Mустақил пахта кооперативлари – янги Ўзбекистоннинг етим боласи
Ўзбекистонда пахта етиштирувчи фермерлар тузган мустақил кооперативлар фаолияти амалдорлар амри ва қонунни ўзбошимчалик билан қўллаш йўли билан тўхтатилмоқда.
2019 йилда Ўзбекистонда пахта соҳасини хусусийлаштириш бошланганидан бери бутун мамлакат бўйлаб фермерлар ерларнинг ноқонуний олиб қўйилиши ва хусусий пахта кластерлари билан тузилган муаммоли шартномалар юзасидан кўплаб норозиликлар билдирилган.
Ўз пахтасининг энг кам нархи кўрсатилмаган бўш шартномалар, ёқилғи ва ўғитлар нархи ошириб юборилиши, топширилган пахта учун ҳақ тўланмаслик, пахта режаси реал бўлмаган даражада юқорилиги, режа бажарилмаса, ер мусодара қилинишига олиб келиши минглаб фермерларни қарзга ботирди ва умидсиз қилди. Бунга жавобан қатор вилоятлардаги пахтакор фермерлар кластерлар монополиясини четлаб ўтиш мақсадида кооперативлар тузишга киришди.
Пахтачилик кооперативлари Ўзбекистон учун 2020 йилда пахта етиштириш бўйича давлат буюртмаси тугатилгандан сўнг пайдо бўла бошлаган янги ҳодиса. Германия қишлоқ хўжалиги федерал бошқармаси мутахассислари ёрдамида ишлаб чиқилган “Қишлоқ хўжалиги кооперативлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этилгани хабар қилинган эди.
Бироқ ҳукумат амалдорлари кўпчилиги қарзга ботиб бораётган, давлат субсидияларини олмайдиганлар қаторида муваффақиятли мустақил фермер хўжаликларини ҳам бўғиш йўлларини изламоқда.
Кластер номидан иш тутаётгандек кўринган маҳаллий амалдорлар кооперативлар фаолиятига самарали тўсқинлик қилмоқда, ҳатто баъзи ҳолларда уларнинг пахтасини тортиб олиб, кластерларга етказиб бермоқда.
Янги Ўзбекистонда кластер тизимидан ташқарида мустақил деҳқончиликнинг ривожланиши исталмаган холат бўлиб қолмоқда.
Хоразм вилоятидаги “Xonqa Gold Fiber” кооперативи
Германиядаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Ўзбек форуми) ҳукумат амалдорлари томонидан кооперативлар фаолиятига тўсқинлик қилинган кўплаб ҳолатларни ҳужжатлаштириб, ўнлаб фермерлар билан суҳбатлар ўтказди.
Бу кооператив билан боғлиқ вазият судларнинг холислиги ва давлат мансабдор шахсларининг кооперативлар фаолиятига тўсқинлик қилиш учун тушунарсиз мотивациясидан далолат беради.
2022 йил декабрь ойида Xonqa Golden Fiber кооператив икки ҳафта аввал қўшни тумандаги пахта тозалаш заводига етказиб берилаётганда мансабдор шахслар томонидан ноқонуний олиб қўйилган 3,5 тонна пахтанинг қайтарилишга эришди.
Кооператив 2022 йил январь ойида учта фермер хўжалиги томонидан пахта етиштириш, тола ва калава ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган. 2022 йилги пахта ҳосили давлатдан катта миқдорда субсидия оладиган хусусий пахта кластерларидан фарқли ўлароқ, фермерларнинг ўз маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилди.
“Хonqa Gold Fiber” кооперативи асосчиси ва раҳбари Шокир Хўжаниёзов пахтанинг олиб қўйилгани юзасидан прокуратурага ариза билан мурожаат қилган ва прокуратура бу ишни маъмурий судга оширган.
2022 йил 23 декабрда суд қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилиш билан шуғулланувчи давлат органи – Агроинспекциянинг пахтани олиб қўйган мансабдор Искандаров Уктамбойга 4.500.000 сум миқдорида жарима солди. Искандаров “хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик”да айбдор деб топилди.
Адолат қарор топди ва кооператив ўз фаолиятини давом эттириши мумкин эди. Бироқ фермерларнинг ғалаба нашидасини Агроинспекция томонидан 2022 йил 6 декабрь куни Урганч шаҳри хўжалик судига “Xonqa Gold Fiber” кооперативини тугатиш талаби билан берилган даъво аризаси бузди.
Агроинспекция президентнинг 2020 йил март ойида қабул қилинган қарорига кўра, пахта кластерлари ташкил этилган туманларда фермер хўжаликлари кооперативлари бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида маълум қилди.
Шу боис, Агроинспекциянинг таъкидлашича, Хонқа туманида “Хorazm Tex” пахта кластери фаолият юритаётгани сабабли “Honqa Gold Fiber” кооперативи тугатилиши керак эди.
Президент қарорида кластерлар фаолият кўрсатаётган туманда кооперативлар фаолияти йўлга қўйилмаслиги тўғрисида аниқ кўрсатма йўқлигига қарамай, суд даъвони Агроинспекция фойдасига ҳал қилди.
Дарҳақиқат, президентнинг ушбу қарори кооперативлар ташкил этишни қонунийлаштиргани билан тарихий аҳамиятга эга эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, агар қарорлар амалдаги қонунларга зид бўлса, қонун устувор ҳисобланади.
Агроинспекциянинг даъвоси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонундаги “фермер хўжаликлари пахта етиштириш, уни йиғиштириб олиш, қайта ишлаш, ташиш ва ўзлари хоҳлаган жойда сотиш ҳуқуқига эгадирлар”, деган талабни бузади.
“Xonqa Gold Fiber” кооперативини ёпишдан манфаатдор ягона томон Агроинспекция эмас эди. 2022 йил ноябрь ойида Урганч шаҳри хўжалик суди Хонқа тумани ҳокимлигининг Шокир Хўжаниёзовнинг 2019 йилда 49 йил муддатга тузган ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди.
Суд ушбу қарори янги ташкил этилаётган кооператив учун жуда катта оқибатларга олиб келди. Чунки у Агроинспекциянинг “Xonqa Gold Fiberр” энди учта фермер хўжалигидан иборат эмаслигини даъво қилишига асос бўлди.
Бу эса кооператив ташкил этиш учун зарур ҳуқуқий асосдир. Шундай қилиб, Агроинспекция учта таъсисчидан бирининг ер ижараси бекор қилингани сабабли кооператив тугатилиши кераклиги ҳақида даъво қилиши мумкин бўлди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассиснинг фикрича, ер ижарасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатиш икки алоҳида жараён. Фермер хўжалиги одатда турли қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланади, ер ижараси шартномаси бекор қилинганда фермер хўжалигининг ўзи автоматик тарзда тугатилмайди.
Бошқа ҳар қандай бизнес сингари фермер хўжалиги ҳам ўз фаолиятини бошқа жойда юритишга қарор қилиши мумкин. Шунга қарамай, суд Хўжаниёзовнинг ер ижараси шартномаси бекор қилингани сабабли фермер хўжалиги тугатилиши ҳақида қарор чиқарди.
Агроинспекция эса бундан ҳам узоқроққа бориб, кооператив аъзолари билан тузилган пахта етиштириш шартномалари Қишлоқ хўжалиги бошқармасида рўйхатдан ўтмаганини даъво қилди.
Аслида бу шикоят учун қонуний асос йўқ. Хусусийлаштиришдан аввал фермерлар ва давлат ўртасида пахта етиштириш бўйича шартномалар Қишлоқ хўжалиги бошқармасида рўйхатдан ўтказилиши керак эди.
Бу мантиқий тартибга солиш, чунки давлат фермерларга паст фоизли кредитлар берарди. Бироқ пахта соҳаси хусусийлаштирилгач, фермерлар билан давлат эмас, хусусий пахта кластерлари шартнома тузмоқда. Кооперативларда эса фермерлар ва кооператив ўртасида шартномалар тузилади.
Шунга қарамай, мутасаддилар тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги шартномалар давлат рўйхатидан ўтмаган тақдирда, улар ҳақиқий эмаслигини таъкидлаб, Қишлоқ хўжалиги бошқармасида рўйхатдан ўтказишни давом эттиришни талаб қилмоқда.
“Xonqa Gold Fiber” кооперативини ёпиш ва унинг раҳбари Хўжаниёзовни суд орқали таъқиб қилиш ҳаракатлари изчил давом этмоқда. 2022 йил давомида ҳокимлик Хўжаниёзовнинг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш мақсадида икки марта судга мурожаат қилган.
Хўжаниёзовнинг айтишича, унинг ҳокимлик билан муаммолари 2022 йилнинг баҳорида бошланган. Ўшанда туман ҳокими ҳеч қандай қонуний ҳуқуқсиз қўшимча 40 тонна буғдой етказиб беришни талаб қилган.
2022 йил апрель ойида хўжалик суди ҳокимликнинг ер ижарасини олдиндан бекор қилиш тўғрисидаги биринчи даъвосини тасдиқловчи далил тақдим эта олмагани сабабли рад этди.
Бироқ ҳокимликнинг 2022 йил 24 ноябрдаги Хўжаниёзов “Xorazm Tex” кластери билан шартнома мажбуриятларини кетма-кет уч йил давомида бажармагани ҳақидаги иддаоси асосида фермер хўжалигининг кўп йиллик ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги иккинчи даъвоси ижобий натижа берди.
Ҳокимлик фермерни ердан “номақбул” ва “рухсатсиз” фойдаланганликда, яъни 2022 йилда рухсатсиз қўшимча етти гектар буғдой ва олти гектар шоли экканликда ҳам айблади.
Ердан “номақбул” ва “рухсатсиз” фойдаланиш ҳокимликлар томонидан фермерларга ер ижарасини бекор қилиш билан таҳдид қилиш орқали босим ўтказишининг кенг тарқалган сабабидир.
Ўзбекистонда фермер хўжаликлари “мустақил хўжалик юритувчи субъектлар” ҳисобланса-да, тақсимлаш тизими деб аталадиган тизим қонундан устун бўлиб, фермерлардан ўзи учун фойдали бўлган эмас, балки давлат хоҳлаганини етиштиришни талаб қилади.
Ер ижараси шартномаларида деҳқон муайян ер майдонларида қандайдир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши шарт. Бироқ сув ва бошқа зарурий ресурслардан фойдаланиш имконияти фермерларнинг ишлаб чиқариш мақсадларига эришиш қобилиятига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Хўжаниёзов Ўзбек форумига берган интервьюсида “Xorazm Tex” кластери томонидан белгиланган ишлаб чиқариш кўрсаткичларини сувдан фойдаланиш имконияти йўқлиги сабабли бажара олмаганини айтди.
Хўжаниёзовнинг фермер хўжалигидаги сув танқислиги ҳатто 2022 йил октябрь ойида Агроинспекция томонидан ўтказилган текширувда ҳам тасдиқланган ва шунинг учун ишлаб чиқариш режаси камайиши керак эди.
Бунинг ўрнига Хўжаниёзовга белгиланган режа ҳаддан ташқари юқори бўлиб, уни ерни ижарага олиш шартларини бажармасликка мажбур қилди.
Шокир Хўжаниёзов ўз хўжалиги ва кооперативини сақлаб қолиш учун курашни давом эттириш ниятида ва Ўзбекистон қонунчилигининг кўриниб турган бузилиши юзасидан Олий судга шикоят аризаси киритган.
Молиявий ночор кластерлар
2023 йил 13 январь куни Фермерлар кенгаши Бош прокуратурага солиқ идораси солиқ қарзларини мажбурий ундираётгани муносабати билан пахта фермерларининг солиқ тўловларини кечиктириш бўйича хат юборди.
Кенгаш хабарига кўра, 30 000 га яқин фермер – пахта фермерларининг аксарияти 2022 йилда етиштирган ва топширган пахтаси учун ҳали тўлиқ ҳақ олмаган ва шу сабабли солиқларни тўлай олмаяпти.
Кўплаб пахта кластерлари молиявий ночорлик билан курашаётган бир пайтда, давлат томонидан ажратилаётган саховатли субсидияларга қарамай, маҳаллий ҳокимият органларининг мустақил кооперативларни тор-мор этиш ҳаракатларини тушуниш ва мантиқ чамбарига солиш қийин.