Асосий мавзулар
12 октябр 2018

Гулноранинг сейфидан 38 $ миллионлик заргарлик буюмлари чиққан

Женеванинг Lombard Odier банки сейфларидан топилган ва Гулнора Каримовага тегишли экани айтилаётган қимматбаҳо заргарлик буюмларининг қиймати 38 миллион франкка етади. (100 Швейцария франки – 101.18 АҚШ долларига тенг. Фото: Швейцариядаги ўзбек диссиденти Сафар Бекжоннинг фейсбукдаги саҳифасидан).

Бу ҳақда хабар берган Tages Anzeiger газетасининг ёзишича, қимматбаҳо буюмлар Швейцария ҳуқуқ-тарибот органлари томонидан 2016 йилда ўтказилган тинтув вақтида топилган.

Гулнора Каримова 2013 йил охиригача БМТнинг Женевадаги қароргоҳида Ўзбекистоннинг доимий вакили лавозимида ишлаган ва бу ерда киборларча ҳаёт кечирган. Унинг барча харажатларини эса Швейцариянинг Цуг кантонида (вилоятида) рўйхатдан ўтган фирма тўлаган.

Газета бу фирманинг номи ўз вақтида Ўзбекистонда маълуму машҳур бўлган Zeromax эканини билдирмоқда.

2013 йилда Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовани пул ювишда шубҳа қилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатган ва мамлакат банкларида сақланаётган 800 миллион франк пулини музлатиб қўйган эди.

2015 йилда Цуг кантонида рўйхатдан ўтган Zeromax компанияси 2010 йилда банкрот бўлган ва ўзидан 6,5 миллиард франкка тенг улкан қарз қолдирган. Натижада Германия ва Швейцариянинг ўнлаб ширкатлари катта зарар кўрган.

Бу компаниялар Г.Каримовани Zeromax нинг ҳақиқий эгаси деб билади ва унинг Швейцарияда музлатилган пулларининг бир қисми кўрилган зарарларни қоплаш мақсадида ўзларига берилишини истайди.

Аммо марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи Zeromax нинг ўзига тегишли экани ҳақидаги хабарларни ҳар доим рад этиб келган.

Tages Anzeiger газетаси эса Гулнора Каримованинг айрим харажатларини айнан Zeromax тўлаб берганини ёзмоқда.

Маълум бўлишича, Г.Каримова Швейцарияда муҳташам вилладан ташқари унча катта бўлмаган, лекин жуда қимматбаҳо заргарлик буюмлари коллекциясига ҳам эга бўлган. Масалан, биргина қизил бриллиант ва олмослар билан безатилган узукнинг қиймати 19,5 миллион франкка тенгдир.

“2016 йилда тинтув вақтида аниқланган бу бойликлар учун тўловларни яна ўша Zeromax тўлаган, деган хулосага келиш учун барча асослар бор эди”, деб ёзади газета.

Қолаверса, Zeromax орқали Гулноранинг вилласини таъмирлаш харажатлари тўланган, 2006-2009 йилларда 365 миллион франк маблағ офшор компанияларга ўтказиб берилган.

Гарчи Гулнора Каримованинг исми Zeromax ҳужжатларида учрамаса-да, прокуратура фикрича, турли ҳисоб рақамлари ва бошқа молиявий ҳужжатлар мазкур компаниянинг ҳақиқий эгаси айнан унинг ўзи эканидан далолат беради.

Ҳозирги кунда Г.Каримова Ўзбекистонда қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унинг музлатилган маблағларини эса Швейцария Ўзбекистон ҳукуматига қайтаришга қарор қилгани маълум қилинмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу маблағларнинг Ўзбекистон ҳукуматига қайтарилишини маъқулламаяпти. Уларнинг фикрича, бу активларнинг қайтадан ўғирланиши хавфи сақланиб турибди.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 май 2016
Ўзбек расмийлари миллий тил ривожи ва рағбатини ҳукумат фармонлари, қарорлари билан очилган университет ва унинг таркибида очилган ўзбек тили ...
19 май 2020
Лейтенант чиқиб, «Бу ерда тўпланишиб туришма, тез кетиш», деб милисахона эшигини ëпди. Ҳаëтилланинг олди айнагига стикер ëпиштирилган  «Дамаси»га Абсаттор ...
3 август 2020
Ўзбекистоннинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги кампанияси диққат маркази мамлакатнинг пахтачилик саноатини халқаро бойкот қилишга қарши курашишга қаратилган, дея ...
3 январ 2017
Турк матбуотига кўра, террорчи хотини ва икки фарзанди билан 2016 йилнинг 20 ноябр куни Қирғизистондан Истанбулга учиб келган. Матбуот ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...