Клептократларни тўхтатинг: Европа Иттифоқи энди ўғирланган активлар учун хазиначи бўлмаслиги керак
Ўзбекистонлик клептократлар томонидан ўмарилган ва чет элга олиб чиқиб кетилган миллиардлаб доллар маблағни мамлакатга қайтариш масаласи тобора долзарблашиб бормоқда.
Чунки шу кунгача дунёнинг бир қанча мамлакатларида ўзбек халқидан ўғирланган юзлаб миллион доллар борлиги аниқланган. Аслида хорижда ҳали аниқланишини кутиб ётган яна миллиардлаб доллар бўлиши эҳтимоли жуда ҳам юқори.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Швейцария ҳукумати Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага қарши қўзғатилган жиноят иши доирасида мусодара қилинган 131 миллион долларлик активларни ватанига қайтариш тўғрисида эълон қилганди.
Бу 2012 йилдан бери Швейцария ҳукумати томонидан музлатилган жами активларнинг тахминан 15 фоизини ташкил этади.
Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига кўра, бу маблағларни қайтаришда шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосий шарт бўлиши керак.
Гулнора Каримованинг ноқонуний операцияларидан тушган маблағлар банкларда, оффшор компанияларда, ҳашаматли кўчмас мулк ва товарларда бутун дунё бўйлаб, шу жумладан, Европа Иттифоқининг камида 9 та мамлакатида сақлангани айтилади.
27 аъзо давлатдан иборат Европа Иттифоқида мусодара этилган активларни қайтариш бўйича қонунчилик ўзаро уйғун эмас. Гарчи бу борада ЕИ бўйича амал қилиниши шарт бўлган турли ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, ишлар жадал олға силжимаяпти.
Аслида Европа ўғирланган активларга тўлиб-тошган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам аниқланаётгани ёки мусодара этилаётгани йўқ.
Масалан, маълумотларга кўра, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, ноқонуний активларнинг фақат бир қисми мусодара қилинади (1,1%) ва ундан ҳам камроқ қисми жабрланганларга товон пули тўлаш ёки ушбу жиноий ҳаракатлар натижасида зарар кўрган одамларга ёрдам бериш учун қайтарилади.
Ушбу активларнинг тизимли равишда қайтарилмаётганига биринчи сабаб уларнинг яна ўша клептократик ҳукумат одамлари чўнтагига тушиб қолишидан қўрқув бўлиши мумкин.
Яна бир сабаб шуки, аксарият ҳолларда мусодара қилинган пуллар уни мусодара қилган мамлакат миллий бюджетига сингиб кетади. Ёки ёрдам жамғармасига қўшилиб, кўмак тарзида ўша маблағ ўғирланган давлатга қайтарилиши ҳам мумкин.
Бу ҳолат Европа Иттифоқини ҳам қониқтирмайди. Жумладан, 2020 йил июнь ойида чоп этилган ҳисоботда Еврокомиссия “активларни тиклашда қўшимча тараққиёт учун жой бор”лигини тан олди.
Шу билан бирга, “мол-мулкни тасарруф этиш бўйича қоидалар, шу жумладан, мусодара қилинган активларни ижтимоий қайта ишлатиш ва жиноят қурбонлари учун товон пули тўлаш қоидаларини белгилашни” жорий этиш ниятини эълон қилди.
Аммо бу қонунчилик ташаббуси Европа Иттифоқининг барча аъзолари томонидан маъқулланиши керак. Демакки, ҳали бу жараён жуда узоқ чўзилади.
ЕИнинг айрим мамлакатлари, масалан, Францияда трансмиллий коррупцияга қарши курашиш бўйича яхшигина тажриба тўпланган. Сўнгги йилларда француз суди Франциядан ўзларининг нопок пуллари учун манзил сифатида фойдаланган порахўр хорижий раҳбарлар борасида тарихий ҳукмлар чиқарди.
Масалан, Францияда ноқонуний давлат маблағларини ювишда айбланган Экваториал Гвинея вице-президенти Теодоро Нгема Обианг Мангуга тегишли 150 миллион евролик барча активлар мусодара қилинди.
Яқинда эса Франция суди худди шундай айбловлар билан Сурия раҳбари Башар Асаднинг амакиси Рифат Асадни қарийб 90 миллион евролик барча кўчмас мулк активларидан мосуво қилганди.
Бу қисмат “ўзимиз”нинг Гулнора Каримовани ҳам четлаб ўтмаган. 2019 йил июнь ойида Франция суди унинг миллионлаб доллар қийматдаги кўчмас мулкларини мусодара этганди.
Афсуски, Франция мусодара қилинган активларни сотишдан тушган маблағни шаффофлик ва ҳисобдорлик кафолатисиз 2020 йил май ойида тўғридан-тўғри Ўзбекистонга қайтариб берди.
Бунинг асосий сабаби Франциянинг амалдаги қонунчилигида мусодара қилинган активларни ўғирланган мамлакатга қайтариш ва уларни ижтимоий мақсадларда қайта ишлатишни осонлаштириш механизми мавжуд эмаслигидадир.
Гарчи бу ҳолат ўмарилган активларни ҳисобдорлик ва шаффофлик тамойили асосида қайтариш жараёнида мутлақо умидсизлик келтириб чиқарган бўлса-да, Франция бу масалани қонунчилик орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдириб, Европада мазкур йўналишда улкан ислоҳотларга йўл очмоқда.Гулнора Каримова мисолида Франция чиқарган қарор Европа Иттифоқи даражасидаги уйғунлашган сиёсатга тизимли ёндашув асосида ўтиш заруратини кўрсатмоқда.
Европа Иттифоқи активларни қайтаришнинг бутун тузилма ҳудудида амал қиладиган тизимини қабул қилиши, ушбу тизим шаффофлик, ҳисобдорлик ва ҳалоллик тамойилларига асосланиб, мустақил фуқаролик жамиятининг самарали иштирокини таъминлаши керак.
Айни шу мақсадда “Transparency International EU” ва “Transparency International France” ташкилотлари фуқаролик жамиятининг яна олти ташкилоти билан ҳамкорликда активларни масъулият билан қайтаришнинг 10 та тамойилини ишлаб чиқди.
Ушбу тамойиллар активларни музлатиш, мусодара қилиш ва қайтариб олиш бошидан охиригача шаффоф ва ҳисобдорлик асосида бўлишини, мустақил фуқаролик жамияти ташкилотларининг бу жараёнда иштирок этиши таъминланишини кўзда тутади.
Шунингдек, ўғирланган мол-мулк қайтариб берилгач, ҳар қандай ҳолатда улардан ўғирлаган шахс бевосита ёки билвосита фойда олишига йўл қўймаслик зарурати ҳам белгиланган.
Ишлаб чиқилган тамойиллар қайтарилган активлар устидан назоратни таъминлаш учун коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлиги ва ҳисобдорлик механизмлари мавжуд бўлиши, жабрланувчилар порахўрлик ва пул ювиш каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар пайтида судга мурожаат қилиш ва бундай ишларда иштирок этиш имкониятларига эга бўлиши кераклигини ҳам назарда тутади.
Тамойилларда белгиланган энг муҳим шартлардан бири қайтарилган активлар улар ўғирланган мамлакат аҳолиси манфаатлари учун ишлатилиши кераклигидир.
Европа қонунчилигидаги бу каби ўзгаришлар Ўзбекистон учун жуда муҳим. Зеро, эрта бир кун мамлакатдан ўғирланиб, Европага олиб чиқиб кетилган маблағларнинг изи топилади ҳамда уларни қайтариш ва ўзбек халқи манфаатлари йўлида ишлатиш масаласи барибир кун тартибига чиқаверади.
Eltuz.com