Асосий мавзулар
2 апрел 2018

Алишер Акмаловнинг қамалиши ёки Марказий банкдаги ўйинлар

Ўзбекистоннинг иқтисодий қон томири, олтин-валюта захираларини ўзида сақловчи Марказий банкнинг яна бир юқори мулозими, 23 йил давомида собиқ раис Файзулла Муллажонов билан ёнма-ён ишлаб келган раис ўринбосари Акмалов Алишер Валиевич 2018 йилнинг 17 март куни Тошкент шаҳрида ҳибсга олинди.

Акмалов республика банк тизимидаги йирик арбоб сифатида танилган эди. “Элтуз” билан суҳбатлашган банк мулозимига кўра, банкирлар унинг исми-фамилиясини айтишдан қўрқиб, «11-нчи» дейишарди. Сабаби, туғилган куни 11 ноябрь ва Марказий банкда жойлашган кабинети 11-қаватда жой олганлиги билан ҳам ном қозонганди.

“Марказий банкнинг собиқ раиси Ф.Муллажонов Акмаловдан ниҳоятда қўрқар эди. Чунки Акмалов Президент Мирзиёев томонидан умрбод қамоқ жазосини олган МХХ мулозими Шуҳрат Ғуломовнинг энг яқин одами бўлиб, унинг барча топшириқларини сўзсиз бажариб келган. Қолаверса, Муллажонов бизнеси сир-синоятидан Акмалов тўла хабардор бўлган», дея таъкидлаган мулозимнинг ишонишича, “Акмаловга собиқ раис умуман қаттиқ гапирмаган. Барча йиғилишларда раис бўла туриб, Акмаловнинг ҳурматини жойига қўйиб келарди. Шу боис ҳам унга президент Каримовдан «Шуҳрат» медали ва «Эл-юрт» ордени олиб берган”.

“Элтуз”га маълум бўлишича, Муллажонов кадрлар ишига, валюта ва конвертация ишларига мутлако аралашмаган. Ҳеч қачон ўринбосарлари ва ходимларидан тили қисиқ бўлмаганлиги боис, банк тизимини 25 йил бошқарган.

“Элтуз” билан суҳбатлашган банк мулозими назарида “бундан фойдаланган Акмалов тизим ишининг барчасини ўз қўлига олган”.

Акмаловнинг куч-кудрати билан Марказий банк иш ҳақи, яъни ойликнинг юқорилиги бўйича республика ташкилотлари ичида биринчи ўринга кўтарилгани айтилади.

“Молия вазирлиги, Иктисодиёт вазирлиги, Президент девони ва бошқа нуфузли ташкилотларда ходимлар эрталабдан кечгача ишлаб, ўртача 1 млн. сўм оладиган бўлса, Марказий банкда ойлик 5-6 млн сўмни ташкил этди. Бунга асос ҳам бор. Ҳар байрамда камида 2 млн. сўм мукофот пули, йилига бир маротаба 13-ойлик деган мукофот пули берилади», “ дейди “Элтуз” билан гаплашган банк ходими.

Айни пайтда Акмаловнинг ойлиги 5 млн сўм, 13-ойлиги эса 25 млн сўмни ташкил этганлиги борасида ҳужжатлар мавжуд.

Марказий банк ходимининг “Элтуз”га айтишича, “Акмаловнинг қўли узун бўлишига унинг укаси Қаҳрамон Акмалов ҳам сабабчи.

Қаҳрамон Акмалов Ҳисоб палатаси раис ўринбосари бўлиб ишлаган, ҳозирги кунда эса бош вазир ўринбосаридир.

Акмалов Марказий банк раис ўринбосари бўлиб ишлаган давридаёқ банк тизимини ўз қўлига олишни мукаммал режалаштиргани айтилади.

Марказий банк раисининг бугунги кунда биринчи ўринбосари Темур Ишметов бундан бир неча йил олдин Акмаловнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Темур Ишметовнинг мансаб поғоналари

“Элтуз” суҳбатлашган Марказий банк мулозимига кўра, узоқни кўриб ишлаган Акмалов Темур Ишметовни бундан бир неча йил олдин ёрдамчи лавозимидан ички бозорни айирбошлаш, яъни конвертация бошқармасига раҳбар этиб тайинлаган.

«Ана ўшандан сўнг Акмалов ўзи учун осмонга учиш бўйича қанотларини мустаҳкамлай бошлади», дея давом этади суҳбатдош.

Сабаби, банк мулозимига кўра, ушбу бошқармада Т.Ишметов кўп йил раҳбар бўлиб, халқни қийнаб келаётган конвертация масаласида Акмалов топшириғи билан “даврим келди” қабилида иш тутиб келган.

Шунингдек, унинг билдиришича, Акмаловга конвертация масаласини ҳал қилиб беришни сўраб, мамлакатнинг казо-казо раҳбарлари доимо илтимос билан мурожаат қилиб келишган. Ушбу «илтимослар» эса Темур Ишметов орқали анча йил давомида «бажарилиб» келинган.

Орада конвертация департаментига текширув келиб, Акмалов ўзидан қўрқиб, зудлик билан Ишметовни бошқа жойга ўтказиш ҳақида бош қотиради – уни валюта департаментига раҳбар қилиб қўяди.

Ишметовнинг ўрнига эса юридик департаментда ходим бўлиб ишлаб юрган Воҳид Ҳамроқуловни раҳбар этиб тайинлайди. Воҳид Ҳамроқуловга кейинроқ тўхталамиз.

Темур Ишметов, «Элтуз»га билдирилган маълумотларга кўра, Акмаловнинг топшириғи билан ушбу департаментда валюта операцияларини амалга ошира бошлайди. Орадан анча муддат ўтиб, президент ташаббуси билан Инвестиция қўмитаси ташкил этилади.

«Акмалов Ишметовни энди Инвестиция қўмитасига биринчи ўринбосар қилиш пайига тушади. Бу, албатта, унинг учун жудаям осон иш эди. Сабаби, Инвестиция қўмитаси раислигига «Асакабанк» раиси Азим Аҳмедхўжаев тайинланган эди», дейди суҳбатдош.

Унинг тағин «Элтуз»га билдиришича, Акмаловнинг топшириғи билан Ишметов унга ўринбосар бўлади. Шу орада Марказий банк раиси Ф.Муллажонов вафот этади. Унинг вафот этиши Акмаловга қўл келади ва Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган С.Хўжаевни лавозимидан бир поғона тушириш эвазига Марказий банкка янги раис бўлган М.Нурмуродовга таклиф билан киради.

Нурмуродов унинг таклифини қўллаб-кувватлаб, Т.Ишметовни унинг ўрнига биринчи ўринбосар қилиб олиб келади. Шу зайл Марказий банк бутунлай Акмалов ва Ишметовнинг шахсий корхонасига айланади.

Яқинда «Элтуз» сайтида босилган “Марказий банкни Ишметов бошқаряптими?” сарлавҳали мақолаларда келтирилган иддаоларда жон бор эди. Ишметов лавозимга келган кунидан бошлаб конвертация бутунлай Ишметов ва Акмалов мулкига айланади.

Ана энди шу ерда Вохид Ҳамроқулов ҳақидаги ҳикояни давом эттирамиз.

Ҳамроқулов Ишметовнинг ишини давом эттираркан, Акмалов уни ҳам қўлга олади.

Воҳид Ҳамроқулов 2018 йилнинг февралига қадар конвертация бўйича Акмаловнинг асосий одамига айланади. Аслини олганда, Акмалов конвертация ишларига аралашишга мутлақо масъул эмас эди.

Ушбу бошқармани назорат қилувчи алоҳида раис ўринбосари бор эса-да, улар номигагина куратор бўлиб келган.

Конвертация «схемаси»

Марказий банк ходими «Элтуз»га конвертация бўйича тузилган коррупцион схемани қуйидагича тушунтирди. Воҳид Ҳамроқулов тижорат банкларидан кунлик конвертацияга ариза берган корхоналар рўйхатини олиб, Т.Ишметов ёнига олиб киради. Т.Ишметов уни кўриб чиқиб, Нурмуродов, Акмалов томонидан буюрилган ва ўзига тегишли корхоналарни конвертация қилинадиганлар рўйхатига киритади.

В.Ҳамроқулов бу рўйхатни олиб биржага жўнатади. Биржа ўша куннинг ўзида конвертация қилиб беради. Айни схема боис, банк ходимига кўра, мамлакатда конвертация муаммоси доимий бўлиб келган.

Банк ходими, шунингдек, «Элтуз»га конвертация масаласи бўйича коррупцион схемага бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳам аралашганини билдиради. Унинг билдирган конфиденциал маълумотларига кўра, 1 млн доллар конвертация эвазига, камида 300-350 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот олиб келинган. Шу боис Жамшид Қўчқоров, банк ходимининг айтишича, Т.Ишметовни ўзига яқин олиб, уни АҚШ ва бошқа хорижий давлатларга ёнида олиб бориб, жуда катта миқдорда конвертация қилдирган.

Шунингдек, «Элтуз» манбаси бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг Америка мактабида ўқиётган ўғлига йиллик 25 минг АҚШ долллари миқдоридаги маблағ тўланишини, Ишметовнинг йиққан бойлиги эса 300 млн АҚШ долларини ташкил этишини билдиради.

Унинг тағин «Элтуз»га билдиришича, Б.Зоҳидов ҳам анча йиллардан бери Марказий банк раис ўринбосари Акмаловнинг барча топшириқларини бажариб келган мулозимлардан биридир. Б.Зоҳидовни ҳам Акмалов олдиндан пухта тайёрлаб, аҳолига валюта сотиш бошқармасига раҳбар этиб тайинлатган эди.

Шунингдек, банк мулозими иддаосига кўра, Ўзбекистонга тўлов терминаллари ва пластик карточкаларини олиб кириш ҳам Акмаловнинг шахсий бизнесига айланган.

«23 йил давомида минглаб терминаллар конвертация орқали Ўзбекистонга кириб келган. Буни Акмалов тижорат банклари раҳбарларининг талабномаси асосида кириб келишини йўлга қўйган ва Ботир Зоҳидов орқали катта пул ишлаган», дейди у «Элтуз»га.

Унинг тағин билдиришича, Зоҳидовнинг йиққан бойлиги 50 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Банк ходимининг «Элтуз»га тағин билдиришича, Акмаловнинг асосий яқин одамларидан яна бири Ш.Ҳожизодаевдир.

«Турли лавозимларда ишлаган Ҳожизодаев МБнинг Тошкент шаҳри бошқармасига Акмалов тавсияси билан ўтган. Ўша пайтларда пойтахт банкларида кунига 1 млн. доллардан зиёд валюта сотилар эди. Ана шу валютани Ҳожизодаев Акмалов билан биргаликда ҳал қилиб келган мулозимлардан. Акмалов ва Ҳожизодаев асосий маблағни шу йиллари орттиришган», дейди банк ходими.

Банк ходимининг «Элтуз»га айтишича, Ҳожизодаевнинг йиққан бойлиги 250 млн АҚШ долларни ташкил этади.

У «Трастбанк» раиси бўлиб ишлаб юрган кезида Акмалов билан алоқани мустаҳкамлаб келган. У ўрнига Акмаловга тегишли бўлган С.Нормуҳаммедовни раҳбар этиб тайинлаган.

МБнинг Тошкент шаҳри бошқармаси омборхонасида пул ва олтин-валюта захиралари сақланади. Шунинг учун ҳам Акмалов унга фақат ўзига тегишли бўлган кадрларни раҳбар этиб тайинлаган. Ҳожизадаев кетганидан сўнг У.Баҳодиров, Ш.Шоаҳмедовлар раҳбарликка тайинланиб, Акмаловнинг топшириқларини бажариб келишган. Маълумотларга кўра, сақланаётган олтин ва пуллардан Акмалов вақти-вақти билан фойдаланиб турган.

Бундан ташқари, банклар балансида турган банкрот корхоналар бўйича ҳам, Миллий банк, «Саноатқурилишбанк» ва бошқа банклардаги корхоналарнинг сотилиши бўйича ҳам коррупцион ишлар амалга оширилган.

«Масалан, «Саноақурилишбанк» департаментининг собиқ раҳбари Рустам Қўчқоров ва Марказий банк инвестиция бошқармаси бошлиғи З.Азимов томонидан банк балансидаги корхоналарнинг сотилиши бўйича содир этилган жиноятларни Акмалов «Саноатқурилишбанк» раис ўринбосари Ш.Ёқубов орқали бости-бости қилишга ёрдам берган», дейди «Элтуз» суҳбатдоши.

Шунингдек, у Акмаловнинг ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг ўғли Бобохон Бобожоновни «Қишлоққурилишбанк»да ишлаб юрган пайтида ўз назоратига олиб, Марказий банкнинг кредит уюшмалари ва ломбардларини назорат қилиш департаментига олиб келганини билдиради.

«У ерда бир неча йил ишлатиб, инспекция департаментига директор этиб тайинлайди. Бирор хавф юзага келса Пўлат Бобожонов орқали бости-бости қилиш унинг мақсади эди. Лекин Пўлат Бобожонов ўғлининг ишига мутлақо аралашмаслигини у хаёлига ҳам келтирмаган», дейди «Элтуз»га банк мулозими.

«Бор товоғим – кел товоғим»

Банк ходимининг сўзларига кўра, аксарият тижорат банкларининг раҳбарлари Акмалов кўрсатган ва тайинлаган шахслардир.

Мамлакатда 27 та тижорат банки ва унинг 5000 мингдан зиёд филиали фаолият

Уларда Акмаловнинг одамлари ишлашини «Элтуз»га айтган банк мулозими бу шахслар ва тижорат банкларини номма-ном келтиради, улар қуйидагилардир:

Миллийбанк – С.Раҳимов, «Қишлоққурилишбанк» – Б.Муллахонов, «Ипотекабанк» – О.Мусаев, «Асакабанк» – собиқ раиси К.Орипов, Халқ банки – А.Абдуллаев, «Саноатқурилишбанк» – раис ўринбосари Ш.Ёқубов, «Трастбанк» – С.Нормуҳаммедов, «Туронбанк» – собиқ раиси Д.Орифжонов.

Хулоса шуки, республика банк тизимида бир неча йилдан буён фаолият юритган биргина Алишер Акмалов ўзининг учарлари билан мамлакат иқтисодиётига жиддий путур етказган.

Тегишли идоралар томонидан мамлакатдаги банк амалдорлари фаолиятининг назоратга олиниши, мол-мулкларининг хатланиши юзасидан «Элтуз»га етиб келаётган маълумотлар Марказий банк атрофидаги коррупциянинг нечоғли кенг қулоч ёзганлигини тасдиқламоқда.

Ботир Ражабов
Тошкентлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 сентябр 2020
«Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан»,- деди бугун эрталаб қишлоқдошларимдан бири. ...
9 апрел 2021
Бундан 9 кун олдин муттасил калтаклаш ортидан молхонада осилган ҳолда топилган ҳомиладор келин Мухлиса Қадамбоева мавзуси 9 апрель куни ...
1 март 2017
Ўтган ҳафта Киев суди Ислом Каримовнинг беваси Татъяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаевни Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция талаби билан бир ...
12 октябр 2021
Қорақалпоғистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов наркотик модда ташлаб қўйилиши ортидан уйдирма айбловлар асосида тўққиз йилдан ортиқ қамоқда ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...