Асосий мавзулар
20 июн 2022

Қиз боланинг ўқиши шарт эмасми ёхуд балоғат остонасида орзулари завол топаётганлар

Фарзандим бу йил мактабни битиряпти. Орзулари бир олам. Чел элда ўқишни, дунё кезишни орзу қилади. Ҳозир репетиторда тайёрланяпти. Ахир  ҳадемай институтларга қабул бошланади.

Уларнинг синфида ўғил болалардан кўра қизлар кўпроқ. 32 ўқувчидан 19 нафари қиз бола бўлиб, ўқишга иштиёқи баланд, иқтидорлилари кўп эди. Бир-бири билан кимўзар, рақобат муҳитида ўқишган. Аммо шунча қиздан атиги 2 нафари ўқишга топширишини эшитиб, ҳайрон бўлдим. “Қолганлар-чи?” деб берган саволимга ўғлим елка қисди…

Ўғлим ўқийдиган мактаб Андижоннинг Эски шаҳар қисмида жойлашган. Ҳар қаердан кўчиб келган, замонавий ёш оилалардан фарқли ўлароқ, бу ерда туб маҳаллий аҳоли кўпроқ. Ҳудуддаги оилаларнинг аксариятида қиз болани ўқитишмайди.

Қизлари мактабни битираётган оналарнинг “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида кўришганимизда айтган гаплари:

Оминахон, уй бекаси, 48 ёш:

“Ўқитганим билан менга нима фойдаси бор, барибир эрга бервораман-ку. Ўқиб, олим бўлармиди?! Мактабидан қутулиб олсин, узатамиз. Ҳамма сеп-сидирғасини тайёр қилиб қўйганман. Кейин ўқитадими-ишлатадими, тушган оиласи ҳал қилсин”.         

Фароғат, уй бекаси, 52 ёш:

“Аёл кишининг ўрни уйда, эри, болаларининг олдида. Кўчада юриб, ҳар хил ишларни кўради, ўзгаради. Қиз бола вояга етдими, эгасига топшириш керак. “Тенги чиқса – текинга бер”, деган гап бор. Дадасиям, акалариям рухсат бермайди ўқишга”.                   

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашдаги олға силжишларга қарамай, қизларнинг ўқишини ёқламайдиган, “қиз боланинг ўрни фақат уйда, ошхонада” деб биладиган оилалар кўп.

Бунинг қатор сабаблари бор. Улар сирасига ижтимоий, маданий ва диний омиллар – қиз бола шаънини авайлаш, замондан қўрқиш, ҳеч кимга ишонмаслик, таълим харажатларини қоплай олмаслик, билим олишга имконият йўқлиги, узатилган хонадонида қизига ишлашга рухсат берилмаслиги эҳтимоли, эрта никоҳ ва бошқалар киради.

“Уйдагилар билан гаплашинг, мен ҳам ўқишга кирай!”

Ҳар йили ўрта мактабларни юзлаб иқтидорли, орзулари бир олам ўқувчи қизлар битиради. Аммо уларнинг ўндан биригина ўқишга киришга ҳаракат қилади, холос. Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак: аксарият қизларнинг олий таълим ҳақидаги орзулари армонлигича қолиб кетади.

“Шеърият – жону дилим. Шеърий китоблар мутолаа қилишни яхши кўраман. Ўзим ҳам шеър машқ қилиб тураман. Ҳеч бўлмаса, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмоқчи эдим. Дадам рухсат бермадилар.

Ўқишга кираётган тенгдошларимга жуда ҳавасим келяпти. Опа, уйдагилар билан гаплашинг, ҳамма айтганларини қиламан, менинг ҳам ўқишимга рухсат беришсин”, дейди бу йил мактабни битираётган 17 ёшли Мухлиса.

Шеър ёза олиш бахти ҳар кимга ҳам берилмаган. Бу – Аллоҳ томонидан инъом этилган иқтидор. Айримлар заррача иқтидори йўқ фарзандига бор имкониятларни яратиб бериб, уни қўллаб-қувватлайдилар.

Ўқишга кириб олиши учун керак бўлса, миллионлаб пул сарфлайдилар. Аммо ўз ҳаракатим билан ўқишга кираман, деб турган ёш ўсмирнинг руҳини синдириш бориб турган зўравонликдир.

Ота-она бўлиш боланинг устидан тўлиқ ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини бермайди. Лекин айрим ўзбек оилаларида бу иллат шарқона тарбия, миллий менталитет ниқоби билан ўралади. Фарзанд, айниқса, қиз бола бўлса, унга ҳамма нарсада тақиқ қўйилади.

Қиз бола ўқиш, истаган касбу ҳунарини танлаш, истаган жойига саёҳат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Кўп ҳолларда эса ҳатто ўзи танлаган инсон билан турмуш қуришга, севишга ҳам. Қонун тақиқламаган нарсаларни оила тақиқлайди. Қиз бола ота, ака томонидан доимий назоратда ушланади.

Диний эркинлик – хотин-қизларни барча ҳуқуқлардан маҳрум қилиш дегани эмас

Ўқитувчи Шоҳиста Юсупованинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда тобора кенгайиб бораётган диний эркинликни суиистеъмол қилаётган оилалар кўпайиб бормоқда.

“Айрим оилалар юқори синфга ўтган қизларини мактабга юбормай қўядилар. 30 ўқувчи ўқийдиган синфда бор-йўғи 5-6 бола ўтиради. Давоматни тиклаш учун уйма-уй юрамиз, ота-оналарга ялинамиз. Гўёки фарзанди биз учун ўқиб берадигандек.

Онани-ку кўндириш мумкиндир, аммо отасини кўндириш мушкул. Вояга етиб, кўзга кўриниб қолган қизини номаҳрам эркаклар билан бир синфда, яъни битта хонада ўқишини хоҳламасмиш. Мажбурий таълим бўлгани учунгина ойда-йилда бир мактабга жўнатадилар.

Қизларини ҳатто жисмоний тарбия дарсига қатнаштирмайдиган оталарни кўриб ҳайрон бўламан. Аммо диний эркинлик берилгани хотин-қизларни барча ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, дегани эмас”, дейди ўқитувчи.                                                                                         

“Бўлиши мумкин эмас, ҳозир 21-аср-ку, бундай оилалар йўқ, бўлса ҳам жуда кам”, дейдиганлар ҳам топилади. Тўғри, бундайлар 35 миллионли аҳолига нисбатан жуда камдир балки. Бироқ томчи йиғилиб, дарёга айланганидек, бу ҳолатлар аста-секин кўпайиб бораётгани ташвишли ҳол.

Шу тахлит қизлар тушунчаси тор, фақат диний билимлар билангина чекланиб қолган ота-оналари истагининг қурбонига айланадилар. Ўқиш, келажагини йўлга қўйиш ўрнига эрта узатилиб кетадилар.

Касб танлаш борасида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Жуда кам ҳолларда қизлар ўз орзуларидаги касбни эгаллайдилар. Шунда ҳам бу оила ўта замонавий, ўқимишли бўлса. Шунинг учун ўзбек қизлари орасида элчи, стюардесса, милиционер, учувчи аёллар жуда кам.

“Қизимни узатсам, эри ўзи боқиб олади!”

Кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги ролини кучайтириш, оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўпайган.

Айниқса, хотин-қизлар таълимига эътибор ўсгани сезилади. Ҳозирги вақтда талабаларнинг қарийб 47 фоиздан ортиғини айнан улар ташкил этади.

Бироқ уйдаги зўравонлик, оиладаги тенгсизлик масалалари ҳамон долзарблигича қолмоқда. Аёлларнинг оиладаги ўрнини, келинларнинг ҳуқуқини, қизларнинг баҳосини оширишда муаммолар талай.

Зўравон эрлар, молпараст қайноналару жабрдийда келинлар ҳақидаги материаллар ҳамон медиаоламни безамоқда.

Ота-оналар одатда қизлари ўрнига ўғилларининг таълим олишига кўпроқ аҳамият беради. “Қизимни узатсам, эри ўзи боқиб олади!” деган қараш бор кўпчиликда.

“Ўғлингни ўқитиб – эркакни тарбиялайсан, қизингни ўқитиб – миллатни”

Мактабда аъло баҳоларга ўқиган, ақлли, тиришқоқ дугонам бўларди. Ота-онаси унинг ўқишга киришига рози бўлишмаган. Мактабни битириб, энг биринчи турмушга чиққан дугонам ҳам шу қиз бўлади.

Турмуши давомида уч ўғил кўрди. Топармон-тутармон эри автоҳалокатга учраб, вафот этди. Ёш жувон вояга етмаган уч норасида ва кекса қайнона билан қолаверди. Ҳунари, ҳеч қандай касб-кори йўқ. Роса қийналди, мактабга фаррош бўлиб ишга кирди.

Мен қизларини ё ўқитмай, ё ишлатмай, ёш турмушга узатиб юбораётган ота-оналарга дуч келсам, ҳар сафар шу дугонам тақдири ҳақида гапириб бераман. Ахир эртага нима бўлишини, тақдир бошимизга қандай кунлар солишини билмаймиз-ку!..

“Ўзбекистонда аёл кишининг илм билан шуғулланиши учун тўсиқлар оилада кўпроқ, деб ўйлайман, – дейди биология фанлари доктори Хуршида Убайдуллаева. – Ўғлим мени боқади, қиз бола эса бировнинг хасми, бошқа оилага кетади, деб ўйлайдиганлар кам эмас.

Тўғри, фарзандни уйли-жойли қилиш ҳам фарз, ҳам қарз. Лекин фарзандларни – қиз болами, ўғил болами – ўқитиш тарафдориман. Бу қиз болани ўз келажаги учун ҳам, фарзанд тарбияси учун ҳам ўқитиш керак.

Фарзанд тарбиясида ўқиган ва ўқимаган аёлнинг фарқи барибир сезилади. Майли, қиз болани турмушга узатгандан кейин шароити ишлашни тақозо этмас. Лекин ўқимишли қиз фарзанд тарбиясини бошқачароқ олиб боради. Жамият учун керакли кадрларни ҳам шу қизлар дунёга келтириб, тарбиялайди”.

Донишмандларнинг бир гапи бор: “Ўғлингни ўқитиб – эркакни тарбиялайсан, қизингни ўқитиб – бутун миллатни”. Биз қизларимизни ўқитиб, бутун бир жамиятни тарбияловчи, бўлажак оналарни ўқитамиз. Маънавиятли, ўқимишли аёлнинг фарзанди эса, албатта, комил инсон бўлиб етишади.

Бахт нима ўзи?

Кейинги 2 йил давомида ўқув марказида ёшларга журналистикадан сабоқ бериб келаман. Таниқли журналист бўлиб дунё кезишни ният қилган ёшларнинг деярли 70 фоизини қизлар ташкил этади.

Ўқув курсини битиргач, уларнинг келгуси тақдири нима бўлди, ўқишни давом эттириш учун институтга ташладими ёки бирор жойда ишлаяптими, деб қизиқиб бораман. Аммо ўқув курсини битирган кўплаб ўқувчи қизларимнинг орзулари, юқорида айтганимдек, балоғат остонасида завол топади.

Пахтаободлик Муҳаррамой, Андижон шаҳридан Рухшона, избосканлик Фотима, марҳаматлик Моҳичеҳра, олтинкўллик Гулбора… Бу қизлар ана шундай иқтидорли, “ўқийман” деган қизлар эди.

Уларга журналистикада устозларимдан ўрганган бор билимларимни ўргатдим, амалиётга бирга олиб юрдим. Репортаж тайёрлаш, журналист этикаси, халқаро стандартлар бўйича дарс бердим.

Афсусланарлиси, уларнинг бирортаси ҳам журналистика йўналишини танлай олмади. Бунга миллий менталитет, оилавий шароит, ота-оналарнинг қаршилиги йўл қўймади.

Яқинда ёшлар ўртасида “Сизнингча бахт нима?” деган сўровнома ўтказдим. “Мақсадлар сари интилишинг – бахт!”, “Бахт – бу севган касбингни эгаллаб, мутахассислигинг бўйича инсонларга хизмат қилишинг!”, “Соғлиқ, бойлик, тинчлик-хотиржамлик – мен учун бахт!”, “Инсониятга, жамиятга керакли шахс бўлиш – энг катта бахт!” деган таърифлардан бошим кўкка етди.

Афсуски, айрим ёшлар бахтни фақат турмушга чиқиб, ували-жували бўлиш, хуллас, фақат оила қуриш билан боғлашди. Уларнинг танловини ҳурмат қиламан, қайсидир маънода бу тўғри ҳам. Чунки оиласиз бахт – тўкис эмас.

Лекин аксарият қизларнинг ўқиш, ўз келажагини қуриш ҳақидаги ўйлаш ўрнига эртага бировнинг оиласига текин хизматкор бўлиб кетиш эҳтимолини орзу қилишлари ачинарли. Чунки ўзбек оилаларида келинни хизматга олишлари, ҳамма юмушни келин бажаришига одати ҳол сифатида қаралади.

Мен эса қизларнинг ҳам юксак чўққиларни забт этишлари, илмли, маънавиятли инсон бўлиб етишишлари тарафдориман. Комил инсон эса, албатта, ўз тенгини топиб, у билан бахт қура олади.

Муаззам Собиржон қизи

Тағин ўқинг
1 сентябр 2021
“Элтуз” таҳририяти фейсбук мессенжери орқали ваҳимали, айни пайтда хавотирли бир мурожаат олди. У ўзини “ИИВнинг халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминловчи ...
12 январ 2017
Президент Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовга уч ой ичида чет элга ишга кетган 50 та ўзбекистонлик медикни қайтаришни буюрди. ...
25 апрел 2022
Элтуз почтасига келган навбатдаги видеода Тошкент-Хоразм йўналишидаги Халқаро аҳамиятга эга асосий магистрал йўлнинг 27 километридаги қазиб ташланган жойлар акс ...
26 ноябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Сочи калта олинган, пастки лаби олдга туртиб чиққан, ўзи сариқдан келган бақувват жуссали бу кишининг тунд ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...