Асосий мавзулар
8 октябр 2019

Қудуққа қараб айтилган шеър

Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Абдулла Ориповга

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Ҳурматли Абдулла ака, ушбу хатимда сизнинг бир вақтлар шов-шув билан ўқилган “Оломонга” деган шеърингиз ҳақида бугунги мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Шеър совет даврида ёзилди.

Онгларимизда бўмба каби портлаш ҳосил қилди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри орқасида буюк шоир ва буюк шахсни кўриб, кўксимиз тоғдек юксалди.

Халқ шеърни ҳам, муаллифини ҳам бошига кўтарди. Мана, орадан йиллар ўтди. Энди совет йўқ. Мамлакат мустақил бўлди. Бугун бу шеърингизни қайта ўқиб, ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри орқасидан унинг муаллифини ‒ Абдулла Орипов шахсини ахтариб кўрдим.

“Мустақиллик” шароитида мамлакатда кечган ва кечаётган, ўтган аср 37-йилларига ўхшаб кетадиган ҳолатларда шоир ўзини қандай тутди экан, сўзига ўзи содиқ қолдимикин, деб шахсингизга боққим келди.

Ва мен нималарни кўрмадим! Лекин мавзуга киришдан олдин бошимдан ўтган бир ҳодисани эсласам. 1999 йил эрта баҳори эди.

Қўқонга Яйпан томондан кириб келишда темирйўл оша кўприк бор. Шу кўприкдан тушибоқ мени Давлат автомобиль назорати (ДАН) ходими тўхтатди. Ҳужжатларимни сўради. Бердим. Айбимни айтди – кўприк устида бир мошинани қувиб ўтибман, мумкин эмаскан.

Мошинам рақамини кўриб: “Меҳмонмисиз?” деб сўради. Жаримадан қутулиб қолишга бир илинж туғилди, лекин мен тўғрисини айтдим: “Ўзим асли шу ерликман, аммо ҳозир меҳмонман”, дедим.

«Тошкентда қаерда ишлайсиз?” деб сўради худди йўл қўйган хатомга иш жойим ҳам шерикдай. “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида ишлардим, айтишимга тўғри келди. Биларкан. “Ҳалиям чиқяптими бу журнал?” деб сўраб қолди. “Ҳа”, дедим. Ҳужжатимни кўрсатдим.

Гувоҳномада “Шарқ юлдузи” ёзуви тепасига “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси” ёзуви битилган эди. Ўшани ўқиб туриб, бирдан: “Менга қаранг, раисларинг Абдулла Ориповми?!” деди қизиқишдан кўра кўпроқ дўққа ўхшаган оҳангда.

“Ҳа, нимайди?” дейишим баробарида худди айблини ушлаганнамо қиёфада тирсагим тепароғидан тутиб, бир четга тортди. “Элнинг катта шоири… Бир пайтлар Абдулла Орипов деса, томдан ташлардим-а…

Кеча телевизорда аҳволини кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Нима, ўзбек халқи молподамиди, минбарга чиқволиб, хў-ўшш, хў-ўшш, дейди?! Ўзиям роса ичиб олгани билиниб турибди.

Алкаш бўпқолмаганми раисларинг?!” деди астойдил қайғуриб. “Узр, кечқурун телевизор кўрмаганидим”, дедим хижолатомуз.

– Ҳа, майли, мана ҳужжатларингиз, қоидани бузмай юринг энди, – дея мени қўйиб юборди ва орқамдан: – Тошкентга борганингизда бир қизиқиб кўринг-а, халқни қириб юборишга фатво берворди-ку бу раисларинг!” деб қолди.

Тошкентга кела-келгунимча йўл мелисасининг гаплари ҳеч хаёлимдан кетмади. Нима бўлдийкин, дейман. Келасолиб суриштирдим. Ҳаммаси ойдинлашди: ДАН ходими айтган воқеа Ўзбекистон мамлакати саҳнасида машҳур “16 февраль” томошаси ўйналган кунлардан кейин “Санъат саройи”да уюштирилган бир тадбир чоғи юз берган экан.

Бу ёғи эсингизда бордир, Абдулла ака. Тафсилотини айтиб ўтиришимга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Яна ким билади дейсиз, халқининг бошига катта кулфат тушиб турган бир кунда(!) бу кулфатнинг сабаб-оқибатларини муҳокама эттириш учун тўплатилган ўта жиддий бир йиғинга(!) маст ҳолда келган сиздай бир ҳожи шоир у кунларни эслайсизми, йўқми…

Яхшиси, қисқагина эслатиб қўяқолай. Хуллас, 1999 йил февралининг 16-куни Тошкентнинг у ер-бу ерида беш-олтита бўмба пақ-пуқ этди. Ва бу пақ-пуқлар мамлакатда анчадан бери етилиб келаётган бўлғуси қақшатқич қирғин (репрессия)лардан дарак берди.

Тўғрироғи, ўша қирғинларнинг бошланғич нуқтаси (адабиётча айтилса, прологи) бўлди. “16 февраль” алоҳида таҳлилга лойиқ бўлганидан унга алоҳида мавзу ажратдим ва тафсилоти бундан олдинги бобда кечди.

Бу хатимда ҳаммасини такрорлаб бошингизни қотириб ўтирмайман ва асосий масалага – “Санъат саройи”даги машҳур йиғинга ва сизнинг “оташин” нутқингизга ўта қоламан.

Айтишларича, сиз бу йиғинда, саллани опке деса каллани опкеладиган ташкилот бошлиғига қараб: “Хўш-ш, Зокиржон ака, булар нима истайди ўзи?! Энди улар билан муроса қилиб бўладими?! Уларни тарбия қилиб бўлмаса, Зокиржон ака, ҳаммасини отиб ташлаш керак! Нимага қараб ўтирибсиз, Зокиржон ака, отамизга қўл кўтарганларни аяб ўтирманг, ушланг, қаманг, отиб ташланг ҳаммасини!!!” деган маънода мастона жўшиб сўзлабсиз.

Минбарга қўл билан бўлмаса-да, оғир-оғир сўзлар билан “мушт”лабсиз. Саройга ва теле теварагига тўпланганлар худди мол подасидай уларга роса “хўш-ш, хўш-ш”лаб, бутун халқимиз юзига аччиқ-аччиқ маломат тошларини отибсиз…

Бу ҳолингиз билан сиз бошқа кимсалардан (ўзингизнинг иборангиз билан айтганда, “оломон”дан) нима фарқингиз қолди?!

16 февраль воқеалари моҳиятини “оломон” ўйламаса, сиз ўйлашингиз, “оломон”нинг ақли етмаса, сизнинг ақлингиз етиши, “оломон” билишга қизиқмаса, сиз билишга қизиқишингиз лозим эмасмиди?!

Сиз каби бир шоирни туғиб, эҳтиётлаб катта қилган, илм бериб мана шу даражаларга етиштирган, “16 февраль” томошасидан кейин эса “Энди нима бўларкин?” дея минг бир хавотирда титраб-қақшаб турган муштипар эл сиздай зиёли боласи оғзидан бошқача – ўзингизга, номингизга, шаънингизга ярашиқли бир СЎЗни кутган эди!

Ахир сиз ўзингизга хос ижодингиз билан халқ номидан гапиришга ҳақ қозонгансиз, миллатнинг виждони бўлмиш адабиётнинг энг кўзга кўринган вакилларидан бирисиз!

Сиз эса миллатнинг виждони даражасидан “оломон” даражасигача тубанлашиб, Ҳақнинг ва халқнинг ёнини эмас, катта ёлғоннинг ёнини олиб ўтирибсиз!

Албатта, одам камчиликдан холи эмас, ҳамма ҳам хато қилиши мумкин – 16 февраль пақ-пуқлари ортида нима ишлар борлигини кўп қатори сиз ҳам бирданига ажрата олмагандирсиз.

Чунки ҳали пақ-пуқлар шовқини сўнмай, чанг-тўзонлари тўла босилмай туриб унинг тагидаги ва орқасидаги ишларга, яъни илдизига бирдан етиб бориш қийин, албатта.

Лекин худди шу билмаслик одамни сергак торттириши, хавотирга солиши ва ҳе йўқ-бе йўқ “хўш-ш, хўш-ш”лаб халқ устига ташланиб қолишдан тийиши лозим эди.

Бунинг ўрнига, сал ўзингизни босиб, номингиз ва шаънингизга яраша мақомда туриб сўзлашингиз керак эди. Яъни, масалан: “Рустам ака Иноятов, Зокиржон ака Алматов, тўғри, жуда ёмон иш бўлди, ичимизда қандайдир қора кучлар борга ўхшайди, улар мустақил ватанимиз тинчини бузиш мақсадида жирканч бир иш қилишди, буни асло кечириб бўлмайди, бу қора ишларнинг чинакам айбдорларини топиш, муносиб жазосини бериш керак!

Бу қадар шафқатсизлик халқимизга хос эмас, бизнинг халқимиз бунақа ифлосликка бормайди, бу ерда бошқа гап борга ўхшаяпти, шунинг учун сизлардан айбдорни ахтаришда ниҳоятда эҳтиёт бўлишни, гуноҳсизлар жабр кўриб қолмаслиги учун воқеани чуқур ўрганиб чиқишни илтимос қиламан. Бундай оғир кунда биз Президентимиз ёнидамиз, биз сизларнинг ёнларингиздамиз!” десангиз ҳам бўларди, бизнингча.

Ҳар ҳолда, қўқонлик ДАН ходими каби оддий-содда кишилардан таркиб топган, сизни туғиб, парваришлаб, катта шоир қилиб етиштирган ва бошига тож қилиб кўтарган халқ (оломон эмас!) миллат виждони бўлмиш адабиётнинг сиздай бир вакилидан кам деганда мана шунақа муносабатни кутган эди ва буни кутишга ҳақлидир ҳам!

Қолаверса, сиз у минбарга шоир Абдулла Орипов бўлиб эмас, Ўзбекистондай катта бир мамлакат ёзувчи ва шоирларининг, зиёлиларининг дарғаси ‒ Ёзувчилар уюшмасининг раиси ўлароқ чақирилган эдингиз. Сиз бунинг масъулиятини теран ҳис этган ва орқангиздаги юзлаб зиёлининг обрўйини ҳам сақлаган ҳолда… оғзингизга қараб гапиришингиз керак эди!

Бунақа кир ишлар қай тариқа уюштирилишини ва оқибати нималарга олиб келишини яқин тарихдан жуда яхши биласиз. Чунки “халқлар отаси, улуғ ва меҳрибон” Исталин (Сталин) ўтган аср биринчи ярмида тарих саҳифаларига ўзининг “37-йиллар” фожиа асарини битар экан, ундан олдин “Кировга суиқасд”, “Дўхтирлар иши” каби “Иш”ларни катта режали қирғинларига бошланғич нуқта (пролог) қилиб олганини ўқигансиз, биласиз.

Ана ўша Исталин ҳар бир қатлиоми олдидан ё кетидан зовутларда, фабрикаларда, колхоз-совхозларда халқни (оломонни!) тўплашни яхши кўрар, ҳар бир қора ишига шу “халқи”дан фатво олар эди.

“Халқ вакиллари” минбарларга чиқиб Ежов, Ягода, Берия, Вишинский (ўзимизда Апресян, Агабек(ян)ов) каби жаллодларга хитобан: “Меҳрибон Отамизга, жонажон партиямизга қарши чиққанлар халқ душманларидир! Қаманг! Сургун қилинг! Отинг! Қириб ташланг!” дея кўзлари қонга тўлиб шовқин-сурон кўтаришар, шу дамда у “халқ душманлари” қўлига тушса еб ташлагудай ваҳшат билан ҳайқиришар эди.

Ҳолбуки, эртага ўзлари ҳам “халқ душмани” аталишлари мумкин эди!

Айтганча, “Оломонга” деб номланган шеърингизда халққа қарата “Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан? Нечун томошага бунчалар ўчсан?” деб таъна-маломат қилганингизда сиз айни мана шу ҳолатни ‒ одам боласидаги сотқинлик деб аталмиш тубан бир хислатни назарда тутган бўлсангиз керак, шундай эмасми?!

Абдулла ака, сизнинг кўп шеърларингиз ёш авлодга ўз вақтида энг керакли руҳий озиқ бўлган. Совет даврида сатрларингиз орасидан дардларимизга малҳам топгандай бўлардик. Шеърларингизни ўқиб йиғлардик, юпанардик, қувонардик, теварагимизга бошқачароқ кўз билан қарашга уринардик.

Халқимизнинг буюк шоирлари Эркин Воҳидов, Рауф Парфи ва сиз бутун ижодларингиз билан, айниқса, совет даврида – халқимиз мустамлака ҳолатида маддоҳ адабиётнинг, маддоҳ шеъриятнинг советча ялтироқ деворини тешиб, янгича фикрлашга гўё туйнук очиб бердиларингиз.

Кейинги авлод туйнукдан бу ёғида ҳам ҳаёт борлигини билиб, бу ҳаётда қувонч билан дард ҳамиша ёнма-ён яшашини кўриб вояга етди, эркинлик исташ руҳида тарбия топди, сизлар очган туйнукни янада кенгайтирди, очган йўлларингизни маромига етказди – буни халқимиз миннатдорлик ила эслайди.

Гарчи Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Шавкат Раҳмон каби мустаҳкам эътиқодли шоирлардан фарқли ўлароқ, сиз совет давридаги анча-мунча шеърингизда коммунистик даврни ҳам тўлиб-тошиб куйлаган, “доҳий” Лелин шаънига чин юракдан мадҳиялар ўқиган бўлсангиз-да, миллий адабиётимиз чўққиси ҳисобланган айрим шеърларингиз миллат уйғонишига сабабчи бўлган, деб бемалол айтса бўлади.

Яъни адабиётимиз қизил шиорлар йиғиндисидан иборат қуруқ шеъриятдан юрак қонига йўғрилган дардли шеъриятга айланишида сиз қўшган ҳиссани кўп қатори мен ҳам юксак қадрлайман ва лойиқ ўрнига қўйишга ҳаракат қиламан, жуда кўп шеърларингиз қаршисида доим икки қўлим кўксимдадир.

Аммо… Афсус, шеър бошқа, шоир бошқа экан! Адабиёт бошқа, ҳаёт бошқа экан! Сизнинг ижтимоий фаолиятингиз, шахс сифатида жамиятда ўзингизни тутишингиз шеърий ва адабий қозончларингизнинг тескариси бўлиб чиқди!

Адолат тарозисига солиб, Ҳақиқат ўлчовларида ўлчаганда, шоирлик билан топган шарафли номингизни арбоб сифатида анча-мунча қорага бўяб қўйдингиз!

Аслида-ку, “Санъат саройи”даги у нутқингиз сизнинг аслингиздир. Сизни ёшликдан то шу кунгача таниганлар у нутқ оҳангига заррача ажабланмайди. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас, дейди-қўяди.

60 ёшга тўлганингизда сизнинг мақтовингизда баландпарвоз қасида битган бир шоир укангиз ҳар нақаротда “Замонлар ўзгарди, сиз ўзгармадингиз!” деб қайта-қайта таъкидлаганида шу маънода тўғри айтган эди.

Яъни 16 февраль воқеаларидан кейин “Санъат саройи”да сўзланган у нутқ йиллар давомида шаклланган ва ўзгармай келаётган феъл-ҳўйнинг мантиқий ҳосиласи эди, холос.

Албатта, халқ дардини кўриб туриш, доим ҳис этиб яшаш ва халққа қўшилиб куйиш жуда-жуда оғирдир. Балки шу оғир юкдан қочиш учун ҳам айрим туппа-тузук кишилар совет даврида ичкиликка берилиб кетгандир. Ҳушёрлик берадиган азобдан мастлик берадиган аллаловчи роҳат яхши-да!

Лекин майхона ҳалол бошпана эмас, қўрқоқ ва кучсиз виждонлар қочиб бориб бекинадиган ҳаром бир овлоқдир. Бу овлоққа кириб кетган одам ўзининг теварагида юз бераётган адолатсизликларни, зулмни, ёлғончиликларни кўрмаётган-илғамаётганга солса ҳам, то виждони тўла ўлмаган экан, азобидан қочиб қутула олмайди. Ўзини алдагани қолади, холос.

Мастлик жуда нари борса вақтинча “ором” беради. Ундан кўра аччиқ ҳақиқатга очиқ кўз билан қараганга нима етсин! Ҳам шараф, ҳам чинакам зиёлига муносиб!

Қайтанга ҳаром овлоқларга биқиниб олган маст кишининг аҳволи халқ дардига қўшилиб куйган ҳушёр кишининг аҳволидан оғир ва ачинарлидир, Абдулла ака, сиз адабиётда шеъри билан шараф қозонган озчиликнинг биттасисиз! Улуғ шоирсиз! Шахсий ўрнагингиз ҳам шу шарафингизга муносиб бўлса эди, деган укаларча орзуда ушбуларни ёзмоқдаман.

Биласиз, ижодкор нафақат ижоди, балки ҳаётда тутган ўрни билан ҳам халқ орасида адабиётнинг обрўйини юксалтириши, миллатнинг виждони бўлишдек шарафга эриштириши мумкин. Аммо айни чоқда юксак обрўни кетказиб қўйиши ва миллатнинг виждони бўлишдек юксакликдан ўткинчи ва ёлғон сиёсатнинг малайи бўлишдек тубанга тушириб қўйиши ҳам мумкин. Шунисидан Аллоҳ сақласин.

Энди асосий гапга келдик. Ўзи аслида “Оломонга” шеърингиз ҳақида гапирмоқчи эдим. Кириш қисми бир оз чўзилиб кетди, узр. 1992 йили Ғафур Ғулом нашриётида чоп эттирган “Муножот” сайланмангизда бу шеър мана бундай келган:

Машраб осилганда қаёқда эдинг? Чўлпон отилганда қаёқда эдинг? Суриштирганмидинг Қодирийни ё, Қалқон бўлганмидинг келганда бало? Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан, Тарихлар тўқилур сенинг номингдан. Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан? Нечун томошага бунчалар ўчсан? Қаршингда ҳасратли ўйга толаман, Қачон халқ бўласан, эй, сен – оломон?! (1980)

Бу шеърингиз ошкоралик йиллари кўплар қатори менга ҳам жуда ёққан эди. Советнинг диққинафас ҳаётида ижтимоий адолатни қўмсаган, миллат озодлигини соғинган кўнгилларимизга ўзига хос бир эпкин бўлиб кирди бу шеър.

Одамлар орасига ёйдик, майдонларда овозимизни баралла қўйиб ўқидик – “оломон”дан халқ ясамоқчи бўлдик ўзимизча. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Орзиқиб кутганимиз мустақиллик… ўрнига келган “музтар қуллик”нинг мазасини ҳам озми-кўпми татиган бўлдик.

Шу қисқа вақт ичида етмиш йил совет даврида кўрган ва кўрмаган кўргиликларни ҳам кўриб улгурдик. Феъл-ҳўйларнинг товланишларини, ижодкорларнинг эврилишларини кўрдик. Ҳаётга, мустақилликка муносабатларимиз ўзгарди.

Бугун энди сизнинг ушбу “Оломонга” шеърингиз ҳам бошқа қирралари билан ўртага чиқди. Ўқисак, бошқача таъсир оладиган бўлдик.

Роса ўйлаб, роса синчиклаб қулоқ солинса, айниқса, сизнинг шахсиятингиз ва ижтимоий фаолиятингиз ‒ кейинги йигирма йил ичида ўзингизни қандай тутганингиз қиррасидан боқилса, сиртдан ижтимоий адолатни куйлаган бўлиб кўринувчи бу шеър сатрлари остидан кўнгилларни ғаш қиладиган оҳанглар туйила бошлади…

Ҳа, шеърда шўрлик оддий халққа жуда оғир айб қўйилган, таъна-маломатда чегарадан чиқиб кетилган экан, натижада сатрлар сўнггидаги ҳар бир сўроқ аломати орадан ҳеч қанча ўтмай ўз бошингизга камида ўнтадан тўқмоқ бўлиб қайтяпти. Тарих сиздан ўчини ола бошлади.

Сиз “Машраб осилганда қаёқда эдинг?” деб халқингизни сўроққа тутар экансиз, замонлар ичра ҳар хил маломатлар эшитавериб бўйинлари эгилиб кетган бу шўрлик халқ ерга боқиб: “Муҳаммад Солиҳ юртдан қувилганида, орқасидан бир неча марта суиқасдлар уюштирилганида, Эмин Усмон сохта айбномалар ила икки бор қамалганида ва охири қамоқдан ўлиги чиққанида, Ёдгор Обид севган Ватанидан чиқиб кетишга мажбур бўлганида, Мамадали Маҳмуд бир кишига дўстлигини очиқ айтгани ва бу дўстлигидан қайтмагани учунгина зиндонда узоқ вақт ушлаб турилганида, Гулчеҳра Нуруллаева сиёсатга сал бошқачароқ муносабатда бўлгани учун нафақат ижтимоий ҳаётдан, балки адабиёт даргоҳидан ҳам бир четга суриб қўйилганида, дин уламолари – имом Абдували қори ва Абдулла Ўта куппа-кундузи ўғирлаб кетилиб, қаерлардадир гумдон қилиб юборилганида, имом Муҳаммад Ражаб қайтиб чиқмас қилиб қамоққа тиқилганида (ўн бир йилга ҳукм қилиниб, яқин йигирма йилдан бери ҳануз зиндонда! ‒ Н.М.Р.)… бу ишларни сен кўриб ўзингни кўрмаганга солиб бугун қаерда турган бўлсанг, биз манглайи шўрлар ҳам машъум 37-йиллари худди шунақа ерда турган эдик, эй шоир Абдулла болам…”, дер эди гўё.

Сиз: “Лорка (Чўлпон) отилганда қаёқда эдинг?” деб халққа дағдаға қилар экансиз, бунақа зуғумларни кўравериб эзилган, аммо донолигини йўқотмаган халқим аламли нигоҳлари ила яна ер чизиб:

“Ўн минглаб мўмин-мусулмон ватандош сохта айбномалар ила қамоққа тиқилиб, туби кўринмас зиндонлардан юзлаби ўлиб чиққанида, йигирма йилдан бери юз минглаб мусулмон ёш-яланг таъқиб ва тазйиққа учраб омонат кун кечираётганида… сен қайси кавакка биқиниб кириб кетган бўлсанг, оддий тирикчиликдан ва сен каби улуғларни туғиб вояга етказиб беришдан бошқа ташвиши бўлмаган биз шўрликлар ҳам машъум 37-йиллари ўшанақа кавакдан пана топган эдик, эй ақли ҳамма нарсага етгувчи буюк Абдулла болам…”, деяётгандай бўлади.

Сиз: “Суриштирганмидинг Қодирийни ё?” деб ўзингизни ҳақиқатни суриштирувчи қилиб кўрсатар экансиз, Абдулла Қодирийнинг асарларини кечалари жинчироқларда ўқиб, болаларига унинг руҳини етказган ва кўп ҳолларда уйидан ўша Қодирийнинг арабча имлода битилган бор-йўғи битта асари чиққани учунгина қон қусишга мажбур қилинган чорасиз халқим зулм товони тагида чирпанаркан: “Биз-ку оддий одаммиз, теварагимизда нималар бўлаётганини у замонларда суриштиришга кўп ҳам онгимиз етмагандир, аммо сен, эй дунёнинг тубига етган, ҳатто бутун бошли халқни оломонга чиқазиб ўзидан бошқага писандсиз бўлиб қолган арбоб Абдулла болам, сен нима қилдинг?

Мустамлака билан “мустақиллик”нинг фарқига бора олмаётган, янги даврнинг бутун жабр-ситамларини йигирма йилдан бери қадоқ елкасида кўтариб келаётган муштипар халқингнинг аҳволини бир марта суриштирдингми сен? Қўлинг “мустақиллик меъмори”га қасида битишдан бўшаган дамларда миллатингнинг бугун тушиб қолган ва келажакда тушиши мумкин бўлган аҳволини ўргандингми ҳеч?! Ахир сен сиёсатчи эмас, адабиётчисан-ку! Адабиёт миллатнинг виждони сифатида доим ва асосан ҳақ ва халқ томонида бўлиши керак эмасмиди?!” деяётгани тайин.

Яна бу муштипар, эзик халқим “оломон” деган ҳақоратга чидай олмай аламдан бундайлар дейди: “Ўзинг у шум 37-йиллардан анча олислаб олиб: “Қалқон бўлганмидинг келганда бало?” деб бошимизга оғир тўқмоқ солибсан.

Сен Исталин бобо қирғинлари чоғи ҳар хонадондан камида бир кишисини йўқотган ота-боболарингни айблаяпсанми? У оғир замонларда, бало ҳамманинг бошига ёғилиб турганида биз тушунмаган бўлсак-да, тушунган сен каби зиёлилар ҳам сичқоннинг инини минг тангага сотиб олишга тайёр бўлиб қолганини наҳот билмасанг?! Ўлганнинг устига тепишинг нимаси, Абдуллажон болам?!

Шундоқ ҳам хўрланганларимиз, топталганларимиз етмасмиди?! Айбимиз у оғир йиллари яшаганимизми? Мана, сен “мустамлакачилик” деб номланмиш у замонларни ҳам, “мустақиллик” деб улуғланаётган бу замонларни ҳам кўрдинг, кўряпсан.

Аммо ёзган асарларингга қаралса, ўтган замонни ҳам, бу замонни ҳам бирдай “дориломон кунлар”, “бахтиёр дамлар” деб куйлаб келяпсан. Ўтган замоннинг раҳбар ташкилотини “Нажот қалъаси” деб улуғлаган бўлсанг, бу замоннинг раҳбар шахсига “Сарбон”, “Юрт эгаси” ва ҳоказолар деб санолар ўқияпсан.

Қайси сўзингга ишонайлик: у даврга тўқиган мадҳияларинг рост бўлса, бу замонники ёлғон, бу замондаги мадҳиянг рост бўлса, илгариги гапларинг ёлғон.

Ўзингнинг ҳолинг бундай бўлгани ҳолда қандай қилиб биздан адолатсизликларга қалқон бўлишимизни истайсан?! Хўп, “халқлар отаси, улуғ ва меҳрибон” Исталин бобо қатлиомига биз ношуд халқ ҳеч тўсқинлик қила олмай, “томошага ўч” бўлиб тургандирмиз. Сен-чи?! Сен бугунги Исломқул бобонинг қайси адолатсизлигига қалқон бўлдинг? Алдамчи сайловлар ўтказилганида“Етар!” деб чиқдингми? Мухолиф ижодкорларга туҳматлар, сиёсий айблар тақалганида “Ундай эмас!” дея олдингми?

Ижод аҳлидан бир-иккиталари сиёсий босим остида телевизор орқали элнинг катта бир шоирини азбаройи сиёсатга аралашгани учун… сиёсатчи сифатидагина эмас, шоир сифатида ҳам инкор этганида сен ёзувчи ва шоирларнинг дарғаси ўлароқ “Ҳўв, ҳамкасабалар, ҳар нарса десаларинг ҳам шоирлигига тил текизманглар, бу қадар тубанлашманглар!” деб уларнинг оғзига урдингми?

Таниқли ёзувчи Эмин Усмон ҳақсиз қамалганида бу бедодликка қарши кўксингни қалқон қилиб туриб бердингми? Иккинчи бор қамалиб, қамоқдан ўлиги чиққанида-чи… ҳеч йўқ жанозасига бордингми?

Аксинча, бу аянчли хабар дунёга тарқалганида чет радиолардан бирининг мухбири сенга қўнғироқ қилиб бу воқеани шарҳлашингни сўраганида нима деб жавоб берганинг ҳартугул эсингдадир: “Ҳа, энди… Эмин Усмон ўзи Ёзувчилар уюшмасига келмай қўйган… алоқасини узган эди…”, деган маънода чайналган эдинг.

Бир инсон, бир адиб қамоқда шубҳали тарзда ўлиб кетяпти, адибларнинг дарғаси ўлароқ сенинг муносабатингни қара! Заррача ачиниш йўқ. Аксинча, ўлганнинг устига чиқиб тепкиладинг гўё.

Ўшанда бу қўрқоқлигинг ва иккиюзламачилигингдан биз оддий қора халқ хижолатлар бўлиб кетганмиз. Ишонган тоғимиздан бу хил муносабатни кўриб, ер ёрилсаю ер остига кириб кетсак, деганмиз!

Ёки яна: халқимизнинг тўқсон фоизи мўмин-мусулмон бўлгани ҳолда йигирма йилдан бери юртимизда Ислом динига қарши уруш очилди, минглаб, ўн минглаб ватандош дини учун қамоқда ётибди, кўплари ҳатто зиндонларда ўлиб кетди, шу элнинг маънавий йўлбошчиларидан бири бўлмиш сенинг қайси бир тукинг титради?

Ё намоз ўқийдиган, рўмол ўрайдиган, маст қилувчи ичкиликни ҳаром дейдиган, болаларига эгри билан тўғрини ажратиб танитишни хоҳлаган, айби эътиқоди бўлган ўғил-қизларимиз сен учун ҳақсиз қамалса ҳам, ўлдириб юборилса ҳам бўлаверадиган қадрсиз, қийматсиз борлиқларми?

Наҳот ачинмайсан? Ё уларнинг ёнини олсанг, суриштирсанг, қалқон бўлсанг, обрў-мартабанг кетиб қоладими?

2005 йили 13 май куни инсонлик ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб майдонга чиққан минглаб андижонликни – эркагу аёл демасдан, ёшу қари демасдан, ҳатто мурғак гўдакларни шафқатсизларча отиб ташлашга буйруқ берилганида нимага ўртага қалқон бўлиб отилиб чиқмадинг?!

Сиёсат уларнинг барчасини ёппасига жиноятчи деб атаган бўлса, ҳамма ёппасига жиноятчи бўлиши мумкин эмас(!)лигини миллатнинг виждони бўлмиш адабиёт дарғаси сифатида сен жуда яхши билар эдинг-ку! Билмасанг, билишинг лозим эди-ку?! Бизларни “оломон” деб ҳақоратлаб тилимизни қичитиб нима қиласан, эй буюк шоир Абдуллажон болам?!

Айтганча, кучишлатар идораларни миллатига қарши олакишлаб, юксак минбардан… теле орқали… ўттиз милёнли халқ (оломон эмас!) кўзи ўнгида… “Қаманг! Отинг! Қиринг!” деб турган сендай бир шафқатсиз боламиз халқни зулмлардан қўрийди, адолатсизликларга қарши қалқон бўлади, деб кутишнинг ўзи хато.

Сен мустамлака шароитида ҳам кўпроқ ўзингни ўйладинг, халққа қалқон бўлмадинг, халқни ташлаб, “Нажот қалъаси”га сиғиндинг, ҳозирги “мустақиллик” шароитида ҳам фақат ўзингни ва бола-чақангни ўйлаяпсан, қалқон бўла олмаяпсан, шу кетишинг бўлса, бундан кейин ҳам қалқон бўлмайсан, бўла олмайсан.

Қалқон бўлиш не, бугун ўзингни тутишингдан билиниб турибди: худди 37-йиллар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби ёзувчилар буюк адибимиз Абдулла Қодирий гўрга киришига сабабчи бўлгани сингари, сен ҳам ҳеч иккиланмасдан уларнинг ишини такрорлайверасан.

Бўлмаса, Ойбек ҳам, Ғафур Ғулом ҳам, Абдулла Қаҳҳор ҳам ҳазилакам адиблар, ҳазилакам шахслар эмасди! Сендан баланд бўлсалар баланд эдилар, асло кам эмасдилар. Аммо истеъдодлари уларни нозик паллаларда мард сифатида асраб қололмади!

Начора, юксак истеъдоднинг ўзи шахсни бутун қилиб бера олмас экан. Энди, инсофинг бўлса, ўзинг айт: томошага ўч бизлар эканмизми ёки йигирма йилдан бериги ҳамма томошани ютоқиб кўриб келаётган, адолатсизликларга қарши ғинг дейиш тугул, аксинча, зулм кучайгани сари золимнинг ҳар бир ҳаракати ва сўзини олқишлаб турган сен ўчмисан?!

Ана шунақа, болам, пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга ур. Биз сен назарда тутган маънодаги оломон эмасмиз, оддий одамлардан ташкил топган халқмиз.

Ақллиларимиз, кучлиларимиз, бошлиқларимиз бизни қаёққа еталаса, кетаверамиз. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам етовга муҳтожмиз.

Ҳозиргача шундай бўлиб келди, бундан кейин ҳам шунақа бўлади. Бизни тўғри йўлларга бошласин деб Оллоҳ ичимиздан сенга ўхшаганларни етиштиради.

Сен елкангдаги вазифани бажармай, аксинча, тескари томонларга еталаб кетаётган бўлсанг, бизда нима айб?! Иссиқ хоналарда, юмшоқ оромкурсиларда, халқдан ажралиб олиб, сени етиштирган ва бошига кўтарган халқни маломат қилиш, “Қаёқда эдинг?.. Нимага қалқон бўлмадинг?.. Одам эмассан, оломонсан сен!” деб ерга пийпалаш осон!..” …демайдими? Деса, ҳақ бўлмайдими?!

Албатта, халқнинг бу каби ҳақли маломатлари сизга ҳам, айрим мухлисларингизга ҳам оғир ботар, “Бунчалик эмас-да энди!” деб эътироз билдиришар.

“Ўзига эмас, сўзига қаранг! Абдулла Орипов сўзи (шеъри) билан тарихда қолади!” дейишар. Аммо қачондан бери ўлчовларимиз бузилди?! Қачондан бери ўзи бошқа-сўзи бошқалик ижобий баҳоланадиган бўлиб қолди?!

Сиз ва мухлисларингиз Алишер Навоийни ўзи бошқа эди, сўзи бошқа эди, дея оласизларми?! Ким Заҳириддин Муҳаммад Бобурни, Машрабни, Огаҳийни… ўзи бошқа, сўзи бошқа дея олади?! Бошда пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлароқ барча саҳобалар, улардан кейингилар, буюк олимлар, адиблар, барча улуғларимиз нимага бундай мартабага эришганлар? Албатта, сўзлари билан ўзлари бир бўлгани учун!

Акс ҳолда мусулмон халқимиз уларни бунчалик қадрламас эди. Чунки ижобийликнинг ўлчови битта ва у ўзгармайди ‒ киши сўзи билан ўзи бир бўлсин! Бундай юксак ҳолат жуда озчиликка насиб этса-да, халқ шундайларни излаб топади, шундайларга эргашади ва керак бўлса бошига кўтаради!

Ҳа, Абдулла ака, сиз улкан шоирсиз. Балки шахсингиз ҳам истеъдодингиз даражасида эканми-йўқлигини синаб кўриш учун Аллоҳ 37-йиллардагига ўхшаш жабр-зулмларни “мустақиллик” замонида қайтадан халқимиз бошига атай юборгандир.

Бир пайтлар ўйламай халққа қарата отган оғир маломат тошлари эвазига ўшандай кунларни бу бандам ҳам бир яшаб кўрсин-чи, ўзини қандай тутаркин, деб сизни бу жабр-зулмларга гувоҳ қилгандир.

Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни ҳикматсиз қилмайди. Ва сиз кўплар қатори бу имтиҳондан ўта олмадингиз – ўзингиз маломат қилган ўша “томошага ўч” оломоннинг биттасига айланиб қолдингиз! Сизни йигирма йилдан бери мамлакатда юз бераётган шунча салбий ишлардан хабарсиз эди, билмасди деб бўлмайди, албатта.

Икки ҳолатдан бири: ё ҳамма ишни кўриб-билиб туриб ўзингизни кўрмаган-билмаганга солиб яшаяпсиз, ёки виждонни кўрпача қатига яшириб, мастона томоша қилиб ўтирибсиз!

Афсусланарли тахминимизча, бу ерда иккала “ё” ҳам тўғри. Халқимиз олдингизга ва маънавиятимизнинг сиз каби дарғалари олдига масалани шу тарз кўндаланг қўйишга, юксак талаблар билан шунақа оғир сўзларни айтишга, сиздан ва маънавиятимизнинг сиз каби дарғаларидан бу саволларга қониқарли жавоб кутишга ҳақлидир.

Бир пайтлар халқ томон ирғитган маломат тошларингиз айланиб-ўгирилиб келиб бугун бу тарзда ўзингизга қайта бошлаган бўлса, энди уни истеъдодингиз ва шоирлик мартабангиз даражасида муносиб қаршилашга, кўксингизни мардларча тутиб беришга мажбурсиз!

Чунки, яна қайтараман, сиз катта шоирсиз! Ўрни келиб қолди, ўтган асрнинг бугунгидай талотўпли даврларида СССР ёзувчилари дарғаси Максим Горкий ўзини қандай тутганини бир қур эсласак.

Пролетар диктатураси қиличини яланғочлаб, тўғри билан эгрини, дўст билан душманни ажратмай ялпи қатағонга киришган паллалар. Максим Горкий бутун дунё ишчи-деҳқонлари доҳийси, “халқлар отаси” Иосиф Исталиннинг ҳам, Бош сиёсий бошқарма бўлими (ОГПУ) бошлиғи Ягоданинг ҳам содиқ дўсти, пролетарча ғоя қон-қонига сингиб кетган бир инсон ўлароқ, 30-йиллар бошларида “зараркунанда инженерлар”га қарши бошлатилган “Шахта иши” ва “Промпартия иши” номидаги ялпи қама-қамаларни жон-жон деб қўллаб-қувватлаган эди.

Ҳатто “промпартиячилар”га юмшоқроқ ҳукм чиққанидан норозиланиб Ягодага атай гина хати йўллаганини ҳам биламиз. Аммо шунга қарамай, ҳар ҳолда катта бир ёзувчи ва зиёли эмасми, айрим адибларни, ҳатто ўзи шахсан ёқтирмаган ижодкорларни ҳам диктатуранинг қаттиқ қаҳридан сақлаб қолган.

Иккита мисол келтираман. Мана унинг Исталинга ёзган бир хатидан парча: “Булгаков мне «не брат, не сват», защищат его я не имею ни малейшей охоты. Но – он талантливый литератор, а таких у нас – не очень много… В данном случае я за то, чтоб перевоспитать. Это – легко”.

(Яъни қамаманг, ўлдирманг, қайта тарбиялаган яхши, деяпти.)

Шунингдек, ўзи шаънига танқидий фикр билдирганларга давлат тазйиқ ўтказаётганини эшитиб, Италиянинг Соренто шаҳридан Исталинга ёзган хатида ашаддий танқидчиларини ҳам ҳимоя қилади: “Но «брань на вороту не виснет», мне она жить не мешает, а в работе – поощряет. Человек я, как Вы знаете, беспартийный, значит: все, что по моему адресу, – партию и руководящих членов ее не задевает. Пускай ругаются… Так что не наказывайте ругателей, Иосиф Виссарионович, очень прошу Вас”, дейди.

Ночорлик билан бўлса-да, қўлидан келганини қилганига эътибор беринг! Ҳолбуки, у қип-қизил пролетар ёзувчиси эди! Бу икки мисол сизга кичкинагина эскартишдир…

Узр, халқимиз ҳар замон улуғ-улуғ шоирларни туғиб-етиштириб бериб тургани билан ўзи тўпори, жайдари, содда бир халқдир. Ёппасига шоир бўлмаса-да, ёппасига оғзаки ижод билан шуғулланиб туради.

“Оломонга” шеърингизга ҳам оғзаки ўхшатма тўқибди. Ўзи сингари тўпори, жайдари, содда. Эркаклар қудуқлар бошида, аёллар бешиклар устида минғирлаб айтиб юрганмиш. Қофияси йўқ ҳисоби, туроғи тумтароқ, ичкию ташқи оҳанглари ҳам шунга яраша. Яъни бадиияти сизникидай даражага ета олмайди, албатта. Лекин ўқиб, нималарнидир англаса бўлади:

“Муҳаммад Солиҳ қувилганида қаёқда эдинг?
Мамадали Маҳмуд қамалганида қаёқда эдинг?

Зиндондан ўлиги чиқди, ачиндингми Эмин Усмонга?
Қалқон бўлолдингми диндорлар бошига келганда бало?

“Нималар бўляпти ўзи?!” деб сўрадингми ҳеч?
Ё ватан ва миллат тақдири сенга ҳечми, ҳеч?!

Андижон қонга ботди… ғинг демайсан? Айт, нечун томошага бунчалар ўчсан?

Ҳукмлар ўқилур фатвоинг ила, парвоинг йўқ!
Тарихлар битилур мадҳиянг каби, савдоинг йўқ!

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман ҳориб: Қачон одам бўласан, эй Абдулла Ориф?!

Ҳурмат ила

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

(«Бу кунлар» китобидан, 2016 йил)

Тағин ўқинг
27 октябр 2016
«Миллий тикланиш» газетаси (26.10) шу номдаги партиянинг парламентдаги фракцияси йиғилишида 2017 йилга мўлжалланган бюджетнома – давлат бюджети, давлат мақсадли ...
14 феврал 2017
Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва бошқа шаҳарларида, ўтган йили, таниқли қўшиқчилар ташкил қилиб келган “Севишганлар куни” номли концертлар тўхтатиб қўйилганди. ...
3 декабр 2020
Наманганнинг янги ҳокими Шавкат Абдураззақов МИБ ходимлари томонидан уйидан чиқарилишига норозилик сифатида ўзини ёқиб ҳалок бўлган Гуландом Дадабоеванинг онаси ...
16 ноябр 2020
Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди. Жорий қилинган бу ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...