• Фото: Eltuz.com
Асосий мавзулар
12 январ 2021

Қиш чилласида бекатда яшаётган 60 яшар қария нималарни орзу қилмоқда?

Андижон шаҳридаги автобус бекатларидан бирида тўшакка ўраниб, устидан целлофан ёпиб ўтирган бир кишига дуч келдим. Ўша куни ҳаво одатдагидан совуқ, қор учқунлаб турарди.

Ёши тахминан 60-65 лар атрофида бўлган эркак совуқда қунишиб қолган, гоҳи-гоҳида қўлларини чиқариб, қизариб кетган бурнини тўшак четига артиб қўяди.

Тиланчилар одатда аҳоли гавжум жойлар, асосан, бозорлар яқинида ўтиришади. Бу бекат эса шаҳарнинг унча гавжум бўлмаган қисмида жойлашган (Амир Темур шоҳкўчаси). Ҳар замон бекат ёнидан ўтиб қоладиган бир-иккита йўловчини айтмаса, бу ерларда одам унча кўп бўлмайди.

Ҳар йилгидан ҳам совуқ келган жорий қиш чилласида бу одам бекатда нима қилиб ўтирибди? Салом бериб, амакини суҳбатга тортган бўлдим.

– Бу ерга келганимга 3 кун бўлди. Борадиган жойим йўқ. Квартирага кирай десангиз, пул керак. Битта яхши одам тўшак олиб чиқиб берди. Мана, шу ернинг ўзида тунаяпман, – деб бекатдаги ўриндиқни кўрсатди у.

Ўзини Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғидан деб таништирган А.Т. суҳбатдан бош тортмади. Аммо исм-фамилиясини интернетда ошкор этишимизни истамади.

“2015 йилда Тошкентда ишлаб юрганимда хотиним уйимни сотиб кетиб юборди. Шу-шу уйсизман, – деб ҳикоясини бошлади А.Т. – Довонда қўй боқдим. Янгибозорда арава тортдим. Совуқ тушиб, оёғим ярамай қолди. Яхши юролмай қолдим.

Биз оилада тўрт ўғил эдик. Икки акам дунёдан ўтиб кетишган. Бир акам қолган. Лекин, очиғи, муносабатларимиз яхши эмас. Қариндошларингиз бўлгани билан ҳаммасигаям керак бўлмас экансиз-да. Барчанинг ўзига яраша ғам-ташвиши бор. Қишнинг куни бўлса. Бировга битта хонани иситиб бериш осонмас ҳозир.

Ҳар куни кечқурун ППХ, Миллий гвардия болалари келиб хабар олиб туришибди. “Йигитлар, бир жойга олиб бориб жойлаштиролмайсизлар мени, бунга имкониятингиз йўқ. Борадиган жойим бўлмаса, нима қилай?” десам, “Эҳтиёт бўлинг-да”, деб кетишади. Егани у-бу нарса олиб келишади.

Нима қилайлик, ҳаёт шунақа экан-да. Уйсиз битта мен эмасман. Кўпчиликни кўраман. Қариялар уйига жойлашмоқчи бўлиб, суриштирдим. У ерга жойлашиш учун пенсияга чиққан бўлишингиз керак экан. Пенсия олсангиз, кейин навбатга ёзилишингиз мумкин экан. Давлатимиз битта ётоқхона қилиб, мендақа уйсизларни жойлаштирганда эди…”

Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида бугунги кунда 90 киши яшайди. Шундан 40 нафари ногиронлиги бўлган шахс.

Уларнинг ҳаммаси ҳам якка-ёлғиз эмас. Фарзандлари, рисоладагидек оиласи бўла туриб, шу даргоҳда умр кечираётган отахон ва онахонлар ҳам бор. Бироқ қиш чилласида кўчада яшаб юрган А.Т. қариялар уйига жойлаша олмайди. Чунки унинг пенсияси ҳам, навбати ҳам йўқ.

– Биргина орзуим шу – пенсияга чиқиб олиш. Аммо қандай қилиб ҳужжат тайёрлайман, ақлим етмай турибди, пул йўқ. Пенсия олсам, ижарага квартира олардим. Нонга пулни топволаман, Худо хоҳласа. Оёғим тузалиб қолса, арава судрарман балки, – дейди А.Т.

Ярим соат-бир соат ичида қўл-оёқларим совуқ еди. Бошимдан ўтгач, бу одамга кўчада 3 кунни ўтказиш осон бўлмаганини тушундим. Кетаётганимда А.Т. ортиқча ёпинчиқ (эски тўшакми-кўрпами) бўлса, ёрдам қилишимни сўради…

Кеча бекатга ёпинчиқ олиб бориб, амакини учратмадим. Унинг ётоғи – ўриндиқ бўм-бўш, остида ширинлик қолдиқлари, сув баклашкалари турибди, холос. Ундан-бундан суриштириб, бу одам 3 кундан бери эмас, анчадан бери бекатларда ётиб юрганини эшитдим. Қайси бир бекат ё кўп қаватли уй подъездида яшаётган бўлса, билмадим. Аммо унинг тақдири мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддаман.

Қулоғим остида эса орзулари ҳақида айтганлари жаранглаяпти: 

– Қанийди оилам бўлса, мен ҳам иссиққина уйда чой ичи-и-и-б ўтирсам. Ушалмайдиган орзулардан бири бўлса керак бу. Ҳозир биргина орзуим – пенсия олиш. Шунда ижарага квартира оламан. Иссиқми-совуқми, осонми-қийинми, ўз ҳаётимни ўзим кўраман.

«Элтуз»нинг Андижондаги мухбиридан

Тағин ўқинг
8 сентябр 2022
Элтуз «600 секунд»нинг 8 сентябрь 12-сонини тақдим этади. +++ Фарғона вилояти судида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров ва ...
25 январ 2018
МХХ фаолияти устидан парламент назорати ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан қабул қилинган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ...
18 феврал 2022
Мана февралниям белини синдирдик. Яна 15 кун чидаб берсак баҳор келади. Балки кўклам келса президентга мақтов ëзадиган маддохлар баҳор ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...