Document UZ
26 феврал 2020

Янги бинога кўчирилган Халқ банки бўлими ходимлари ишсиз қолишди

Халқ банки Сурхондарё вилояти филиали Термиздаги янги бинога кўчирилгач, унинг амалиёт бўлимидаги жами 45 нафар ходим ёппасига ишсиз қолди.

«Бўлимимиз ходимларига 2020 йилнинг 17 январида меҳнат шартномаларининг бекор қилингани ҳақида огоҳлантириш хати берилди», деди Халқ банки филиалининг “Элтуз” билан суҳбатлашган ходимаси, 43 яшар Дилдора Исмоилова.

Исмоилованинг иддаосига кўра, банкнинг амалиёт бўлими янги бинога кўчирилгач, у ерга бутунлай бошқа банклар ва бўлимлардан, таниш-билиш орқали, асосан, ёш қизлар ишга олинган.

«Ўзбекистонда бошқа банклардан ҳам кўра Халқ банки йирик бир мафия. У ерда ўтирган ҳар бир вилоят ёки оддий шаҳар раҳбари кичик бўлса ҳам миллионерга айланиб қолади. Порахўрлар улар», дейди 20 йилдан ортиқ банкда ишлаган, 6 фарзанднинг онаси Дилдора Исмоилова алам билан. 

«Эшматовнинг аҳмоқона қарори туфайли…»

Исмоилованинг “Элтуз”га айтишича, у ва ҳамкасбларининг ишсиз қолишига Халқ банки бошқарувининг собиқ раҳбари Муродилла Эшматовнинг етти ой бурун чиқарган қарори асос бўлган.  

Халқ банки бошқаруви раиси Муродилла Эшматов 2019 йил 24 июлда имзолаган айни қарорда банкнинг айрим филиал ва туман бўлимларини тугатиш ва улар ўрнида Банк хизматлари марказларини ташкил этиш ҳақида гап боради.

Халқ банки Сурхондарё вилояти филиали бошлиғи Анвар Холмонов 17 январда имзолаган қарорда ва банк ходимларига тарқатилган огоҳлантириш хатида амалиёт бўлими ходимларининг ишдан бўшатилишига Эшматовнинг айни қарори асос қилиб кўрсатилади.

Халқ банки бошқаруви собиқ раиси Муродилла Эшматов чиқарган қарор

Бироқ, Исмоилованинг сўзларига кўра, бу қарор орадан етти ой ўтиб, банк бошқаруви раиси Муродилла Эшматов ишдан бўшатилиб, коррупция туфайли терговга тортилганидан сўнг ижро этилмоқда.

“Элтуз” нашри жорий йилнинг 17 февралида Муродилла Эшматовнинг ишдан олингани ва 20 январда эса қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб ДХХ тарафидан ҳибсга олиниб, терговга тортилгани ҳақида ёзган эди.   

«Муродилла Эшматов бир-икки ой “Микрокредитбанк”да ишлаб шунча бойликка эга бўлиши мумкин эмас эди, деб ўйлайман. Аслида у бунгача Халқ банкидан яхшигина бойлик орттирган бўлса керак. Чунки Эшматов Халқ банкига бошлиқ бўлган вақтида, 2019 йилнинг ёзида унинг биринчи ўринбосари Тоҳир Раҳмонов 2000 доллар пора билан қўлга тушиб, ишдан кетган эди», дейди Дилдора Исмоилова «Элтуз» мухбири билан суҳбатида. 

Банкни кўчиришдан мақсад эски ходимлардан қутулиш эдими?

Халқ банки филиали Термиздаги янги бинога кўчирилгач, унинг эски номи ҳам, ходимларнинг иш тартиби ҳам ўзгаришсиз қолди. У ерда очилган янги бўлимга ҳам бир неча йиллардан буён амалиёт бўлими ходимлари фойдаланиб келган компьютер ускуналари ва дастурлаш тизимлари кўчириб ўтказилди.  

Исмоилованинг «Элтуз»га тағин айтишича, фақат уларнинг ўрнига малакасиз ва тажрибасиз ёш йигит-қизларни ишга олишди. 

Бундан аввал ижтимоий тармоқларда Халқ банки мулозимининг телефонда берган ваъдалари акс этган видео тарқалган эди.

Видеода ўзини Халқ банки марказий аппарати ахборотлаштириш департаменти мулозими деб таништирган Камолиддин исмли шахс ишсиз қолган банк ходимлари эътирозларига жавоб бераркан, Халқ банки филиаллари кенгаяётгани, бунга кўра, шаҳар бўйлаб кўплаб Банк хизмати марказлари ташкил қилиниши ҳақида гапиради.

«Масалан, илгари Термиз шаҳрида битта бўлган бўлса, энди камида ўнта бўлади филиаллар сони», дейди банк мутасаддиси.

Сурхондарёлик блогер Аброрбек Қурбонмуродовнинг «Бўлим ходимларини иш билан таъминлаб берасизларми?» деган саволига, «Улар юз фоиз иш билан таъминланишига кафолат берилади, бу аниқ», дея жавоб қайтаради банк департаменти амалдори. 

Бироқ ишдан бўшатилган банк ходимларига берилган, амалиёт бўлими бошлиғи Парда Тойиров имзолаган огоҳлантириш хатида бундай ваъда йўқ. 

Ишдан бўшатилган банк ходимларига берилган огоҳлантириш хати

Унда аниқ қилиб, «Тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 17 январь кунидан бошлаб икки ой муддат ичида бекор қилинади», дейилган.

Шунингдек, огоҳлантириш хатида: «Ҳозирги кунда амалиёт бўлими тугатилаётганлиги сабабли Сизга келгусида иш билан таъминлаш имкониятимиз йўқлигини маълум қиламиз», дея билдирилган.  

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 ноябр 2017
Канадалик 54 ёшли ўзбек журналисти Улуғбек Ашур президент Шавкат Мирзиёевни ҳажв қилиб қўшиқ куйлади. «Шавкат ака!» деб номланган қўшиқ ...
29 ноябр 2019
Жажжигина ўғил бола отасидан сўради:– Яхши деган cўз нимаю, ëмон деган нимаси? Бу мисраларни ëзган шоир Владимир Маяковский «Нима ...
15 март 2018
Президент Мирзиёев танқиди ортидан 15 март куни «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга ...
1 май 2016
Истанбулнинг Бошоқшаҳар (Başakşehir) мавзесида яшайдиган 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) 29 апрел оқшомида ўз севгилисини ўлдирганига иқрорлигини айтиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...