Қарғалар сайрашни ўргатди менга…
ТошДУнинг журфагида биз 1988-1993 йилларда ўқидик. Раҳматли домламиз профессор Очил Тоғаев публицистикадан дарс берардилар.
Домлага нисбатан кўпчилик талабаларнинг ҳурмати баланд эди, аммо сўнгги дарсда бир келишмовчилик ҳам бўлганди.
Шундан сўнг домла бетоб бўлиб ётиб қолдилар. Домла вафот этганларида биз талабалар ҳам таъзияга бордик. Маййитни кўп қаватли бинонинг иккинчи қавати зинасидан қўлма-қўл кўтариб тушганимизни эслайман.
Ёш эдик, жоноза, қабристон, бу манзарадан анча мутаассир бўлдим. Қуйидаги шеърнинг илк сатрлари ана шу маросимда туғилди. Устоз ўлими билан ҳам дарс бергандай туюлди менга.
СЕН МЕНГА ЯШАШНИ ЎРГАТГИН, ЎЛИМ
Кўзларим кўрликни ўргатди менга,
Манглайим шўрликни ўрганди менга,
Юрагим ҳурликни ўргатди менга,
Сен менга яшашни ўргатгин, ўлим.
Давронлар шамолни менгзатди менга,
Шамоллар хору хас ирғатди менга,
Шайтонлар бирки базм безатди менга,
Сен менга яшашни ўтгатгин, ўлим.
Дил дўзах йўлини кўрсатди менга,
Жон учмох эшигин излатди менга,
Тан бало тоғини юзлатди менга,
Сен менга яшашни ўргатгин, ўлим.
Гумроҳлар айтдилар: ўргатгувчимиз,
Ўзингни ўзингга ўрнатгувчимиз,
Кўзингини қошингга ўртатгувчимиз,
Сен менга яшашни ўргатгин, ўлим.
Хазоний боғларга келдим уриб бош,
Харсанглар бағрига кирдим бўлиб тош,
Мен дунё дарсига беролмадим дош,
Фақат сен яшашни ўргатгин, ўлим.
Қарғалар сайрашни ўргатди менга,
Бақалар сакрашни ўргатди менга,
Мушуклар савашни ўргатди менга,
Сен менга яшашни ўргатгин ўлим.
Абдувоҳид Ҳайит
Eltuz.com