Асосий мавзулар
24 апрел 2019

Уйи бузилган зоминликлар етарли товон пули берилмаганидан норозилик билдиришди

Жиззах вилоятининг Зомин туманида 23 апрель куни ўтган йили «Зомин сити» қурилиши учун бузилган уйлари эвазига етарли товон пули олмаганидан норози 40 дан ортиқ фуқаро туман ҳокимлиги биноси олдига йиғилди.

«Биз туман ҳокимлиги биноси олдига эрталаб соат 10 яримларда тўпландик. Лекин ҳоким селектор йиғилишида дейишди. Кейин ўзини Жиззах ҳокими ёрдамчиси деб таништирган Камолиддин исмли шахс «ёмғирда ташқарида турманглар», деб ичкарига таклиф қилди», деди «Элтуз»га ўз исмини очиқламасликни сўраган, уйи бузилган зоминлик суҳбатдош.

Ҳоким ёрдамчиси аввалига бузилган уйлар ўрнида «Шаҳар қурилиш инвест» ширкати янги тўрт қаватли уйлар қурилиб битказгани ва яқинда эгаларига топширилиши ҳақида гапирган.

Бироқ ҳоким ёрдамчисининг гапларидан янги қурилган тўрт қаватли уйлардаги квартиралар бозор нархида ёки ипотека кредити эвазига сотиб олиниши кераклиги маълум бўлган.

Ҳокимлик расмийсининг бу таклифи норозилик билан қарши олинган. Бузилган уй эгалари уйлари нархини белгилаган комиссия ва кадастр вакилларини йиғилишга чақиришни, компенсация пуллари эркин нархда қайта белгиланишини талаб қилишган.

«Бизга ўтган йили берилган компенсация пули бу квартираларнинг энг арзонини олишга ҳам етмасди. Бунинг устига, бу квартиралар бизга торлик қиларди, чунки олдинги бузилган уйларимизда катта оила бўлиб яшаганмиз», дея изоҳлайди вазиятни «Элтуз» суҳбатдоши.

Унинг иддаосига кўра, унга ва бошқа аксарият хонадон эгаларига ўтган йилнинг март ойида бузилган уйлари ўрнига шунга яраша турар жой харид қилишга етмайдиган товон пули ажратилган.

«Масалан, бизнинг иккита ака-ука, оилаларимиз ва ота-онамиз билан яшаган саккиз хонали, барча шароитлари бор 192 кв.м ҳовли жойимиз эвазига жами 187 миллион сўм товон пули берилди. Бу пул битта укамнинг 3 хонали уйини қуриб томини ёпишга етди, холос», дейди «Элтуз» суҳбатдоши.

Унинг тағин айтишича, бузилган уйларнинг айрим эгалари бундан ҳам паст нархда товон пули олишганки, бу пул уй қурилишига ҳам етмаган. Улар ҳокимлик вакилларининг бошқа пул берилмайди, бор қаерга борсанг, деган гапларидан шокка тушиб қолишган. Шунинг учун бор пулига бошқа жойдан ер олиб, амал-тақал қилиб уй қуришга киришишган.

«Кўплари уйларни чала битказиб, қора сувоқ, сомон сувоқ қилиб кўчиб киришяпти. Уларнинг олдинги шароити бундан анча яхши эди. Энди ремонти чала уйларда яшашяпти», дейди уйи бузилган зоминликлардан яна бири «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

«Элтуз» суҳбатдошлари уйлари олдига бульдозер олиб келиб, бузиш ишлари зўрлик билан бошлаб юборилганини айтишмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, 2018 йилнинг мартида президент Мирзиёевнинг Зоминга ташрифи олдидан туман ҳокими келиб уларга «сиёсат қилган».

Президент сиёсатига қарши чиқиш мумкин эмаслигини айтиб қўрқитган ва аҳолининг комиссия белгилаган товон пули эвазига уйлари бузилишига рози бўлишдан бошқа иложи қолмаган.

«Аввалига, президент ўтиши олдидан «ҳеч бўлмаса уйларингизни бузилаётгандай кўрсатиб, шиферларини олиб қўйинглар», деб тайинлашди. Кейин комиссия нархлови асосида товон пулига розилик учун қўл қўйдириб олишди», дея эслайди «Элтуз» суҳбатдоши.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 май 2016
Eltuz.com нашри фермерларнинг бугунги абгор холатини акс эттирган рассом Элсеварнинг янги карикатурасини тақдим этади. Ўзбек фермерининг боши йил ўн ...
8 апрел 2022
Мана, ғир этиб бир ҳафта ўтдию кетди. Ҳафта ичида қонхўр рус босқинчиларининг ëш гўдаклар, қизларни зўрлаб ўлдиргани, аëллар, кексалар ...
4 апрел 2017
Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов 30 март куни Россиядаги кўпфункцияли миграция марказини бориб кўрди. Айнан шу ерда Москвада ишлашни ...
23 май 2015
Ўзим ҳақимда маълумот Нодемократик режим Мурожаат ҳуқуқи Демократик тузум ва сиёсий қарашлар Жаноб Бош Котиб! Мен Формонов Азамжон Турғунович ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...