Асосий мавзулар
26 апрел 2022

Жаҳон банки санкциясига тушган ўзбек

Жаҳон банки лойиҳаларида иштирок этиш ҳуқуқидан камида тўрт йил муддатга маҳрум этилган бу шахс Ўзбекистондаги кенг доираларда унчалик машҳур бўлмаса-да, молиявий қудрати ва бизнесдаги қирғирликлари ортидан халқаро молия институтлари эътиборида бўлиб турибди. 

Гап нафақат исми-шарифи, балки бизнеси ҳам Madad Invest Bank, Stroy Montaj Invest, Jo‘ydam-Ta’mirchi, Bahodir Log‘on Tekstil, Vodiy Shoes, Royal Thai Group, Royal Thay Branch каби компаниялар билан боғлиқ Мўминжон Йўлдошев ҳақида бормоқда. 

Буюк Британиядаги Ольстер университети криминология профессори Кристиан Ласслеттнинг UzInvestigations томонидан эълон қилиб борилаётган “Хатарлардан огоҳлантириш” сериясидаги навбатдаги ҳисоботи айнан шу шахс фаолиятига бағишланган. 

Ҳисоботда фарғоналик бизнесмен ва сиёсатчи ўлароқ тарифланган Мўмин Йўлдошев Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Фарғона вилояти кенгаши депутати ҳисобланади. У 2021 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. 2021 йил ноябрдан эса Diplomatic World Instituteнинг фахрий аъзосидир.

Маълум бўлишича, 2019 йилда Жаҳон банкининг ҳуқуқларни бекор қилиш ва чеклаш масалалари бўйича бош мутахассиси “Қувасой таъмир қурилиш” ва Мўмин Йўлдошев тўғридан-тўғри ёки қисман назорат қиладиган бошқа ҳар қандай компаниянинг мазкур молия муассасаси лойиҳаларида қатнашиш ҳуқуқини камида тўрт йил муддатга чеклаш тўғрисида тавсия берган. 

Жаҳон банкининг касбий ҳалоллик бўйича вице-президентининг таъкидлашича, Йўлдошев мазкур банк лойиҳаси доирасидаги “қурилишлар бўйича савдода шартнома тузиш мақсадида берилган аризани қайтариб олиш учун рақобатчининг вакилига таҳдид қилган ва бунда давлат амалдорлари билан тил бириктирган”.

Хуллас, Жаҳон банки гуруҳи Мўминжон Йўлдошев ва унинг назоратидаги ташкилотларга нисбатан таҳдид, фирибгарлик, харидларни сохталаштиришга уриниш ва давлат амалдорлари билан тил бириктириш каби айбловларни илгари суради.

Бу айбловлар “Қувасой таъмир қурилиш” (ҳозирги “Строй монтаж инвест”) ва бошқаларнинг бир неча йиллик фаолияти текширувларига асосланган. Хусусан, мазкур компания халқаро молия муассасалари кредитлари асосида молиялаштирилган бир қанча йирик шартномаларни ютиб олган. 

Осиё тараққиёт банкининг 2018 йилдаги ахборот бюллетенига кўра, 2013-2017 йилларда компания 41,75 миллион АҚШ доллари қийматидаги шартномаларни  қўлга киритган.

У билан жуда яқин бўлган, ҳозиргача Жаҳон банки санкцияси остида турган “Жўйдам таъмирчи” эса бу вақт оралиғида ОТБнинг 94,61 миллион долларлик шартномаларига эга бўлган. 

Шулардан бири ОТБнинг Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривожлантириш лойиҳаси ҳисобланади. Уй-жой коммунал хизмат вазирлигининг ушбу лойиҳанинг ижрочи муассасаси бўлган “Коммунхизмат” агентлиги эса “энг муҳим харид ҳужжатларини, шунингдек, тендер ҳужжатларини рухсатсиз ўзгартириш, нотўғри баҳолаш ва тендер танловига оид исботларни тақдим эта олмаган”.

UzInvestigationsнинг мазкур лойиҳа бўйича сўровига Мўминжон Йўлдошев билан тиғиз боғлиқ бўлган компаниялардан бири жиддий айбловлар билан жавоб қайтарди. 

Компаниянинг таъкидлашича: 

  • Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги амалдорлари ўзлари эгалик қиладиган ёки ўзларига алоқадор компаниялар фойдасига харидларни, жумладан, халқаро тендерларни сохталаштирмоқда;
  • тендерларнинг вазирликдаги давлат амалдорлари томонидан сохталаштирилиши лойиҳа қиймати ўн баробар ошиб кетишига олиб келган;
  • “Коммунхизмат” агентлиги “Қувасой таъмир қурилиш”ни халқаро тендерларда иштирок этишдан четлатиш мақсадида уйдирма айбловларни илгари сурган. 

Компания вакиллари масалага ойдинлик киритиш мақсадида йўлланган навбатдаги сўровларга жавоб қайтармаган. 

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда оммалашиб бораётган кластер тизимида ҳам Мўминжон Йўлдошевнинг иштирокини кўриш мумкин. 

Жумладан, ҳисоботда у билан боғлиқлиги айтилган Bahodir Log‘on Tekstil иккита пахтачилик кластери орқали Ёзёвон туманида 5210 гектар, Қува туманида 6225 гектар ерга эгалик қилади.Fergana Oseana компанияси эса Фарғона вилоятида 5815 гектар ер назоратини ўз қўлига олган. 

Ҳужжатда таъкидланишича, Мўминжон Йўлдашев Bahodir Log‘on Tekstil компанияси директори ўринбосари ҳисобланади. Унинг мажоритар акциядори бўлган Royal Thai Group эса Fergana Oseana компанияси эгаси бўлишидан ташқари Madad Invest Bankнинг мажоритар акциядоридир. 

Diplomatic World Instituteнинг веб сайтидаги автобиографияда Мўминжон Йўлдошев Bahodir Log‘on Tekstilнинг асосчиси сифатида кўрсатилган. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми томонидан 2020 йилги пахта терими мавсуми мониторинги асосида тайёрланган ҳисоботда Bahodir Log‘on Tekstilнинг Ёзёвондаги фаолиятига оид жиддий айбловлар мавжуд. 

Унда билдирилишича, Ёзёвон туманидаги 119 фермердан 48 нафари Ўзбекистон бош вазирига Bahodir Log‘on Tekstil улар томонидан 2019 йилда етиштирилган пахта учун ҳақ тўламаганидан шикоят қилган.

Фермерларнинг шикоятига кўра, пахта кластери ҳар бир тонна етказиб берилган пахтадан гўёки тозалаш харажатлари учун 100 минг сўмдан ушлаб қолган. Қолаверса, стандарт бўйича намлик 3 фоиз ҳисобланса-да, аслида 8 фоиздан уриб қолган. Бундан ташқари, компания теримчиларга ҳар бир килограмм терилган пахта учун қўшимча 200 сўмдан ваъда қилиб, кейинчалик бу суммани фермерлардан ундириб олган. 

Бу кунга қадар Мўминжон Йўлдошевга алоқадор компаниялар ОТБ кредитлари ва грантларида фаол иштирок этиб келмоқда. Банк бу ҳолатни фақат Жаҳон банкининг Йўлдошевга нисбатан жисмоний шахс сифатида қўллаган санкцияларини тан олиши, унга алоқадор компанияларга бу тақиқ амал қилмаслиги билан изоҳламоқда. 

Дастлабки далил-исботлар ва ОТБ Royal Dizayn Loyihaнинг сўровларга жавобларига асосланиб, “Хатарлардан огоҳлантириш” ҳисоботида қуйидаги тавсиялар берилган: 

  • ОТБ ва у томонидан маъқулланган бошқа лойиҳаларда иштирокни тақиқлаш Жаҳон банки санкциясида кўрсатилган муддат ва шартларни тўлиқ ўз ичига олиши; 
  • ОТБнинг касбий ҳалоллик масалалари бўйича бошқармасининг Royal Dizayn Loyiha томонидан мажбурлаш ҳолатларини (Мўминжон Йўлдошевнинг ОТБ ва бошқа молиявий институтлар лойиҳаларида чеклангандан кейинги) ўрганиш хулосалари оммага эълон қилиниши;
  • Уй-жой коммунал хизмат вазирлигига нисбатан айбловлар Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан текширилиши; 
  • Ўзбекистон ҳукумати давлат харидлари жараёнида ҳалоллик даражасини ошириш учун давлат тендерларида халқаро санкциялар рўйхатини қўллаши;
  • Мўминжон Йўлдошев ва унга алоқадор шахслар билан тижорий алоқаларга киришадиган компаниялар бу муносабатларни хатарли, демак, юқорида даражада комплекс текширув талаб этади, дея баҳолаши керак. 

Юқоридаги ҳисоботни тақдим этган UzInvestigations Ольстер университетининг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми билан шерикликдаги жамоат текшируви ташаббуси ҳисобланади.

У Ўзбекистон ҳукумати ва молия-саноат соҳасидаги қудратли доиралар ҳақида таҳлилий ҳисоботлар тайёрлайди. 

Рейдерлик ҳаракатларидан шикоят 

Мўминжон Йўлдошевга тегишлилиги айтилаётган Bahodir Log‘on Tekstil ҳақида мана шундай маълумотлар мавжуд бир пайтда компаниянинг ўзи рейдерлик нишонига айлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маълум бўлишича, мазкур кластернинг Ёзёвон туманидаги мижозлари бўлган фермерлар янги ташкил этилган “Posco International” МЧЖ билан янгидан шартнома тузишга мажбурланмоқда. Бу эса Bahodir Log‘on Tekstilнинг тумандан сиқиб чиқарилаётганига ишора қилади.

Bahodir Log‘on Tekstil билан содир бўлаётган бу воқеалар Мўминжон Йўлдошевнинг бизнеси устида қора булутлар айланаётганидан даракми ёки пулдор кланлар тўнашувими, ҳозирча маълум эмас. 

Ҳисоботни бу ерда рус тилида ўқиш мумкин

Ҳисоботни бу ерда инглиз тилида ўқиш мумкин

Тағин ўқинг
30 январ 2017
Сўнгги вақтларда товуқ боқишни Ўзбекистонда миллий ҳаракат даражасига чиқаришга қаратилган интилишлар давом этмоқда. Қайси газетани варақламанг, албатта, товуқ боқиш ...
27 ноябр 2019
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқда тарқалгани аудиоёзувидаги ҳолатларни текшириш юзасидан баёнот  берди. Журналистлар шаънига ...
29 март 2019
Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида гапирсам. Бу калимани юз йил олдин Маҳмудхўжа Беҳбудий айтган эди. Мавзуга киришдан олдин аввалги сафар ...
4 май 2016
Eltuz.com маҳаллий қўшиқчи ва санъаткорларни турли чегаралардан чиқмасликка даъват қилиб келаётган ўзбек мулозимлари ҳажв этилган рассом Тузнинг янги карикатурасини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...