UzPoster
2 март 2020

Марказий Осиё давлатлари таъқибга учраётган уйғурларга нисбатан нега сукут сақламоқда?

Мансур Мировалев

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Марказий Осиё раҳбарларини қатағонларни қоралашга чақирган бўлса-да, экспертларнинг таъкидлашича, Пекиннинг минтақадаги таъсири шунчалик кучлики, унга қаршилик қилиш деярли имконсиз. 

Хитойда

Арслон Ҳидоятнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё ҳукуматларининг уйғурлар ва бошқа оз сонли мусулмон халқларни ҳимоя қилишни хоҳламасликлари сабаби мазкур минтақага расмий Пекин киритаётган инвестициялар билан бевосита боғлиқ. 

“Бу (мазкур давлатлар учун) фақат иқтисодиёт масаласи “, дейди “Ал-Жазира” нашрига Мао Цзэдунь вафотидан сўнг ота-онаси билан бирга Австралияга кўчиб борган 32 ёшли уйғур фаоли.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳлари, гувоҳлар ва эҳтимолий жабрдийдаларнинг қариндошлари маълумотига кўра, камида миллион мусулмон, асосан, Хитой ғарбидаги Шинжон мухтор туманида яшовчи уйғурлар турмаларга ташланган ва тўлиб-тошган “тарбия” жамлоқларига жўнатилган. Бу вақтда Пекин уларнинг уйларини рақамли дистопияга айлантириб, ҳам онлайн, ҳам офлайн режимда ҳар бир қадамини жиддий назорат қилмоқда. 

Маҳаллий уйғурлар ва бошқа мусулмон ташкилотлари жамлоқларда бўлган ва айни пайтда у ерда қолаётган юз минглаб одамларнинг қийноққа солинганини, стерилизация қилинганини ва жинсий зўравонликка учраганини таъкидлашади. 

Хитой бу чораларни тизимли дискриминация шакли эмас, балки “терроризм”га қарши курашиш учун қўлланилаётган тадбир дея эътироф этиб, айбни инкор этиб келмоқда.

Қайнотаси деярли бир йил “қайта тарбиялаш” жамлоғида ушлаб турилган, яқин дўстлари ҳанузгача ўша ерда сақланаётган Ҳидоятнинг айтишича, Марказий Осиёда уйғурларнинг баъзи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаолият юритаётганга қарамай, улар эришиши мумкин бўлган энг яхши натижа ҳукуматнинг сукутидир. 

10 миллиондан ортиқ уйғурнинг тили, маданияти, мусиқаси ва миллий таомлари илдизлари Туркистонга, АҚШ ҳудудидан икки баравар кичик, Хитой ва Россия империялари томонидан ҳозир Марказий Осиё ва Шинжонга бўлинган дашт ва чўллардан иборат тарихий минтақага бориб тақалади. 

Юз минглаб уйғурлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда яшайди. Уларнинг аждодлари Пекин ҳукмдорлари 1860 йилларда мусулмон қўзғалонларини бостиргандан кейин Хитойдан қочиб борган. 

Шу билан бирга, кўплаб қозоқ ва қирғиз кўчманчилари коммунистик Москва томонидан колхозларга ўтишга мажбур қилингандан кейин Хитойга кўчиб кетган.   

Бироқ экспертлар ва фаолларнинг айтишича, бу алоқалар Пекиндан ўнлаб миллиард долларлик инвестициялар ва қарзлар олган ҳозирги Марказий Осиё ҳукуматлари учун унчалик аҳамиятга эга эмас. 

Помпеонинг муваффақиятсизлиги

Америкалик юқори мартабали дипломат учун хитойлик мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш минтақа ҳукуматларини Вашингтон соясида бирлаштиришга идеал чақириқ сифатида кўрилади. 

“Бугунги учрашувимда Хитой Коммунистик партиясининг Шинжонда уйғур мусулмонлари, қозоқлар ва бошқа оз сонли халқ вакилларини қатағон қилиши масаласини муҳокама этишни режалаштирмоқдаман”, деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео 3 февраль куни Тошкентда.

Назарда тутилган учрашувлар бешта “истон”нинг ҳар бир ташқи ишлар вазири билан юзма-юз муҳокамалар эди. Ушбу давлатлардан учтаси – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда катта уйғур диаспоралари яшайди.

Бунга жавобан Помпеонинг ўзбекистонлик ҳамкасби унинг ташвишларини, кўринишидан, қўллаб-қувватламади. 

“Биз ўз минтақамизда йирик кучлар ўртасидаги рақобат билан боғлиқ нохуш сиёсий оқибатларни ҳис қилишни истамаймиз”, деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. 

Қудратли давлатлар – АҚШ, Россия ва Хитой аллақачон Марказий Осиёнинг молиявий гегемонига айланган, дейди таҳлилчилар.

“Хитойнинг йирик инвестициялари ва савдо алоқалари Марказий Осиё давлатларининг Пекинга бўйсунишига сезиларли даражада таъсир қилди”, деди лондонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов. 

Танланган сукунат

Ҳатто “қайта тарбиялаш” жамлоқларидаги собиқ маҳбусларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари томонидан тўпланган кўрсатмалари ҳам минтақа раҳбарларини ишонтиришга етарли даражада туртки бера олмади. 

“Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кўплаб хабарлари ҳақиқатни акс эттирмайди”, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев декабрь ойининг бошида Германиянинг Deutsche Welle телеканалига.

Фаолларнинг таъкидлашича, Хитой билан чегарадош бўлган Қозоғистонда 250 мингга яқин уйғур истиқомат қилади, аммо таъқиблардан қочаётган уйғурлар ва этник қозоқлар бошпана излашда қийинчиликларга дуч келмоқда.  

“Қозоғистондан бошпана излаш жуда қийин, таъбир жоиз бўлса, имконсиз”, деди Хитой мусулмонларининг аҳволини ҳужжатлаштириш ва қочқинларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишлари билан шуғулланадиган “Ота Журт” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ходимаси Лейла Адилжан. 

Келиб чиқиши шинжонлик этник қозоқ аёли Сайрагул Савутбай 2018 йилда Қозоғистонга ҳужжатларсиз, оила аъзолари билан бирга келгандан кейин депортацияга дуч келди.

“Ота-Журт” ташкилоти аралашгандан сўнг Қозоғистон суди депортация тўғрисидаги қарорни бекор қилди, аммо унинг эри Қозоғистон фуқароси бўлишига қарамай, уларга бошпана берилмади. Улар ўтган йил июнь ойида Швецияга жўнаб кетди.

“Ота-Журт” ҳар бир мурожаатчининг ишларини ўрганаётган бир пайтда кўплаб қочқинлар ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғланмайдилар ва бунинг натижасида мамлакатдан чиқариб юбориладилар.

“Биз қанча қочқинларнинг яширин равишда ўз мамлакатларига қайтарилганини билмаймиз”, деди Лейла Адилжан.

Фаолларга босим ўтказиш

Ўтган йили “Ота-Журт” раҳбари ва Лейла Адилжаннинг эри ҳамда қозоқ миллатига мансуб хитойлик Серикжан Билаш ҳибсга олиниб, “миллатлараро можароларни қўзғаш”да айбланган. 

Унинг айтишича, хитойлик мусулмонлар билан боғлиқ муаммоларга аралашишдан воз кечишга рози бўлгандан кейин ҳибсдан қўйиб юборилган.

Ноябрь ойида қўшни Ўзбекистон чегарачилари минглаб хитойлик мусулмонлар фойдаланадиган Shahit.biz онлайн тўпламлари бошқарувчиси, уйғур тили бўйича рус-америка олими Ген Бунинни (Gene Bunin) мамлакатдан чиқариб юборишди. 

“Бу менинг ишим билан боғлиқ эканига юз фоиз аминман”, деди Бунин. 

Ўнлаб йиллар давомида 50 мингга яқин уйғур яшаган ва ҳукумати Хитой билан савдога ва Пекиндан оладиган кредитларга таянадиган камбағал ва тоғли Қирғизистонда баъзи уйғурлар ўзларини хавфсизлик хизматлари ходимлари кузатаётганини таъкидлайдилар.

“Биз байрамни нишонлаётганимизда ёки тўйда қатнашаётганимизда фақат иш, оила ёки дўстлар ҳақида гаплаша оламиз, чунки Бишкекда сиёсат уйғурлар муҳокама қиладиган иш эмас”, деганди исм-шарифини сир тутган уйғур савдогари 2017 йилда “Ал-Жазира” билан суҳбатда. 

Сўнгги ойларда Қирғизистонда Хитойнинг Шинжонда юритаётган сиёсатига қарши митинглар бўлиб ўтди ва полиция ўнлаб намойишчиларни жаримага тортди.

Улардан бири январь ойи охирида икки ойга ҳибсга олинган ва хабарларга кўра, “миллатлараро можароларни қўзғаш”да айбланган.

Баъзи уйғур фаолларининг огоҳлантиришича, расмий Пекин кредитлар, инвестициялар, инфратузилма лойиҳалари ва сиёсий қўллаб-қувватлаш орқали бундан икки минг йил олдин, Буюк Ипак йўли пайдо бўлгандан бери Хитойга тегишли бўлган Марказий Осиёнинг айрим қисмларини аста-секин босиб олади.  

Вашингтонда жойлашган Шарқий Туркистон миллий уйғониш ҳаракати раҳбари Солиҳ Худоёр минтақани иқтисодий босиб олишни 1949 йилдан бошлаб Шинжонни босиб олган коммунистик Хитой билан таққослаган.

“Улар бизнинг раҳбарларимизни аста-секин сотиб олиб, мустақиллигимиздан маҳрум қилишди ва мана бизнинг бугунги аҳволимиз”, деди у “Ал-Жазира” нашрига.

“Алал-оқибат (Марказий Осиё ҳукуматлари) баъзи иқтисодий фойдалар учун худди биз каби ўз мустақиллигини йўқотадилар”.

Мақола муаллифи журналист Мансур Мировалев Москвада яшайди, постсовет макондаги воқеаларни ёритади. Мақола оригинали Ал-Жазира сайтида эълон қилинган. “Элтуз” таржимаси.  

Тағин ўқинг
14 декабр 2018
Машҳур ўзбек сатира устаси, актёр Обид Асомов 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида 55 ёшида оламдан ўтди. Бир неча кун ...
23 август 2019
Ўзига ишончи бўлмаган, қўрқоқ ва ожиз сиёсатчиларгина давлатни диктатура усулида бошқариш йўлини танлашади. Бу энг осон йўл. Аҳмоқнинг ҳам ...
13 октябр 2015
Бугун интернет саҳифаларида ник остига яшириниб воҳай ўлдим деб зорланаëтганлар ўзгариш йўлида бир қадам ташлашга қўрқадилар. «Бундан ҳам ëмон ...
8 октябр 2015
Афғон-туркман чегарасидаги хавфсизлик, Ўзбекистоннинг ёнилғи эҳтиёжлари ва Россиянинг кун сайин тажовузкор тус олаётган геосиёсати Тошкент- Ашхобод мулоқотида кўрилиши кутилган ...
Блоглар
30 март 2020
Туман марказига бориб келдим. Ишим бор эди. Қалампир ва помидор кўчатлар сотяпти экан. “Помидор кўчати ...
30 март 2020
(Эпистоляр эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ...
23 март 2020
Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида “Сарвиқомат дилбарим” фильмидаги ўпишиш саҳналари ...