Асосий мавзулар
27 феврал 2024

Ғиждувон собиқ прокурори фермерни қандай чув туширди?

Ўзбекистонда кейинги кунларда мансабидан фойдаланиб товламачилик қилиш, таъмагирлик, рейдерлик, одамларни алдаб пулини олиб қайтармаслик, қўрқитиб жиноятларига шерик қилиш холатлари авж олган. Баъзан бу муаммолар суд, прокуратура ва бошқа кучишлатар тизимлари аралашувидан кейин ҳам ўз ечимини топмайди ва аччиқ ичакдек чўзилади.

Ғиждувонлик фермер Ҳалимов Акмал билан туман собиқ прокурори Шерали Шодиев ўртасидаги можаро ҳам айнан ўз мансабини суъистеъмол қилиш ва товламачилик масаласида келиб чиқди.

“Шерали Шодиев менинг 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларимни олиб уч йилдан бери алдаб, қайтармай келганидан кейин мен бош прокуротурага мурожат қилишга мажбур бўлдим. Бош прокуратура текширувидан сўнг Шодиев менга ушбу олган пулларидан 17 минг АҚШ доллар пулларни қайтарди. Текшириш жараёнида Шодиев мендан 30 минг АҚШ доллар олганини тан олди, бироқ қолган 13 минг АҚШ долларини қайтариб бергани йўқ” дея ёзади Халимов Акмал Элтузга ёзган шикоят мактубида.

Ҳалимовнинг эътироф этишича, унинг аризаси асосида ўтказилган текшириш жараёнида Шодиевнинг ҳатти харакатлари тасдиғини топгани боис, Шодиевнинг турмуш ўртоғи номида бўлган “Жентра” русумли автомобилни 10.000 долларга ҳисоблаб расмийлаштирилади. Тағин сўм ҳисобида 7 минг доллар, жами 17 минг долларни прокурорнинг ҳайдовчиси келтириб беради.

Бироқ прокуратура шу билан ишни ёпади.

Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси бошқармаси бошлиғи Ш. Тўхтабоевнинг 2022 йил 19 мартида ёзган жавоб хатида билдирилишича, унинг Ғиждувон тумани собиқ прокурори Шодиевнинг қарзга олган пул маблағларини қайтариб бермаётгани ҳамда Ғиждувон туман ИИБ ходими Р. Муҳиддиновга нисбатан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўриш ҳақида Бош прокурор қабулида берган мурожаати хизмат текшируви ва терговга қадар текширув ўтказиш йўли билан кўриб чиқилган.

“Хизмат текшируви натижасига кўра, Шодиев прокуратура ходимига номуносиб ҳатти ҳаракатлар содир этган деб топилиб, Бош прокурорнинг буйруғи билан интизомий жазо тариқасида эгаллаб турган лавозимидан озод этилган” дейилади Бош прокуратура жавоб хатида.

Шунингдек, айни ҳужжатга кўра, текширувда аниқланган ҳолат юзасидан Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, Ш. Шодиевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2020 йилнинг 29 июлида ЖПКнинг 83 моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Шунингдек жавоб хатида Халимовга, ўзаро қарз муносабатлари юзасидан судга мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилган.

Халимов гап бу ерда фақатгина ўзаро қарз муносабатлари ҳақида эмас, балки туман прокурори томонидан рейдерлик, коррупция ва ўз мансабини суъистеъмол қилиш каби бир қанча жиноят холатлари ҳақида бораётганини билдиради.

Бу юзадан у 20 дан зиёд аризалар билан турли идораларга шикоят қилган. Жумладан унинг Бош прокурорга ёзган норозилик шикоят хатида билдиришича, Шодиев Шерали Ғиждувон туманига прокурор бўлиб келганидан кейин, уни ёнига чақириб, “Ака Ғиждувонга прокурор бўлиб келдим, буёғига менга қарашиб турасиз, мен ҳам сизнинг ишларингизга ёрдамлашаман” деб турли хил хизматларни буюра бошлаган.

2019 йилнинг баҳорида “кейинчалик ишларига ёрдамлашиш эвазига” уйини таъмирлаб беришни сўраган. Бунга йўқ дея олмаган Ҳалимов, таъмир учун 25.500 доллар миқдорида пул сарфлаган.

Унинг тағин ёзишича янги прокурорнинг иштаҳаси шу билан босилмаган. Қисқа вақт ичида Шодиев Бухоро шаҳридаги “Эски ёғ-мой заводи” ўрнида қурилган уйларни сотиб олиб, уларнинг иситиш тизими учун АКФА батареяси, котел, сантехника ускуналари, ванна ва гиламлар сотиб олишни Акмалга буюради. Бу жиҳозлар учун ўз пластик картасини ишлатган Акмал Ҳалимов 13-14 миллион сўмга иситиш тизими, 10-11 миллион сўмга сантехника жихозлари, 1700 долларга гилам сотиб олиб берганини айтади.

“Аммо ҳурматли прокуроримизнинг топшириқлари кўплиги боис ҳаммасини қила олмадим” дея эътироф этади ўзининг Бош прокуратурага ёзган шикоятида Ҳалимов.

Унинг сўзларига кўра, шундан кейин туман прокурори ўзининг ноқонуний топшириқларини бажармагани ва берган қарзларини қайтаришни сўрагани учун ўч олишга киришади.

2020 йилнинг 29 майида унинг жияни Ҳалимов Бахтиёр ва ўғиллари Ражабов Шахбоз, Саноев Муродлар Ғиждувон туман Пахта тозалаш заводи олдида 13 киши томонидан калтакланади. Воқеа акс этган видеотасвирлар ва далиллар тақдим қилинишига қарамай улардан фақат 5 кишигагина жиноят иши очилади, воқеада бевосита қатнашган, Ҳалимовнинг иддаосига кўра прокурорнинг заказини бажарган ички ишлар амалдори сувдан қуруқ чиқади ва тез орада бу иш ҳам ёпилади.

«Гарчи айнан шу ИИБ ходими менинг яқинларимни калтаклашда қатнашган, кўпчилик бўлиб ўғлимни уришганида унинг қўлларини қайириб ушлаб турган. Бу терговга тақдим этилган видеотасвирларда ва бошқа гувоҳликларда ҳам акс этган» дейди Ҳалимов.

Шикоят хатини ўқиш баробарида прокурорга шунча пул бергани, унга шунчаки қарашиб турганини иддао қилаётган фермер Ҳалимовнинг ҳам оппоқ ва ҳалимдек юмшоқ эмаслиги кўзга ташланади.

Масалан у, прокурор илтимоси билан унинг ҳайдовчиси боласини хусусий боғчага жойлаб қўйгани, аммо у бир йил давомида бирор маротаба ҳам тўловларни амалга оширмагани.

Шунингдек, прокурорнинг кимларнидир ишдан олиб, бу мансабга пул эвазига бошқасини қўйиш учун одам топиш каби топшириқларини бажаргани ҳақида ёзади.

“Ғиждувон туман прокурори мендан олган қарзларини қайтариш мақсадида мени хизмат хонасига чақириб, “Одам топинг, яъни пуллик иш, бирортасини ишдан олиш ёки ишга қўйиш. Шунақа ишлар бўлса, сиздан олган қарзларни қайтараман” деб айтди.

Шундан сўнг мен тумандаги мактабгача таълим бўлимига рахбар сифатида қўйиш учун Гулмира исмли опани топдим. Шодиев “текшириш” ўтказиб, олдинги рахбар Ҳидоят Раҳмоновани ишдан олиб, унинг ўрнига Юсупова Гулмирани туман мактабгача таълим бўлими рахбари этиб тайинлади” дея ёзади у.

Бироқ тағин Ҳалимовнинг ёзишича, Юсупова ишга ўтганидан кейин прокурор талаб қилган 10 минг долларни бера олмайди ва тахминан 6-7 ойдан сўнг унинг иш фаолияти ҳам текширилиб, унга нисбатан жиноят иши очилади. Бироқ тергов якунида Юсупова жавобгарликдан озод этилиб, мутлақо айбсиз бўлган бошқа бир шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Бошқа бир ҳолатда эса, прокурор туман халқ таълими мудирини ишдан олиш бўйича текшириш ўтказган. “Бундан кўзланган мақсад ҳам туман халқ таълими рахбарини пул эвазига алмаштириш эди” дея ёзади Ҳалимов.

“Бўлим мудирини ишдан олиш учун, прокурор унинг ўринбосари Шавкат Набиев билан келишиб, вилоят халқ таълими бўлим бошлиғини чақирганига ўзим гувоҳ бўлганман. Зебо исмли бўлим мудирасини ишдан олиш учун туман ҳокими ва вилоят бошқармасига хат чиқарилди. Иш амалга ошмагач, прокурор Халқ таълими вазирлигига тақдимнома берди. Бироқ туман прокурорининг бу режалари ҳам пучга чиқди” дея эслайди Ҳалимов.

Энг қизиғи, унинг ёзишича, юқоридаги барча ҳолатлар тасдиғини топган бўлса-да Бош прокуратура Шодиевга нисбатан чора кўрмаган. Иш прокурорнинг ишдан бўшатилиши тугаган.

Унинг хотини номидаги “Жентра” ва етти минг долларни ҳайдовчиси орқали бериш билан “қарзни узиш”, «прокурорга қарашиб туриш» деб номланган ўзаро муносабатлар ҳам қиёмига етган кўринади.

Элтуз уйдаги гапни кўчага олиб чиқади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга лайк босинг.

Тағин ўқинг
30 декабр 2020
Кечган йил бир вақтлар Гулнора Каримова ўтказган тадбирларга ўхшаган “ëлғон” тадбирлар билан тўла бўлди. “Ëшлар форуми” “Ëшлар билан учрашув” ...
6 декабр 2018
Фильмнинг бу қисмида “Рембо”нинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳикоя қилинади. “Контора” Рембога қарши туҳмат уюштириш мақсадида махсус гуруҳ тузади. МХХ ...
19 март 2021
Рассом Элсевар
28 сентябр 2020
Ватанпарвар юртдошимиз Аминбой Қодиров 27 сентябрь куни Урганчнинг Ғойбу қишлоғида 81 ёшида оламдан ўтди. У ҳали СССР бор пайтда ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...