Document UZ
11 март 2020

Фаоллар Гулноранинг ўғирлик пуллари «айланма йўллар» билан қайтарилишидан норозилик билдиришди

Бир гуруҳ ўзбек фаоллари 11 март куни Швейцария ҳукумати ва масъул идораларига марҳум президентнинг катта қизи Гулнора Каримова ўғирлаган активларни Ўзбекистонга шаффоф ва ҳисобдорлик асосида қайтаришни сўраб чақириқ йўллашди.

Фаолларнинг ташвишли чақириғига 25 февралда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган Гулнора Каримованинг президент Мирзиёевга йўллаган мактуби орқали сизган маълумотлар сабаб бўлди.    

Гулнора Каримованинг қизи, Лондонда яшаётган Имон Instagram’даги саҳифасида эълон қилган мактубида Швейцария ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан Гулнора Каримованинг мазкур мамлакат суд органлари томонидан 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мусодара қилинган активларини қайтариш масаласида музокаралар ўтказаётгани ҳақида гапирган.

Хатда Швейцария ҳукумати бу активларни тиббиёт ва таълим соҳасидаги ижтимоий лойиҳаларга беришни режалаштираётгани ҳам таъкидланади.

Ҳуқуқ фаоллари юқорида қайд этилган музокаралар ва Каримованинг активларини қайтариш жараёни ҳақида жамоатчилик Швейцария ҳукуматидан эмас, балки қандайдир «айланма йўллар» орқали хабар топаётганларини билдиришган.

«Швейцария бу активларни Ўзбекистонга қандай йўллар билан қайтармоқчи эканлиги борасида шаффофликнинг етарли эмаслиги Швейцариянинг ўзи иштирокида ишлаб чиқилган ва 2017 йил декабрда Вашингтонда Активларни қайтариш бўйича глобал форумда (АҚБГФ) қабул қилинган тамойилларга зид келади», дейилади жумладан чақириқда.

Фаолларининг ёзишича, шаффофлик ва масъулият. Ўғирлик активларининг қайтарилишида ҳисоботдорлик кафолатлари тўғрисидаги 4-тамойил; активларнинг ўғирланишига кўмак берган шахсларга уларнинг қайтарилишига йўл қўймаслик ҳақидаги 9-тамойил бузилган.

Телекоммуникация компанияларидан таъмагирлик ва пора олишда Гулнорага шерик бўлган айрим мансабдорлар ҳали ҳам Ўзбекистон ҳукуматида катта лавозимларда ишлаши ва улар Ўзбекистонга қайтарилган активларни ишлатишда иштирок этиши эҳтимоли каттадир.

Шунингдек, чақириқда давлат бошқаруви олий бўғинидаги манфаатлар тўқнашуви, пул ювиш, даромадли шартномалар, лицензия ва давлат назоратидаги мулкларни ношаффоф бўлиш билан боғлиқ қатор фактлар ва мисоллар келтирилади.

«Швейцария ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматининг коррупцияга қарши ислоҳотлар ўтказилиши тўғрисидаги оғзаки ваъдаларига умуман ишонмаслиги керак. Бу ҳукуматнинг ваъда бериши осон, ҳатто у кейинчилик бажаришни «эсдан чиқариб қўядиган» прогрессив қонунларни ҳам қабул қилади. Масалан, 2019 йилда икки йилга мўлжалланган актикоррупцион ислоҳотлар дастури қабул қилинган эди. Аммо орадан қарийб бир йил ўтса ҳамки, уни амалда бажариш аломатлари кўринмайди.

Бу эса сўз ва иш бирлиги йўқлигига яна бир далилдир. Шунинг учун Швейцария ва активларни сақлаб турган бошқа мамлакатлар Ўзбекистоннинг оғзаки ваъдалари ва ёзма мажбуриятларига эмас, балки, биринчи навбатда, амалий ишларига эътибор қаратиши керак. Шундагина активларнинг қайтарилиши жараёни реал ўсиш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш мақсадларига эришишга кўмак бўлади», дея якунланади ўзбек фаолларининг Швейцария ҳукуматига йўллаган чақириғи.

Чақириқнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Тағин ўқинг
11 сентябр 2015
Агарда, мухокама қилган бўлса, нима учун бу ҳақида оммавий ахборот агнтларида бирор марта ҳамхабар қилинмаган? Бугунги кунда, юртимизда СССР ...
18 октябр 2015
Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар! Мен бу воқеани сизларга айтмасам бир умр бўйнимда қарз бўлиб қолади. Шу сабабли узоқ ўйлаб ...
7 апрел 2020
Коронавирус шароитида кўрпанинг қатидаги пуллар аста харж бўляпти. Камбағал уч-тўрт сўм пулини тахмонга йиғилган янги кўрпанинг қатида ёки уйи ...
13 март 2019
Ўзбекистон президентининг мамлакатда катта ҳажмда аччиқ қалампир етиштириб, кейин уни хорижга экспорт қилиш орзуси биринчи йилданоқ саробга айланишига сабаб ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...