Асосий мавзулар
13 апрел 2022

Ёзёвондаги кластер фарғоналик амалдорлар ва «Posco International”ни рейдерлик ҳаракатларида айбламоқда

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида фаолият юритаётган “Bahodir Log‘on Tekstil” қўшма корхонаси “Posco International” МЧЖни рейдерлик ҳаракатларида айблади.  

“Элтуз”га келиб тушган маълумотга кўра, 2 апрель куни вилоят ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов “Bahodir Log‘on Tekstil” билан шартномалари мавжуд фермерларга “Posco International” билан янгидан шартнома тузишга кўрсатма берган. 

“Элтуз”га юборилган маълумотда келтирилишича 2018 йилда ташкил этилган “Bahodir Log‘on Tekstil” пахта-тўқимачилик кластери шу пайтгача сезиларли ишларни амалга оширган. Кластер Фарғона туманининг Лоғон қишлоғида ўз маблағлари ҳисобига Туркиядан харид қилинган, қиймати 2 млн АҚШ долларга тенг, кунига 300 тонна пахта хом-ашёсини қайта ишлаш қувватига эга корхонани ишга туширган.

Шунингдек, 2020 йилда қишлоқда йиллик қуввати 12 000 тонна пахта толасини қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқаришга етадиган корхонани фойдаланишга топшириб, 2000 га яқин хотин-қизни иш билан таъминлаган. 

“Bahodir Log‘on Tekstil” 2022 йил бошида йиллик қуввати 10 млн дона маҳсулот тайёрлашга етадиган янги тикув-трикотаж корхонасини ишга тушириб, 1500 та иш ўрни яратганини айтади.

“Элтуз”даги маълумотда айтилишича, “Bahodir Log‘on Tekstil” ташкил этилгунига қадар Ёзёвон тумани пахта режасини бажармаган. Фақат кластер ўз мажбуриятларини фаол адо этгани боис, 2021 йилда фермерлар 50 центнердан пахта ҳосили олган ва туман вилоятда илғорлар сафига кўтарилган. 

2022 йил пахта ҳосили учун кластер 2021 йилнинг октябрь ойидаёқ ерга ишлов бериш ишларига киришган. Ёзёвон туманидаги 151 та фермер хўжалигидан 126 таси билан 2022 йил пахта хом-ашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалар тузилган ва электрон тартибда рўйхатдан ўтказилган. 

Фьючерс шартномага асосан, “Bahodir Log‘on Tekstil” тумандаги фермер хўжаликлари учун “Агробанк”дан 11 млрд сўм кредит олган ва фермер хўжаликларига 50 млн сўмдан 500 млн сўмгача, жами 13,3 млрд сўм маблағ берган.

Кластер томонидан 2022-2024 йилларга мўлжаланган, қиймати 100 млн АҚШ долларига тенг бир қатор лойиҳалар устида ишлар олиб борилаётган бир пайтда унинг шунча саъй-ҳаракатлари ва барқарор бизнеси пучга чиқиш арафасида. 

Маълум бўлишича, Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссиясининг 2022 йил 18 мартдаги йиғилиши баёнига кўра, Ёзёвон туманидаги пахта етиштириладиган ерлар “Posco International” МЧЖга бириктирилган. 

“Фарғона раҳбарияти Ёзёвон туманидаги фермерларни “Posco International” билан шартнома тузишга мажбурламоқда. Ҳолбуки, янги ташкил қилинаётган кластерда қишлоқ хўжалиги учун зарур чигит ва техника тўлиқ эмас. Қолаверса, республика комиссияси йиғилиши баёнида “Bahodir Log‘on Tekstil” томонидан шу кунгача қилинган харажатлар қай тартибда қопланиши кўрсатилмаган, бу бўйича ҳукумат қарори қабул қилинмаган. Бу эса кластерлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом талабларига тамоман зид. Низомда “фаолияти тугатилаётган пахта-тўқимачилик кластерига тугатилаётган йилдаги мавсум бўйича пахта ҳосилини тўлиқ йиғиб (сотиб) олишга рухсат берилади”, деб кўрсатилган”, дейилади “Элтуз”га ихтиёридаги маълумотда. 

“Bahodir Log‘on Tekstil”нинг “Элтуз” билан мулоқотда бўлган вакили сўзларига кўра, кластерга Ёзёвон туманига инвестиция киритмаганлик айби қўйилган. 

“Ваҳоланки, кластерни ташкил қилганимиздан буён ер сўраймиз, беришмайди. Масалан, кластер ўзининг Ёзёвон туманида 2022 йилги инвестиция мажбуриятини бажариш, яъни янги ип-калава корхонаси қуриш мақсадида аҳолига қулай ҳудуддан ер ажратиб бериш сўраб, туман ҳокимига мурожаат қилди. Аммо туман ҳокими Д.Жалилов 80 сотих ер ажратишини айтган бўлса-да, турли сабаблар туфайли 

ваъдасини бажармай келмоқда. Шу боис, кластер Ёзёвонда етарли даражада янги иш ўринлари яратмади”, деди “Bahodir Log‘on Tekstil” вакили.

У кластер миллиардлаб сўмга олиб келган техника воситалари ҳам аслида инвестиция эканини айтар экан, туман фермерлари янги кластер билан шартнома имзолашга мажбурланаётганидан норози эканини қўшимча қилди. 

“Биз салоҳиятли кластермиз. Бошқа туманларда ҳатто техника олмаган, фермерлардан қарздор кластерлар бор. Нимага энди айнан биз? Ёзёвон тумани ҳокими ва “Posco International” МЧЖ рейдерлик ҳаракатлари орқали бизни сиқиб чиқармоқда”, деди “Bahodir Log‘on Tekstil” вакили.

Маҳаллий матбуот яқинда худди шундай ҳолат Наманган вилоятининг Норин туманида ҳам содир бўлгани ҳақида ёзган эди.

“Тумандаги 140 та фермер хўжалиги билан уч йилдан бери ишлаб келаётган “Uztex Uchkurgan” кластери ўрнини бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев имзолаган ёпиқ йиғилиш баёнига кўра “Iftiхor Kiyim Sanoat” кластери эгалламоқда”, дейилади мақолада. Бу ҳаракатларга ҳам юқорида айтилган йиғилиш баёни асос бўлган.

Фермер хўжаликлари ғалла ёки пахта етказиб бериш бўйича қайси кластер билан шартнома тузишни танлаш ҳуқуқи йўқлигидан шикоят қилиб “Элтуз”га мактублар ёзишмоқда. Аксарият туманларда фақат битта кластер фаолият юритади ва бошқа кластернинг яратилиши рақобатни кучайтириши мумкин, бироқ, битта ишлаетган кластерни амалда йўқ қилиш ва уни бошқаси билан алмаштириш қарорининг мантиқий асоси нимада эканлиги номаълумлигича қолмоқда.

Тағин ўқинг
16 ноябр 2017
Бошқа динга кирганликда айблаб, хотинини пичоқлаган сайрамлик 34 ёшли Хайрулло Норметов 14 ноябрь куни ҳибсга олинди. Суд ҳукми чиққунига ...
3 июл 2020
Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилишми? Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий ...
26 май 2021
26 май куни соат 11.00 атрофида 20 чоғли шаллақи эркак ва аёл Тошкентда Жаҳонгир Отажоновнинг «эркчи»лар учрашуви режаланган хонадонига ...
28 сентябр 2015
Баъзида ўзаро баҳслашаётанлар орасида бир-бирини «манқурт (зомби)» ликда айблашлар учраб туради. Хўш, аслида манқуртлар кимлар? Мен ҳозир қўлдан келганча ...
Блоглар
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб ...
3 ноябр 2022
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва ...