Асосий мавзулар
2 август 2019

Фаоллар Гулнора Каримова ва унинг ноқонуний активлари тақдирини ҳал этиш ишида одил судловни талаб қилмоқда

Бир гуруҳ ўзбек фаоллари 25 июль куни АҚШ, Европанинг қатор мамлакатлари ва Ўзбекистон ҳукуматларидан Гулнора Каримова ва унинг ноқонуний активларини Ўзбекистонга қайтаришда одил судловга таяниш талаби билан мурожаат эълон қилишди. 

Фаолларнинг талабига кўра, мамлакатда мустақил суд, шаффоф тендер тизими, ҳукумат амалдорлари люстрациясининг амалга оширилиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги пулларнинг қайтарилишига асос бўлиши керак.

Ўтган йилнинг майидан буён Гулнора Каримованинг музлатилган коррупцион пуллари атрофида ёпиқ эшиклар ортида савдо қизиган,   2019 йил 24 июнида Швейцария Бош прокуратураси мусодара этилган пуллардан 130 миллион франкни Ўзбекистонга беришга тайёрланилаётгани ҳақида билдирган эди.

(қуйида мурожаатнинг тўлиқ матни)

Швейцария: Федерал Кенгашга,  Бош прокуратурага, Федерал жиноят судига 

Гибралтар: Ҳукуматга,  Ҳукуматнинг ҳуқуқий департаментига 

Франция: Адлия вазирлигига

Европа ва ташқи ишлар вазирлигига

АҚШ: Адлия департаментига 

Ўзбекистон: Адлия вазирлигига Бош прокуратурага 

ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ФАОЛЛАРИ ГУЛНОРА КАРИМОВА ВА УНИНГ ЖИНОИЙ ЙЎЛЛАР БИЛАН ОРТТИРИЛГАН АКТИВЛАРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШГА ОИД ОДИЛ СУДЛОВГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛАЁТГАН МУАММОЛАРДАН ТАШВИШ БИЛДИРМОҚДА 

  • Гулнора Каримованинг активларини қайтариш масаласини ҳал этиш одил судлов стандартлари асосидаги қайта суд жараёнини ва бу суд жараёнининг очиқлигини талаб этади. 
  • Ўзбекистон автивлари музлатилган Швейцария, Франция ва бошқа давлатлар бу активлар тақдирини ҳал этишда нафақат коррупцияга қарши курашиш, балки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги меъёрларга ҳам таяниши керак.
  • Активларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш фақат дастлабки шартлар сифатида коррупцияга қарши комплекс ислоҳотлар амалда бажарилган ва қонун устиворлиги ўрнатилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин.  
  • Швейцария ҳукумати ўғирланган активларга боғлиқ чўзилиб кетган бу ишни АҚШ юрисдикциясига бериш масаласини кўриб чиқиши лозим.

Бизнинг Ўзбекистон халқидан ўғирланган активларни қайтариш тамойиллари баён этилган 2018 йил августдаги мурожаатимиздан буён диққат қаратишимиз ва янги мурожаат билан чиқишимиз талаб этиладиган қатор воқеалар юз берди. 


Гап Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда мобил алоқани таъминловчи телекоммуникация компанияларидан олган кўп миллионли пораси эвазига тўплаган активлари ҳақида бормоқда. Бу компаниялар МТС, «Телиа» (собиқ «Телиасонера»), «Вимпелком»дир. Пора олганлик айблови ушбу компанияларнинг ўз айбини тан олгани ва уларнинг жами 2,6 миллиард доллар миқдорида жарима тўлашга розилиги билан тасдиқланди. Каримованинг банк активлари, асосан, Европанинг қатор мамлакатлари, айнан Швейцария, Ирландия, Бельгия, Люксембург, Швецияда, кўчмас мулк шаклидаги активлари эса Франция ва Буюк Британияда жойлашган. Францияда Гулноранинг ўз вақтида 50 миллион еврога харид қилинган учта кўчмас мулкига банд қўйилган. Европа ҳудудида музлатилган активларнинг умумий миқдори миллиард доллардан ошади. 


Айни пайтда Швейцарияда музлатилган, ҳали 2012 йилдаёқ умумий миқдори 800 миллион Швейцария франкини ташкил этадиган активлар тақдири ҳал этилмоқда. Бу пулнинг 130 миллион франки Гулнора Каримованинг ҳамтовоғи Рустам Мадумаров номига, 555 миллиони эса унинг яна бир шериги Гаянэ Авакян номига расмийлаштирилган. Бундан ташқари, Швейцария банкларида катта ҳажмдаги қимматбаҳо зийнатлар сақланаётган бир неча депозит қутиларга ҳам банд солинган. 

Аввало, сўнгги вақтлардаги қайси воқеалар ҳақида сўз кетмоқда?

Биз таъкидламоқчи бўлган асосийси – ўтган йилнинг май ойидан буён Ўзбекистон ҳукумати ва Гулнора Каримова манфаатларини кўзловчи томон ўртасида ёпиқ эшиклар ортида савдо қизиган. Бу пинҳоний музокараларга кўра, 2014 йил февралдан буён уй қамоғида сақланаётган Гулнора  2017 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-аёллар қамоқхонасига кўчирилди, 2018 йил июнь ойи охирида эса қизининг Тошкентдаги уйида сақланди ва 2019 йил март ойининг бошларида яна Зангиота қамоқхонасига қайтарилди. 


Ҳозир Швейцарияда музлатилган активлар борасидаги савдоларнинг янги босқичи кечмоқда. Гулнора Каримова манфаатини ҳимоя қилаётган томон пулларни Ўзбекистонга қайтаришга рози бўлиши эвазига унинг қамоқдан тўла озод этилиши, ҳатто гўёки етарли даражада тиббий хизмат кўрсатилиши учун мамлакатдан чиқиб кетишига рухсат этилиши шартини қўймоқда. Бундан ташқари, озод этилганидан сўнг зориқмасдан яшаши ва унинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланган шахсларга ширинкома бериши учун активларнинг бир қисмини ажратиш ҳам талаб этиляпти. 

Гулнора Каримова номидан 2019 йил 23 июнда эълон қилинган сўнгги баёнотда у Швейцарияда музлатилган 131 миллион долларнинг қайтарилишига тўсқинлик қилмасликка, бу мамлакатда қолаётган 555 миллион доллар маблағи қайтарилишига ҳам рози бўлишга тайёрлиги айтилади. Баёнотда у ўзининг қамоқдан озод этилиши ва Ўзбекистондан чиқиб кетишига рухсат берилиши эвазига шундай қадам ташлашга тайёр эканига ишора қилинади. 

Биз Ўзбекистон ҳукумати бу шартларни қабул қилиши ёки қилмаслигини ҳали билмаймиз. Аммо унинг Зангиота қамоқхонасидагидан кўра шинам бўлган уй қамоғига қайтишини бемалол кутиш мумкин. 


Агар бу келишув ҳатто уй қамоғи кўринишида ҳам юз берса, уни Ўзбекистон ҳукуматига берилган йирик миқдордаги пора самараси ўлароқ қабул қилиш даркор. Бунда Гулнора пора олувчи эмас, балки пора берувчи қиёфасига ўтади. 

Албатта, воқеаларнинг бундай тус олиши халқаро меъёр ва стандартларга жавоб берадиган одил судловга, шунингдек, коррупция қурбони бўлган Ўзбекистон халқи манфаатларига умуман мос келмайди. 


Гулнора Каримова ва ҳамтовоқларининг Ўзбекистон ҳукумати томонидан жазога тортилишига асос бўлган суд қарорлари ҳам одил судлов талабларига жавоб бермайди. Маълумки, Гулнора Каримова ва унинг ҳамтовоқлари 2014, 2015 ва 2017 йилларда бўлиб ўтган судлар қарорлари асосида жазога тортилган эди. Бироқ уларнинг бирортаси одил ҳамда холис судлов ва ҳуқуқий жараён стандартларига заррача ҳам мос келмайди. Ёпиқ тартибда, чала-чулпа ўтказилган бу суд жараёнлари худди уларнинг натижалари каби на фуқаролик жамияти, на жаҳон ҳамжамиятининг ишончини қозона олмайди, шу билан бирга, Ўзбекистонда одил судлов даражасининг жуда пастлигини кўрсатади. 

Агар Швейцария ҳукумати Гулнора Каримованинг мамлакат халқидан ўғирланган активларини Ўзбекистонга қайтариш масаласини ҳал қилишга асос сифатида унинг бу тахлит олинган розилигини қабул қилса, у ҳам ўзи хоҳламаган ҳолда Гулнора Каримованинг ўз озодлиги эвазига Ўзбекистон ҳукуматига тўланаган юқоридаги эслатилган поранинг иштирокчиларидан бирига айланади. Биз Швейцария ҳукумати ва Бош прокуратурасига одил судловга бу тахлит пародия асосида қабул қилиндиган қарорларининг репутацион оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришни тавсия этган бўлардик. 

Шунингдек, бизни ўғирланган активларни мусодара қилиш ва қайтариш масаласи ҳал этилишида мазкур активларни ўғирлаган шахснинг розилиги талаб этилаётгани факти ҳам ажаблантирмоқда. Ахир пора факти телекоммуникация компанияларининг ўз иқрорлиги билан ҳам, Швецияда «Телиа» менежерлари устидан бўлиб ўтган суд жараёнлари материаллари билан ҳам тасдиқланган-ку! Швейцарияда музлатилган активларнинг криминал манбаларига оид шунча кўп далиллар бўлишига қарамай, нега ушбу мамлакат адлияси бу активларни уларни ўғирлаган жиноятчининг розилигисиз мусодара эта олмаяяпти?

Ниҳоят, 2019 йил 1 июлда Швейцария федерал суди ўз қарори билан «Такилант, ЛТД» номига расмийлаштирилган 350 миллион франк миқдоридаги активларни Гулнора Каримованинг назоратига қайтариш имкониятини тақдим этгани ҳам бизда хавотир уйғотади. Гибралтарда Гаянэ Авакян номига рўйхатга олинган бу офшор компаниянинг бенефициар эгаси Гулнора ҳисобланади. 

Агар Швейцария адлияси Гулнора Каримованинг барча активларини унинг розилигини олмасдан мусодара қилиш имкониятига эга эмас экан, унда нега бу ишни Гулнора Каримовага ҳам, унинг юқорида эслатилган активларига нисбатан ҳам қатор ишлар очган АҚШ Адлия департаментига бериш мумкин эмас? Назаримизда, АҚШ адлияси ўғирланган активлар ва уларни ўғирлаган жиноятчи шахслар устидан одил судловни амалга оширишда кўпроқ имкониятларга эга.  

Швейцарияда музлатилган активлардан ташқари Гулнора Каримованинг жорий йилда Францияда мусодара қилинган активлари тақдири ҳам бизда хавотир уйғотмоқда. Матбуот хабарларидан маълум бўлишича, Франция ҳукумати бу активларни (тахминан 50 миллион евро) Ўзбекистон ҳукуматига қайтаришга қарор қилган. Мавжуд маълумотларга кўра, Швейцариядан фарқли ўлароқ, Франция ҳукумати бу ишни дастлабки шартларсиз амалга ошириш ниятида. Бу эса қимматбаҳо зийнатларни уни ўғирлаганларга қайтариш билан баробардир. Агар бу юз берса, у Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича, шунингдек, коррупция ва пул ювишга қарши курашишга оид мажбуриятларига зиддир. Қолаверса, бу қадам жорий йил баҳорда Франция Сенати томонидан тасдиқланган ўғирланган активларни қайтариш масъулияти ҳақидаги қонун лойиҳасига зид келади. Оқибатда Франциянинг маънавий обрў-эътиборига сзиларли даражада ахлоқий зарар етади.

Бизнинг таклифларимиз қандай?

1.  Биз Ўзбекистон халқидан ўмарилган активларни мусодара қилиш ва қайтаришга оид барча жараёнлар ушбу активларнинг келиб чиқиши мамлакатидаги уларни ўғирлаган ва ўғирланишига алоқадор бўлган жавобгар шахслар ва мазкур активларга нисбатан тегишли ҳуқуқий жараёнларсиз туташи мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз. Зеро, Ўзбекистонда Гулнора Каримова, унинг ҳамтовоқлари ва активларига нисбатан чиқарилган аввалги барча суд қарорлари одил судловга пародиядир. Биз одил судловнинг умум тан олинган барча халқаро меъёрларига мос келадиган қайта суд жараёнини талаб қиламиз. Фақат мана шу такрорий ҳуқуқий жараён натижаларига қараб Швейцария ҳукумати Ўзбекистон активларини қайтариш ҳақида қарор чиқариши лозим. Бундай қайта суд жараёнини Ўзбекистонда барча суд тизимини тегишлича ислоҳ қилмасдан амалга ошириб бўлмайди. Бундай ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилиши активларни қайтариш борасида биз 2018 йил августда илгари сурган тамойилларга жавоб бера олади. 


2. Гулнора Каримова манфаатини ҳимоя қилаётган томон у қамоқхонада қаттиқ муносабатга дучор бўлаётгани ҳамда тиббий ёрдам ва даволанишга муҳтожлигини таъкидламоқда. Бу таъкидлар қанчалик ҳақиқат эканига баҳо беришни лозим топмаймиз. Бироқ биз унинг сақланиш шароитлари масаласи мазкур қамоқхонадаги ва мамлакатдаги барча турмалардаги маҳкумларнинг сақланиш шароитлари билан боғлиқ ҳолда ҳал этилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Ҳукумат ва қамоқхона маъмурияти битта маҳкум, бу ўринда Гулнора Каримова учун қандайдир алоҳида шарт-шароитлар яратиши эмас, балки барча маҳкумларнинг сақланиш стандартларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро меъёрларга мувофиқ равишда кўтариши керак. Жазони ижро этиш тизимига оид ушбу ислоҳотлар самараси, аввало, БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларини тамсил қилувчи халқаро кузатувчилар томонидан тасдиқланиши жоиз.  


Ҳукумат Қизил хоч вакилларига, шунингдек, БМТнинг одил судлов ва қийноқлар бўйича махсус маърузачисига мамлакатнинг барча қамоқхоналари, жумладан, Зангиота колониясига ҳам ҳеч қандай тўсиқсиз киришни таъминлаши лозим. Бу ташрифлар натижасида эса биз Гулнора Каримованинг сақланиш шароитлари ҳақида ишончли ва ҳақиқий маълумотга эга бўламиз. 

 
Лекин биз унинг кузатувчилар учун очиқ бўлган, одил судлов стандартлари ва меъёрларига жавоб берадиган қайта суд эшитувлари қарорисиз озод этилишига қатъий қаршимиз. Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича мажбуриятларга эга бўлиб, унинг 14-моддаси ушбу пактни ратификация қилган мамлакатларнинг барча фуқаролари учун одил судлов ҳуқуқи берилишини кафолатлайди.

3. Шунингдек, биз Ўзбекистон активлари музлатилган Швейцария, Франция ва бошқа мамлакатлар ҳукуматларини ушбу активлар тақдирини ҳал этишда халқаро ҳуқуқ меъёрлари, жумладан, нафақат БМТнинг Коррупцияга қарши кураш концепциясига, балки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги, хусусан, ривожланиш ҳуқуқи, одил судлов ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар тоифаларига қараб қарор чиқаришга чақирамиз. Ўғирланган активлар тақдири масаласи шу тариқа ҳам коррупцияга қарши курашиш, ҳам инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳаларидаги халқаро ҳуқуқларнинг барчаси ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилиши керак. 


4. Биз Швейцария Бош прокуратураси ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон халқидан ўғирланган активларни мусодара қилиш бўйича чўзилиб кетаётган ишни охиригача, самарали якунлашга қанчалик қодир эканини очиқ тан олишга чақирамиз. Агар улар бунга қодир бўлмаса, Швейцария ҳукуматини бу активларга оид барча ишларни АҚШ Адлия департаменти ва одил судловига беришга даъват этамиз.  

5. Биз Франция ҳукуматини юқорида қайд этилган шартлар, яъни Гулнора Каримова ва унинг ҳамтовоқлари устидан қайта суд жараёни ўтказилмагунча ҳамда коррупцияга қарши ҳақиқий ислоҳотлар амалда бажарилмагунча Гулнора Каримованинг ақтивларини Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш жараёнларини тўхтатишга чақирамиз. Франция ҳукумати мамлакатнинг икки етакчи ноҳукумат ташкилотлари – Sherpa ва Transparency International France нинг Ўзбекистонга активларни қайтариш жараёнининг тўла шаффоф ва суиистеъмолликлардан холи бўлишини кафолатлаш чақириғига қулоқ тутиши лозим. 

6. Биз Адлия департаментини Гулнора Каримовага активларини қайтариш, шунингдек, унинг активларини тегишли шартларсиз Ўзбекистонга репатриация қилиш эҳтимолини бартараф этишга қарши қадамлар қўйишга чақирамиз. 

7. Биз Гибралтар маъмуриятини Гулнора Каримова адвокатларининг унга тегишли «Такилант» ва «Свисдорн» компанияларини тиклашга оид сўровни рад этишга чақирамиз. Бугун ушбу компаниялар Ўзбекистонда бизнес юритаётган телекоммуникация компанияларига уларнинг мобил алоқа бизнеси учун лицензия ва частота ажратилишига парда орқасидан кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этилгани кундек равшан. Яна аёнки, Ўзбекистон ҳукумати ушбу активлардан фойдаланишдаги эҳтимолий  суиистеъмолликларга қарши тегиши кафолатлар яратгани йўқ. 

8. Биз Гулнора Каримованинг активларини сақлаб турган мамлакатларни активларни қайтариш, қайтаришга тайёрлаш, бу ҳақда қарор қабул қилиш жараёнларида тўла шаффофликни таъминлашга чақирамиз. Қайтарилиши керак бўлган маблағлар миқдорининг ноаниқлиги бизда хавотир уйғотмоқда. Гулнора Каримова ўзининг сўнгги баёнотида Швейцарияда музлатилган икки сумма – 131 миллион доллар ва 555 миллион доллар, жами 686 миллион доллар ҳақида гапирмоқда. Бу эса Швейцаррия ҳукумати ҳали 2012 йилдаёқ айтган 800 миллион доллардан анча кам. Ҳукумат ҳали Швейцария банкларида банд солинган депозит қутилар ичида нима борлиги масаласида мум тишлаб ўтирибди. 


Швейцария Бош прокуратурасининг 2019 йил 24 июндаги баёнотида мусодара этилган ва Ўзбекистонга беришга тайёрланилаётган 130 миллион франк ҳақида сўз боради. Шу баёнотда беш нафар гумонланувчи иши бўйича яна 650 миллион долларни мусодара қилиш масаласи ҳали ҳам кўриб чиқилаётгани айтилади. Бу маблағларнинг жами 780 миллион долларни ташкил этади. 

Аммо Гулнора Каримованинг банд солинган активлари миқдори ҳали 2012 йилдаёқ 800 миллион франкни ташкил этгани ва банк фоизларини ҳисобга олганда бу сумма бугунги кунда (7 йиллик даврда йиллик 2 фоиз) камида 912 миллион франкка етган бўлиши керак. Бундан кўринадики, жамоатчиликка камида 130 миллион франклик фарқ ҳақида ҳеч нарса хабар қилинмаяпти. 


9. Биз Гунора Каримовага ҳам, бошқа номзодларга ҳам бу активларнинг бир қисми ҳам қайтарилишига қатъий қаршимиз. Музлатилган барча активлар мусодара этилгандан сўнг Ўзбекистонга, лекин тегишли шартлар асосида берилиши керак. 


10. Шу муносабат билан биз Ўзбекистон активларини қайтаришга оид 2018 йил августда илгари сурган тамойилларимизга содиқ эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Асосийси шуки, ҳукумат Гулнора Каримованинг активларини қоғозда эмас, амалда қўлга киритиши учун коррупцияга қарши механизмларни яратиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириши, яъни: 

  • мустақил суд ҳокимиятини яратиши; 
  • маъмурий ислоҳотлар ўтказиши; шу муносабат билан манфаатлар тўқнашувига оид ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиши ва қабул қилиши; 
  • барча давлат хизматчилари, судьялар ва парламент аъзоларига ҳар йили ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари ҳақидаги декларацияни тақдим этиши ва бу декларацияларнинг жамоатчилик учун очиқ бўлишини кафолатлаши; 
  • тендер жараёнининг очиқ ва шаффофлиги, фойдали шартномалар, келишувлар ва муайян қийматдаги объектларга учун ошиқ қийматдаги инвестициялар чегарасининг фақат танлов асосида белгиланишини таъминлаши; 
  • кенг ваколатларга эга мустақил коррупцияга қарши агентликни тузиши, уюшмалар ва матбуотнинг тўла мустақиллигини таъминлаши керак.

Энг асосийси, бу ислоҳотлар активларни қайтариш якунида эмас, балки қайтариш бошланишидан олдин, улар яна ўғирланмаслиги, коррупциянинг асосий қурбони ўлароқ Ўзбекистон халқига хизмат қилиши кафолати сифатида амалга оширилиши даркор. Ҳар қандай ҳолатда ислоҳотлар ўтказиш ваъдасига, ҳатто коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунларга ҳам ишонмаслик лозим. Активларни қайтариш шарти қоғоздаги эмас, амалдаги таркибий ўзгаришлар бўлиши керак.

Имзолаганлар рўйхати: 

Надежда Отаева, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси президенти, Ле-Манс, Франция, n.atayeva@gmail.com (боғланувчи шахс)
Умида Ниёзова, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми директори, Берлин, Германия, umida.niyazova@gmail.com (боғланувчи шахс)
Ёдгор Обид, ўзбек шоири, сиёсий қочқин, Австрия резеденти
Аъзам Турғунов, ҳуқуқ ҳимоячиси, собиқ виждон тутқуни (2008-2017), Ўзбекистон
Муҳаммад Бекжонов, журналист, собиқ виждон тутқуни (1999-2017), АҚШ резеденти
Алишер Таксанов, журналист, ўзбек сиёсий қочқини, Швейцария резеденти
Диля Эркинзода, ўзбек сиёсий қочқини, Швеция резеденти
Алишер Обидов, ўзбек сиёсий қочқини, Норвегия резеденти
Сергей Наумов, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон
Даниэль Андерсон, ўзбек сиёсий қочқини, Норвегия резеденти
Мирраҳмат Мўминов, ўзбек сиёсий қочқини, АҚШ резеденти

Қуйидаги вебсайтларга қаранг: 

Русча версия: https://ahrca.ru/uzbekistan/verkhovenstvo-prava/903-aktivisty-trebuyut-pravosudiya-v-dele-gulnary-karimovoj-i-resheniya-sudby-ee-nezakonnykh-aktivov; https://nadejda-atayeva.blogspot.com/2019/07/blog-post.html

Инглизча версия: https://ahrca.eu/uzbekistan/rule-of-law/1019-civil-society-activists-of-uzbekistan-call-for-justice-in-the-return-of-gulnara-karimova-s-ill-gotten-assets

Французча версия: https://ahrca.fr/ouzbekistan/corruption/76-les-militants-reclament-justice-dans-l-affaire-de-goulnara-karimova-et-sur-le-sort-de-ses-actifs-frauduleusement-acquis?fbclid=IwAR17Ck9VCXGBCc2fnoJFS3_M5VE4WvKq9hI_g6XJ1qKLf-VjGVluT_NEQF4

Тағин ўқинг
18 март 2020
Рассом Кирпи
5 январ 2022
Рассом Туз
24 декабр 2015
Eltuz Мамадали Маҳмудов билан журналист Малохат Эшонқулова қилган видеосуҳбатнинг Иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қилади. Кеча 23 декабр куни Мамадали ...
2 апрел 2018
Ўзбекистоннинг «Менинг юртим» телеканали 1 апрель куни ёшлар ахлоқи «фош қилинган», яъни уларнинг истироҳат боғларида қўл ушлашиб юргани, ўпишгани ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...