Document UZ
22 сентябр 2018

Гулноранинг “чўнтаги” нега пичоқланди ёки Николайнинг 1$ миллион долларлик узуги қаерда?

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи собиқ директори Журъат Мелиқуловга жиддий тан жароҳатлари етказганлар устидан тергов якунланиб жиноят иши судга оширилди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси терговчиларидан бирининг “Элтуз”га маълум қилишича, 55 яшар Мелиқуловга ҳужум қилишга алоқадорликда гумонланиб уч ҳужумчи ва бир буюртмачи ҳибсга олинган.

Журъат Мелиқулов жазо муддатини ўтаётган Пскентдаги 64/75- манзил колонияда 3 июлда пичоқлаб кетилганди.

2014 йилнинг 20 августида Журъат Мелиқулов Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан 100 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

“Элтуз” ўз суриштируви пайтида Журъат Мелиқуловнинг пичоқланиб кетилганига оид тергов ишига афтидан атайлабдан киритилмаган муҳим фактларни аниқлашга муваффақ бўлди.

“Ўзим йиқилиб тушдим”

Шу йилнинг 3 июль тонгида Тошкент вилоятининг Пскент туманидаги 64/75-манзил колонияда юз берган мудҳиш ҳодиса у ердаги нозирлару маҳкумларни оёққа турғизди.

Журъат Мелиқулов  © eltuz.com

Манзил колонияси ўз тарихида энг қонли воқеалардан бирига гувоҳ бўлганди: энг номдор маҳкумлардан бири – 55 яшар Журъат Мелиқулов муассасадан 15 километр узоқликдаги бедазорда уч номаълум шахс томонидан ўласи қилиб калтакланиб, қонга беланган ҳолда ташлаб кетилганди.

Ияги ва чап сонидан чуқур тиғ жароҳатлари олган маҳкум Пскент шаҳридаги шифохонада операция қилинди ва ҳаёти сақлаб қолинди.

Журъат Мелиқулов операция столида ётаркан, ички ишлар ходимлари унга ҳужум қилган шахсларни қидиришга тушди.
Ўша кунги ҳодисадан яхши хабардор маҳкумлардан бирининг сўзларига кўра, Мелиқулов унга ҳужум қилган йигитларни яхши таниган эса-да, милицияга берган дастлабки кўрсатмасида “ўзим йиқилиб тушдим”, деб айтган.

Аммо тергов ишидан хабардор милиция зобити айнан Журъат Мелиқуловдан олинган дастлабки кўрсатма изқуварларга ҳужумчиларни топишда “ип учи” бўлиб хизмат қилганини айтди.

2018 йил ёзида қонли ҳужум билан ниҳоя топган ҳодиса эса роппа-роса ўн йил муқаддам Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримовага туҳфа қилиниши керак бўлган қиймати 1 миллион долларлик 17 каратли бриллиант узук олди-бердисига бориб тақалади.

“Ўзбек халқининг қонини ичди”

Тошкент вилояти ИИБ терговчисининг маълум қилишича, Журъат Мелиқулов пичоқланишидан бир неча ҳафта ўтиб, Тошкентда яшовчилардан тўрт нафари бирин-кетин ҳибсга олинган.

Улардан бири – Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Бахтиёр Бакаев ҳужум буюртмачиси сифатида кўрилмоқда.


Тошкентдаги Мелиқуловга тегишли кўчмас мулклар. © eltuz.com

Муқаддам судланган 45 яшар Бахти Бакаев тошкентликлар орасида “Бахти Бакай” номи билан танилган.

Терговчи сўзларига кўра, муқаддам судланган Бахтиёр Бакаев ҳужум мотивлари ҳақида гапираркан, қисқа хулоса қилган:

“Гулнора ва унинг ҳамтовоқлари ўзбек халқи қонини ичиб, қанчадан қанча яхши ўзбек йигитларининг қамалишига, чет элларга чиқиб қул бўлишига сабабчи бўлгани учун Журъатни пичоқлаттирдим!”

Таҳлилчиларнинг ишонишича, «ўғрилар қонуни»га мувофиқ, тўғри инсонлар пулини ноҳақ еганлар сони ва юзига пичоқ урилади. Бу эса  «оғзингдан киргани орқангдан тешиб чиқади», деган маънони билдиради.

Аммо “Элтуз” терговга киритилмаган ва бўлажак суд ажримига таъсир этиши мумкин бўлган фактни аниқлади.


Журъат Мелиқўзиевнинг «Элтуз» ўрганган жиноят иши хулосаси нусхаси. © eltuz.com

Николайнинг Гулнорага аталган узуги

Бахтиёр Бакаев дўстларидан бирининг “Элтуз”га айтишича, Журъат Мелиқуловнинг Бакаевни банкротга учратгани ундан қасд олинишига сабаб бўлган.


Тошкентнинг Ойбек метроси яқинидаги Мелиқуловга тегишли иккинчи офис биноси. © eltuz.com

“Ўн йилча олдин Бахти Бакай Журъатга 17 каратли бриллиант узукни кўрсатганди. Бу узук бошқа бир бизнесменники бўлган.

Айтишларича, Николай подшо хонадонига тегишли бўлган узукни Журъат Мелиқулов Гулнорага (Гулнора Каримова – “Элтуз” изоҳи) ҳадия қиламан, деб сотиб олмоқчи бўлди. Узукни аввал 1 миллион долларга баҳолашди. Журъат 400 минг долларини тўлади. Лекин бир неча кун ўтгандан кейин Журъат, олмос кўзли узукнинг доғи бор экан, деган баҳона билан пулнинг қолганини тўлашдан бош тортди,” деб эслайди Бахтиёр Бакаев дўстларидан бири.

Унинг қўшимча қилишича, узукни қайтариш сўралганда Журъат Мелиқулов “Гулнорадан бориб олларинг”, дея ўдағайлайди.

“Ана ўшандан кейин Бахти Бакайнинг ишлари орқага кетди. Гулнорадан бориб узукни олишга ботина олмади, узук эгасига сўралган пулни тўлай олмай банкрот бўлди,” дейди у.

Кўп ўтмай Бахтиёр Бакаевнинг ўзи ҳам қамалади. Узукнинг асл эгаси тақдири “Элтуз”га номаълум.

Гулнора Каримованинг “чўнтаги”

“Элтуз” 16 мартда Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг “чўнтаги” сифатида танилган шахс – Журъат Мелиқулов қамоқдан бутунлай озод этилиш арафасида тургани ҳақида мақола чоп этган эди.

Журъат Мелиқулов ҳақидаги фильмни мана шу ерда томоша қилинг

Мазкур фильм Мелиқулов ва яна беш нафар шахс устидан олиб борилган 1-472/2014 рақамли жиноят иши хулосалари асосида ишланган.

Журъат Мелиқулов 2012-2013 йиллар оралиғида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан 100 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 2014 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳри суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Суд хулосасига кўра, Журъат Мелиқулов ФНПЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда… ФНПЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимининг айтишича, ФНПЗ тижорий директори бўлган Журъат Мелиқулов 2012-2013 йилларда нефтдан олинган даромаддан ҳар ой Гулнора Каримованинг шахсан ўзига 10 миллион АҚШ доллари, шунингдек, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаровга 8 миллион доллардан етказиб турган.

Жиноят иши хулосасида Гулнора Каримова ва Журъат Мелиқулов ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида лом-мим дейилмаган.

Фақат Мелиқуловнинг “тергов пайтида исми аниқланмаган шахслар” билан ҳамкорлик қилгани қайд этилган.

Терговда “исми аниқланмаган шахслар” ибораси ортида эса Ўзбекистоннинг ўша даврдаги энг қудратли шахси Гулнора Каримова тургани англашилади.

Аммо суд ҳукмидан бор-йўғи беш йил ўтиб, 2018 йилнинг февраль ойида Журъат Мелиқулов Қаршидаги 64/49-жазони ижро этиш муассасасидан Пскентдаги 64/75-манзил колонияга ўтказилди.

Сўнгги сўз ўрнида…

Николай хонадонига тегишли экани айтиладиган бриллиант кўзли узукнинг қаердалиги ҳозиргача номаълум.

Бахтиёр Бакаев ўз судини кутмоқда.

Журъат Мелиқуловни эса маҳалладошлари ўн кунча олдин Мирзо Улуғбек туманидаги ҳашаматли уйи ёнида кўрганлар.

Журъат Мелиқуловнинг Тошкентдаги уйи

“Элтуз” тасвирга олган бу уйнинг қиймати, маҳаллий риэлторлардан бирининг айтишича, 3,5 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Рустам Аҳмедов
“Элтуз”нинг Тошкентдаги мухбири

Тағин ўқинг
2 ноябр 2017
31 октябр куни Нью-Йоркда пикапдаги эркак велосипед йўлакчасида саккиз нафар одамни босиб ўлдирди. 12 одам жароҳатланди. Жиноят теракт дея ...
22 феврал 2018
Ўзбекистон прокуратураси матбуот бўлими ходими 23 феврал куни телефонда «Элтуз» мухбирига Қодировнинг қамоққа олинмаганини, бошқа яна бир манба эса ...
16 ноябр 2020
Майли, нонкўрга чиқаринг, майли, душманга ва майли, провокаторга. Лекин мен ҳозир шунчаки фактларни констатация қилмоқчиман. Ушбу расмга қаранг. Кимдадир ...
13 апрел 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов эътиборни Ўзбекистондаги фермерларнинг муаммолари, жумладан, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...