Асосий мавзулар
15 март 2018

Тўйларни тартибга солиш қарори муҳокамага қўйилди

Президент Мирзиёев танқиди ортидан 15 март куни «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарор муҳокамага қўйилди.

Мазкур қарор муҳокамаси юзасидан «Элтуз» нашрига интервью берган хоразмлик шоир Маҳмуд Ражаб ҳам президентнинг тўйларни ихчамлаштириш таклифини маъқуллашини билдирди.

«Исрофгарчилик баракани қочиради. Тўйда тўкиб егандан уйда бўкиб еган афзал», дейди у бугунги ўзбек тўйларидаги исрофгарчиликни назарда тутиб.

Ҳукуматнинг «норматив ҳужжатлар» муҳокамасига бағишланган сайтига қўйилган Олий Мажлис Сенати қарорида «оилавий тадбирлар»да чекланиши зарур ҳолатлар қайд этилган.

Хусусан, қарор лойиҳасига кўра, соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари эса соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилади.

Оилавий тадбирда лицензияга эга бўлган фақат 1 нафар санъаткор қатнашиши мумкин.

Агар диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, буни фақат адлия органида рўйхатга олинган дин вакили амалган оширади.

Тўйларда 150 нафар, ош маросимида 200 нафаргача киши қатнашади. Дафн маросими бундан мустасно.

ЗАГС пайти келин-куёвлар кортежи 2 та енгил автомобиль билан чекланади.

Арқонимиз ўзимиздан бўладими?

Қарор муҳокамасига 15 кун вақт ажратилган ва унга 30 мартгача таклиф киритиш мумкин.

Масалан, «Норматив ҳужжатлар» сайтида Боймуродов Шуҳрат исмли шахс тўй қатнашчилари регламентига оид «эътироз»ини ёзган.

«Тўй ва оилавий тадбирларда (мотам маросимларидан ташқари) 150 кишигача, ошларда 200 кишигача иштирок этиши мумкин деб белгиланяпти-ку, лекин нега тўйхоналарнинг сиғими 200 кишидан ошмаслиги белгиланмаяпти», дейди у.

Шунингдек, у «солиқ идораларига тўй ва маросимларда лицензиясиз хизмат кўрсатган шахсларга нисбатан назорат тадбирларини кучайтириш»ни таклиф этади.

Ижтимоий сайтларда ҳам Сенатнинг тўйларни чеклаш қарори аксарият қўллаб-қувватланаётганини кузатиш мумкин. Бироқ ҳамма ҳам эмас. Масалан, ўзбекистонлик рассом Лола Сайфий тўйларни чеклаш мутлақо нотўғри экани ҳақида ёзади.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда тўй анъаналаридан артистлар, ўртакашлар, флористлар, сураткашлар, операторлар, тикувчилар, ҳунармандларнинг оилалари кун кўради.

«Уларнинг ҳар бири бой оиланинг тўйида хизмат қилиб, иш ҳақини оиласига ишлатади. Озиқ-овқат, кийим-бош, дори-дармон ҳарид қилади. Болаларининг ўқиши, дарсликларини ҳарид қилишга пул сарфлайди», деб ёзади Лола Сайфий «Элтуз» нашрида босилган ўз блогида.

Олий Мажлис қарори лойиҳаси президент Мирзиёевнинг тўйларни чеклаш ҳақидаги чиқишидан кейин кўп ўтмай пайдо бўлди.

«Бош вазирдан тортиб ҳокимларгача тўй маросимларига борса қамалади», деган эди Шавкат Мирзиёев 2 март куни ижтимоий тармоқда пайдо бўлган аудиосида.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 март 2023
Бугун мен учун ва мен мансуб бўлган миллат учун азиз инсон – Совет Иттифоқининг илк ва сўнгги президенти Михаил ...
12 ноябр 2019
“Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибига кириш борасидаги позицияси қатъий эмаслигини билдириб ...
15 сентябр 2015
Ушбу сухбатни эътиборингизга хавола этишдан олдин хозирги кунда жахон хамжамиятининг эътиборини тортаётган холат, «Узбекистонда мажбурий мехнат» ва «пахта сиёсати» ...
14 январ 2016
Ўзбекистонда деярли 100 фоиз тадбиркор банкларга ишонишига ишонасизми? “Миллий тикланиш” газетасининг ёзишича, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ўтказган сўровда қатнашган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...