Cатира
29 март 2017

Дори нархини пасайтириш қарори уларнинг тақчиллигига олиб келди

Президент Мирзиёевнинг 7 мартдан кучга кирган қарори ортидан дори дармон тақчиллашуви билан боғлиқ жиддий муаммолар келиб чиқмоқда.

Андижон шаҳридаги ҳусусий шифохоналардан бирида ишловчи, исми шарифини ошкор этишни истамаган шифокорнинг Элтузга маълум қилишича, рўйҳатга киритилган дори-дармон воситаларининг, гўёки, дорихоналардан топилмаслиги оқибатида, икки киши ҳаётдан кўз юмган.

Унинг айтишича, беморларнинг яқинлари хуруж вақтида дорихоналардан керакли дори воситасини тополмаганлар.

Шунингдек, шифокорнинг айтишича, беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун топилмаган дориларнинг бири, қандли диабет касалига чалинганлар учун қонни суюлтирувчи «Гепарин» уколи, яна бири нафас қисганда сепиладиган  Сальбутамол бўлганини айтади. Ҳар иккала бемор ўлими Наврўздан сал илгари  юз берган.

“Қарор 7 мартдан кучга кирган, бироқ ҳозир энг асосий дорилар аптекаларда йўқ. Одамлар зарур пайтда бу дориларни тополмай сарсон бўлишяпти. Шифохонамизга ётган беморларга рецепт ёзиб берамизу, аммо бу дорилар қайси дорихоналарда бор-йўқлигини билмаймиз” дейди шифокор.

Дориси йўқ дорихоналар

Андижонда хусусий дорихоналар жуда кўп. Ҳар 50 метрга, шаҳар марказларида эса ҳатто ҳар 10 метрга биттадан дорихона тўғри келади.

Ҳар бир дорихона эгаси ҳукумат қарори билан арзонлаштирилган дорилар рўйхатини Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари федерацияси мажбурияти билан илиб қўйган, аммо дори-дармонларнинг аксарияти арзонлаштирилган нарх тугул аввалги нархига ҳам топилмаяпти.

“Авваллари қиммат бўлса ҳам аптекаларда истаган доримиз бор эди. Рўйҳатдаги нархи арзон бўлгани билан, йўқ бўлса, бунинг халққа нима фойдаси бор?” – дейди фуқаролардан бири.

У илгари нархи 55 минг сўм бўлган, 16 минг 296 сўмга арзонлаштирилган “Гепарин” уколини деб, қишлоқдан шаҳарга келганини айтади.

“Кўпчилик сўраб келадиган дори воситалари, масалан, Гепарин, Сальбутамол, Нитроксолин, булар аптекаларда февралдан бери йўқ.

Шаҳардаги бир-иккита давлат аптекаларида бўлиши мумкин, ўшандаям қолган бўлса” дейди дорихона сотувчиларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, нархи чет элда ҳам арзон бўлмаган бу дориларни арзон нархда сотишга мажбурлашмоқда, шу боис сотувда бу дорилар камёб бўлиб қолган.

Ҳусусий дорихоналарни ёпиш керакми?

Энг керакли дори-дармонларнинг бундай тақчиллашгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Айримлар хусусий дорихоналардан бутунлай воз кечиш тарафдори, чунки уларни барибир назорат қилиб бўлмаяпти.

Айрим дорихона эгалари арзонлаштирилган дори-дармонлар зарарини бошқа турдаги дори воситаларидан қоплаб олишга ҳаракат қилишяпти.

Бунинг оқибатида эса дори-дармонларнинг нархи янада ошмоқда.

Мустақил СА-News сайтининг соғлиқни сақлаш вазирлигидан иқтибос келтириб билдиришича, дори нархини оширгани учун 200 дорихона лицензиядан маҳрум қилинган ва ўн кун ичида тағин 255 дорихона ёпилади.

«Қора бозор”га кўчган дорилар

Андижон шаҳрида яшовчи Элтуз суҳбатдошларидан яна бири, президент қароридан кейин, рўйхатга кирган дорилар савдоси “қора бозор”га кўчганини айтади.

“Импорт дорилар ўзи қиммат нархда келган. Зиён кўришни ҳеч ким истамайди, шунинг учун дориларни фуқароларга сотмай, дорифурушларга пуллашяпти”, дейди у.

Айни кунларда, Андижондаги дори бозор фаолияти янада жонланган.

“Қора бозор” Андижоннинг янги шаҳар ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ердан ҳатто тақиқланган дори-дармон воситаларини ҳам топиш мумкин.

Дорифурушлардан бирининг эътироф этишича, импорт дориларни зарарига сотишни истамаган дорихоналардан ҳамкорлик қилиш таклифлари ҳам тушмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 сентябр 2015
Бундан илгари Элтуз Инсон ҳуқуқлари Альянси етакчиси Елена Урлаева билан мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг Гулистон шаҳрида икки нафар ички ...
7 июн 2024
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Жамолиддин Қаландаров Элтузни ёки унда чиққан ...
10 январ 2019
Бекободлик нашаванднинг «қийналиб етиштирган наша ўсимлиги»ни ИИБ ходимлари олиб қўйишгани ҳақидаги президент қабулхонасига 2019 йил 5 январда жўнатилган шикояти ...
2 октябр 2015
Каримовнинг мухолифи бўлган Муҳаммад Солиҳнинг машҳур сатрлари бор, – “Озодлик – ҳаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир” деган. Мен ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...