Document UZ
27 декабр 2018

Тошкентда диний арбоб тармоқдаги мухолифини калтаклади

Тошкентнинг Нукус кўчасида, Миробод бозори яқинидаги майдонда 21 декабрь куни пойтахтлик хонанда Дилнур Комилов қаттиқ калтакланди. Қонга ботган, оғир аҳволда у ўзига «тез ёрдам» чақиришга мажбур бўлди ва ҳозирда 1-республика шифохонасида қолмоқда.  

Шифокорларнинг сўзларига кўра, 39 яшар беморнинг аҳволи анча яхшиланган, бироқ у ҳамон шифохонада қолмоқда. Чунки унинг мияси қаттиқ чайқалган, бурни синдирилган, кўзининг ости йиртилган, баданининг бир қанча жойи жароҳатланган.

Дилнур Комилов

Маълум бўлишича, унга ҳужумни Ислом цивилизацияси маркази ходими 41 яшар Аброр Мухтор Алий (паспортига кўра – Аброр Мухторалиевич Абдуллаев) амалга оширган. Таъкидлаш керак, бу муштлашув эмас, балки ерда ётган одамни ваҳшийларча калтаклаш бўлган. 

Воқеани Тошкент шаҳри Миробод тумани ИИБ бўлими суриштирмоқда. Жабрланувчининг аризаси, шунингдек, «102» шаҳар хизматига ҳам келиб тушган. AsiaTerra таҳририяти Дилнур Комилов билан боғланишга муваффақ бўлди ва у воқеа юзасидан қуйидагиларни билдирди:

«21 декабрь куни менга номаълум рақамдан қўнғироқ қилган шахс ўзининг Аброр Мухтор Алий эканини айтди ва кўчага чиқишимни сўради. Биз  11.20 – 11.30 ларда Миробод бозорининг орқа кириш жойида учрашишга келишдик. Мен уни сиртдан билганим учун у менга чиндан ҳужум қилади, деб ўйламадим ва белгиланган жойга бордим. У ерга етиб боришга улгурмай, қўққисдан қаттиқ зарба келиб тушди – кимдир кучи борича аввалига қорнимга тепди, кейин эса юзимга зарба берди.

Кўз олдим қоронғулашди, мен йиқилдим, бурнимдан қон кела бошлади. Кўзимни очганимда устимда ўша – Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Мухтор Алий турганини кўрдим (у баланд бўйли ва шунга мувофиқ бақувват ҳам эди). Аҳволимга қарамай, у мени, ерда ётган одамни оёғи билан тепа бошлади, гарчи мен аллақачон нафас ололмай қолган эдим. У мени ураркан, кечирим сўрашимни, «бошқа баҳслашмаслик ва ёзмаслигим»ни талаб қиларди, мен дам ҳушимдан кетиб, янги зарбалардан тағин ўзимга келардим.

Кейин унинг ёнида соқолли яна бир одам турганини кўрдим, афтидан у бунгача машинада, шеригининг ҳаракатини четдан кузатиб ўтирган эди. Тўхтамаётган зарбалардан мен бир неча бор ҳушимдан кетдим, бироқ ҳар сафар Аброр Мухтор Алий мени ёқамдан ушлаб, силтаб ўзимга келтирар, «Сен ифлос, ҳароми, буни хоҳлаган жойингда исботлайман!» дея кетма-кет зарбалар берарди.


«эркакча гаплашиш»га чақириқ

Калтаклаш бир соатча, балки сал камроқ давом этди. Вақти-вақти билан одамлар келиб ажратмоқчи бўлишди, бироқ ҳар сафар ҳужумчи уларни четга суриб, ўз ҳақорати учун тегишини оляпти, дер эди. Фақат бутун юзим қонга беланганидан кейингина жимгина кузатаётган унинг ўртоғи, «Кел, уни бошқа жойга олиб бориб, ўша ерда «разборка»ни давом эттирамиз», дея Аброр Мухторни мендан четга тортишга урина бошлади.

Бир вақт мен Аброрнинг кимгадир қўнғироқ қилиб: «Мен бу ерда битта …ни калтаклаб қўйдим, ишни бости-бости қилиш керак», деганини эшитдим. Менимча, гап унинг милициядаги таниши билан бўлаётган эди. Кейин унинг шериги сув келтириб, ердаги қон изларини ювди. Сўнг икковлашиб мени машинага ўтқазиб, бошқа жойга олиб кетмоқчи бўлишди. Мен қўлимдан келганча қаршилик қилдим ва улар бу уринишни бас қилишди. «Бу сенга дарс бўлсин. Тушунмасанг, келаси сафар ёмон бўлади!» дея пўписа қилиб, афтидан жума намозига кетишди. Гарчи бозор яқинида яшасам-да, уйга ўз оёғим билан етиб бора олмаслигимга кўзим етиб, «тез ёрдам» чақирдим ва мени олиб кетишди».

Диний арбоб билан жанжал

«Абдуллаев билан бизнинг жанжалимиз ижтимоий тармоқда баҳслашувдан бошланди, бу бир йилдан ортиқ давом этди. Менинг ўзим хонанда ва мусиқачиман, бироқ кейинги йилларда менда диний илмга қизиқиш уйғонганди (гарчи ўзим масжидга бормасам ҳам унинг моҳиятини англамоқчи эдим). Шу боис ютубда ва фейсбукда мен ўзини диний илмнинг билимдони дея танитаётган Аброр Мухтор Алий исмли интернет-фойдаланувчиси билан танишдим. У онлайн-дарслар олиб борар, диний мавзуларда маслаҳатлар берар, саволларга жавоблар берарди.

Комилов ва Абдуллаев диалоги

Аввалига мен унга ҳурмат билан муносабатда бўлдим. Бироқ аста-секин диний ниқоб остида оддий ёлғончи турганини сеза бошладим. Мен унинг диний ақидаларни хато талқин қилаётгани, уларнинг моҳиятини бузаётгани ҳақида баҳслаша бошладим. Вақти-вақти билан унинг у қайсидир гуноҳлар учун «шафқатсиз жазолаш»га чақириқлари ва фикрлари билан келишмаслигимни билдира бошладим. Бунга жавобан у фейсбукда ва ютубда менинг ўзимни, онамни ва касбимни ҳақоратлаб, «ноҳалол йўл билан нон топадиган ҳароми», «отарчи», «бахмал иштонлик» ва ҳоказо гапларни ёза бошлади. 

Айни пайтда у менга қарши ўзининг тарафдорларини гиж-гижлай бошлади – унинг аккаунтида йигирма мингтача одам бор эди. У фикрига қўшилмаганларга ҳақоратли ёрлиқ ёпиштириш, «дин душмани» дея аташни хуш кўрарди. Охирги баҳсларимиздан бирида унинг «ҳаромдан тарқаган, онаси бузуқ», деган гапларидан кейин мен чидаб тура олмадим ва шу руҳда жавоб қайтардим. Шу билан ҳаммаси бошланди».

Шифохона ходимлари, одатдагидек, зудлик билан калтакланиш аломатлари билан бемор келтирилгани ҳақида милицияга хабар беришди. Сўнгроқ Дилнурнинг воқеага адолатли баҳо беришни сўраб (Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга, Бош прокуратурага, Ислом цивилизацияси марказига, Мусулмонлар диний идорасига) аризалар ёзишига тўғри келди. Тўғри, уларнинг ҳаммаси ҳам ҳали жўнатилмаган.   


Комилов ва Абдуллаев диалоги

Унинг сўзларига кўра, у юз берган воқеани жамоатчиликка олиб чиқишни истамаяпти, бироқ бунга уни Аброр Мухтор Алийни қўллаб-қувватловчиларнинг ижтимоий тармоқда ҳануз давом этаётган таҳдидлари мажбур қилмоқда. Ўзининг оғир аҳволда бўлишига қарамай, Дилнур бугун нефрологик клиникада даволанаётган касал онасининг аҳволидан кўпроқ ташвишда. «Касал онамга қараш вазифаси менинг зиммамда эди. Энди эса ўзим шундай қаровга муҳтожман. Уни тинчлантириш учун шифохонадан туриб, зудлик билан хизмат сафарига (янги банкетида иштирок этиш) кетишга тўғри келганини айтдим», дейди у.

Гапдан ҳаракатга

Калтакланган шахс ҳукумат идораларига ёзган хатларига ҳамон жавоб олмаганини айтмоқда. «Куппа-кундузи, пойтахтнинг қоқ марказида, ўзини диндорларнинг каттаси дея билувчи, Ислом цивилизацияси маркази аъзоси бўлган шахс бошқа бировни шафқатсиз, ҳушидан кетгунча калтаклаши, бу ҳам етмай, «Келаси сафар яна ҳам ёмонроқ бўлади!» дея таҳдид солиши мумкинми?»

Абдуллаевнинг ёзганлари

Агар бу одам ўз диний машғулотларида ҳар қандай бошқа шахсга, уларнинг «ноқулай» саволлар бергани ёки савол берувчининг ўзи ёқмагани учунгина агрессив ҳужум қилишга мойил бўлса, бундай атвор ва туҳмат ислом дини мантиғига тўғри келадими? Диний арбобга қайсидир шахснинг қайсидир сабабга кўра унга ёқмагани учун «самосуд» қилиш ҳуқуқи берилмаган-ку? Дунёвий давлатда «ҳароми» деган ҳақоратли сўз билан кимнидир ҳақорат қилиб, шафқатсиз калтаклаш мумкинми? Нимага ўзларини тута олмайдиган, диний савод асосларига эга бўлмаган шахсларнинг ёшларни тарбиялаш учун ижтимоий тармоқда онлайн дарслар олиб боришига, минбардан туриб лекциялар ўқишига рухсат берилади?».

Қизиғи шундаки, ижтимоий тармоқда ушбу диний «авторитет» раҳбарлиги остида, ҳеч бир ниқобсиз тарзда кўп минг кишилик аудитория учун виртуал (ташвиқот) дарслар олиб борилади, унда диний асосдаги зўравонликларга чақириқлар янграйди. Бундай даъватлар ва ўзгача ғояни йўқ қилиш чақириқлари диндан бошқа бирор қатъий мафкура бўлмаган жамиятда айниқса хатарлидир. 

Калтакланган аёлнинг адвокати ёзган ариза

Биздаги мавжуд аудиодаги чиқишида Аброр Мухтор бундай дейди: «Бизнинг шариатимизга кўра, биз жим турмаслигимиз ва ҳаммасига рози бўлмаслигимиз керак. Биз «Чап юзингга уришса, ўнг юзингни тут», деган Исо тарафдорлари эмасмиз. Биз жойида жавоб беришимиз, керак бўлса, жазолашимиз керак. Бунинг учун шариат бизга аниқ жазо турларини кўрсатган. Туҳматчи таёқ билан уриб жазоланади, зинокор калтакланади, айримларини тошбўрон қилиш керак, ўғрининг қўлини кесиш керак ва бошқа гуноҳлар учун ҳам жамиятда жазолар белгиланган. У одамлар кимки, отасининг маълуми бўлмаса, ота тарбиясини кўрмаган бўлса, ўз устозларининг тарбиясини олмаган бўлса. Табиийки, улар жамиятдаги «ҳаромийлар»дир. Биз буни унутмаслигимиз керак».

Мулла Аброр Мухторни танийдиганлар уни ҳаддан ташқари бадфеъл ва эътирозларга, танқидчиларига мутлақо тоқатсиз деб таърифлашади. У кўпинча салга ўзидан кетиб, «муштлашув»га ўтишга мойиллигини айтишади. Шу йилнинг февралида «Eltuz» мустақил сайти у ўзининг ёш, учинчи хотини – 21 яшар Саодатхон Аъзамхўжаевани хомиладор қилиб, сўнгги ойи етганида кўчага ҳайдагани ҳақида ёзган эди. Ўша пайтда Аброр Мухтор Алий Тошкентдаги «Минор» масжиди имом хатиби, марҳум Анвар қори Турсуновнинг ўринбосари бўлиб ишларди. Ушбу воқеадан сўнг у ишдан олинган эди.

Агар собиқ имомнинг ўринбосари шахсий саҳифасига кириб ўқийдиган бўлсак, у ҳолда «нусха кўчиргандек» унинг тарафдорлари ўтирганини кўриш мумкин. Ҳатто ҳозир, Дилнур билан бўлган воқеадан кейин ҳам радикал кайфиятдаги бу нусхалар жабрланганга ҳамдардлик ўрнига унинг шаънига ифлос гапларни ёзишда давом этишмоқда. Бу изоҳлар афтидан «устоз»ларининг изнисиз ёзилаётгани йўқ: «Тўғри қилибди, динга қарши ёзолмаслигинг учун [сени] ўлдириш, тилингни ва қўлингни кесиш керак эди!». Гарчи жабрланган шахс динга қарши эмас, улар даъват қилаётган зўровонликка қарши ёзган эди.

«Устимда туриб, бор кучи билан мени тепаркан: «Мен – маданиятли одамман. Кечирим сўра!» деб бақирарди», – дея эслайди калтакланган мусиқачи.

Унинг кузатишича, сўнгги икки йил давомида (диний тарғиботга нисбатан қатор чекловлар бекор қилинганидан сўнг) мамлакатда шариат қонунларини жорий қилиш талаблари борган сари қаттиқроқ янграй бошлаган. Бу талабларга қўшилувчилар яна ҳам кўпроқ, бироқ улар ҳозирча аралашмай, кутиб туришибди. Расмий диний идорани назоратда ушлашни ҳукумат ҳозирча эплаяпти. Бироқ «назоратсиз» диний арбоблар кўлами қўрқинчли даражада кенгаймоқда ва улар ўз талабларини қўйиш учун қулай фурсатни кутишмоқда.

Яраштириш учун жўнатилган «чопарлар» 

Дилнур шифохона палатасида қоларкан, уни кўришга нафақат дўстлари ва қариндошлари, балки мутлақо нотаниш одамлар ҳам келган.«21 декабрь куни кечқурун ҳуқуқ-тарибот идораси ходимлари менинг аризамни қабул қилди, 23-куни эса менга яшаш жойимдаги участка нозири қўнғироқ қилди (яқин кунларда суд тиббий экспертизаси натижалари чиқиши керак эди). Тезгина аллақандай «ўртакашлар» ҳам фаоллашиб қолишди. Турли одамлар, ҳатто диний идорадан ҳам келишди. Кимдир ёрдам, кимдир ҳатто «ярашиш» учун пул ҳам таклиф қилди. «Жанжалга диний тус бериш керак эмас», дея маслаҳат беришди. Бу чиндан ҳам тегишли мотивга эга диний самосуд эмасми? Энг ёқимсиз томони – тағин жазосиз қолдириш кўзланмоқда: «Барибир ютқазасан, имом Аброрнинг «орган»ларда «кришаси» бор», дейишди. Бироқ мен рад этдим.

Милициядан менга маълум бўлишича, имомни Миробод ТИИВга чақиришган, бу ерда у бутун айбни менга тўнкаб, ўзини оқлашга уринган: «Менинг онамни сўкди», деган. Ҳақорат қилишни ўзи бошлаганини, табиийки, бўйнига олмаган. Ҳатто у аризасини мендан олдин ёзишга улгурган. Ҳатто диний йўналишдаги экстремистик элементлар билан кураш олиб бораётганини қўшимча қилишни ҳам унутмаган», – дейди Дилнур Комилов.

Дилнур Комилов саҳнада

Унинг сўзларига кўра, кейинги пайтларда бир неча бор унга қарши таҳдидлар бўлганига қарамай, уларни жиддий қабул қилмай келаётган эди. Аброр Мухтор Алий ва унинг тарафдорлари барча атеистларни «кофир» дея эълон қилиб, уларнинг барчасини ўлдириш кераклигини айтиб келишган. Тармоқдаги ёзишмаларидан бирида ҳатто унинг ўз рўйхатидан аниқ исмлар келтириб, ўз тарафдорларини «кофирларни тошбўрон қилиш»га очиқ чақиргани ёзувлари сақланган. Мухтор Алий айниқса саҳна майдонларида фаолият кўрсатувчи ходимларга тоқатсиз бўлиб, «санитар тозалаш» жоиз одамлар сирасига, унинг мантиғига кўра, қўшиқчилар ва мусиқачилар киради.

Дилнур Комилов ҳамкасблари билан

Таъкид жоиз, бу йўсинда у, таассуфки, ёлғиз эмас. AsiaTerra ўз ўқувчиларини Тошкентдаги Мирза Юсуф масжиди имоми Раҳматулло Сайфуддиновнинг юмористларни «халқ ва миллат осойишталигини бузувчи қора кучлар», дея атагани ҳақида хабардор қилган эди.

AsiaTerraдан олиниб Eltuz томонидан таржима қилинди

Тағин ўқинг
1 ноябр 2020
Қишлоқ хўжалиги мутахассиси ва Навоий вилоятининг Конимех тумани собиқ ҳокими 70 яшар Исмоил Оспанов «Элтуз» орқали ўз туркум чиқишларини ...
4 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 24-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг ...
7 феврал 2019
Тошкентда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 5 февраль куни «Буюк келажак» ташкилоти ташаббуси билан «Ўзбекистан-2035» иккинчи халқаро форуми ўз ...
11 июл 2016
Ўзбеккино Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ўзбекфильм” киностудиясида тасвирга олинаётган “Муқаддас истак” номли ушбу фильм қаҳрамонлари орасида Ўзбекистонда террорчи ташкилот ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...