Асосий мавзулар
19 март 2018

СССРга қарши курашган Миртемир Мирабдуллаев оламдан ўтди

1972 йилда Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилувчи уюшма тузгани, Совет Иттифоқига қарши курашгани учун КГБ тарафидан қамоққа ташланган Миртемир Мирабдуллаев 5 март куни 78 ёшида Тошкентда оламдан ўтди.

1940 йил Тошкент шаҳридаги Бешёғоч маҳалласида туғилган Миртемир Мирабдуллаев ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида советларга қарши курашган биринчи қахрамон сифатида тарихга кирди.

2000 йили нашр этилган «Ўзбекистоннинг янги тарихи» китобининг иккинчи томида Миртемир Мирабдуллаев тузган яширин ташкилот ҳақида маълумот берилган.

«…Республикада мустақиллик, озодлик учун ҳаракат тўхтамади. 60-йилларга келиб бундай ҳаракат ташаббускорларидан бири ТошДУнинг сиёсий иқтисод кафедраси ўқитувчиси Миртемир Мирабдуллаев эди. У ўзининг бир неча ҳамфикрлари билан «Озод уюшма» деб номланган норасмий, яширин ташкилот тузади. Уюшма аъзолари Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб чиқиши ва мустақил давлат барпо қилиш, ўзбеклар бошқаларнинг ёрдамисиз ҳам ўз иқтисодиётини ривожлантиришга, мамлакатни ўзлари бошқаришга қодир, деган ғояга асосланган эди.

Бироқ «Озод уюшма» оёққа турмасдан, унинг ташкилотчиларидан бири М.Мирабдуллаев мустабид тузум томонидан қамоққа олинади ва 1971 йили 31 августда Тошкент шаҳри суди томонидан унга «миллатчи» тамғаси босилиб, жиноий жавобгарликка тортилади. Фақат Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг адолат қарор топиб, 1992 йил баҳорида М.Мирабдуллаев оқланди».

Рус шовинистларининг ерлик аҳолига паст назари

Миртемир Мирабдуллаевнинг ББС ўзбек хизмати мухбири билан 2016 йил август ойидаги суҳбатига кўра, Ўзбекистонни СССРдан ажратиб олиш ғояси, 1960-йиллар бошида шакллана бошлаган. Мирабдуллаев университетда ўқиб юрган вақтлари «ўзбек миллати русларга қанчалик қарам», «Ўзбекистон давлатчилиги формал-(номига)» каби тушунчалар ҳақида фикр юрита бошлайди.

Университетдаги коммунист рус ўқитувчилари ерлик аҳолига паст назар билан қараши, ўзбек миллати тарихини ерга уриб камситишлари Мирабдуллаев дунёқараши шаклланишига туртки берган омил сифатида эсланади.

«1963 йилнинг ёзида Иссиқкўлга дам олгани борган эдим, – деб хотирлайди қаҳрамон. – Эски номи Фрунзе, ҳозирги Бишкек шаҳри аҳолиси ўша пайтда деярли 90 фоиз руслашган эди. Автобусда кетаётган эдим. Рус миллатига мансуб 40-50 тача йўловчи бор. Йўлдан иккита қирғиз чиқишди. Йўловчилар ва қирғизлар ўртасида жанжал чиқди. Русларнинг ҳаммаси бир бўлиб қирғизларни ура бошлади. Мен қирғизларни ҳимоя қилиб жанжалга қўшилдим, охир-оқибат биз учовлонни автобусдан тушириб юборишди. Мен ҳеч қачон шовинистик қарашдаги миллатчи бўлмаганман», деб хотирлайди қаҳрамон.

Атрофда бўлаётган очиқ ва яширин шовинистик қарашлар бизларда миллатчиликни уйғота бошлади. Университетдаги кафедра мудири Виктор Николаевич Маленин очиқчасига шовинистик қарашларни ўртага ташларди.

«1966 йил… Сиёсий иқтисод кафедрасида ишлар эдим. Семинар машғулотларини ўтказиб тураман. Ўзим ҳам бошқа мутахассислар семинарларида қатнашаман… Бир куни кафедра мудири ўринбосари, доцент, эрудит мутахассис Дмитрий Столяров семинарни олиб бормоқда эди. Ўзбекистон бюджети масаласи семинар мавзуларидан бири эди. Бир гуруҳ талабалар доклад ўқишди. Адашмасам, Марков деган талаба эди. Республика дотация билан кун кўрар экан, бу миллат 3 сортдаги экан, шундай экан, бу республикани тарқатиб юбориш керак, деган шовинистик кайфиятдаги гапларни вайсаб кетди.»

Яширин миллий ташкилот

Бу воқеалар ортидан Миртемир Мирабдуллаев мустақиллик ғоясини рўёбга чиқариш учун ҳамфикрлар излай бошлайди. Аввалига келажакдаги ташкилотнинг бошқарув ядросини энг ишонган одамлар билан тўлдириш керак эди. У акаси Мирботир Мирабдуллаев ва ТошДУнинг тарих факултетида таҳсил олган Содир Салимов билан 1964- 1966 йиллар оралиғида кўришади: мустақиллик ғояси ҳақида гурунглар ташкил қилиб туради.

Асосийси, уларни руҳан бу ғояга тайёрлаш керак эди.

Ниҳоят, 1966 йилнинг 21 августида Шофайз маҳалласининг Беҳзод кўчасида жойлашган Миртемирнинг хонадонида учовлон учрашишади. Яширин ташкилотнинг умумий раҳбари этиб Мирботир Мирабдуллаевни сайлашади. Ташкилот мафкурасини шакллантириш бўйича масъул этиб Содир Салимов тайинланади. Миртемир Мирабдуллаев эса ташкилотга номзодларни қабул қилиш билан шуғулланишни зиммасига олади.

«Мен, – дейди Миртемир Мирабдуллаев,- ташкилотнинг бошқарув ядроси 5 кишидан иборат бўлиши керак, деган таклифни киритдим. Бу ядродан ташқари яна бошқа 5 кишидан иборат автоном гуруҳ ташкил қилинади. У гуруҳ орқали яна бошқа 5 кишидан иборат автоном гуруҳ пайдо бўлиб, занжирдай бир-бирига боғланиб кетавериши керак эди. Аммо маълум вақт келгунча, ҳар бир гуруҳ бошқа гуруҳдаги ташкилот аъзоларини шахсан билмасликлари лозим эди. 66-йилнинг охири 67-йил бошида Содир ва Ботир ташкилотимизга хайрихоҳ икки кишини жалб қилишди. Бу икки кишидан бири Маҳмуд Мағрупов эди. Кейинчалик физика-математика фанлари доктори. У 1991 йилнинг декабр ойида 57 ёшида қазо қилди».

Миртемир Мирабдуллаев миллий мустақиллик ҳаракати ҳақида бундай деган эди:

«Кўк бургут ҳурлик ва ботирлик тимсолини беради. Бу бургут тоғ устида учаётган вертолётга ҳам ҳужум қилиб, уни ишдан чиқариши мумкин ҳатто. Совет Иттифоқининг энг қайнаган даврида бизнинг мустақиллик ғоясини илгари суришимиз, албатта, жинниликдай туюлади. Лекин кўраяпмизки, кўк бургутга ўхшаб қилган ҳаракатимизни яқин тарих хато бўлмаганини исбот этди».

Ташкилотнинг фош этилиши

Миртемир Мирабдуллаев ўзи билан бирга ўқиган курсдошларини ҳам бу ғоя остида бирлашишга даъват қилиб бошлайди.

М.Мирабдуллаев талабалик даврида ўзбек гуруҳида ўқиётган курсдош тенгдошларининг фикрларини кузатиб боради. Баҳодир Баҳриддинов ва Қаҳрамон Ҳайдаровга ҳам мустақиллик ғоясини тарғиб қилади. Баҳодир Баҳриддинов армия сафига чақирилади.

Шунингдек, армияда бошқа ўзбек йигитларини ўрганиб, уларни ташкилот ишига жалб қилиш топшириғини олади. Баҳодир 3 йиллик ҳарбий хизматдан қайтади. Хизматдоши, андижонлик Обиджон Рустамовни Миртемирга таништиради. М.Мирабдуллаев О.Рустамов билан яккама-якка учрашади. У ҳам алоҳида беш кишидан иборат гуруҳ тузиб, ташкилотнинг буйруқларини кутиши лозим бўлади.

Абдулла Ҳожибоев 1941 йилда туғилган, тил-адабиёт факультетини тамомлаган. Ташкилотнинг энг ишончли аъзоларидан бири бўлган. М.Мирабдуллаев уни ҳақиқий ватанпарвар деб билади.

Шу билан бирга, ҳамфикрлар ичида КГБнинг «қулоқ»лари ҳам бор экан. 1971 йилнинг 28 майи, жума куни кундузи соат 12 атрофида Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари М.Мирабдуллаевни «Волга» машинасида ўтирғизиб, сўроқ қилиш учун маҳкамага олиб кетишади.

Мирабдуллаев 1971 йил ёзини КГБ ертўласида ўтказади. Ҳар кун сўроқ-дашном. Кечки вақт ухлаш олдидан эса шахсан қўмита раисининг ўринбосари Левон Мелкумов уни сўроқ қилади.

Мирабдуллаев ўшанда бу сўроқларни ўзича таҳлил қилади. Уни анча йиллардан бери кузатиб юришганини билиб қолади. У «одамзотнинг 99,9 фоизи сотқинлик табиатига эга, дуч келганда сотиб кетиши мумкин», дейди-ю афсус чекиб, «Ё, Худо, адашган бўлай бу хусусда», дейди умид билан.

КГБ камерасида Мирабдуллаев билан бирга қримтатар миллатига мансуб шоир Ленур Ибраимов ҳам ётган эди. У ЎзССР Жиноят кодексининг 4-қисми 191-моддаси бўйича, яъни совет тузумини издан чиқарувчи варақалар тарқатганликда айбланади. Кейинчалик бу модда бўйича озодликдан маҳрум этилади.

1971 йилнинг 31 августида Тошкент шаҳри суди томонидан ЎзССР Жиноят кодексининг 64 моддаси – миллатлар ўртасида низо чиқариш айби тўқилиб, Мирабдуллаев 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қизиғи шундаки, дейди М.Мирабдуллаев,- роппа-роса 20 йилдан кейин Ўзбекистон мустақилликка эришди.

2016 йилнинг 21 август куни Ўзбекистон мустақиллиги учун тузилган яширин ташкилотнинг фаолият бошлаганига 50 йил тўлган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 июл 2019
Дилором Иcҳоқова 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факультетига ўқишга кирган. Шеърлари матбуотда чоп қилинган. «Эрк» ...
8 ноябр 2022
Cotton Campaign коалицияси 7 ноябр куни эълон қилган янги матбуот хабарида Ўзбекистондаги мавжуд барча ишлаб чиқариш соҳаларида мажбурий меҳнатга ...
20 апрел 2019
20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги «Тошкент-Олмаота» трассасида автобус ҳалокатга учради. Йўловчилари аксарият ўзбекистонликлар бўлган автобус ҳалокатида камида 11 ...
12 феврал 2016
«Замондош» сайти муҳаррири бўлган Ризо Обиднинг калласи ишлаб қолди. Боши бориб тошга текканидан сўнг ишлаб кетди шекилли. Галима Бухарбаева ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...