Асосий мавзулар
6 август 2021

Тожикистон манфаатига жосусликда айбланган маҳкум аризаси суд ҳукми йўқлиги учун кўриб чиқилмаяпти. Суд ҳукми эса унга ҳеч қачон берилмаган.

Тожикистон манфаатлари учун жосусликда айбланган сурхандарёлик Абдуғани Эрдонов 9 йилдан буён қамоқда қолмоқда. 63 ёшли Эрдонов қамоққа олингунга қадар кичик қурилиш фирмасида ишлаган. 

2013 йил декабрда у жосуслик ва қўпорувчилик каби жиддий айбловлар билан 16 йилга қамалди. Аммо ишдаги ягона “далил” ундан қийноқлар остида олинган кўрсатмалар эди. 

Тергов гуруҳига раҳбарлик қилган, ўша пайтда МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи подполковник Нодир Тўрақулов 2018 йилда судланиб, ҳозир қамоқда ўтирибди. 

Абдуғани Эрдонов хусусий қурилиш фирмасида ишлаб туриб қандай сирларни билиши мумкинлигини ҳали ҳам тушунмайди. Нодир Тўрақулов нафақат Эрдоновни, балки унинг ундан ортиқ қариндошини, жумладан, уч ўғлини ҳам қамади. Ўғиллардан бири отаси билан ҳамон қамоқда. 

Жаслиқ турмасида ўтказилган беш йил давомида соғлиғидан ажралган Эрдонов Шерободдаги манзил колонияга ўтказилди ва ҳозир ҳам ўша жойда қолмоқда.

У кўп йиллар давомида Ўзбекистон Олий судига ўзининг ишини қайта кўриб чиқишни сўраб бесамар ҳаракат қиляпти. 

4 август куни телефон орқали “Элтуз” билан суҳбатлашган Абдуғани Эрдоновнинг айтишича, Омбудсман офисига жўнатилган охирги шикояти 2021 йил апрель “суднинг ва аппеляция инстанцияси тасдиқланган хужжатларнинг тулиқ нусхалари илова қилинмагани” учун қайтарилган.

Мантиқсизлик шундаки, Эрдонов на тергов, на суд ҳужжатларини ҳеч қачон олмаган. 

“Қўлимизда айблов ҳулосаси йўқ, суд ҳукми йўқ, чунки бу ҳужжатлар менга ҳеч қачон қўлимга берилмаган. Шунинг учун шикоятимиз кўриб чиқилмайди”, деди Эрдонов “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг давлат амалдорлари, жамоатчилик вакиллари тез-тез хабар олиб, тиббий ёрдамлар кўрсатилган эди, бироқ унинг озодликка чиқарилиши масаласи ҳамон муаллақ қолмоқда.

”Бирор бошқа ўзгариш бўлгани йўқ. Тожикистон фойдасига жосус қилиб тайёрлаб жўнатилган, 100 минг доллар ваъда қилинган, дейдилар. Лекин эндиликда Тожикистон билан дўстлик, борди-келди яхши. Тожикистонда бирор сир бўладиган бўлса, ҳозир ҳаммаси очиқ бўлиб қолди. Нима сир қолганини билмаймиз, яна қанча ўтирамиз, униям билмаймиз. Нодир Тўрақулов умрбод (қамоқда) қолиб кетди, қолганлар ҳам жазосини оляпти. Биз айбимиз қаердалигини билмаймиз”, дейди Эрдонов.

Эрдонов 2020 йил 21 октябрда Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Одилжон Иминов билан учрашганини “Элтуз”га билдирган эди.

«Менинг етти йиллик орзуим амалга ошди. Шу пайтгача (ҳукуматдан) бир инсон мен билан гаплашмаган эди. Бир соатча гаплашдик. Юрагимдаги ҳамма гапларимни айтдим”, деган эди Эрдонов “Элтуз”га берган интервьюсида.

Сенатор Иминов унга Эрдоновлар масаласи Сенат раиси Танзила Норбоева назоратига олингани, айни масалани кўриш мақсадида у билан суҳбат қилгани келганини айтган эди.

2020 йилнинг февралида ўтиши керак бўлган суд апрелга сурилди. Кейин эса коронавирус карантини боис номаълум муддатга қолдирилди.  

Бу орада Эрдоновлар оиласига қарши иш қўзғаган МХХ подполковниги Нодир Тўрақуловнинг ўзи ҳам 2018 йили ЖКнинг 11 моддаси, жумладан, тамагирлик, ўзлаштириш, порахўрлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, айбсизларни жавобгарликка тортиш, қийноқлар қўллаш, ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланиб 16 йилга қамалди.

“Тожик қўпорувчилари” иши: Эрдоновлар оиласи тарихи

Биз 1997 йилда бутун оиламиз, қарийб 40 киши Тожикистондан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманига кўчиб ўтдик, – дейди ўз оиласининг фожеали тақдиридан “Элтуз”га ҳикоя қилган Раҳмонали Эрдонов. – Ҳамма ишларди, кимдир тадбиркорлик, хусусий таксичилик билан шуғулланди, дўкон очишди, эркакларнинг бир қисми тирикчилик илинжида Россияга кетди. Қариндошлари билан алоқаларни сақлаб қолишиб, Тожикистонга тўй-маъракаларга бориб туришди.

“Биз Ўзбекистонга қайтишдан хурсанд эдик, – ҳикоясини давом эттиради Раҳмонали, – чунки биз ўзбеклармиз. Гарчи бизга “кўк паспорт” (фуқаролиги йўқ шахснинг мақоми) берилган бўлса-да, яхши ўрнашдик”.

Бало кутилмаганда келди – 2012 йил май ойида ота томондан қариндошлар Бахтиёр Аллонов ва Зокир Дўсалов МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Улар ИИБ махсус ҳибсхонасида (одатда дайдилар жойлаштирилади) 5 ой давомида сақланди. Улардан вилоятда Тожикистон манфаатларига хизмат қиладиган қандайдир жосуслик тармоғи мавжудлиги тўғрисида кўрсатма олишга уринилди.

“Кейинчалик маълум бўлишича, улар қийноқларга чидай олмай, отамга қарши кўрсатма берганидан кейингина айблов эълон қилинмасдан озод этилди, – дейди Раҳмонали. – 2013 йилда МХХнинг Нодир Тўрақулов бошчилигидаги тергов гуруҳи отамнинг акаси Бегали Эрдоновни ҳибсга олди. Бир ойдан сўнг акам Равшан Эрдонов қамалди. 2013 йил декабрда отам Абдуғани Эрдонов, жияним Эркин ва яна бир қариндошимиз Қаюм Султонов қамоққа олинди. Укам Мўминжонни ҳам қамашди”.

Ҳибсга олишлар давом этди ва бундан катта оиланинг аёллари ҳам бебаҳра қолмади. Улар қамалди, сўроққа тутилди, керакли кўрсатмалар олиниб, баъзилари қўйиб юборилди.

2013 йилда қамалган Хадича Хўжамуродова ҳибсга олингандан сўнг уч фарзанди Тожикистонга депортация қилинди.

Раҳмоналининг айтишича, унинг мазкур жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган узоқ қариндошлари бўлмиш уч аёл қамоқда вафот этган. Учта фарзанди етим қолган Дилфуза ва Гулчеҳра турмада ўлган. Уч фарзанднинг онаси Мўътабар Эшбекова МХХ тергов изоляторида жон берган. Унинг жасади шошилинч равишда Тожикистонга жўнатилган.

Тергов машинаси Тожикистон фойдасига ҳаракат қилган жосуслар ролини ўйнашга маҳкум этилган бу оила аъзоларининг тақдирини вайрон қилишда давом этди.

Жиноят ишини юритишга МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақулов раҳбарлик қилди.

МХХ Сурхондарё бошқармаси ходимлари Бахтиёр Орзуев, Улуғбек Шодиев ва Бахтиёр (фамилияси номаълум) ҳибсга олишлар, тинтувлар, шунингдек, тамагирлик ва ҳибсдагиларни қийноққа солишга бевосита раҳбарлик қилдилар.

“Ҳибсдагилар қаттиқ қийноққа солинган ва улар иқрорлик билдирган. Улар на қурол ва на ўқ, ҳеч нарса топишгани йўқ. Улар қариндошларим ҳарбий қисмларнинг манзилларини тўплашганини айтишди. Агар бу манзилларни интернетда хоҳлаган одам топа олса, уларни тўплашдан мақсад нима”, давом этади Раҳмонали.

2014 йил Сурхондарё вилояти жиноят ишлари суди “гуруҳ”нинг барча аъзоларини 5 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Эркаклар жазони ўтагани Жаслиққа жўнатилди.

Суддан сўнг миллий телевидениеда “тожик қўпорувчилари” тармоғи фош этилгани тўғрисида тайёрланган фильм намойиш этилди.

Эрдоновлар оиласи нимада айбланган эди?

Суд ёпиқ тарзда ўтди, оила адвокат топа олмади. Раҳмоналининг айтишича, Нодир Тўрақуловдан қўрққани учун ҳеч ким уларни ҳимоя қилишга журъат этмаган.

МХХ тергов гуруҳи қийноқлар остида олинганидан ташқари яна қандай далил-исбот тақдим этгани номаълумлигича қолмоқда. Тайинланган адвокатлар оила билан алоқа қилмади, айбланувчилар ҳам, қариндошлар ҳам суд ҳукмини олгани йўқ.

Бироқ 2014 йил апрелда интернетда рус тилида Эрдоновлар оиласи иши ҳақидаги “Тожикистон: оч бўлсак-да, 30 кумуш тангага хоинларни ёллаймиз” номли мақола пайдо бўлди. Бу каби мақолалар МХХнинг махсус бўлимида ёзилади ва тўқима номлар остида чоп этилади.

Мақолада Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон ҳудудида террорчилик ҳаракатлари тайёрлаган тожик диверсантларининг кенг тармоғи ҳақида ҳикоя қилинади ва “Душанбе томони ҳокимлик биноси, Сурхондарёдаги ҳарбий қисм, Термиздаги “Болажон” боғи, шунингдек, “Айритом” халқаро ўтиш пункти яқинида террорчилик актлари содир этишни тайёрлаш ва амалга оширишни молиялаштиргани” таъкидланади.

Айтилишича, иш иштирокчилари Тожикистонда бўлган вақтида мазкур мамлакат махсус хизматлари томонидан ёлланган ва “ҳамкорликка жалб этилган”.

Жиноят ишида Абдуғани Эрдонов “жосуслик-қўпорувчилик гуруҳи раҳбари” сифатида тақдим этилади.

“Онам билан учрашув чоғида отам фильмда барча жиноятларга иқрорлигини айтиши учун унга қандайдир уколлар қилингани ҳақида гапирган. Уларнинг тирноқлари суғуриб олинган, тирноқлар ўсгач эса яна қайтадан суғурилган. Уларга агар иқрор бўлмаса, хотинларини кўз олдиларида зўрлаш билан таҳдид қилинган”, дейди Раҳмонали.

МХХ ҳибсга олинганларнинг барча машиналарини мусодара қилар экан, ота-онасиз қолган ўнлаб болаларни қашшоқликка гирифтор этаётганини ўйлаб ҳам ўтирмаган.

“Отам МХХ ертўласида ўтирганида унга телефон беришиб, Тожикистондаги акаси Абдусаломга қўнғироқ қилишни буюришган. Отам акасига қўнғироқ қилиб, оғир аҳволга тушганини айтган ва 100 миллион сўм (ўша пайтда 24 минг доллар) жўнатишни сўраган”, дейди Раҳмонали.

“Биз барча нарсаларимизни сотишга ва Нодир Тўрақулов учун пул йиғишга мажбур бўлдик. Мўминжон бу пулни олиб борди, сабаби, ичкарида акам Абдуғанини мажбурлаб, “фақат Мўминжон пулни олиб келсин”, деб бир ой телефон қилдиришди, мажбурликдан биз қарз сўраб, боримизни йиғиштириб Мўминжонни жўнатишга мажбур бўлдик акам учун, чунки бошқа иложимиз йўқ эди, бизга акамнинг соғлиги зарур, дейди Абдулкарим Эрдонов (Абдуғани Эрдоновнинг кичик укаси).

“Аммо бу отамга ёрдам бермади. Кичик боласи бор-йўғи уч ойлик бўлишига қарамай, акам Мўминжоннинг хотини Тожикистонга депортация қилинди. Уч бола Ўзбекистонда отаси билан қолди,- давом этади Раҳмонали Эрдонов. – Ҳозир отам касал, акам силга чалинган. Нодир Тўрақуловнинг қамоққа олингани жуда тўғри бўлибди. Чунки унинг ўзи хоин. Аммо менинг ҳамон қамоқда қолаётган қариндошларимнинг тақдири нима бўлади, улар қўйиб юбориладими, қачон?”.

Шавкат Мирзиёев МХХни “ҳатто столбани ҳам қамашгача бориш”да айблаганига қарамай, МХХ томонидан уюштирилган жиноят ишлари қайта кўриб чиқилиши, асосийси, бу ишлар сабаб қамоқда қолаётган маҳкумлар қачон озод этилиши масаласи ҳамон номаълум қолмоқда.

Тағин ўқинг
22 январ 2021
Салом, менинг садоқатли дўстларим ва душманларим! Сизлар билан экран орқали дийдорлашишни бир ҳафта орзиқиб кутдим. Шодлигу ғамимни сиз билан ...
15 май 2019
Бир пайтлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ўқишга кираётганимда, ҳозирги пайтда Фейсбукда ҳам анча танилиб қолган амалдорлардан ...
9 феврал 2024
15 аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилди. У туркий тилни ...
30 март 2022
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида тузилганига бир йилдан сал кўпроқ вақт бўлган Жамоатчилик кенгаши ими-жимида тугатиб юборилгани ҳатто унинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...