Асосий мавзулар
27 январ 2025

Қашқадарë – Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган алоҳида даҳлсиз ҳудудми?

Қашқадарёнинг Китоб туманида туғилиб ўсган 49 ёшли Умид Миралиев бир кун келиб блогер бўлиб ҳақиқатни ëзарман деб ўйлагандир, аммо бунинг ортидан калтак ейиши ва айбсиз айбдор бўлишини ҳаëлига ҳам келтирмаганди.

Умид тадбиркорлик ортидан тирикчилик ўтказиб, бола-чақасини боқиб, топганини майда тишлаб тинчгина юрганди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келгач бошланган сўз эркинлиги ислоҳотларидан Умиднинг ҳам юраги умид билан тўлди.  Юрт равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги жараёнларда ҳисса қўшиб қолишни ният қилди у. Блогер бўлишни орзулади. Журналистик маҳорат марказида малака оширди. Канал очди. 2020 йилда у «Фейсбук» ва «Телеграм» каби ижтимоий тармоқлар орқали ўз блогини юрита бошлади. Тиллари бурро, қалами ўткир чиқди унинг. Блогер юртимиздаги ижтимоий муаммолар, оддий аҳоли мурожаатларини чоп этди. Мурожаатчиларнинг сўрови билан турли давлат ташкилотларига бориб, мутасаддиларга муаммоларни кўндаланг қўйди.

Бироқ, унинг танқидий чиқишлари, муаммоларни ёритиб, коррупционер амалдорларни фош этиши, халқ дардини олиб чиқиши вилоят раҳбарларига ёқмади.2 йилдаёқ блогер аёвсиз таъқиблар остида қолди.

– Шаҳрисабз шаҳар Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Фарҳод Ғаниев “мана мен Умид Миралиевни йўқ қилиб бераман” деб қасддан жанжал уюштириб, ваниҳоят мени тузоққа туширди, – деб ҳикоясини бошлайди Умид Миралиев. – Шаҳрисабздаги “Остонбобо” чойхонасига икки нафар ўртоғим билан овқатланишга боргандик. Ғаниев маст ҳолатда эди. Хотиним ва ҳатто вафот этиб кетган онам шаънига турли бўлмағур гаплар айтиб, ҳақорат қилиб, жанжал уюштирди. Мен тинчгина гаплашиб олиш мақсадида ишхонасига борганимда, телефонимга ёпишиб, ёқамдан бўғди. Мен ўшандаям уришганим йўқ, қочиб чиқиб кетдим. Аммо, у мени орқамдан қувлаб бориб, тахта бозори ёнида калтаклаб ташлади. Бошим, елкамга уриб қаттиқ тан жароҳати етказди.

Тезкорликни қаранг! Ўша куннинг ўзидаёқ ИИБ га хабар берилади ва блогер терговга чақиртирилади. Эмишки, Умид Миралиев Фарҳод Ғаниевга тан жароҳати етказиб, калтаклаган. 2022 йил 8 сентябрь куни блогер У.Миралиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 4 та моддаси билан жиноий иш очилади.

– Биламан, блогерларни Ўзбекистонда ҳеч қайси раҳбар яхши кўрмайди, лекин шу даражада туҳмат, пасткашлик бўлади, деб ўйламагандим. Прокурор, судья, терговчилар – ҳаммаси бир бўлиб, мени қилмаган жиноятларимда айблаб, яъни ЖК нинг 277-моддаси, 168-модда, кейин 139-модданинг иккита қисми билан, хуллас фирибгарлик, товламачилик, туҳмат, мансабдор шахслар шаънини беҳурмат қилиш, ҳақорат ва уларга нисбатан ёлғон маълумот тарқатганликда айблаб, жиноий иш қўзғатишган. Кейин жиноий иш доирасида мени тутиб келтириш учун қидирув эълон қилишган.

Дарҳақиқат, блогерлик фаолияти 2022 йилдан буён хавфли бўлиб бормоқда. Бугун Ўзбекистондаги аҳоли шикоятларини тармоқларга олиб чиқаётган блогерларга фирибгарлик, товламачилик айбловини осонгина бўйнига юклаш ҳолатлари кўпайяпти. Умид Миралиевга ҳам аввалига шу айбловни қўллашга ҳаракат қилишди. Ўхшамагач, қатор навбатчи айбловлар ёпиштирилди. Мазкур айбловлар ортидан Миралиев оиласидан узоқда, бошқа вилоятларда кун кечириб юришга мажбур бўлганини иддао қилади. Блогернинг айтишича, унга қидирув эълон қилинади, сўнг ашаддий жиноятчи каби ушланиб, олиб келинади ва қамоққа ташланади. Шу баробар блогер 3 ой қамоқда ўтиради. Суд ишини Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судининг раиси Наврўз Ашуров олиб боради.

-Наврўз Ашуров менга нисбатан адолатли қарор чиқаради, деб ўйлагандим. Далилларим етарли эди, оқланишимга ишонардим. Аммо, судья ундай қилмади. Тўғри, жиноий иш бўйича 4 та моддадан 2 таси олиб ташланди, фирибгарликни бўйнимга илишолмади, чунки мен мурожаатлар учун пул олмасдим. Бироқ, суд мени икки модда бўйича айбли деб топди. Энг асосийси, Адлия бўлими бошлиғи Фарҳод Ғаниевни уриб, тан жароҳати етказганликда айблашди. На тергов давомида, на суд жараёнларида мени ўзидан жабрдийда ясаб олган Ғаниев билан юзлаштиришмади.

Миралиев 2022 йилнинг декабридан то 2023 йилнинг май ойига қадар туҳмат ва безориликда айбланиб, 4 ой мобайнида қамоқда ўтирди. 2023 йил 5 май куни Шаҳрисабз шаҳар суди ишни кўриб чиқди. Афсуски, суд блогернинг адвокатлари томонидан тақдим этилган исботу далилларни, экспертиза хулосаларини инобатга олмади. Унга 3 йил муддатга уй қамоғи беришди. Тошкент шаҳридан четга чиқмаслик ва ҳатто автомашина бошқарувига ҳам чеклов қўйишди.

-Энг ажабланарлиси, фақат мени айблаб, Фарҳод Ғаниевни жабрланувчи қилиб кўрсатиб, судда ҳукм ўқиб юборишди. Тошкент шаҳрида яшайман, лекин пропискам Қашқадарёда. Бу номард, ноинсоф суд раиси Қашқадарёга бормаслигим учун атайлаб, мажбуран Тошкент шаҳрига вақтинчалик пропискага қўйдирди мени. Мақсад, Тошкентдан чиқармаслик. Мен Қашқадарёга бормасам, блогерлик қилмасам-да ва бу амалдорларни кетини очмасам.

«Йиқилган – курашга тўймас» дейишади. Умиднинг суякларини синдиришди, аммо руҳиятини эмас. Унинг хафсаласини сўндиришди, лекин асло умидини сўндиришолмади. Блогер адолат истаб юқори ташкилотларга ёзаверди, ёзаверди. Ўзининг айтиши бўйича у юзлаб ариза ва шикоятлар йўллаган.

Тинимсиз курашишлар, мурожаатлардан сўнг 2024 йил июнда Миралиевга нисбатан қўлланилган уй қамоғи суд томонидан бекор қилинади. Аммо, уй қамоғи бекор қилинганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, у калтаклаб кетилади. Блогернинг даъво қилишича, у ва унинг укасини маҳаллий ҳокимият буюртмаси билан калтаклашган.

-Прокуратура биноси олдида 6 киши бехосдан келиб, белкураклар билан уриб кетишди. 6 кун комада ётдим, 11 кун оғир аҳволда Тошкент шаҳрида даволандим, 2 ойга яқин уйда даволандим. Бу ҳолат бўйича ҳам адолатли қарор чиқарилмади. Ундан ташқари ўша 2022 йилда 40 кун “побег”да юрдим, ноҳақдан, 3 ой қамоқда ўтирдим ноҳақдан, 5 ой суд ҳукмини ўқимай қийнашди. Ундан сўнг уй қамоғи. Автомашина бошқариш, тўй-ҳашам, маърака-маросим, ҳамма нарсага таъқиқ. Ҳар қадамда жарима, ҳар қадамда босим, моддий томонлама жуда танг аҳволдаман. Икки фарзандим мактабдан келгунча хавотирда яшайман. Уйдан чиқолмаяпман, она юртим Қашқадарёга ҳам боролмаяпман. Мана шундай аҳволда яшаяпман, ҳозир!

Умид Миралиев уни тузоққа туширган, унга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарган, ўзи ва оиласига босим ўтказган амалдорларни халқ ва халқаро ҳамжамият, юқори мутасадди органлар таниб олишларини истайди ва улар фаолиятига оид барча жиноий далилларни бўлишишга тайёрлигини маълум қилди.

Суратдаги шахс блогер Умид Миралиевни калтаклатган ва ИИБга шикоят қилиб ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатган Адлия вазирлиги Шаҳрисабз туман бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ғаниев. Унинг хатти- ҳаракати ўғирлик пайтида “дод, ўғри урди”, деб ўзини уриб додлаган ўғрига ўхшайди. Ҳозир бу қўштирноқ ичидаги “жабрдийда” 100 минг доллар пора олгани ортидан суд қарори билан қидирувга берилган.

Бизга маълум бўлишича, бу порахўр адлия мулозими Қашқадарëда бемалол юрибди. Қашқадарë – Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган алоҳида даҳлсиз ҳудудми?

Мавзуга нуқта қўймаймиз. Чунки, муаммо ечими ҳануз йўқ! 

Тағин ўқинг
2 август 2017
Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би Би Си мухбирига берган интервьюсида бобосидан кейин ҳукуматга келганларни айблади. Марҳум президентнинг арзандаси ...
14 июл 2017
11 июлда президент Шавкат Мирзиеев чиқиш стикерлари ўрнига ҳорижий паспорт жорий қилиш қарорини имзолади. Ҳужжатда, айни масалани кўриб чиқиш ...
15 май 2022
Тилшунос олим, академик Алибек Рустамий билан танишиш менга 1997 йилда насиб этган эди. Ўшанда Хўжанддаги божам, филолог домла Насрулло ...
19 март 2019
Майли, бошлаб қўйдим энди, мен ҳам хайпни давом эттирай. Қозоқларда уруғчилик тизими бугунги кунга қадар яхши сақланиб қолган. Уруғ ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...