Швецияда ишчи ўзбек йигити ўлди
Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан Швецияга келиб ишлаётган 35 яшар Ўзбекистон ватандоши Акмалжон Чўлиев 21 июнь куни Стокгольмда вафот этди.
«Элтуз» воқеани ўрганиш учун Стокгольмдаги ўзбек диаспораси вакиллари билан боғланди. Уларнинг айримлари Акмалжон Чўлиевнинг уйида ўлик ҳолда топилганини таъкидлашди.
Стокгольм шаҳрида яшовчи бошқа бир ўзбек мигранти «Элтуз» мухбирига шаҳардаги дўконда мева-чева сотувчи таниш аёлдан иқтибос келтириб, Чўлиевнинг уйида эмас, иш жойида ўлгани, «тез ёрдам» машинаси олиб кетгани ва бу табиий ўлим шаклида қайд этилганини билдирди.
Бироқ «Элтуз» мухбирига жавоб берган барча томонлар Чўлиевнинг ўлдирилган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминни инкор этишди, ўз ажали билан ўлганини билдиришди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 24 июнь куни маҳаллий полиция ўлим сабабларини текшираётгани ҳақида ёзди.
Лекин «Элтуз» швед полицияси билан телефон орқали боғланганида бу шахс ва ўлим ҳодисаси уларда қайд этилмаганини билдиришди.
Шунингдек, «Элтуз» швед полицияси сайтида 21 июндан буён кўрилаётган ишлар реестридан ҳам бу ўлим ҳодисасига оид суриштирувни топмади.
«Элтуз» нашрининг ўрганишича, шу кунларда жасадни Ўзбекистонга жўнатиш юзасидан Стокгольмдаги ўзбек диаспораси вакиллари пул йиғишни бошлаб юборишган.
eltuz.com