Асосий мавзулар
1 апрел 2019

Ташқи қарз кўпайишидан қўрқиш керакми?

Ўзбекистон Марказий банки мамлакатнинг ташқи қарзи ўтган йилдагига нисбатан 9,5 фоиз, яъни 1,5 миллиард долларга ўсиб, 17,3 миллиард долларга етганини эълон қилди.

Соф ташқи қарз эса 2017 йилдагига нисбатан 2 баробар ёки 2 миллиард 100 миллион доллар ўсган.

МБ бу ҳолатни давлат дастурларини молиялаштириш учун олинаётган қарзлар билан тушунтирди ва бу тенденция кейинги йилда ҳам сақланиб қолинишини билдирди.

Бу ўринда эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир жиҳат борки, давлат томонидан кафолатланмаган хусусий ташқи қарз ўтган йил давомида 977 миллион долларга камайиб, 7,2 миллиард долларга тушган.

“Ўзбекистон ташқи қарзларни тўлашда ҳар доим имтизомли эканини кўрсатиб келган. Лекин биз четдан қарз олаётганда аксарият ҳолларда ҳукумат кафолатига таянганмиз. Бу эса иқтисодиётимизга, мамлакатда мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлик белгисидир”, деди “Элтуз” билан суҳбатлашган таҳлилчи Аброр Худойқулов.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда давлат қарзлари кўпайганини тўғри тушуниш керак. Чунки Ислом Каримов президентлигидан кейин мамлакатни техник ва технологик модернизациялаш кучайган.

“Биз мамлакат тараққиётини тезлаштириш йўлидан боряпмиз. Ўтказилаётган ислоҳотлар хорижда ҳам ишонч уйғотди. Шунинг учун қарз берувчилар кўпайди. Бу ҳолатни ижобий баҳолаш тўғри бўлади”, деди таҳлилчи.

Қарздорлик кўпайиши давлат сектори улушига тўғри келди. Хусусий сектордаги қарздорлик эса қарийб бир миллиард долларга камайди.

Сиёсий тузумга нисбатан ишончсизлик одатда қарз бериш фоизлари нисбатан юқори бўлишига олиб келади. Ҳатто йирик хусусий лойиҳалар учун ҳам ҳукумат кафолати талаб этилади.

“Ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимиздаги хусусий секторга нисбатан ишончни ошириб бораётгани кузатиляпти. Шунинг учун хусусий секторнинг ҳукумат кафолатисиз қарз олиш имконияти ошиб боряпти”, деди Аброр Худойқулов.

Ўтган йили Ўзбекистон хусусий секторнинг қарзлари ва фоизлари ҳисобидан 1,6 миллиард доллар тўлашга мажбур бўлди. Давлат қарзлари бўйича тўловлар эса 550 миллион долларни ташкил этди.

Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг ташқи қарзи камлигини (ЯИМнинг 25 фоизидан кам) ижобий омил сифатида баҳолашмоқда. Лекин аҳоли сонига нисбатан ЯИМ ҳажмининг камлиги хавотир уйғотиб келади.

“Биз ҳозирги босқичда мавжуд қарзларимиздан қўрқмасак ҳам бўлади,- деди “Элтуз” билан суҳбатлашган таҳлилчи Аброр Худойқулов. –  ЯИМ кичик бўлса-да, тўлов қобилиятимиз кучли. Лекин эътибор бераётган бўлсангиз, қарздорликнинг ўсиши ЯИМ ўсишидан қарийб икки баробар юқори. Бу яқин бир неча йиллар давомида, тузилмавий модернизациялаш жараёнида ўзини оқлаши мумкин. Бироқ қарздорликнинг ЯИМдан кўра тезроқ кўпайиши ўрта истиқболда ислоҳотлар секинлашишига олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас”.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон каби кучсиз иқтисодиётга эга мамлакатлар имкон қадар кафолатланган қарздорликлардан қочиши керак. Бунинг учун эса инвестиция муҳитини амалда яхшилаш, хусусий сармоялар дахлсизлигини кафолатлаш тизимини тубдан мустаҳкамлаш талаб этилади. Ўшандагина иқтисодиётни модернизациялаш учун ҳукумат кафолати талаб этилмайдиган инвестиция оқими кучаяди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 октябр 2016
Бугун ўзбек турмасида 23 йилу 4 ой қолган 72 ёшли Самандар Қўқонов озод этилгани ҳақида тарқалган хабар нотўғри бўлиб ...
21 июл 2024
Американинг Нью-Йорк штати, Бруклин шахри, Бенсонхёрст (Bensonhurst) худудида 24 ёшли ўзбек эркак ўзининг онаси, акасининг турмуш ўртоғи ва 5 ...
11 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг мактабларни 11 йиллик тизимга қайтариш, бунинг учун коллежларни ёпиш таклифи Ўзбекистондаги кўпчилик томонидан олқишланмоқда. 18 июн куни ...
21 апрел 2021
2021 йилнинг 19 март куни Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги Янгиҳаёт массивида намунали уйларнинг томини шамол учириб кетган. Уйлар қурилиши ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...