Асосий мавзулар
30 март 2022

Аксилкоррупциядаги коррупцияга йўл очишми?

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида тузилганига бир йилдан сал кўпроқ вақт бўлган Жамоатчилик кенгаши ими-жимида тугатиб юборилгани ҳатто унинг баъзи аъзоларида ҳам турли норозилик кайфиятини уйғотди.

2021 йил 15 январда тузилган ушбу кенгашга Ички ишлар вазирлиги академияси кафедра мудири Аҳтам Турсунов раислик қилаётганди. Тузилма фаолияти шу кунгача ҳам турли саволлар туғдириб келаётган эди.

Жумладан, таниқли блогерлар Никита Макаренко, Отабек Бакиров ва Зафарбек Солижонов кенгаш аъзолигидан чиқиб кетганига анча бўлган.

Унинг яна бир аъзоси, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мутахассис Қодир Қулиев эса тузилма тарқатиб юборилишидан бир неча кун аввал маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Жамоатчилик кенгаши фаолиятини танқидий баҳолаганди.

“Жамоатчилик кенгаши раиси монопол кучга эга бўляпти. Масалан, яқинда кенгаш раиси ўринбосари лавозимига икки номзод тавсия қилинди. Билмайман, бу номзодлар қаердан танланди. Мен кенгаш фаолиятида эркин фикрлашга тўсқинлик пайдо бўлди, деб ўйлайман.

Яқинда мен ОАВлар олдида агентлик директорига савол бермоқчи эдим, менга савол бердирмади. Менинг танқидий фикр билдириш, ўткир саволлар беришимга тўсиқ қўйишди”, деган эди Қулиев мазкур интервьюсида.

Энди эса манбалар Жамоатчилик кенгашининг тарқатиб юборилишига унинг “фаол ишламаётгани” асос сифатида келтирилганини билдирмоқда.

Мазкур кенгаш аъзоси, блогер Фотима Жўраева ўзининг фейсбукдаги саҳифасида бу воқеа хусусида: “Бугунги кунда муаммони ўрганиб, бартараф этишдан кўра, уни осонгина назардан йўқотишга уриниш энг креатив йўл бўлиб қолдими баъзиларга?!” дея истеҳзоли изоҳ ёзди.

Маълум бўлишича, кенгашнинг 24 март куни ўтказилган навбатдаги йиғилиши кун тартибида уни тугатиш ҳақида масала бўлмаган. Унда 2022 йилги иш режасини тасдиқлаш ва 2021 йилги фаолият ҳисоботи тингланиши кўзда тутилган.

Аммо ҳисобот чала-чулпа тингланганидан сўнг сўзга чиққан аъзолардан бири жамоатчилик кенгашини тарқатиб юбориб, бошқа кенгаш тузиш таклифини бергани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлган.

“Ўзи шундоқ ҳам бир неча мажлислардан буён баъзи аъзоларнинг қонуний сўровларига тўлақонли жавоб бера олмаётган кенгаш раисига бу таклиф негадир жуда маъқул келиб, кун тартибида умуман йўқ масалани овозга қўйиб юборди.

Йиғилган 22 нафар аъзодан 15 таси (кейин 4 таси ўз фикридан қайтди) рози бўлди, 7 киши норози бўлиб, қолган 6 нафарининг фикри тингланмай ҳам жамоатчилик кенгаши тугатилди, деб эълон қилинди”, дейди Фотима Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, Жамоатчилик кенгаши раиси бошқа йиғилишларда кун тартибида бўлмаган муҳим масалалар кўтарилиб, бирор таклиф билдирилса, овозга қўйиш тугул “кун тартибида йўқ”, дея ҳатто гапиртирмас ҳам эди.

“Эндигина жамоатчилик назорати сифатида шаклланиб, тегишли сўровларни олишга уринаётган, ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришга киришаётган аъзоларни йўқ қилиш кимга керак бўлиб қолди экан,” дея савол қўяди блогер.

У ўз фикрларини давом эттирар экан, бундан сал аввалроқ агентликдан Жамоатчилик кенгаши фаолиятига қилинган сарф-харажатлар ҳисоботини тақдим этиш сўралгани, кенгаш йиғилишларининг онлайн трансляцияси борасидаги таклиф пайсалга солиб келинганини қўшимча қилган.

Фотима Жўраева ҳали Жамоатчилик кенгашини тугатиш тўғрисидаги йиғилиш баённомаси расмий кучга кирмасидан туриб кенгаш аъзолари ўзаро мулоқот қиладиган телеграм гуруҳи тармоқдан ўчириб ташланганини маълум қилди.

“Каналдаги ёзишмалар тарихини йўқотишга жуда шошилишган кўринади! Гуруҳнинг ўчириб юборилиши аъзолар овозини бўғиш, шаффофлик, ошкораликка тўсиқ қўйиш, аъзолар ҳуқуқларини поймол қилишдир”, дейди Жўраева.

У “Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўзида муросасиз кураш, шаффофлик ва холислик бўлмаса, бошқа ташкилотларда коррупцияга курашиш тўғрисида қандай гапириш мумкин?!” дея риторик савол билан якунлайди фейсбукдаги изоҳларини.

Тағин ўқинг
2 октябр 2015
Радио манбасига кўра илгари фоҳишалик қилгани боис жаримага тортилган аëлларни йиғиб, далага олиб кетишган. “Балкондан қараб турдим. Ҳаммасини бир ...
5 апрел 2019
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми (UGF)нинг «Улар аввал пахтага чиқмаслигимизни айтишди, кейин эса далага жўнатишди» номли янги ҳисоботида қайд ...
26 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Тошкент, Андижон, Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
3 декабр 2019
Рассом КирпиEltuz.com
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...