига нисбатан ЯИМ ҳажмининг камлиги хавотир уйғотиб келади.

“Биз ҳозирги босқичда мавжуд қарзларимиздан қўрқмасак ҳам бўлади,- деди “Элтуз” билан суҳбатлашган таҳлилчи Аброр Худойқулов. –  ЯИМ кичик бўлса-да, тўлов қобилиятимиз кучли. Лекин эътибор бераётган бўлсангиз, қарздорликнинг ўсиши ЯИМ ўсишидан қарийб икки баробар юқори. Бу яқин бир неча йиллар давомида, тузилмавий модернизациялаш жараёнида ўзини оқлаши мумкин. Бироқ қарздорликнинг ЯИМдан кўра тезроқ кўпайиши ўрта истиқболда ислоҳотлар секинлашишига олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас”.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон каби кучсиз иқтисодиётга эга мамлакатлар имкон қадар кафолатланган қарздорликлардан қочиши керак. Бунинг учун эса инвестиция муҳитини амалда яхшилаш, хусусий сармоялар дахлсизлигини кафолатлаш тизимини тубдан мустаҳкамлаш талаб этилади. Ўшандагина иқтисодиётни модернизациялаш учун ҳукумат кафолати талаб этилмайдиган инвестиция оқими кучаяди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 июн 2016
Орландодаги Гей клубга ҳужум уюштирган 29 яшар Умар Метин Сиддиқийнинг хотини Ситора Алишерзода Юсуфий ўзбекистонлик бўлган, аммо улар 2013 ...
9 сентябр 2020
Андижон вилоятининг Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов туман селекторида уй сўраб жонига теккан бир муаллима аёлни жинни деб ҳақорат ...
22 март 2017
Йил бошида Истанбулнинг Reina тунги клубидаги қирғин ва ўтган йилнинг ëзида ўзбек ватандошидан 1 миллион 900 минг доллар пулнинг ...
14 июл 2020
Қадрли ўқувчилар. “Элтуз” нашри жамоаси таътилга чиқишга қарор берди. Биз каналларимизда cиз билан яна юзлашамиз. “Элтуз” таҳририяти ўз ишини ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...