Асосий мавзулар
12 сентябр 2024

Хитой концлагеридаги қариндошига адолат сўраган ўзбек жиннихонада сақланмоқда

Тепадаги бир-бирига ўхшаш икки расм дунëнинг икки нуқтасида суратга олинган: Уйғур халки ҳимоячиси Рушан Аббос 2018 йили Хитойда изсиз йўқолган опасини қидириб Брюссел шаҳрида плакат кўтариб турибди. Иккинчи расмда эса ўзбек фаоли Валижон Калонов Хитой концлагерида жазо ўтаëтган қариндошлари озод қилинишини сўраб, Жиззахда шиор кўтаргани акс этган.

Беш йилдирки, Рушан Аббос опасининг дарагини топа олгани йўқ. У ўз изланишлари ҳақида филм олиб, уни дунё бўйлаб намойиш қилди. Валижон Калонов бўлса, олдинига қўлига кишан солиниб қамалди, кейин эса гўёки руҳий касал сифатида Жиззахдаги ëпик руҳий касалликлар диспансерида салкам 3 йилдан бери ушлаб турилибди.

Валижон Калонов Ўзбекистонда, унинг қариндошлари эса Хитой концлагерида тутқунликда қолар экан, бир гуруҳ ўзбек журналистлари Хитой элчихонаси ҳисобидан Шарқий Туркистонга саёҳат қилиб, прохитой услубида пропаганда мақолалари ëзишди.

Ўзбекистон 24 телерадиостанцияси бўлими бошлиғи Шарофиддин Тўлаганов Хитойни улуғловчи пиар нашрга интервью бериб, Шарқий Туркистон халқи “тинчлик ва ўзаро ишонч руҳида” оламгулистон яшаëтганлигини урғулади.

Севимли телеканали журналисти Дилфуза Эсонова эса Қошғардаги уйғурларнинг шарт-шароитлари яхши эканлигини мақтади.

Хитой элчихонаси ҳисобидан саëҳат қилган ўзбек журналистларининг “мафтункор” ҳикоялари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Шинжондаги уйғурлар ва бошқа этник озчиликларга қарши Хитой хатти-ҳаракатини “инсониятга қарши жиноят” деб атагани ортидан юз бермоқда.

Ўзбек журналистларининг хитойпараст риторикаси расмий Тошкент нуқтаи назарига уйғун.

Жорий йил июлида Қозоғистоннинг Остона шаҳрига амалий ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашувда Ўзбекистон томонининг «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаш борасидаги позицияси ўзгармас эканлигини таъкидлаган эди.

Бу учрашувдан олдин Ўзбекистонда туриб, Шарқий Туркистондаги уйғурлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида гапирган жиззахлик Валижон Калонов “руҳий касал” дея тутқунликка олиниб, бунинг учун ўзбек жазо психиатрлари хулосаси асос қилинган. Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасининг 391  рақамли хулосасига кўра, Калоновнинг уйғурлар ҳақидаги гапи “васваса” дея малакаланган.

Калоновнинг фикрлари БМТ олий комиссари ва АҚШ давлат департаментининг Шарқий Туркистонда Хитой зулми ҳақидаги баëнотларига мантиқан ўхшайди.

Совет давридаги жазо медицинасини мерос қилиб олган “эксперт врач”лар тепадан келган буюртма бўйича ишловчи мансабдорлардан фарқли равишда фикрловчи диссидентни “жинни” деб элон қилганининг ўзи ақл ва мантиққа зид холатдир.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг 2022 йил сентябрда эълон қилинган ҳисоботига кўра, Шинжондаги “қайта тарбиялаш лагери” тизимида камида 2017 йилдан 2019 йилгача “кенг кўламли ўзбошимчалик билан ҳибсга олишларнинг тизимли схемаси” мавжудлиги аниқланган. БМТнинг аввалги ҳисоб-китобларига кўра, қатағон қилинганларнинг сони ўн мингдан то бир миллионгача бўлган уйғур, ўзбек ва бошқа этник гуруҳларни ташкил этган. Асосан этник озчиликлар ва мусулмонлар оммавий тажовузга учрагани ҳақида далиллар аниқланган. Улар ҳибсга олиш, мажбурий меҳнат эксплуатацияси, жинсий зўравонлик, қийноқлар ва оиласидан ажратиш каби ҳолатларга дучор бўлган.

Хитойдаги уйғурлар фақат уйғур бўлганлиги учун тазйиқ ва доимий кузатув остида. Масалан, дуторда уйғурча қўшиқлар айтадиган таниқли ҳофиз Абдураҳим Ҳаит миллатчиликда айбланиб концентрацион лагерга олиб кетилганлигини ҳофиз йўқолиб қолгани ортидан кўтарилган шовқиндан кейин расмий Пекин тасдиқлади.

Абдураҳим Ҳаит хитой сиëсати “қайта тарбиялаëтган» минглаб уйғурлардан бири ҳисобланади.

Расмий Тошкент ва унинг Хитойга бориб айланиб келган булбулигўëлари Шинжон уйғурларининг концентрацион лагерларида қийналаëтгани манзарасини гулдор кўрпа билан ëпмоқчи. Ушбу мақола бу гулдор кўрпани йиртиб, сизга Шарқий Туркистондаги дахшатли манзаранинг бир қиррасини  кўрсатишни мақсад қилади.

Валижон Калонов уйғурлар тақдирига қайғургани ортидан жазоланган сиëсий тутқун

Валижон Калонов – жиззахлик блогер ва сиёсий танқидчи. Калонов янги Ўзбекистон тарихида “президентни интернетда ҳақорат қилиш”да айбланиб, жазога тортишга жалб қилингани маълум бўлган биринчи тутқун.

У 2021 йилги президентлик сайловлари арафасида президентни танқид қилиб, сайловни бойкот қилишга чақирган ва Хитой концлагерида қолаëтгтан қариндошлари тақдирига эътибор қаратган.

Шундан кейин, Жиззах суди томонидан Калонов жиноий жавобгарликка нолойиқ деб топилиб, мажбурий тартибда руҳий муолажа олий учун жиннихонага қамаб қўйилди.

Хитой режимининг уйғур ва этник ўзбекларга зулмини танқид қилган жиззахлик фаол Валижон Калоновни руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаш муддати ҳар сафар уч ойга узайтирилган ҳолда ҳануз давом этмоқда. Сиëсий тутқун Жиззах вилояти Шароф Рашидов туман судининг 2023 йил 7 ноябрда чиқарган қарори асосида ҳануз панжара ортида қолмоқда.

Калонов жиноят кодексининг 158-3 (президентни ижтимоий тармокларда ҳақорат килиш) ва 244-1 (Жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш) моддалари билан айбланган. 2021 йил декабрь ойида Жиззах шаҳар суди томонидан Калонов ақлдан озган ҳолатда ижтимоий хавфли ҳаракатларни содир этганлиги аниқланиб, шунга кўра қамоқ ўрнига ёпиқ руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга жўнатилди.

Жиноят ишлари бўйича туман (Шароф Рашидов тумани) суди томонидан Калоновнинг мажбурий даволаниш муддатини яна 6 ойга узайтириш ҳақидаги сўнгги қарори 2024 йил 6 март куни қабул қилинган.

Элтузда нусхаси мавжуд бўлган суд ажримида айтилишича, «текширувлар даврида бемор Калоновнинг руҳий ҳолати яхшиланмагани, ўзининг кейинги тақдири борасида режалари мавжуд эмаслиги, ўзини тутиши тартибланмагани, ўзининг қилмишларига нисбатан пушаймон эмаслиги аниқланган».

Шунингдек, жазо медицинаси шотирлари бўлган “тиббий экспертлар” Валижон Калоновни ўзи ва атрофидагиларга нисбатан «тажовузкор» бўлиши мумкинлигини “ëзиб беришган”.

Сиëсий талаб ортидан жиннихонага йўлланма

Мирзиёевнинг Хитой сиёсатини, хусусан “Ягона Хитой” ғоясини қўллаганини танқид қилган Валижон Калонов 2019 йили Ўзбекистон президентининг Хитойга ташрифидан кейин YouTube тармоғида чиқиш қилиб, “ўзбек халқи уйғурнинг эгизагидир ва зулмга кўз юмиб, амалда бу зулмга шерик бўлган Мирзиëевга бойкот эълон қиламан” дея баëнот берган эди.

Мирзиëев режими “ўйин тугаб яна Каримов форматига” қайтилгани Калоновни қамоққа ташлагани ортидан юзага чиқди.

Рушан ва Гулшан ҳикояси

Рушан (Равшан) Аббос Шарқий Туркистонда туғилган уйғур қизи. Ҳозирги пайтда АҚШда яшаб, бутун куч ва салоҳиятини Хитой зулми остидаги уйғурлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сафарбар қилган фаол. Унинг бу фаоллиги ортидан Хитой режими 2018 йили  Рушаннинг пенсия ëшидаги врач опаси Гулшанни 20 йилга камади. Рушан Аббоснинг айтишига кўра, опаси унинг танқидий чиқишлари ортидан ҳибсга олинган.

“Опамни гўëки терроризмда айблаб қамашди. Бу тухмат. Унинг “жинояти” уйғур бўлгани ва менинг опам бўлгани. Опам Гулшанни менинг Вашингтонда қилган чиқишимдан олти кун ўтиб қамашди. Вашингтонда мен Хитойнинг уйғурларга қарши геноцид сиëсатини қоралаб, Хитойдаги концлагерлар дахшатини тасвирлаб бергандим”.

Рушан мана беш йилдирки опасини Хитой қамоғидан озод қилиш учун курашмоқда. Яқинда Рушан Брюссел, Амстердам ва Берлиндаги сиëсатчи ва дипломатларга Шинжондаги уйғурлар тақдири ҳақидаги фильмни намойиш қилди.

Рушан бир амаллаб Хитой қамоғидан чиқиб Ғарб ëки АҚШга келган собиқ тутқунлар билан учрашиб “опамни кўрмадингизми” деб сўраб суриштиради. Дунëда бўладиган катта тадбирлар, масалан, яқинда Парижда ўтган олимпиада олдидан ҳам у дунë лидерларига мурожаат қилиб, зулмкор Хитойга қарши халқаро босим ўтказишга чақирди. Пекинда ўтадиган қишки олимпиадани бойкот қилиш талаби ҳам Гулшанга тегишли.

«Энг камида Европа давлатлари Хитойга дипломатик бойкот қилади деган умидим бор. Ғарб лидерлари Хитойдаги тадбирга бормасин. Агар боришса, бу Си Цзиньпин режимининг геноцид сиëсатини оқлаш бўлади. Хитой ҳукумати уйғурларни, халқимнинг ишончини, маданиятини босқин қилмоқда. Уйғуларнинг Шарқий Туркистондаги бир парча ерга тарихий эгалик ҳуқуқи учун бу геноцид давом этмоқда”. 

Парадокс шуки, мега давлат бўлган дев Хитой зулмига қарши синчалак қушидан кичик Гулшан кураш олиб бормоқда. Шунингдек, у Қозоғистондаги уйғур диаспораси ва либерал жамоатчиликка ўз фильмини намойиш қилди.

Шўргинанг қурсин сени, жоним Шарқий Туркистон

Ўзбек матбуоти Шарқий Туркистонда Хитой зулми, хитойча тарбия концлагерлари ҳақидаги мавзуни умуман ëритмайди. Шарқий Туркистон қайғуси ўзбек адабиëтида ҳам кам тилга олинади. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг кўп томли асарларида ҳам уйғурлар мавзусида бирорта шеър йўқ. Лекин 1991 йили Абдулла Орипов уйғур шоири Буғдо Абдулло таклифи ортидан Урумчига сафар қилган ва шаклланиб келаëтган Хитой зулмини кўриб дахшатга тушганини тор доираларда гапирган эди.

Икки йил олдин ижтимоий тармоқлардаги «Абдулла Орипов шеърияти» гуруҳи волонтерлари Абдулла Ориповнинг таъқиб сабаб йўқ қилинган уйғурлар ҳақидаги шеърини ëзилганидан 31 йил ўтиб эълон қилишди. Бу гуруҳ кўнгиллиларига тасанно.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг (1941–2016) ҳали бирор бир тўплам ёки матбуот нашрида чоп этилмаган «Шарқий Туркистон» номли шеъри эди бу.

1991 йил май ойида Абдулла Орипов Урумчи шаҳрига сафар қилган. Уйғур ўлкасига сафари давомида Абдулла Орипов «Шарқий Туркистон» номли шеър ёзади. Аммо маҳаллий полиция шеър ҳақида суриштира бошлагач, шоир янги асари қўлёзмасини йиртиб, йўқ қилишга мажбур бўлади. Кейинроқ шеърнинг бир нусхаси бошқа қўлёзмалар орасида қолиб кетгани маълум бўлади. Бундан хабар топган шоир рафиқасига қўлёзмани яшириб қўйишни тайинлайди. «Шарқий Туркистон» шеъри орадан 31 йил ўтиб, 21 март – улуғ аллома Алихонтўра Соғуний ҳамда Абдулла Орипов таваллуд топган кунда эълон қилинди.

Шарқий Туркистон

Мен сени аввал бошдан

Етук деб ўйлагандим.

Боболардан қолган

Битик деб ўйлагандим.

Оқсоқ бўлсанг-да сени,

Тетик деб ўйлагандим,

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон,

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

На отаю онани

Танимай қолибсан сен,

Кимса билмас манзилга,

Йўлингни солибсан сен,

Балки бу сафар қалтис

Ҳорибсан, толибсан сен.

Шўргинанг қурсин сенинг,

 Жоним Шарқий Туркистон,

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Боланг келса безрайиб,

Тилини ҳам билмайсан,

Бировга-ку юқтирмай,

Ўзингга ҳам юқмайсан.

Деҳқонсан-у, заминга

Бирор ниҳол суқмайсан.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Меҳмон келса изида

Тўртта-бешта изи бор,

Бу элнинг на ғурури        

Ва на айтар сўзи бор.

Гоҳи-гоҳи шоирнинг

Йиғлаб турган кўзи бор,

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Ҳа, бир замон сенинг ҳам

Юрган йўлинг оқ эди,

Лекин биров у деди,

 Буниси бундоқ деди.

Раҳмон ош пиширганда,

Оқибат шайтон еди.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Аҳволингга қараб мен

Йиғладим бугун нетай,

Ҳар нечук жигаримсан

Мен юрак қайга кетай.

Иқболингни ахтариб,

Каъбага токи етай.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

Асл-асл инсонлар

Қучоғингда бор балки,

Оҳ, қандайин даҳолар,

Беэътибор, хор балки.

Дийдиёни ўзига

Билишади ор балки.

Шўргинанг қурсин сенинг,

Жоним Шарқий Туркистон,

Бегона эмас менинг

Қоним, Шарқий Туркистон.

1991 йил 9 май

Урумчи

Тарихий билги

Шарқий Туркистон ҳудудида тарихан уйғурлар ва кам сонли бошқа миллатлар – қозоқ, қирғиз ва ўзбеклар яшаб келган.

XVI-XVII асрларда бу ҳудудда Уйғур хонлиги, яъни Ëркент давлати бўлган. 1759 йилда ўша пайтда Хитойда ҳукмронлик қилаётган Қинг сулоласи Шарқий Туркистонни босиб олиб, ҳудудни мустамлакага айлантиради. Узоқ давом этган қаршилик ҳаракатлари натижасида 1864 йили Манжур-Хитой қўшинлари қувиб чиқарилган ва уйғурлар “Еттишаҳар” номи билан янги мустақил давлатини тиклаган. Лекин бу мустақиллик узоқ давом этмайди. 1876 йилда Хитой қўшинлари яна бостириб киришди. 8 йиллик қонли урушдан кейин Шарқий Туркистон ҳудуди Хитой таркибига қайта қўшиб олинади ва бу ерларга “янги чегара” маъносини англатувчи Синсян ёки Шинжон номи берилади.

Шарқий Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатлари ХХ асрда ҳам давом этган. Ўзгариш ва катта сиёсий жараёнлар кечаётган бир пайтда бу ҳудудга келиб қолган Алихонтўра уйғур халқининг миллий-озодлик ҳаракатига қўшилади. Халқ орасида юртни озод қилиш ғояларини фаол тарғиб қилгани сабабли, у 1937 йилда Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. Соғуний қамоқда 4 йил қолиб кетади. Бу даврда ҳам у озодлик ҳаракатини ғоявий жиҳатдан фаол тарзда қўллаб-қувватлашни давом эттиради. 1941 йилда адлиявий тафтиш натижасида Алихонтўра озод қилинади.

Шундан кейин Алихонтўра бошлиқ шарқий туркистонликлар юртни озод қилиш учун умумхалқ курашини бошлаб юборишади. 1943 йилда “Шарқий Туркистон Озодлик Ташкилоти” тузилади. 1944 йил 7–10 ноябр кунлари Ғулжада бўлиб ўтган қуролли қўзғолон натижасида ғалаба қилинади. Чан Кайши ва гоминданчилар армияси кетма-кет жангларда мағлуб этилади ва улар чекина бошлайди.

1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланган. Миллий қўшинни тузиш, уни қуроллантириш ва таркибини мустаҳкамлаш ишларининг ташаббускори сифатида Алихонтўра қўшин бош қўмондони этиб тайинланган ва унга “маршал” олий ҳарбий унвони берилган.

Шарқий Туркистондаги исённи совет ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлаган эди. Лекин жумҳурият ташкил этилганидан кейин кўп ўтмай Алихонтўра ва Сталин ўртасида келишмовчилик юзага келади. Алихонтўра Сталиннинг Урумчига юришни тўхтатиш ҳақидаги буйруғига қарши чиқади, лекин армиядаги аксарият етакчиларнинг фикри билан юришни тўхтатиб, советлар воситачилигида Хитой билан музокараларга рози бўлишдан бошқа иложи қолмайди.

Шарқий Туркистон жумҳурияти тузилганидан 19 ой ўтиб, 1946 йил 10 июнида жумҳурият ва Хитой расмийлари ўртасида Урумчида тинчлик битими имзоланади. Битим тузилганидан кейин саноқли кунлар ичида КГБ Алихонтўрани ўғирлаб кетади. Сиёсатчи яширин ва мажбурий тарзда Тошкентга олиб келиниб, уй қамоғига ташланади.

Шу тариқа Шарқий Туркистон Хитой қўлидаги асир ўлкага айланганича қолди.

Видео: https://youtu.be/eIIcr1x7q38?si=5Y9gI7MIGWSXOxu8

Тағин ўқинг
9 июл 2019
Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги учрашувида Вестминстер университетининг 3-курс талабасига туризм вазири ўринбосари бўлишни таклиф қилди. Ўзини Саидакбархон дея ...
9 июн 2016
Ўзбекистонда энг «беозор» мавзу ҳисобланадиган ҳисобланадиган спорт хабарларини ёритувчи оммавий ахборот воситалари ҳам бирин кетин тақиққа учрамоқда. Футбол мутасаддилари ...
16 декабр 2019
Ўзбекистонда 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайлов талқини рассом Тузнинг янги карикатурасида. Eltuz.com
17 август 2021
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ўзининг фейсбук саҳифасида Афғонистондаги сўнгги воқеаларнинг Ўзбекистонга таъсирини бундай изоҳлади: ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...