Асосий мавзулар
27 май 2019

Нархлар ошади ва ошишдан тўхтамайди

Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти, иссиқ сув, газ ва совуқ сув, электр энергияси нархлари тобора ўсишда давом этмоқда.

Илгари мамлакатда одатда бундай хизматлар нархи йилига икки марта ошарди. Аммо шунга мос равишда йилига икки марта энг кам иш ҳақи ҳам ошириларди.

Энди эса сув, газ ва электр энергияси қимматлашуви энг кам иш ҳақи оширилишига боғлиқ бўлмай қолди.

1 июндан бошлаб мамлакатда табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси нархлари қимматлайди. Табиий газнинг ҳозир 320 сўмдан сотилаётган 1 куб метри ҳисоблаш асбоблари бўлган аҳолига 350 сўм, ҳисоблаш асбоблари бўлмаганларга эса овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун 605 сўм, иситиш тизими учун 350 сўм бўлади.

Ҳозирда 950 сўм бўлган суюлтирилган газ нархи 1200 сўмга етади. 1 кВТ соат электр энергияси нархи эса амалдаги 250 сўмдан, истеъмолчилар гуруҳларига қараб, 280 сўмдан 392 сўмгача кўтарилади.

Иқтисодиёт вазирлигидаги манбанинг “Элтуз”га айтишича, мазкур коммунал хизматларни кўрсатиш нархлари бундай кейин ҳам ўсишда давом этади. Бунинг эса ички ва ташқи сабаблари бор.

“Ички сабаби шуки, Ўзбекистон бозор муносабатларини тўғри йўлга қўйишни бошлади. Шунинг учун коммунал хизматларни давлат томонидан субсидиялаш бундан кейин камайиб бораверади. Демакки, коммунал хизматлар таъминоти учун тўловлар тўлиқ аҳоли зиммасига тушади.

Ҳозир мамлакатимиз жадал ривожланиш йўлига ўтди. Бунинг учун эса катта маблағ талаб этилади. Коммунал тўловлар мана шу маблағ манбаларидан бири ҳисобланади.

Ташқи сабаб ҳам жадал ривожланиш эҳтиёжларига бориб тақалади. Ривожланишимиз учун бизга ташқаридан пул кириши керак. Бу пул инвестиция ва ташқи қарз кўринишида бўлади. Биласиз, ҳозир биз Халқаро валюта жамғармаси ва у орқали бошқа манбалардан фаол қарз оляпмиз.

ХВЖнинг эса ўз талаблари бор. Мана шу талаблардан бири аҳолига етказиб берилаётган табиий газ, электр энергияси кабиларнинг нархларини жаҳон нархларига яқинлаштириш ҳисобланади”, деди Иқтисодиёт вазирлигидаги манба “Элтуз” билан суҳбатда.  

Ўзбекистонда коммунал хизматлар кўрсатиш нархлари марказлаштирилган тарзда белгиланади ва ҳукумат изнисиз улар нархи ўзгармайди. Коммунал хизмат кўрсатувчи деярли барча ташкилотлар эса табиий монополиялар ҳисобланади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса коммунал хизматлар нархи ўсишига қаршилик кўрсатаётгани йўқ. Балки нарх ўсишини қонун ҳужжатлари билан асослашга уриниш билан банд.

Хусусан, Тошкентда совуқ сув нархи 24 апрелдан ошиши ҳақида “Сувсоз” ДУК 25 апрель куни хабар берганида бу қўмитанинг на балиқ, на гўшт мақомида эканини яна бир кўрсатди.

Қўмита совуқ сув нархи нега оширилганини асослашни талаб қилмади, балки бу ҳақда эълон қилиш тартибига риоя қилинмаганини таъкидлаб, нархни 24 апрелдан эмас, 10 майдан ошириш талабини қўйди.

Ҳолбуки, ўтган йилнинг ўзида совуқ сув нархи уч марта қимматлаганди. Унинг нархи ўтган йилнинг февралида (+5 сўмга), майида (+50 сўмга) ва ноябрида (+35 сўмга) оширилган эди.

“Афсуски, мамлакатимизнинг ҳозирги шароитида коммунал тўловлар ошиб боришини тўхтатишнинг имкони йўқ. Ҳукуматнинг эса бу жараённинг аҳолининг ижтимоий аҳволи оғир қатламига кўрсатадиган салбий таъсирини камайтириш йўлини ўйлашдан бошқа чораси йўқ”, деди Иқтисодиёт вазирлигидаги манба “Элтуз” билан суҳбатда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 феврал 2017
Ўтган жума расман сўроққа тутиш учун Силвири қамоғига юборилган Ўзбекистон ватандоши Абдуқодир Машариповнинг Reina тунги клубига ҳужум олдидан камера ...
27 феврал 2017
Ҳокимиятни оилавий бошқариш минтақада урфга айландими? 21 феврал куни, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг хотини Меҳрибон ўз эрига биринчи вице-президент ...
28 август 2024
Ислом Каримов ўлими ҳақида илк бор «Элтуз» нашри 2016 йилнинг 29 август куни бир-биридан мустақил манбалари тасдиғига кўра хабар ...
18 август 2020
Карантин пайтида одамларга қулайлик яратилмаяпти, деб ёзмоқда Фарғона вилоятидаги мухлисимиз. Унинг айтишича, банкдан қарз олган. Карантин пайтида аҳолини қўллаб-қувватлаш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...