Асосий мавзулар
6 июн 2019

Президент алданишга мойилми?

Шунча марта алданганига қарамай, ҳали-ҳунуз бирорта кўзбўямачига ёлғони учун жиддий жазо бергани оммага айтилмагани Ўзбекистон президентининг ўзи алданишга мойил эмасми, деган саволни ўртага чиқаради.

Олдинги йили давлат раҳбарини Қашқадарёда алдашган эди. Президент юрадиган йўлларнинг четида қўлбола иссиқхоналар қўзиқориндек кўкариб чиққанди.

Ўшанда мустақил ОАВ шов-шув кўтарганидан сўнг ҳукумат йиғилишида Қашқадарёнинг ҳокими президентни алдаганини билвосита тан олган, бунинг учун эса у оддий ҳайфсан билан қутулиб қолганди.

“Ҳаммасини видеога олиб, плёнканинг остида нима бор, нима йўқлигини кўрсатиб қўйибди. Экилмаганиниям. Битта кўзбўямачиликни деб бутун дунёга шарманда бўлдингиз”, деган эди ўшанда бош вазир ҳокимга.

Шу кунларда эса Андижон вилояти ҳокими хол қўйиб ўтирибди. Чунки у Қашқадарёдаги ёлғонлардан хулоса чиқармаган, аксинча, улги олган.

Энди эса қўйган холини оқлаш билан овора. Оқлайман деб қилмаган иши қолмаяпти. “Қўлбола” журналистлари эса ҳокимликнинг ёлғонини фош қилган хорижий ОАВларни “умумий душман”га ҳам чиқариб бўлди.

Буниси ҳам майли, мана шу ёлғонни урчитишда бевосита иштирок этган телеканал ҳам жим-жит. Гўёки ёлғон бўлмагандек. Демак, бу телеканал бечора аёлларга уй берилиши ёлғонлигини аввалдан билган ва била туриб ёлғонни қўллаб-қувватлаган, деган хулоса келиб чиқади бундан.

Эътибор берилса, ёлғончиларнинг ҳайбаракаллачилари ҳам кўп. Улар ёлғонни фош қилганларга қарши шундай курашадики, шуларнинг ҳам бир манфаати борга ўхшайди-ёв, деган хаёлга боради киши.

Умуман, ёлғончилик, сохталик, кўзбўямачилик кейинги йилларда президентни барча сафарлари давомида таъқиб қилаётганини кузатиш мумкин.

Давлат раҳбари қайси вилоятга бормасин, аввалдан у юрадиган барча йўллар асфальтланади, кўчалар ободонлаштирилади, уйларнинг деворлари, томлари бўялади. Президент юрмайдиган икки қадам наридаги кўчалар эса ўйдим-чуқур бўлиб ётади, ҳамма жой чиқинди, кулбалар вайрон.

Юртбошининг келишига тайёргарлик эса қурбонсиз бўлаётгани йўқ. Ўтган йили президентнинг Самарқандга ташрифи арафасида кўча тозалашга чиққан Диана Еникеевани Қаттақўрғонда “Камаз” уриб кетиб ўлдирганди.

Мирзиёевнинг Андижонга ўша шов-шувга сабаб бўлган сафари олдидан экилган гулларни суғораётган уч аёлни ҳам машина уриб кетди. Иккиси ўлди, бири майиб бўлди.

Март ойида Навоийга ташриф ҳам кўзбўямачиликдан холи бўлгани йўқ. Президентга “бир ярим мингта иш ўрни яратадиган” лойиҳа сифатида тақдим этилган Ғозғон шаҳарчасидаги “Мармаробод” давлат унитар корхонасида шу кунларда ишчилар сони 20 тага ҳам етмайди.   

Бунинг устига, у ерга бошқа жойдан хўжакўрсинга олиб келинган техника ва ускуналар ҳам ташрифдан сўнг ғойиб бўлган.

Хуллас, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Раҳбарлар президент олдида ўзини кўрсатиш учун ҳеч нарсадан, ҳатто унинг ғазабидан ҳам қўрқмаётгандек таассурот уйғонмоқда.

Булар ҳатто ўз обрўйига путур етиб қолишидан қўрқиб, давлат раҳбарига арз айтгани келувчиларга зўрлик ишлатишдан ҳам тоймаяпти.

Мирзиёевга арз қилмоқчи бўлган андижонлик Ёдгора Юнусовани Андижон ҳокимлиги мулозимлари ҳокимликнинг халқ қабулхонасида олти соат ушлаб турган.

Умуман, давлат раҳбарининг келишига жойларни исталмаган шахслар “тозалаш” янгилик эмас. Бу “ҳунар” Каримов режими даврида жуда кенг қўлланиларди ва ҳозир ҳам юмшоқроқ кўринишда давом этаётгандек кўринади.

Марҳум президент Ислом Каримов ширин ёлғонларга ўч эди. Унинг кеч кузда ғўза чаноқларига скоч билан ёпиштирилган пахта “етиштирилган” далага ташриф буюрганини ҳали кўпчилик заҳарханда билан эслайди.

Афсуски, бугун унинг меросхўри Шавкат Мирзиёевни ҳам ширин ёлғонлар, сохта инвестициялар, кўзбўямачиликлар билан чалғитишга уриниш жуда кучли экани англашиляпти.

Аммо президентнинг ўзи бу ёлғончиларга қаттиққўллик билан жавоб қайтараётганига оид бирорта мужда кўринмаяпти.

Ҳозир жамият нисбатан очиқ. Одамларда муқобил ахборот олиш имконияти каттароқ. Президент алданганини халқ турли манбалар орқали билиб оляпти.

Президентнинг ўзи-чи? Ўзи алданганидан хабардорми? Агар хабардор бўлса, нега жим? Нега ёлғончи ва кўзбўямачиларнинг думи тагига янтоқ қистирмаяпти?

Бир вақтлар одамлар ўзини “Каримовнинг бундай нарсалардан хабари йўқ”, деб овутарди. Энди Каримов даврида аҳвол қанчалик ёмон бўлганини унинг меросхўридан деярли ҳар мажлисда эшитаётган одамлар ўзини қандай овутсин?

Бу саволлар жавобсиз қолса, президентнинг ижобий имижига путур етиб бораверишини эсдан чиқармаслик керак.

Қолаверса, ёлғончи раҳбарлардан қутулмас эканмиз, эртанги тараққиёт истиқболлари ҳам хира тортиб бораверади.


Элтузнинг Тошкентдаги мухбири

Тағин ўқинг
6 ноябр 2017
Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги ишончли манбанинг билдиришича, яқинда Тошкент вилояти прокуратураси вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Янгийўл туманида яшовчи ...
6 апрел 2020
Карантин боис уйда ўтирган ўзбек шоири ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ эндиликда китоб ўқишга ва янги асарлар ёзишга кўпроқ ...
7 октябр 2024
Инсоннинг туғма биологик қобилиятларини чеклаш, унинг онгини примитив туйғулар билан тўлдириш орқали  унинг ис ён қилиш, норозилик билдиришга бўлган истакларини ...
5 август 2018
«Гуруҳимизнинг жипслиги ва қатъияти аввалида оёқ тираб туриб олган суд раисини қариндош-уруғларимизнинг қолганларини ҳам суд залига киритишга мажбур қилади, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...