Асосий мавзулар
26 октябр 2021

Ўзбекистонда қашшоқликни қандай қисқартириш мумкин?

Юлий Юсупов,

иқтисодчи, Иқтисодий тараққиёт маркази директори (Ўзбекистон) 

Совет латифаси:

1917 йилда декабристнинг набираси кўчадаги шовқинни эшитиб, хизматкорини нима гаплигини билиб келишга юборибди. 

Бироз ўтиб қайтиб келган хизматкор дебди: 

— Хоним, у ерда инқилоб бўляпти!

— Ўҳ, инқилоб! Бу ажойиб-ку! Бобом ҳам инқилобчи эди! Улар нимани хоҳлашяпти?

— Улар бойлар бўлмаслигини исташяпти.

— Ғалати-ку… Бобом эса камбағаллар бўлмаслигини хоҳлаганди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти даврида мамлакатда “қашшоқ” сўзи тақиқ остида эди. Уни “кам таъминланганлар” сўзи билан алмаштиришди. Тўғри-да, буюк ва оқил раҳбар бошқараётган давлатда қашшоқлик бўлиши мумкинми? Аммо замон ўзгаряпти, бугун қашшоқлик ва унга қарши курашиш тўғрисида ҳамма жойда, жумладан, мамлакатимизда ҳам гап-сўзлар, чиқишлар кўпайган. Ҳатто битта вазирликнинг номида ҳам шу сўз бор (фақат камбағаллик деб ишлатилган). 

Қашшоқлик нима? Энг умумий ифода: қашшоқлик — бу шахс, оила ёки ижтимоий гуруҳнинг иқтисодий ҳолати тавсифи бўлиб, ушбу ҳолатда улар мазкур жамиятда муносиб ҳаёт учун зарур бўлган эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлмайдилар. 

Бу ифодадан кўриниб турибдики, қашшоқлик нисбий тушунча бўлиб, муайян жамиятдаги ҳаёт сифати ва стандартлари даражасига боғлиқдир. Бошқача айтганда, муайян даражада даромадга эга бўлган шахс Норвегия ёки Швейцарияда қашшоқ ҳисобланса, Ўзбекистон ёки Парагвайда бемалол ўрта синфга киритилиши мумкин. 

Шунга қарамай, барча давлатлар учун қашшоқликнинг аниқ чегарасини, яъни инсон қашшоқ ҳисобланиши учун шарт бўлган энг паст даромад ёки истеъмол даражасини белгилашга уринилмоқда. Масалан, Жаҳон банки буткул қашшоқлик чегарасини бир кишига долларнинг харид қобилиятидан келиб чиққан ҳолда кунига камида 1,9 АҚШ доллари сифатида белгилаган (бунинг учун махсус коэффициент – харид қобилияти паритети ҳисобланади). Яъни қашшоқлик чегараси АҚШда киши бошига 1,9 долларга тўғри келса, истеъмол саватига кирувчи маҳсулот ва хизматлар нархи, дейлик, икки баробар паст бўлган мамлакатда бу кўрсаткич 0,95 доллар, яъни 1,9 долларнинг ярмига тенг бўлади. 

Умумэътироф этилганидек, қашшоқлик иллат бўлиб, унга қарши курашилиши шарт. Чиройлироқ қилиб айтганда, қашшоқлик ижтимоий дард, касалликдир. Касалликни эса даволаш керак. Аммо тўғри даволаш учун аввал аниқ ташхис қўйиш, яъни касаллик сабабини аниқлаш зарур. 

Қашшоқлик сабаблари

Қуйидаги икки омилни дарҳол ажратиб олиш керак: 

• алоҳида тоифадаги кишиларнинг қашшоқлик даражаси, одатда бу тоифага аҳолининг ҳимояланмаган ва камситилган гуруҳлари киради;

• қашшоқликнинг умумий даражаси, яъни мамлакат аҳолисининг қашшоқлик чегарасидан пастда яшовчи қисми улуши.

Биринчи омил гуруҳидан бошлаймиз. Аҳолининг қайси тоифаси қашшоқлик “касали”га бошқаларидан кўпроқ чалинган? 

• Булар, биринчи навбатда, объектив сабабларга кўра ўзларининг муносиб ҳаёт кечириши учун даромад топа олмайдиган кишилар – ногиронлиги бўлган шахслар, сурункали касалликлари бор одамлар, кексалар, малакаси паст кишилар, жумладан, ёшлар.

• Юқори қашшоқлик даражаси аҳолининг камситиладиган гуруҳлари, масалан, аёллар (гендер нотенглик) ёки этник озчиликларда кўпроқ кўзга ташланади. 

• Ҳаёт ва бандлик шароитлари мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлган алоҳида ҳудудларда қашшоқлик кўпроқ учрайди. Масалан, коммуникация ва коммунал хизматлар (газ, электр энергияси, ичимлик сув) ривожланмаган, бизнес яхши тараққий этмагани учун иш жойлари кам ёки аҳоли кўплиги сабабли қишлоқ хўжалиги фаолияти учун ер етишмайдиган ҳудудлар шулар жумласидандир.

• Оила даражасидаги қашшоқликка айрим демографик омиллар – оиланинг тўлиқ эмаслиги, оиладаги кўпчиликнинг боқиманда экани сабаб бўлиши мумкин. 

Яна бир ҳолат тўғрисида алоҳида айтиб ўтиш жоиз: қашшоқлик ўзини ўзи кўпайтириш хусусиятига эга. Гап шундаки, камбағал оилаларда вояга етган болалар ўз ота-оналаридан иложсизлик, жамиятдан паст қатламидан чиқа олмаслик хусусиятларини мерос қилиб олади. Бундан ташқари, камбағал оилалар фарзандларининг сифатли таълим олиш имконияти паст бўлади. Улар пулли таълим ололмайди, ҳатто текин таълимдан ҳам фойдаланишга имконсиз, чунки улар яшаш учун ишлаши керак. 

Сифатли таълим эса келажакдаги юқори даромад гаровидир. Камбағалларнинг жамиятга таъсири кам, қолаверса, уларнинг манфаати давлат институтларида ва давлат сиёсати мақсадларида камроқ акс этади. 

Қашшоқликнинг умумий даражаси, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг ривожланганлиги даражасига боғлиқ. Мамлакат қанчалик бой (ЯИМ аҳоли жон бошига нисбатан қанча юқори) бўлса, аҳолининг қашшоқ қисми шунча кам бўлади. Шунга мос равишда иқтисодий ўсиш (реал ЯИМнинг кўпайиши) аҳоли сони кўпайишидан ортиқ бўлса, кўпинча қашшоқлик камайишига олиб келади. Аксинча, ўсиш йўқлиги ёки камлиги, бизнес фаоллигининг пасайиши (иқтисодий инқироз), даромаднинг камайиб кетишига олиб келадиган қандайдир офатлар эса мамлакатда қашшоқлар улуши ортишига сабаб бўлади. 

Бироқ ЯИМнинг миқдори ва аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш суръатидан ташқари қашшоқлик даражаси ва турига мамлакат аҳолиси оладиган даромадни тақсимлаш тамойиллари ва усуллари ҳам кучли таъсир кўрсатади. Иқтисодий ўсиш суръати юқори бўлишига қарамай, даромаднинг ҳаддан ташқари нотекис тақсимланиши қашшоқлик даражаси пасаймаслиги ёки сезиларсиз камайишига олиб келиши мумкин. Яъни иқтисодий тараққиёт самарасидан аҳолининг муайян бир қисмигина баҳраманд бўлади, қашшоқлар эса яна четда қолиб кетаверади. 

Қашшоқликнинг сабабларини (ташхисини) билгандан сўнг энди унга қарши курашишга (даволашга) ўтиш мумкин. 

Қашшоқликка қарши қандай курашилади: иқтисодий ўсиш

Энг асосийсидан бошлаймиз. Мутахассислар ўртасида консенсус бор: кўпинча аҳоли жон бошига нисбатан ЯИМ билан ўлчанадиган иқтисодий ўсиш қанчалик юқори бўлса, абсолют қашшоқликни қисқартириш имконияти шунчалик катта бўлади. 

Иқтисодиётнинг ўсиши бир вақтнинг ўзида бандлик ўсиши ва ишчилар даромадлари ортишини англатади. Яъни у қашшоқлик қисқаришига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади – бюджетга солиқ тушуми ортиши камбағалларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш имконияти кенгайишини англатади (кейинги бўлимга қаранг). Бошқача айтганда, иқтисодий “пирог” қанча катта бўлса, жамиятнинг ҳар бир аъзосига шунча катта бўлак тегади. Буни халқаро статистика ҳам тасдиқлайди. Шунга мувофиқ, қашшоқликка қарши курашнинг асосий рецепти иқтисодий ўсишнинг тезлашишидир. 

Бозор иқтисодиёти мавжуд мамлакатларда (баъзида табиий қазилмаларга бой давлатларда) иқтисодий ўсиш, ишчи ўринлари яратишнинг локомотиви, аҳолининг катта қисми учун асосий даромад манбаи хусусий тадбиркорлик сектори ҳисобланади. Шу боис, қашшоқликка қарши асосий “дори” хусусий сектор ривожланишини тезлаштиришдир, дейиш мумкин.

Ўзбекистон учун бу энг долзарб вазифа. Аммо хусусий сектор тараққий этиши учун бозор иқтисодиёти зарур. Тўлақонли бозор иқтисодиёти яратиш вазифаси ҳали 1990 йилларнинг бошларидаёқ қўйилганди, ўттиз йилдирки, мамлакат бу мақсадга етишишга уриниб келади. 

Бироқ ютуқларнинг залвори тош босадиган даражада эмас: ЯИМнинг катта қисми ҳали-ҳунуз давлат корхоналари ҳиссасига тўғри келади, муҳим иқтисодий қарорларни қабул қилиш хусусий тадбиркорлар эмас, давлат ва номигагина давлатники бўлган, ЯИМнинг 40 фоиздан ортиқ қисмини ташкил этадиган харажатлар бюрократлар назоратидадир. Шунингдек, банк кредитларининг катта қисми ҳам уларнинг кўрсатмаси орқали берилади. 

Бундан ташқари, ҳали жуда суст бўлган хусусий сектор, бир томондан, давлат яратаётган, иккинчи томондан, давлат ўз вазифасини ёмон бажараётгани ортидан келиб чиқаётган жуда кўп муаммо ва тўсиқларга (масалан, мулк ҳуқуқини ва шартномаларни ҳимоялаш) дуч келмоқда. 

Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги бизнеснинг сезиларли қисмини рақобатга чидамсиз қилиб қўяди ҳамда аҳоли бандлиги ва даромади даражасига салбий таъсир кўрсатади. 2020 йил кузида Ўзбекистоннинг расмий секторида бор-йўғи 5,7 миллион киши, яъни меҳнатга лаёқатли аҳолининг 30 фоизи ишлаган. Бунинг устига, расман ишловчиларнинг сезиларли қисми – 2,5 миллион киши давлат секторида банд бўлган. Бундан англашиладики, бизнес юритиш харажатлари жуда юқори бўлгани сабабли хусусий сектор ўзбекстонликларнинг бандлиги ва даромадларини таъминлаб бера олмаётир. 

Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун қуйидаги зарур вазифаларни биринчи навбатда ҳал этиш керак: 

• давлатни, жумладан, бутун ижроия ҳокимиятини, иқтисодиётни тартибга солиш ва суд тизимларини тубдан ислоҳ қилиш, ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш керак (афсуски, бу ислоҳотларни ўтказадиган одам йўқ, чунки амалдорларнинг ўзи бундай қилишни хоҳламайди);

• давлатнинг иқтисодий мақсадлардаги харажатларини кескин қисқартириш, амалдорларни иқтисодиётдан сиқиб чиқариш, давлат харажатларининг барча тизимини мақбуллаштириш;

давлат корхоналарини хусусийлаштириш (бундай режалар бор, аммо бўлажак хусусийлаштиришнинг шаффоф ва ҳалол ўтишига жуда катта шубҳа мавжуд);

• давлат буюртмаси мажбуриятини бекор қилиш ва ерга эгалик ҳуқуқини (ҳозир фермерларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмаган) мустаҳкамлашни кўзда тутадиган туб аграр ислоҳотлар ўтказиш (бундай мақсад бор, бироқ унга бутун давлат аппарати қаршилик қилмоқда);

• банк секторида давлат банкларини (ҳозир банк активларининг 80 фоиздан ортиғи давлатга тегишли) хусусийлаштириш, банклардан давлат идоралари мақсадлари учун фойдаланишга чек қўйиш, молия бозорида рақобатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўтказиш (бу ҳам режалаштирилган);

• алоҳида компаниялар ва тармоқлар учун ўзини оқламайдиган имтиёз ва устуворликларни бекор қилиш, энергетика, транспорт, коммунал хизматлар каби соҳаларни монополиядан чиқариш ва бозор тамойилларини жорий этиш ҳисобига рақобатни ривожлантириш;

• бизнес юритиш учун маъмурий тўсиқларни (ҳар хил турдаги рухсатномалар олиш, коммуникацияларга уланиш, текширишлар, кераксиз тақиқлар, ҳуқуқий базадаги қарама-қаршиликлар ва ҳоказолар) қисқартириш;

• ижтимоий соҳани, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш (бу соҳаларга бозор тамойилларини татбиқ этиш ва уларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш), шунингдек, пенсия тизимини ислоҳ қилиш.

Қашшоқликка қарши қандай курашилади: ижтимоий сиёсат

Қашшоқликнинг навбатдаги омили — даромадлар тақсимотидаги нотенгликлар.

Даромадлар бир хил тақсимланилмайди, акс ҳолда ишчилар ва тадбиркорларда ишлаш учун рағбат йўқолади. Аммо замонавий жамиятларда солиқлар ва давлатнинг ижтимоий харажатлари орқали даромадни бойлардан камбағалларга қисман қайта тақсимлаш механизми мавжуд.

Ижтимоий харажатлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми – кам таъминланганлар учун нафақа, болалар ва оналар нафақаси, имконияти чекланганлар учун пенсия, камбағал оилалар фарзандларининг таълим олиши учун грантлар,  камбағаллар учун текин тиббий суғурта  ва бошқа шаклдаги моддий кўмакларни, шунингдек, ҳамма, жумладан, камбағаллар учун мўлжалланган ижтимоий неъматлар – текин таълим ва тиббий хизматлар, турли шаклдаги давлат суғурталари (хусусан, пенсия ва ҳоказолар)ни тўғридан-тўғри молиялаштириш дастурларини ўз ичига олади. 

Даромадларни қайта тақсимлаш сиёсати бутун дунёда, айниқса, бой давлатларда кенг қўлланилади. Умумий қонуният бор: мамлакат қанча бой бўлса, ЯИМнинг шунча катта қисми давлат бюджети орқали қайта тақсимланади. Мамлакатлар ва минтақаларнинг ҳам ўзига хосликлари бор. Масалан, Ғарбий Европа мамлакатлари Шарқий Осиёнинг шу каби ривожланиш даражасига эга давлатларига нисбатан кўпроқ ижтимоий йўналтирилган.

Даромадларни қайта тақсимлаш сиёсатининг салбий жиҳати шундаки, у қанчалик фаол бўлса, иқтисодий ривожланиш суръатларига шунчалик кўп салбий таъсир этади. 

Даромадларни қайта тақсимлаш сиёсатининг фаоллиги иқтисодиётга солиқ ва қарз юкламаси ортишига сабаб бўлади. Бу эса хусусий сектор имкониятлари ва унинг рағбатланишини камайтиради. 

Шу боис, даромадларни қайта тақсимлаш сиёсатида ҳаддан ошиш ярамайди, чунки жуда юқори солиқ (Ўзбекистонда солиқ юкламаси жуда баланд), айниқса, камбағал мамлакатларда (биз дунёнинг энг қашшоқ 40 та давлати қаторига кирамиз) ривожланишга рағбатни ўлдиради, маҳаллий маҳсулотни рақобатга чидамсиз қилади, оқибатда қашшоқликка қарши курашиш имконияти ҳам пасаяди. 

Шунинг учун бизнинг шароитимизда солиқларни ошириш ҳақида гап ҳам бўлиши керак эмас (аксинча, уни кескин қисқартириш зарур). Аммо иқтисодиёт харажатларини қисқартириш ва ижтимоий эҳтиёжлар учун харажатларни такомиллаштириш орқали бюджет харажатларини мақбуллаштириш тўғри бўлади.

Қашшоқликка қарши қандай курашилади: инклюзив институтлар

Тенгсизлик муаммосини ҳал этиш, қашшоқликнинг камситишлар ва алоҳида ҳудудларнинг ёмон ривожлангани билан боғлиқ айрим сабабларини биратўла ҳал этишнинг бошқа йўли ҳам бор.  Кўпинча бу йўл нафақат иқтисодий ривожланишга (даромадларни фаол қайта тақсимлаш сиёсатидан қарли ўлароқ) халақит бермайди, аксинча, унинг тезлашишига кўмаклашади ҳам. Бу ўринда иқтисодий ва сиёсий институтларни такомиллаштириш, экстрактив институтларни инклюзивларига алмаштириш ҳақида гап бормоқда. 

Ижтимоий институтлар — бу одамларнинг ахлоқи ва ўзаро муносабатларининг доимо такрорланиб турадиган ва янгиланиб борадиган стандартларидир (“ўйин қоидалари”). Расмий институтлар (қонунлар, қонуности ҳужжатлар, тасдиқланган бошқа қоидалар, масалан, меҳнат шартномаси шартлари) ва норасмий институтлар (анъаналар, урф-одатлар, диний ақидалар, ахлоқнинг бошқа кўринишлари) фарқланади. 

Экстрактив институтлар кенг аҳоли қатламининг ресурслар ва фаол иқтисодий имкониятларга эга бўлишини, шу орқали уларнинг даромадларни қайта тақсимлашдаги имкониятларини чеклайди. Бу институтлар элита вакилларидан бошқа ҳамманинг иқтисодий муносабатлардан фойда олишига тўсқинлик қилади. Элита вакилларининг иқтисодий фаолияти учун устувор шарт-шароитлар яратилади (масалан, рақобатчиларнинг бозорга кириши чекланади, турли имтиёзлар берилади, алоҳида ишлаб чиқарувчиларнинг жамият ҳисобига бойиши учун сунъий монополиялар ташкил этилади), ҳатто элитага мансуб бўлмаганларнинг мулкини тортиб олиш имконияти юзага келтирилади. Бундай институтлар мавжуд шароитда аҳолининг катта қисми меҳнат унумдорлигини оширишдан манфаатдор бўлмайди, чунки барча қўшимча даромад элита чўнтагига қараб оқади.  

Инклюзив институтлар, аксинча, иқтисодий фаолият ва самарали рақобат учун тенг шароитларни таъминлайди, шунингдек, нафақат элитанинг, балки кенг аҳоли қатламининг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бу эса барча аҳоли қатламларининг даромад олиш мақсадида иқтисодий муносабатларда иштирок этишига йўл очади. Бундай институтлар мавжуд бўлган шароитда аҳоли ўз меҳнати унумдорлигини оширишдан манфаатдор бўлади ва бу оқибатда иқтисодий ўсишга кўмаклашади. 

Экстрактив институтларнинг кенг тарқалиши (Ўзбекистонда айнан шундай) қашшоқлар бандлиги ва ўзлари даромад топиши имкониятини чеклаб қўяди. Айнан шу ҳолат иқтисодиётнинг суст ривожланиши, бандлик даражаси пастлиги, яширин иқтисодиётнинг кенг тарқалиши ва меҳнат миграциясининг асосий сабаби ҳисобланади. 

Экстрактив институтларнинг яна бир таъсири бор. Алоҳида компаниялар манфаати йўлида рақобатнинг чекланиши (Ўзбекистонда жуда кўп кузатилади) нарх-наво ўта юқори ҳамда товар ва хизматлар сифати паст бўлишига олиб келади. Бундан барча истеъмолчилар (ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар), биринчи навбатда, аҳолининг камбағал қисми азият чекади. Улар монополия ва коррупционерлар даромадини ўз чўнтакларидан кўпайтиришга мажбур бўлади. 

Шундай қилиб, ижтимоий институтларни такомиллаштириш, яъни иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказиш кенг аҳоли қатлами, жумладан, камбағалларнинг ҳам иқтисодий фаолиятга тортилиши кучайишига, даромадларнинг адолатсиз (коррупция ва сунъий монополиялар орқали) тақсимоти сабабларини бартараф этишга, оқибатда қашшоқлик даражаси пасайишига кўмаклашади. Ўзбекистонда биринчи навбатда қандай ислоҳотлар ўтказиш кераклиги масаласига мақоланинг “Қашшоқликка қарши қандай курашилади: иқтисодий ўсиш” қисмида айтиб ўтилди.  

Қашшоқликка қарши яна қандай курашиш мумкин? 

Қашшоқликка қарши курашиш бўйича жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, бунда давлат ва донор мақсадли дастурлари ёрдам бериши мумкин:

• электр узатиш линиялари, сув тармоғи, канализация, газ қувурлари йўқ жойларга уларни ўтказиш;

• кичик бизнес ва аҳолининг иқтисодий фаол қатламлари учун ресурслардан (ер, кредит, жумладан, микрокредит, ахборотлар) фойдаланиш даражасини ошириш дастурлари;

• иқтисодий қолоқ ҳудудларни ривожлантириш дастурлари;

• таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини ва улардан фойдаланиш даражасини ошириш;

• аҳолининг қашшоқ, ҳимояланмаган ва камситилган қатламлари таълим олиши учун дастурлар ва грантлар;

• аҳолининг иқтисодий фаолиятга фаол тортилиш имкониятини кенгайтириш, ўз жамғармалари ва молиявий хатарларни оқилона бошқаришини таъминлаш мақсадида иқтисодий ва молиявий саводхонликни оширишга қаратилган дастурлар. 

Ўзбекистонда қашшоқликка қарши курашиш учун жуда муҳим манбани алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Даромад топишнинг бу муҳим манбаси унумдор (суғориладиган) ерда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширишдир. Мустақиллик йилларида давлат ерни бир неча марта қайта тақсимлади (биридан олиб, бошқасига берди). Бу тақсимот ўзибўларчилик билан, бирорта муҳокама ва тасдиқловларсиз амалга оширилди. Айни пайтда экин майдонларининг катта қисми бир ҳовуч қишлоқ аҳолиси (фермерлар)га фойдаланиш (ижара шартномаси асосида) учун берилган. Қишлоқ аҳолисининг асосий қисми эса фақат томорқага эга. 

Аксарият аҳоли ернинг бундай тақсимланишини ноқонуний деб билади. Чунки фермерлар ерни сотиб олмаган, балки ер кўпинча маҳаллий ва марказий ҳокимият вакиллари томонидан уларга ношаффоф схемалар орқали тақсимлаб берилган. Бундан ташқари, аграр фаолият юритиш учун етарлича ер майдони йўқлиги қишлоқ жойларда қашшоқликнинг асосий манбаси бўлиб қолмоқда. 

Яқин вақтларгача ер масаласи унчалик долзарб эмас эди. Чунки фермерлар ердан ўзи билганича фойдала олмаслиги, фақат давлат режасини бажаришга мажбурлигини ҳамма тушунарди. Улар ернинг ҳақиқий эгаси эмас, қаролларга, нари борса, вақтинчалик бошқарувчиларга ўхшарди. Аммо давлат режасининг бекор қилиниши кутилаётгани ва қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларига ўтилаётгани (бу ҳақда дастурий ҳужжатларда белгиланган) вазиятни тубдан ўзгартирди. “Нега айнан шу одамлар суғориладиган ердан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди?”, “Нега қишлоқ аҳолисининг аксарияти ерсиз қолди?” деган саволлар пайдо бўлмоқда.

Фермерлар билан тузилган шартномаларда ҳам қусурлар бор. Биз бу шартномаларни эътиборсиз қолдира олмаймиз. Аммо энди ер ислоҳотлари бошланган пайтда ер масаласини ҳуқуқий асосда ҳал этиш учун ажойиб имконият пайдо бўлмоқда. Шартномага кўра, фермер пахта ва ғалла экиш учун ажратилган ердан (аксарият ер майдонлари шу мақсадда берилган) эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас ёки ҳужжатларда шу назарда тутилади. Моҳиятан, бу фермернинг ери эмас. Давлат эса давлат буюртмасини бекор қилаётган экан, шартномани қайта кўриб чиқиш ва давлат буюртмаси учун ажратилган ерни қишлоқ аҳолиси ўртасида ер аукционлари ўтказиш орқали қайта тақсимлаш имконияти бор. Бу ишни қандай бажариш эса алоҳида мавзу. Аммо ерни шу йўсинда қайта тақсимлаш Ўзбекистонда қашшоқликка қарши курашишга салмоқли ҳисса қўшган бўларди. 

Юқорида айтилганлардан хулоса қилиб, қашшоқлик сабаблари турли-туман ва мураккаб эканини таъкидлаш жоиз. Шунинг учун унга қарши курашишга комплекс ёндашиш зарур. Бу ёндашувнинг асосий унсури эса иқтисодий ўсишни тезлаштиришдир. Акс ҳолда камбағал мамлакатда қашшоқликни сезиларли қисқартириш имконсиздир. Шу боис, қашшоқликка қарши курашишда иқтисодиётни давлат назоратидан чиқариш ва экстрактив институтларни инклюзивларига алмаштириш асосида рақобатли бозор яратишга қаратилган бозор ислоҳотлари биринчи планга чиқиши керак.

Манба: Hook.report, «Элтуз» таржимаси

Тағин ўқинг
22 апрел 2016
«Правда востока» газетаси Тошкентда миллий инновация тизими масаласида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этганини билдирди. Ана ...
27 ноябр 2018
Ўзбекистоннинг бош расмий ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидов ҳозир анча ўзгарган. Мамлакат Инсон ҳуқуқлари миллий марказий раҳбари соҳада кўтарилган оғриқли ...
9 август 2019
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи 31 яшар Мирсаид Ҳайдаров ижтимоий тармоқ орқали ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат ...
6 сентябр 2016
Жиззах ва Сирдарё вилоятлари сафарига бағишланган махсус кўрсатувда Ислом Каримов иш топиш учун хорижга чиқиб кетганлардан ижирғанишини билдириб: «Бунақаларни ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...