Асосий мавзулар
8 апрел 2019

Каримов сиёсатини қўллаб-қувватлаган британиялик олима Ширин Акинер ўлди

6 апрель куни Лондонда Ўзбекистон янги тарихининг турли даврларида сиёсатга турлича муносабатда бўлган зиддиятли олима Ширин Акинер 76 ёшида оламдан ўтди. Акинер ҳали тириклигидаёқ у ҳақда турли фикрлар юрар эди. Олима ўлимидан кейин уни яқиндан билган ва учрашган ўзбекистонликлар хотираларига қулоқ тутамиз.

Алишер Илҳамов, Акинернинг собиқ ҳамкасби, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби илмий ходими:

Акинернинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Аммо унинг ўтмишдаги ҳаракатлари ҳурматга сазовор деб ўйламайман ва шарафлашга эса арзимаслиги аниқ.

Доктор Ширин Акинер камида сўнгги 14 йил давомида Ўзбекистондаги ҳукмрон режимга, айниқса, Каримовга жуда яқин бўлди ва турли анжуманларда уни инсон ҳуқуқлари бузилишига оид танқидлардан жон-жаҳди билан ҳимоя қилди.

2005 йилда Андижондаги норозилик чиқиши борасида унинг режимни ҳимоя қилгани, айниқса, шармандали ҳол бўлган эди. У «Андижондаги зўравонлик, 2005 йил 13 май: мустақил баҳо» деб номланган ҳисоботини эълон қилганди.

Бу ҳисобот унинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ташкиллаштирилган ва улар ҳамроҳлигида Андижонга қилган бир кунлик сафари асосида тайёрланган. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей бу ҳисобот академик ҳалоллик стандартларига тўғри келмаслигини таъкидлаганди.

Акинернинг сўзларига кўра, у Андижонда 12 соат (дарвоқе, бу ердаги фожеали воқеалардан икки ҳафта ўтиб) бўлган ва 40 киши билан суҳбатлашган. Бу эса шаҳарда ҳаракатланиш, овқатланиш, суҳбатдошларни кутиш кабиларни ҳисобга олмаганда ҳам ўртача ҳар бир киши билан гаплашишга 18 минутдан сарфланган, деганидир.

Унинг ўзи воқеаларнинг тахминий тадрижини ҳис этиш учун шаҳар кезиб, турма ва мактабни кўздан кечиргани, ҳокимлик олдидаги бутун майдонни айланиб чиққанини ёзган ва бу ҳам анча-мунча вақт олади. Аммо Акинер ҳар бир гувоҳ билан суҳбатга 20-45 минут сарфлаганини таъкидлайдики, бу математик идрокка тўғри келмайди.

Шуҳрат Бобожонов, «Озодлик» радиоси журналисти:

Мен Ширин Акинер билан 1989 йил 25 декабрда Урганчда учрашдим. Шу куни Руминия диктатори Николае Чаушеску қатл этилгани учун бу кунни аниқ эслайман. Акинер расман Лондондаги Оғахон жамғармасига қарашли «Замон» галереясида ўзбек рассомлари кўргазмасини ташкил қилиш учун Ўзбекистонга келган эди. Мен билан ҳам бир ўзбек рассоми сифатида учрашди. Учрашув КГБ ходимлари тарафидан кузатиб турилди. Аммо мен ҳам, Акинер ҳам бу учрашувнинг сиёсий мақсадларни кўзлаганини билар эдик. Акинер менга Ўзбекистон ичкарисидаги совет ҳукуматини севмаган зиёлилар билан суҳбатлар олиб бораётганини билдирди. Мен унга: «Николай подшо коммунистлар томонидан қатл қилинганидан 70 йил ўтиб Чаушеско ҳам қатлга келтирилди, ҳалқа туташди. Давр якунланди, коммунизм боши берк кўчага кирди. СССРнинг умри саноқли колди», деб айтдим. Акинер бир олима сифатида бу гапларни сизга иқтибосан ўз ишларимда келтирсам бўладими, дея рухсат сўради. Мен албатта рухсат бердим. Кейин Акинер: «Урганчда совет ҳукуматини севмайдиган сиздан бошқа ҳам зиёлилар борми», деб сўради. Мен уни рассом, кейинчалик «Эрк» партиясининг Урганч шаҳри бўйича етакчиси Соли Қодиров, Даврон Йўлдошев, Сафо Дўсжонов ва Қуранбой Бекжонов каби рассомлар билан таништирдим. Улар ҳам совет ҳукуматига ва коммунизмга мухолиф эканини айтишди.

Кейинги учрашувимиз кунини ҳам аниқ биламан. Бу СССРни сақлаб қолиш референдуми куни, яъни 1991 йилнинг 17 марти эди. Акинер Урганчдаги «Интурист» меҳмонхонасига мени чақирди. Суҳбатлашдик. Давлатов, Аҳматованинг Лондонда нашр қилинган китобларини менга совға қилиб олиб келган экан. Акинер мендан бир илтимос қилди. Меҳмонхона кираверишида Ўзбекистон коммунистик партияси биринчи котиби Ислом Каримовнинг «СССРни сақлаб қолайлик» деган чақириғи илиб қўйилган эди. Ундан ташқари, маҳаллий компартиянинг қўлбола плакати бор эди. Бу плакатда дўппи кийган бир ўзбек «Мен албатта СССРга овоз бераман», деб тургани акс этганди. Ўша плакатларни ечиб, менга олиб кела оласизми, деди. Мен бу илтимосини бажардим.

Учинчи учрашувимиз куни ҳам аниқ эсимда. Акинер билан 1999 йил 17 февраль куни Лондонда учрашдим. Мустақил ТВ канал директори сифатида Би-Би-Си корпорациясида тренингда қатнашаётган эдим. Бир кун олдин Тошкент марказида портлашлар бўлганди. Бу портлашларнинг Ислом Каримов ва МХХ тарафидан атайин уюштирилганлиги борасида Акинер ва менинг фикрим бир жойдан чиқди. Ҳар ҳолда, бу охирги учрашувимиз эди. Акинернинг 2005 йил Андижан қирғини масаласида ҳукуматга яқин позицияда тургани менга малол келди. Унга телефон қилиб, нега деб сўрадим. Акинер қирғинларни ошкора қўлламаслигини, лекин рақамлар борасида ҳукумат маълумоти тўғри эканини, бу халқ исёни эмас, балки радикал исломий гуруҳларнинг давлатга қарши фитна эканини айтди. Мен бу версияга қўшилмадим. Шу бўйи бошқа гаплашмадик.

Ўлганини эшитиб хафа бўлдим, яхшими-ёмонми, келиб чиқиши ўзбек бўлган советшунос олима эди. Иложи бор қадар ўзбекча мулоқот қилишни яхши кўрарди. Рассомлик, архитектура борасида зариф дид эгаси эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 январ 2019
Ўзбекистонда мажбурий обунанинг тақиқланиши кўплаб маҳаллий газета ва журналларнинг ёпилишига олиб келиши мумкин. 11 январь куни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» порталида ...
6 сентябр 2016
Жиззах ва Сирдарё вилоятлари сафарига бағишланган махсус кўрсатувда Ислом Каримов иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлардан ижирғанишини билдириб: «Бунақаларни ...
20 апрел 2019
20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги «Тошкент-Олмаота» трассасида автобус ҳалокатга учради. Йўловчилари аксарият ўзбекистонликлар бўлган автобус ҳалокатида камида 11 ...
26 декабр 2017
Президент Шавкат Мирзиëев парламентдаги 22 декабрь кунги чиқишида Молия вазирлигини кескин танқид қилиши ортидан вазирликда текшириш, ходимларни оммавий ишдан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...