Зеленский ғалабаси ўзбек шоуменини президент бўлишга руҳлантирди
Украина сайловида шоумен Зеленскийнинг ғолиб чиққани ўзбек ҳажвчиси ва телеграм блогери Нозим Сафарини ўз каналида «президентлик сайловчаси» ўтказишга ундади.
22 апрель куни Нозим Сафари ўзининг телеграм каналида ўтказган «Менга овоз берармидингиз?» деган мазмундаги ўз президентлик сўрови натижаларини эълон қилди.
Нозим Сафарининг ёзишича, бир кун давомидаги «утопик сайлов»да жами 1132 киши қатнашган.
Сафари номзодига 37% респондент овоз берган. Қарши чиққанлар 50% ни, бетарафлар 13% ни ташкил қилган.
«Бундан маълум бўладики, Сафари ўз телеграм каналида ўзи мағлуб бўлди)). Лекин реал сайловда номзодлар сони бир нечта бўлишини инобатга олсак, 37% билан иккинчи турга чиқиб, бемалол фаворитлар қаторига кира олар эканман)», дея изоҳлади ўз сайловини президентлик орзусидаги ўзбек шоумени.
«Аслида бунинг ҳаммаси шунчаки ҳазил. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, менда сиёсий амбиция йўқ. Бунинг абсолют иложсиз эканлигини ҳам аниқ ва равшан англаб турибман. 5000 кишилик ўз каналимда юта олмаганимдан кейин 32 миллионлик аҳоли ўртасида тасаввур қилаверинг.
Мени қўллаб-қувватлаганларга раҳмат, қўллаб-қувватламаганларга эса фикрингиз ва танловингизни ҳурмат қиламан, деб қоламан. Барчага омад».
Украинада 21 апрель куни ўтган сайлов натижаларига кўра, Россиянинг КВН викторинаси собиқ шоумени Зеленский 73 фоиз сайловчилар овози билан мамлакат президентлигига сайланди.
Eltuz.com