Учтага “Кобальт”, олтитагачи?
Ветеринар билан гурунглашиб қолдим. Қўйларга битта уколь қиламан, иккита, учта туғади, деди. Охирги бир-икки йилда Ўзбекистонда учта туғадиганлар кўпайиб кетаётганининг сабаби шунақа уколга боғлиқ эмасмикин, деган хаёлга бордим.
Ўзи кейинги пайтларда эркакларимиз шаънига айтилаётган турли таъналардан сўнг шундай ўйга боришни шаккокликка йўймайсиз.
Худонинг ишига аралашиб бўлмайди. Кимгадир эгиз, кимгадир учта, тўртта, ҳатто олтита фарзанд беради.
Лекин сўнгги пайтлардаги учта туғадиганлар кўпайиб кетгандан кейин ветеринарларнинг гаплари эсга тушадиган бўлиб қолди. Наҳотки улар ҳам машина олиш илинжида уколга ўтиб қолишган бўлса?!
Нима бўлганда ҳам Ўзбекистондаги тенденцияни кўриб, юртдошларимиздан бири бирданига олтита туғиб қўйса, қандай исмларни танлар экан, деб ўйланиб қолдим.
Менимча, катта эгизларга Шавкат, Миромон, Мирзиё отлари тайёр. Қолган учтасига исм танлаш қолади. Эски амални эслаб, Ислом, Абдуғани, Карим исмлари танланармикин?!
Лекин эгизлар орасида қизлар ҳам бўлса-чи? Аввалги президентга алоқадор қизларнинг отини қўйиш балога қолиш билан баробар. Чунки биттаси қамоқда. Иккинчиси эса марҳум отасининг “ҳурмати” соясида амаллаб жазодан қочиб юрибди.
Олтита фарзанднинг учтаси қиз бўлса, бошқа вариант бор. Уларга Зироатхон, Саида, Шаҳноза деб исм қўйса бўлади.
Ўшанда учта эгизга аталган “Кобальт” олтита эгиз учун “Малибу”га айланишига кафил топиш бизга қолмайди. Ҳар ҳолда ҳамма ҳам олтита туғаётгани йўқ-ку!
Лекин “Автосаноат”да озгина хавотирга тушиш хавфи барибир бўлади. Чунки ҳозир учта туғаётганлар “Малибу”нинг дарагини эшитиб олтита туғиб юбормаслигига кафолат йўқ.
Элимиз кўпайсин. Учта туғинг, келинлар, олтита туғинг! Пиру бадавлат бўлинг.
Шунча эзгуликни тилаб турган пайтимизда ҳатто ўзбек матбуоти ҳам сизларнинг учтадан туғиб, яна машина талаб қилаётганингизни ўзича талқин этяпти.
Уларнинг ёзишича, учта фарзандни туғдириб қўйганлар бу хизмати учун машина берилмаётганидан шикоят ҳам қилаётган экан. Ахир бу қонунга зид-ку, деяётганлар ҳам топилиб турибди.
“Кобальт” илинжи шу қадар урчидики, одамлар бундай хабарларни очиқдан-очиқ истеҳзо билан кутиб ола бошладилар, боқимандалик, лаганбардорлик ва таъмагирлик қоришмаси деб баҳоладилар”, дея ёзди маҳаллий ҳамкасбларимиз.
Уларнинг эътирозларида жон бор. Чунки улар ҳам олдинги шундай анъана жамиятга нима бергани ҳаақидаги саволга жавоб топа олмай, хавотирга тушаётган бўлиши мумкин.
Тўғри-да, бир вақтлар туғилган Ислом, Абдуғани, Каримлар бугун халқимизга нима қилиб берди, деган савол пайдо қилиши табиий-ку.
Уларнинг олди йигирма ёшдан ошди. Кейингилари ҳам анча-мунча ёшга бориб қолди.
Ичидан ўзбек халқига раҳмат олиб келган, элу халқ орасида эзгу амаллари билан номи чиққанини ҳали эшитганимиз йўқ. Агар бўлганида бугун матбуот тўлиб-тошиб ёзган бўларди.
Бугунги Шавкат, Миромон, Мирзиёлар ҳам бир кун келиб, Худо насиб этсин, катта йигитлар бўлади.
Аммо улардан эртага элга не наф бўлиши мумкин? Балки шу ҳақда ўйлаш керакдир?
“Элтуз”нинг Тошкентдаги мухбири