Асосий мавзулар
14 январ 2019

ДХХ инқирози. Янги раҳбарият эски назоратини давом эттирмоқда

Қуйидаги мақолада келтирилган маълумотлар Давлат ҳавфсизлик хизмати таркибида ишлайдиган шахсдан келиб тушди. Ўзбекистон каби ёпиқ мамлакатда давлат органлари кўп ҳолларда мустақил журналистларнинг саволларига жавоб бермайди. Айни мақоладаги баъзи иддаолар юзасидан расмийлардан изоҳ ола олмадик. Шунга қарамай, биз олинган маълумотларни нашр этишга қарор қилдик ва муқобил маълумотларни тақдим эта оладиганлар билан гаплашишга тайёрмиз.

Ҳозирда ДХХ ертўласида тергов қилинаётган Жаҳонгир Эгамов ўз раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг энг содиқ ва ишончли шахсларидан бири эди, дейди “Элтуз” билан ёзишма олиб борган ДХХ зобитлари.

Уларнинг қайд этишича, ДХХ раисининг 46 ёшли биринчи ўринбосарининг ҳибсга олиниши Ихтиёр Абдуллаев бир йил ичида қурган пирамидани бутунлай ўпириб юбориши мумкин.

Ихтиёр Абдуллаев бу пирамидани қуришдан Ўзбекистондаги энг қудратли ташкилотни  ўз назоратига тўлиқ олишни мақсад қилган эди.

“Мутлақ ҳокимиятни қўлга киритиш ва Иноятов изидан бориш, яъни мамлакат раҳбариятига қарши маълумотлар тўплаб, уларни шантаж қилиш йўли билан ўлгунга қадар ўз курсисида қолиш иштиёқи Ихтиёр Абдуллаевга тинчлик бермасди ва у ҳаракатга тушди,” дейди МХХ ходими.


Президент Мирзиёев ДХХ ўзи устидан ҳам назорат ўрнатганидан ғазабга келган эди

ДХХ раиси қурган пирамида

Ўз карьераси ва ҳаттоки ҳаёти хавф остида қолишидан қўрқиб исмини ошкор этмасликни сўраган ДХХ зобитининг маълум қилишича, Рустам Иноятов ўрнига ДХХ раиси этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаев ишини, аввало, хавфсизлик ва бошқа қудратли тизилмаларга ўз шогирдлари ва яқинларини жойлаштиришдан  бошлади:

  • Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси Жаҳонгир Эгамовни ўзига биринчи ўринбосар этиб тайинлади;
  • ДХХ Тергов бошқармаси бошлиғи этиб Тошкент шаҳри прокурори ўринбосари Аброр Абдуллаевни қўйди;
  • МХХдан четлатилган божаси Алишер Эшонхўжаевни ўзига маслаҳатчи қилиб олди
Ихтиёр Абдуллаев
ДХХ раҳбари

(ДХХ Махсус текширув бошқармаси ходими берган маълумотга кўра, 2014 йилда наркотиклар савдосига алоқадорликда гумонланиб, хавфсизлик тизимидан четлатилган Алишер Эшонхўжаев Тошкентдаги Miran International меҳмонхонасининг қўриқлаш хизматига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Биринчи президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримовага тегишли ушбу меҳмонхонага Алишер Эшонхўжаев ўша пайтдаги президент девони Ишлар бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров кўмагида жойлашган эди);

  • Бош прокуратурадаги муҳим постларга ўз қариндошлари ва яқинларини жойлаштирди.  

“Бу ерда бир фактни алоҳида қайд этиш керак, Ихтиёр Абдуллаев МХХга келганидан кейин бу идоранинг энг қудратли ҳисобланган ички хавфсизлик ва шахсий таркиб фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи этиб президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров тайинланди,” дейди ДХХ зобити.

Кўп ўтмай, Ихтиёр Абдуллаев Отабек Умаровнинг доимо президент хавфсизлигини таъминлаш билан бандлигини баҳона қилиб, уни бошқа бўлинмага ўтказишга муваффақ бўлади.

“Лекин (Абдуллаевнинг) бу хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Бу бошқарманинг қудратини яхши тушунган Мирзиёев унга ўзининг ишончли одами, ҳақиқатан ҳалол инсон Мухтор Мирзиёевни қўйди.  Шу билан Абдуллаевнинг хурсандчилиги тугади”, дейди ДХХнинг Махсус текширув бошқармаси ходими.

Бахтиёр Абдусаматов
Cобиқ Юнусобод тумани ҳокими

Мирзиёев ва оиласига қарши компромат

ДХХ зобитининг даъво қилишича, Ихтиёр Абдуллаев илк навбатда ўзининг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовни Мухтор Мирзиёевга қарши қайрашга ўтади.

“Абдуллаев рухсатисиз ҳожатхонага ҳам бормайдиган ва ДХХда тезкор фаолият қандай бўлишини яхши тушунмайдиган Жаҳонгир Эгамов нима қилиб бўлмасин Мухтор Мирзиёевни раҳбариятга ёмонотлиқ қилишга ва унга қарши компромат тўплашга ўтди,” дейди ДХХ зобити.

Жаҳонгир Эгамов фаолияти президентнинг жияни бўлган Мухтор Мирзиёевга компромат тўплаш билан чекланиб қолмайди.

“Шулар билан бирга, Жаҳонгир Эгамов Абдуллаев топшириғи билан бошқа бўлинмалардан ўтган тезкор ходимларга президент Мирзиёев ва унинг оиласини ёмонотлиқ қилувчи фактларни тўплашни буюрди,” дейди “Элтуз” билан ёзма суҳбатда МХХ зобити.

Ўтган йил октябрь ва ноябрь ойларида ижтимоий тармоқларда “Непотизм” сарлавҳаси остида президент оиласини танқид қилувчи туркум мақолалар нашр этилди.

МХХ зобитининг маълум қилишича,  бу мақолалар айнан Ихтиёр Абдуллаев топшириғи билан ДХХ ходимлари томонидан тайёрлангандир.

“Сўнгра улар президент Мирзиёевга тақдим этилди ва шу тарзда мақоладаги фактларни текшириш учун ундан рухсат олинди. Абдуллаев маълумотларни текшириш баҳонасида президент оиласи ортидан кузатувни бошлаб юборди,” дейди МХХ ходими.

Аммо парда ортидаги бу ҳаракатлар  ички хавфсизлик ва шахсий таркиб фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи назаридан четда қолмади.  

2018 йилнинг декабрида Мухтор Мирзиёев амакиси Шавкат Мирзиёевга ДХХ раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида ҳисобот беради.

Ҳасан Эшонхўжаев 

Зелимхон Ҳайдаров куёвининг ҳисбга олиниши

2018 йилнинг 7 сентябрида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов 400 минг доллар пора олаётган пайтда ДХХ тезкор ходимлари томонидан ушланди.

43 ёшли Абдусаматов порани ер участкалари ажратиб бериш учун олаётган бўлган.

Ўзбекистондаги энг қудратли шахслардан бири ҳисобланган Зелимхон Ҳайдаровнинг катта опасига куёв бўлган Бахтиёр Абдусаматов атиги бир йил муқаддам бу туманга ҳоким этиб тайинланган эди.

ДХХ ходимларига кўра, айнан Бахтиёр Абдусаматовни тергов қилиш жараёнида президент Мирзиёев ва унинг оиласи ортидан кузатув олиб борилаётгани ва бошқа коррупцион жиноятлар ошкор бўлган.

Тадбиркорлар – мўмай даромад манбаи

“Аthletika” соғломлаштириш комплекси 
ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан

2018 йилнинг 29 мартида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилди.

Ушбу қонунда ДХХ Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Аммо қонуннинг алоҳида бандида ДХХга давлат идоралари, жамоатчилик ташкилотлари ва тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ваколати берилмагани таъкидланган.

Лекин, “Элтуз” суҳбатлашган ДХХ зобитлари иддаосига кўра, Ихтиёр Абдуллаев ДХХдаги раҳбарлик фаолиятини қонуннинг айнан шу бандини бузишдан бошлади.

“И. Абдуллаев президент билдирган тўлиқ ишончдан руҳланиб  ва мутлақо жазоланмаслигини ҳис қилган ҳолда ўтган қисқа вақт ичида битмас бойлик тўплади,” деб ёзади ДХХ зобити ва, ўз назарида, аниқ фактларни келтирди.

“Элтуз”да бу фактларнинг ҳаққонийлигини тўлиқ аниқлаш имкони йўқ. Лекин жамоатчилик учун аҳамиятини инобатга олиб, қуйида уларни ДХХ зобити тақдим этганидек баён этишга қарор қилдик:

  1. Генерал Ҳаёт Шарифхўжаев (МХХ раисининг ўтган йил март ойида қамоққа олинган собиқ ўринбосари – “Элтуз”) терговда бўлганини билган Ихтиёр Абдуллаев унга яқин бўлган бизнесменларни Тошкентдаги “Атлетика” спорт ва соғломлаштириш комплексини ўзининг яқин дўсти, ДХХ зобити Улуғбек Азимовнинг ўғиллари Илёс ва Илҳом номларига ўтказиб беришга мажбурлади;

2. Генерал Ҳаёт Шарифхўжаевга яқин бўлган бизнесмен Овик Мкртичан номида бўлган Тошкентдаги Тельман паркини ўзининг яқин дўсти Улуғбек Азимовнинг ўғиллари Илёс ва Илҳомлар номига ўтказиб берди;

3.  Тошкентнинг эски ТошМи мавзеси яқинида жойлашган Азия Альянс банки ёнидаги Овик Мкртичанга тегишли бўлган офис тортиб олинди.

(“Элтуз” изоҳи: Текширувлар натижасида ака-ука Азимовларнинг Панама-ликс рўйхатида Ўзбекистондан пул ювган шахслар сифатида қайдга олингани аниқланди).

4. Адлия бошқармаси ходимаси, Улуғбек Азимовнинг аёли бўлган Зуҳра Азимова ҳамкасблари орасида порахўрлиги билан танилганди. Ўзбекистон бош прокурори Рашитжон Қодиров ҳисбга олинар экан, Зуҳра Азимова устида қора булутлар ўрлай бошлади. Аммо, МХХ зобитининг маълум қилишича, Ихтиёр Абдуллаев ўз дўстининг хотинини секингина ишдан бўшатиб олди ва қамоқдан сақлаб қолди.

5. Юқорида кўрсатилган фактлардан ташқари, МХХ зобитининг даъво қилишича, Ихтиёр Абдуллаев биринчи президент Каримов оиласига яқин бизнесмен Журъат Мелиқуловни қамоқдан озод этиш учун ундан  Мирзо Улуғбек туманидаги қўшниси, собиқ давлат мулозими Нодир Хонов орқали 5 миллион доллар олган.

(Шунча пора эвазига Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводининг собиқ директори Журъат Мелиқулов очиқ тартибдаги жазони ўташ муассасасига ўтказилган ва 2019 йилнинг июнь ойида бутунлай озод бўлиши кутилмоқда. Нодир Хоновнинг яқин дўсти бўлган Журъат Мелиқулов бутунлай озод этилса, яна 5 миллион доллар беришни ваъда қилган).

6. Ихтиёр Абдуллаев яна Нодир Хонов воситасида бир пайтлар  Рустам Иноятовга яқин бизнесмен ҳисобланган Файзулла Мирзаев устидан жиноят иши очмаслик ва уни келажакда ҳам ҳимоя қилиш учун 10 миллион доллар пора олган.

(Файзулла Мирзаев МХХ собиқ раиси Рустам Иноятов ҳимояси остидаги бизнесмен бўлган)

7.  Ихтиёр Абдуллаев ўз божаси Алишер Эшонхўжаев орқали тергов ишини тўхтатиш ва ҳибсдан озод қилиш ваъдаси билан Марказий банк бошлиғининг ўринбосари Алишер Акмаловдан 25 миллион доллар олган. МХХнинг Ўзбекистондаги банк тизими устидан назоратчиси бўлган Алишер Акмалов декабрь ойида ҳибсдан озод этилди.

(Алишер Эшонхўжаев Ўзбекистондаги бизнес ва ҳокимият доираларида “полтинник” лақаби билан танилган. Бу лақаб унга  МХХда ишлаб юрган пайтлари ҳар қандай ишни “ёпти-ёпти” қилиши учун камида 50 минг доллар олгани учун берилган.)

8. Ихтиёр Абдуллаев тошкентлик ака-ука тадбиркорлар Обид ва Олим Баҳромовлардан улар устидан қўзғатилган жиноят ишини ёпиш учун ўғли Даврон Абдуллаев орқали 2 миллион доллар олган. Ака-ука тадбиркорларга тегишли қимматбаҳо машина ҳозирда Даврон Абдуллаев номига ўтказилган. 2018 йил июнь ойида ҳибсга олинган ака-ука Баҳромовлар ноябрь ойида озод этилди.

Обид ва Олим Баҳромовлар

Прокуратура нега жим?

ДХХ Махсус текширув бошқармаси зобитининг айтишича, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев бош прокурор Отабек Муродовнинг “қўли ва оёғини боғлаб ташлаган”.

У   МХХ раиси бош прокурорлиги пайтида ва ҳатто ундан кейин прокуратура тизимига ўзининг одамларини жойлаштириб қўйганини билдирди.

“У ерда, билишимча, энг асосий бошқармалар терговга боғлиқ бошқармалардир. Биринчиси, 18-бошқарма. У ерда Шоҳмуҳаммадбек Муҳаммеджанов бошқарма бошлиғидир. Отабек Муродов унга ортиқча гапира олмайди. Иккинчи бошқарма –  21-бошқарма (коррупция). У ерга Ихтиёр Абдуллаев ўз божасининг акаси бўлган Ҳасан Эшонхўжаевни жойлаштирган. Юриспруденцияни умуман тушунмайдиган бу одам хонасида ўтириб ДХХга ахборот сиздириш билан банд. Қолаверса, ўзига у ёки бу воқеа сабаб ёқмай қолган бизнесменлар ва оддий фуқароларга қарши сохта рапортлар тўплаб, ўч олиш билан оворадир,” дейди ДХХ Махсус текширув бошқармаси ходими.

2018 йил октябрь ойи бошида президент Шавкат Мирзиёев 40 ёшли Рашид Раҳматовни бош прокурор ўринбосари этиб тайинлади.

“Элтуз” суҳбатлашган ДХХ ходимларининг иддао қилишича, Ихтиёр Абдуллаевга бош прокуратурадаги вазият бўйича айнан Рашид Раҳматов маълумот бериб туради.

“Отабек Муродов президентга тўғридан-тўғри маълумот беришидан қўрқиб, Ихтиёр Абдуллаев мана шундай четлаб ўтиш йўлни тутган. Рашид Раҳматов Ихтиёр Абдуллаевнинг одами,” дейди ДХХ ходими.

Сўнг сўз ўрнида: “Элтуз” ДХХ корридорларида давом этаётган ички курашлар ва уларнинг Ўзбекистон ҳаётига таъсирини ёритишда давом этади.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 июн 2018
Учкўприк тумани ҳокимлиги мажлислар залида Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Светлана Егорова иштирокида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ...
22 июн 2018
Aввaллaри Туркия бизнинг Мaркaзий Oсиё дaвлaтлaри вa турк oлaми учун сиёсий, ижтимoий вa иқтисoдий мoдел бўлишини oрзу қилaрдик. Биз ...
22 апрел 2017
Россиялик мухолифатчи блогер Алексей Навальнийнинг фикрича, таги ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов турли йўллар билан пора берганини яширмоқчи. Апрел ...
12 март 2018
Бобомурод Абдуллаевга устидан бошланган суд жараёни бугун нафақат ўзбекистонликлар, балки турли давлатлар ҳукуматлари, инсон ҳуқуқлари ва журналистлар ташкилотлари диққат ...
Блоглар
18 сентябр 2019
Шу кунларда ЎзА журналисти Анора Содиқова ўзбек тилининг Ўзбекистонда ривожланишини қўллаб чиқишлар қилди. Таниқли ўзбек ...
11 сентябр 2019
Ибтидосида айтай, мен шоир ёки бастакор, ё-да ҳофиз эмасман. Шеърга ўхшаган бир нарсаларни ёзиб, уларга ...
6 сентябр 2019
“Орамиздан чиқса гар миллатни яхши севгувчи, биз они душмон билиб, таффонча бирлан отамиз”. Бу мисраларни ...