Асосий мавзулар
15 апрел 2019

Собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг қийноққа солингани ростми?

«Халқаро амнистия» (Аmnesty International) ташкилоти 10 апрель куни қамоқда сақланаётган Ўзбекистон собиқ бош прокурори 67 яшар Рашид Қодировнинг қийноқларга солинаётгани юзасидан тезкор акция бошлаганини эълон қилди.

Нуфузли халқаро ташкилот ўз акциясига қўшилиш истагидаги шахсларни Ўзбекистон президенти, ички ишлар вазири ва бош прокурор номига хат ёзишга чақирди.

“Мен Рашид Қодиров ва у билан бирга тергов қилинаётган 12 нафар шахснинг қийноқларга солиниши, ноинсоний муносабатдан ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда зарур бўлган малакали тиббий ёрдам олишига имконият яратиб беришни талаб қиламан”, дейилади «Халқаро амнистия» тавсия қилган мактубда

Қодировнинг яқинлари Швециядан бошпана сўрашмоқда

«Элтуз» нашри манбалари тасдиқлаган маълумотларга кўра, Рашид Қодировнинг яқинлари ва мулозимларидан иборат ўн нафарга яқин шахс мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлишган.

Улардан икки нафари, аниқроғи, ўғли Алишер Қодиров ва котибаси ўтган ҳафта Швециядан сиёсий бошпана олиш учун Миграция хизматига мурожаат қилишган.

«Рашид Қодировнинг Латвияда уйлари, мулклари бор. Лекин унинг мамлакатни тарк этган ўғли ва бошқа яқинлари бугунги кунда постсовет ҳудудини ўзлари учун хавфсиз деб билишмаяпти. Улар айнан хавфсиз Европа мамлакатларидан бошпана олишни кўзлашган», дея билдирди анонимлик шартига кўра «Элтуз» нашрининг ахборотга яқин манбаси.

Қийноқлар ва ўлим таҳдиди

«Халқаро амнистия» ташкилоти маълумотларига кўра, Рашид Қодиров Тошкентнинг Миробод тумани тергов ҳибсхонасида қолмоқда.

Рашид Қодиров ва унинг ишига алоқадор 12 нафар судланувчи устидан ёпиқ маҳкама 2019 йилнинг 7 январида бошланган.

Аноним гувоҳнинг билдиришича, у Рашид Қодировни қамоқда 2018 йилнинг августида кўрган. «Унинг бўйнида узун из борлигини, буни бўғиш аломати дея ҳисоблашини билдирган», дея айтилади «Халқаро амнистия» баёнотида.

Гувоҳ Рашид Қодировнинг сезиларли даражада тушкунликда экани, камгап ва саволларга зўрға жавоб бера олишини билдирган.

Гувоҳнинг билдиришича, Рашид Қодиров унга камерада ундан бошқа яна учта маҳкум борлиги, улар турма ходимлари буйруғи билан унга нисбатан жисмоний зўравонлик қўллашганини гапириб берган.

У, шунингдек, мулозимлар айбига иқрор бўлиши учун бошига тўппонча тирашгани, кейин эса «унинг ўлими табиий кўриниши учун осишлари»ни айтишган.

Шунингдек, маълум қилинишича, 2018 йилнинг 21 февралида ва 18 мартида уни ётоқда ёки шконкада яланғоч ҳолда сақлашган ва ўлдириш билан таҳдид қилишган.

Билдирилишича, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари Рашид Қодировни, унинг куёвини ўзига ўзи айблов кўргазмаси бериши учун қандай жисмоний қийноққа солинганини кузатишга мажбур қилишган. Рашид Қодировга овқат, дори-дармон ва ҳожатхона чекланган. 2018 йилнинг майида Рашид Қодиров соғлиғи ёмонлашгани учун шифохонага ётқизилган.

Маҳкумга нисбатан қийноқлар ва қийноқлар таҳдиди, қариндошларига қарши кўргазма олиш ёки пул таъмагирлиги учун уюштирилган. Айни маълумотлар, гарчи улар нотўғри бўлса-да, кейинчалик бошқа шахсларнинг судга тортилишига асос бўлган, дейди «Халқаро амнистия» манбаси.

11 апрель куни Бош прокуратура «Халқаро амнистия»га жавоб баёнотини эълон қилди. Унда Рашид Қодировнинг «соғлиғи унинг қамоқда қолишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслиги, баданида ҳеч қандай жароҳат бўлмаганлиги» билдирилган.

Рашид Қодиров 2018 йилнинг февралида ҳибсга олинган. Бош прокуратура расмий хабарига кўра, унга нисбатан 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг «Товламачилик» (165-моддаси), «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» (205-модда) ва «Пора олиш» (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айблари илгари сурилмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 март 2021
Туркманистон ҳукумати карантин қоидалари сабаб ўз талабаларини мамлакат ҳудудига киритмаяпти. Талабалар чегара пунктида қолиб кетган ва бир неча кундирки, ...
25 август 2016
«Тошкент оқшоми» газетасида (23.08.2016) ЎзА мухбирининг ички ишлар вазири биринчи ўринбосари билан суҳбати босилди. Вазир ўринбосарининг айтишича, ички ишлар ...
2 сентябр 2016
Таъзияни ТРТ давлат телеканали намойиш этди. «Ўзбек Президенти Ислом Каримов оламдан ўтди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Туркия Республикаси ўзбек ...
7 феврал 2018
Наманганнинг Косонсой туманида 5 февраль куни 36 киши хасипдан заҳарланиб шифохонага ётқизилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарга кўра, улар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...