Асосий мавзулар
17 декабр 2019

Аҳмоқ авлод режим таянчими?

Ўзбекистонда сайлов ўйинлари авж олиши фонида Халқ демократик партияси вакили Боймурод Юсупов мамлакатда 25 йил давомида амалиётда бўлган таълим тизими хато бўлганини билдирди.

Бу гапларни эшитиб, россиялик марҳум қизиқчи Михаил Задорновнинг гаплари эсга тушди.

“Мактаб дастури қанчалик аҳмоқона бўлса, ёш авлод наздида ҳукумат шунчалик донишманд кўринади”, деган эди у.

Задорнов ўз латифаларида Американикими бўладими, Россияникими бўладими, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаёти моҳияти устидан авра-астарани чиқариб кулар эди.

Яқинда “Қувноқлар ва зукколар”нинг навбатдаги сонини кўрдим. Очиғи, менга ёққан жойлари кўп бўлди.

Қашқадарёлик талабалар саҳнада резина этик кийиб чиқди. Қашқадарёга янги ҳоким тайинланганига ишора эди бу.

Эсингизда бўлса, бош вазир ўринбосари бўлган даврида Қашқадарёнинг янги ҳокими кимларнидир ариққа тушириб қўйгани учун лавозимидан ажралган эди.

“Қувноқлар ва зукколар”даги бошқа бир гуруҳнинг ҳазили ҳам бундан кам бўлмади. Ўтган сафар мусобақанинг қайсидир босқичига чиққани учун 2 миллион сўм мукофот олишган экан.

Кейинги сафар 2,5 миллион сўм олсам, 5 та бола-чақам билан маза қилиб яшайман, деганга ўхшаш ҳазили билан кўнглимиздан жой олди.

Бу ҳазил 5 нафар бола билан Тошкентда оромижон ҳаёт кечирадиган оила ҳақида лоф урган партия раҳбарининг жиддий баёнотига латифанамо ишора эди.

Ҳавасимиз келди. Шунча вақтгача Задорнов айтган латифадаги авлодда шунча ўзгариш юз бераётганига. Демак, авлод ўзгаряпти…

Аммо тўлиқ эмас. Авлоднинг аксарияти ҳали ҳам ўша Задорнов айтган мақомда. Биз ўтган давр мобайнида ўзимизнинг аҳмоқона таълим тизимимиз воситада фақат авторитар тузум манфаатини қўллаб-қувватлайдиган авлод яратдик.

Улар бугун ҳам ўз башараларини яшираётгани йўқ. Улар ҳозир ҳам орамизда ва жуда фаол.

Бу авлоднинг баъзи вакиллари бугун ижтимоий тармоқлар ва сайтларда троллик қилиш ортидан кун кечирмоқда.

Бошқалари эса ҳали ҳам “юртбоши”, “президентимиз раҳнамолигида”, “долларга сотилган хоинлар”, “ватанфурушлар”, “юртимизни кўра олмайдиганлар”, “бу ўлкада туғилганимдан фахрланаман”, “мусаффо осмонимиз”, “улкан ислоҳотлар”, “кейинги икки-уч йилда эришилган ютуқлар” каби истилоҳлар соясида каръера қуриш ҳаракатида юрибди.

Ўзи сўнгги вақтларда фақат тарихимизни ёмонлаш билан кун ўтказдик.

Каримов замонида совет даври устидан сочмаган кулимиз қолмади. Мирзиёев даврида эса Каримовга тил теккизмаган ҳолда унинг даврига кул сочиш авж оляпти.

Назаримизда, бу Каримов даврида етишган авлоднинг Мирзиёев замонига мослашувидир. Аслида биз сўнгги йилларда ҳамма замонларга, тўғрироғи, ҳар қандай ҳукмрон шахсларга мослашувчан авлодни вояга етказдик.

Бу авлод Задонов айтган авлод, бу авлод Боймурод Юсупов айтганидек, 25 йиллик нотўғри таълим тизими тарбиялаган авлод.

Авторитар тузум ўзини ўзи ҳимоя қилиш, ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш учун яратган авлод.

Ундан олдинги тарихимиз хусусида тўхталмадик. Халқимиз яқин ўтмишдан эмас, азалдан шундай бўлиб келган, деган тушунчалардан қочдик.

Катта бир халқнинг, бир вақтлар дунёни титратган, ёвга ҳам, ўзига зулм ўтказган ҳукмдорга ҳам тик қараб, ҳақини талаб қила олган халқнинг хотирасини ҳақоратлашдан тийилдик.

Аммо бугунимизнигина эмас, балки ҳақ учун ҳар нарсадан тоймайдиган халқнинг келажагини ўйлаб бир масалани ўртага ташлаш ўринли бўлади.

Қачон биз ҳукмрон доиралар эмас, балки халқ манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган авлод етиштирамиз?!…

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 феврал 2020
Сурхондарёлик Абдуғани Эрдонов 62 ёшда. У шундан 7 йилини қамоқда ўтказмоқда. Тадбиркор ва беш фарзанднинг отаси Эрдонов Тожикистон фойдасига жосуслик ...
20 апрел 2017
Таниқли журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Хурмат Бобожоновларнинг Урганч туманида яшовчи онаси Шукуржон Мадраҳимованинг айтишича, у 18 апрел куни ўз ...
5 апрел 2023
Бугун эсламоқчи бўлганимиз – улуғ француз ёзувчиси Антуан де Сент Экзюперининг «Кичик шаҳзода»си. 1943 йилнинг 5 апрелида Америкада илк ...
23 сентябр 2019
Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси аъзоси, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб адолат истаб 22 сентябрь куни Хоразмдан Тошкентга қараб йўлга ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...