Асосий мавзулар
23 май 2018

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат: сиёсий ирода бордек, аммо ечим қийин кечмоқда

Ўзбекистонда 2017 йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш жуда сезиларли даражада камайганига қарамай, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами кенглигича қолмоқда.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми томонидан мазкур мавзуда ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисобот хулосалари шундан далолат беради.

Умуман, ташкилот ҳисоботидан ҳали мамлакатда мажбурий меҳнатни тугатиш учун қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўплиги англашилади.

Халқаро ҳамжамиятнинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйишга доир кўплаб йиллик чақириқларига жавобан Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда бир қанча ижобий ишларга қўл ургани бор гап.

Хусусан, айнан шу сабабли мамлакатда болалар меҳнати аввалги йиллардагига қараганда кескин камайди.

Аммо ҳисоботда ҳукуматнинг мажбурий меҳнатга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлари бўш ва юзаки экани таъкидланади.

Бу хулосаларда жон бор. Жумладан, ўтган йили бош вазир буйруғи билан тиббиёт ва таълим муассасалари вакиллари пахта даласидан қайтарилган бўлса-да, мажбурий меҳнатга асосланган амалиёт ҳажми камаймади.

Айниқса, бюджет ташкилотлари ходимларини ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган жамоат ишларига мажбуран жалб қилиш 2018 йилда ҳам кенг кўламда давом этди.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ўқитувчи Диана Еникееванинг фожеали ўлими сабаблари бевосита мажбурий меҳнатга бориб тақалади. Бу воқеа жамиятда ва ижтимоий тармоқларда катта акс садо берди.

Мазкур акс садолар таъсири, қолаверса, жаҳон ҳамжамиятининг талаблари президент Шавкат Мирзиёевни барча бўғиндаги раҳбарлардан мажбурий меҳнатни тўхтатишни талаб қилиб очиқ баёнот беришга мажбур этди, дейишга тўла асос бор.

Шундан сўнг жойларда мавзу бўйича турли машваратлар бўлиб ўтди, ҳукумат мажлисида шу масала кўтарилди. Бу тадбирлар давомида вазирлар, вилоятлар ҳокимлари тиббиёт ва таълим муассасалари вакилларини мажбурий меҳнатга жалб этмаслик ҳақида ваъдалар беришга мажбур бўлди.

Эътибор қилинса, бу мажлислардаги ваъдалар шифокорлар, ўқитувчилар, талабалар ва мактаб ўқувчилари билан чекланди. Бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий меҳнатдан ҳимоялаш ҳақида бирорта сўз айтилгани йўқ.

Шунга қарамай, жорий йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда барча даражадаги раҳбарларга фуқароларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш топширилди.

Инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай жойда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.

Бош прокуратурага мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун назоратни кучайтириш, бунга айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш топширилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида тиббиёт ва таълим соҳаси вакилларининг мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлари бирмунча яхшиланган бўлса-да, сўнгги вақтларда мажбурий меҳнат бошқача кўриниш ола бошлагани кузатилмоқда.

Энди бошқа бюджет ташкилотлари, хусусан, илгари мажбурий меҳнат ва уни назорат қилишни ташкиллаштиришга билвосита ҳисса қўшиб келган банклар, божхона идоралари ходимларининг ўзи мажбурий меҳнат қурбонларига айланаётир.

“Озодлик” радиоси сайтида эълон қилинган қуйидаги хабар ҳам бу фикримизни тасдиқлайди:

“Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл шаҳридан ёзмоқдаман. Банк ходимиман. Ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб этиш тақиқлангач, биз – банкирлар балога қолдик. Маҳаллий ҳокимиятнинг топшириғи билан уйма-уй юриб, ноқонуний қурилган иморатлар ва аҳолининг яшаш тарзини ўрганиб чиқмоқдамиз. Фермерларга эса аччиқ қалампир экиш бўйича шартномалар қилдирмоқдамиз. Шўр ва зах ерларда қалампир етиштириш имконсизлиги маълум. Аммо шуни кўра-била туриб, виждонимизга қарши бориб, фермерларни бунга мажбурламоқдамиз. Ўқитувчи ва шифокорларни ҳимоя қилган раҳбарият биз – банкирларни ҳам ҳимоя қилсин. Ҳамма ўз вазифасини бажариши керак!”.

Шунингдек, “Озодлик” радиоси Фарғона вилоятида божхона ходимлари вилоят ҳокими буйруғи билан 10-11 май кунлари Фарғона-Олтиариқ магистрал йўлини супуриш, йўл бўйидаги бетон ариқлар ичини тозалаш ва дарахтларни оқлашга жалб қилингани ҳақида ҳам хабар тарқатди.

«Божхоначи деган номимиз бор, кўчада ариқ тозалаб юриш бизга ярашадими? Бошқарма бошлиғи Азимовнинг топшириғи билан кеча ва бугун “ҳашар-элга ярашар” деган шиор билан ариқларни, йўлларни супуриб, чопиб, дарахтларни оқлаб юрибмиз. Шуниси қизиқки, бирор бир шахс, “Сизлар кимсизлар, қайси ташкилотдан келиб ишлаб юрибсизлар”, деб савол берса, “Биз кўнгилли маҳалла фаолларимиз”, дея жавоб берасизлар, деб уқтиришди. Формани ечиб уйда киядиган кийим билан юриш буюрилди»,- деган божхона ходимларидан бири “Озодлик” билан суҳбатда.

Эътиборли жиҳати шундаки, божхоначиларга бундай ишлардан бош тортсалар, ишдан ҳайдалиш билан таҳдид қилинган.

Яқин-яқингача шифокорлар ва ўқитувчию талабаларни мажбурий меҳнатга ундашга ҳисса қўшганларнинг ўзлари бугун шу иллатнинг қурбони бўлаётганини “қайтар дунё” дея истеҳзо қилиш инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик, албатта.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётганига яна бир исбот куни кеча президентнинг Андижон вилоятига сафари давомида ўқитувчилар одамларни кўчага чиқармасликни назорат қилишга жалб этилганидир.

Новости Узбекистана” сайти бош вазир Абдулла Арипов яқинда ўтказган видеоселекторда ишчиларни ҳашар ва дала ишларига мажбурлаган раҳбарларга энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан уч баробаригача (энг кам иш ҳақи – 172 240 сўм) миқдорида жарима солинишини айтгани ҳақида ёзди.

Бу сумма раҳбарларни мажбурий меҳнат борасидаги қонунбузарликлардан қайтаришига ишонч йўқ. Чунки бунча пул улар учун карнайчидан битта пуфдек гап.

Ўтган йили моҳиятан мажбурий меҳнатга жалб этишга бағишланган йиғилишдаги ҳақоратлари учун 5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилган Андижон шаҳри ҳокими ҳали ҳам от устида экани ва зўғумларини давом эттираётгани бунга мисолдир.

Савол туғилади, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш жараёни нега бунчалик қийин кечмоқда?

Назаримизда, гап шундаки, мажбурий меҳнат тизими мавжуд сиёсий тузумнинг ўзининг айрим муаммоларини ҳал қилиш механизмига айланиб кетган.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати бу муаммога ечим топишда сиёсий ирода кўрсатишга уринаётганига қарамай, уни бирданига тугатишнинг имкони топилмаётган кўринади.

Сардор Азим
Eltuz.com

«Биз Куркканимиздан пахта терамиз» Ҳисоботни ўзбек тилида юклаш

«Мы собираем хлопок из-за страха» Доклад скачать на русском языке.

Тағин ўқинг
8 ноябр 2023
Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасида бой отага нечанчидир хотин бўлган аëлнинг эмизикли боласини кундоши қайноқ сувга чўкдириб ўлдиради. Ойбекнинг ...
14 март 2022
Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, сўнгги кунларда минглаб россияликлар гала-гала бўлиб Россияга нисбатан қўлланилаётган санкциялардан қочиб, Ўзбекистон пойтахтига кўчиб кела ...
10 январ 2020
2020 йил 8 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Чилонзор тумани судида коллеж ўқувчилари Мақсуд Қосимов ва Азизбек ...
6 декабр 2022
“Қонунлар тугаган жойда зулм ва тирания бошланади”, деган эди 17-асрда Британия бош вазири бўлган давлат арбоби ва ҳуқуқшунос Уилям ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...