Туркида ўзбек ватандоши қамоқдан озод қилинди
2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон фуқароси С.Р. Туркиянинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан яшаш жойидан ушланиб, Малтепе қамоқхонасига олиб кетилган эди.
Бу ҳақда фуқаронинг яқинлари Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилишди. Мурожаат асосида консулхона ходимлари “ADS Hukuk” фирмаси адвокатлари билан ҳамкорликда Малтепе қамоқхонасига бориб, фуқаронинг ҳолатидан хабардор бўлишди ва воқеанинг тўлиқ тафсилотларини ўрганишди.
Маълумотларга кўра, С.Р. бир шахсдан телефон сотиб олган ва у носоз бўлиб чиққанидан сўнг пулини қайтаришни талаб қилган. Шу сабабли улар ўртасида баҳс чиққан. Кейинчалик, С.Р. яшаб турган меҳмонхонага бир нечта шахс келиб, уни калтаклашган ва жароҳат етказишга уринган. Воқеа давомида бир киши пичоқ билан жароҳатлангани маълум бўлган. Шундан сўнг, С.Р. ҳибсга олиниб, Малтепе қамоқхонасига жойлаштирилган.
Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ва “ADS Hukuk” ҳуқуқий ёрдами орқали С.Р. қамоқдан озод қилинишига эришилди. Ҳозирда фуқаро ўз оиласи бағрида.
Ўзбекистон Бош консулхонаси барча ватандошларга қонуний асосда ҳаракат қилиш ва муаммоли вазиятларда консулликка мурожаат қилишни тавсия этади.