Асосий мавзулар
13 октябр 2017

Пахта териб, икки ҳисса дарс ҳам берувчи «супер ўқитувчи» ҳасрати

9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали берган баёнотида тиббиёт ходимларини ва ўқитувчиларни пахта теримига жалб қилишга тақиқ қатъий экани, далага чиқишдан бош тортганлардан таъмагирлик қилиш ҳолатларида жабрдийдалар тегишли органларга мурожаат этиши кераклиги ҳақида гапирганди.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг айтишича, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари бундай ҳолатларга қарши курашиши лозим.

У Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатлари деярли учрамаётганини ишонч билан таъкидлаганди. Шунингдек, вояга етмаганларни пахта теримига жалб этиш қатъий тақиқланишини билдирганди.

Бундан илгарироқ мамлакат бош вазири ҳам юқорида зикр этилган тоифадаги фуқароларни дарҳол даладан қайтаришга буйруқ берганди. Ҳокимлар эса унга жўр бўлиб, бундай амалиёт жиноят экани ҳақида оғиз кўпиртирганди.

Ажабки, ҳукуматнинг мажбурий меҳнатга қарши сиёсати гўёки кучайгани сари бу иллат тобора кенг кўлам касб этмоқда. Тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар эса мамлакат ҳокимиятининг ваъдалари яна қуруқ гаплигича қолаётганидан, аслида аҳвол тобора ёмонлашганидан ҳафсаласи пир бўлаётир.

Аҳолининг кенг қатлами «уюшмаган аҳоли», «кўнгилли теримчилар», «фидойилар отряди» каби ниқоблар остида тўхтовсиз далага ҳайдалмоқда.

Қуйида мамлакатдаги пахта фронтининг олдинги сафларига сафарбар этилаётганлар тоифаси вакиласи, бу жараёнлардан кўнгли қолган ўқитувчи ҳасратлари билан танишасиз.

Фарғоналик мактаб ўқитувчиси Одина Абдураимова бу изоҳини ўзининг фейсбукдаги саҳифасига 2017 йилнинг 11 октябрида қўйган.

(«Элтуз» таҳририятидан)


Биз қачонгача ёлғон қурбони бўламиз? Мактаб директорининг вазифаси нима? Мактаб назоратими ёки пахтага одам қилиб беришми? Давлатимиз сиёсати ўқитувчиларда синаладими?

Директорларни нотиқликка, сиёсатга, савияга, … ўқитадиган курс борми? Битта мактабга информатика дарси учун берилган 19 та компьютерни иккита хонага жойлаштириш мумкинми?

Пахта йиғим-терими бошланиши билан мактабимизга ҳар йилгидек оғир кунлар келди. Интернетда бот-бот пайдо бўлаётган хабарларни кўриб, «Хайрият, бу йил ўқитувчилар пахтага чиқмас экан», дея шукроналар айтиб, ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатдан жуда мамнун бўлаётган эдим.

Аммо шунча гап-сўзлардан кейин ҳам биз ўқитувчилар мактабда дарс ўтиш ўрнига далада пахта териб юрибмиз. Биламан, терим мавсуми энг масъулиятли пайт. Қанча меҳнат билан етиштирилган пахтани бир-икки ой ичида йиғиштириб олиш керак. Пахтанинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги аҳамияти катта. Бироқ уни теришда аҳолининг қанча қисми иштирок этяпти? Асосан кимлар теряпти?

Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йил аввал ўқувчилар ҳам теримда катталардек иштирок этарди. Кейин бу тақиқланиб, фақат ўқитувчилар олиб чиқила бошланди далага.

Ахир ўйлаб кўринг, ўқувчи мактабда-ю, ўқитувчи далада бўлса, мантиқ қаерда қолади? Ким ўқийди-ю, ким ўқитади?

Ўтган йили фақат ёши улуғ ва теримга яроқсиз (касал, ҳомиладор) устозлар мактабда қолиб, бошқалар ноябрь ойига қадар пахта терганди.

Ҳар бир синфга биттадан ўқитувчи бириктирилиб, ҳамма фанни ўша ўқитувчи ўқитади. Яъни ўзи рус тили ўқитувчиси, лекин 8-«А» синфга бириктирилган, шунинг учун у мазкур синфнинг рус тилисиниям, математикасиниям, она тилию тарих, мусиқасиниям ўргатади. Нақ икки ой.

Мактабимиз ўқитувчилари мана шунақа «супер устоз». Бугун мен ҳам «супер устоз» бўлдим. 5-«Б» синфга бириктирилиб, тарих, она тили, математика, адабиёт, ҳатто жисмоний тарбияни ҳам ўтдим.

Қойилмисиз? Ўзим информатикман. Дарсларимни ким ўтди экан? Ўқувчилар, айниқса, бешинчи синф ўқувчилари жуда билимга чанқоқ бўлади. Кўзлари ёниб туради, ўқитувчини бутун вужуди билан тинглайди. Уларнинг бири-бирига гал бермай: «Мен айтай!» дегани-чи?

Аммо негадир саккиз, тўққизинчи синфга борганда кўзларидаги ўша нур сўниб қолгандек, дилларидаги илм олишга бўлган иштиёқ сустлашгандек туюлади. Хафа бўлиб кетаман. Нега?

Агар ўқувчилардаги ўша ёниш мактабни тамомлагунча йўқолмаса эди, ҳар бири ниманидир кашф қилиб кетарди.

Сентябрь. Ҳамма ёзги таътилдан янги ўқув йилига янги режалар, янгича мақсадлар билан қайтган. Ҳаво салқинлаб, саратоннинг ҳолдан тойдиргувчи тафти пастлаган. Дарахт япроқлари: «Менга ҳеч бўлмаса бир сатр шеър ёз», дегандек шитирлаб, турфа рангга кириб, оёқ остига учиб келади.

Ўқувчилар дўстларини, китобларини, қадрдон партасини соғиниб, «Қани, устоз, бугун бизга нимани ўргатасиз?» дея шай туради.

Шундай ажойиб кунларда мириқиб дарс ўтаётганингда пахтанинг совуқ хабари кўнгилларни вайрон қилади. «Оббо, ҳаммаси яхши кетаётган эди-я…», деб ўқитувчилар хомуш тортади.

Кимдир индамай этак-чойшабини тўғрилайди, кимдир ўрнига бирорта мардикорни чиқариш учун пулини, яна кимдир умуман далага бормаслик учун баҳонасини тайёрлайди.

25 августда тасдиқланиб, деворга илиниши керак бўлган дарс жадвали ҳамон тўғриланмай, судралиб юради-юради ва пахта муносабати билан бир пулга арзимайдиган ёзувларга айланади-қолади.

Ҳамма фаррошлар далада, мактабни ким тозалайди? Японияда ўқувчиларнинг ўзи тозалар экан. Буни бизда ҳам жорий қилсак, яхши бўларди. Чунки фаррошларнинг йўқлиги билинмасди.

Агар сеҳргар бўлганимда мактаб деворларини чанг ютадиган бўёққа бўяб берардим. Шунда ўқитувчиси келмаган ёки пахтага чиқиб кетган шумтака ўқувчилар коридорда ҳар қанча югурса ҳам мактаб чангимасди.

Ўйлаб кўрсам, олти соат олти хил фандан дарс бергандан кўра очиқ ҳавода, кенг далада пахта терган ҳам маъқул экан. Бекор тўрт йил университетда ўқибман. Бувим «Ўқигин, колхозчи бўлмагин», дер эди. Илоҳим, бувижонимнинг умри узоқ бўлсин!

Кечга яқин даладан қайтаётиб, ўзимдан уялиб кетаман. Кўчадаги озода, ясаниб юрган қиз-жувонлар олдида чангга ботиб, қўлларим тилиниб, ҳориб келаётган бўлсам-да, «Ишқилиб, бирорта танишим учраб қолмасин», деган ўй билан қадамимни тезлатаман.

Тезроқ автобусга чиқиб олишга, одамлар кўзига кўринмасликка интиламан. «Қаёқданам ўқитувчи бўлдим?» деган ачинарли савол дилимни қийнайди.

Кеча далада тушлик қилиб, энди ўрнимиздан тураётган эдик. Шийпон тўла одам, эркаклар ҳам бор. Бир киши пахтазор бўйлаб келиб, ариқчадан хатлаб ўтди-да, тўғри директоримизга қарата хурсанд қиёфада: – Текширувчилар келишди, – деди. Табелчи Жуманазар ака экан. – Бу ерда фақат маҳалла, дедим. Ҳаммаси уюшган аҳоли, дедим. Кетишди. Сизни айтмадим.

Директоримиз унга кулиб, оғзини очганича қулоқ солди. Жуманазар ака гўё суюнч хабар айтаётгандек яна қўшимча қилди: – Сизни ҳеч ким сўрамадиям, билмадиям.

Унинг бу гапидан жаҳлим чиқди: – Нима, биз йўқмизми бу ерда? Нега ёлғон гапирасиз?

Ҳамма бирдан жимиб қолди. Кутилмаганда берган саволим Жуманазар аканинг юзидаги табассумни ўчириб юборди. Тиржайганда кўриниб турган ўттиз икки тиши кўз ўнгимда ғойиб бўлди-ю, қорамтир лаблари бир жойга йиғилди.

Кейин кўрсаткич бармоғини менга тўғрилаб: «Сиз пахтани териб, пулингизни оляпсизми? Бошқаси билан ишингиз бўлмасин», – деди.

Юзим ловуллаб кетди шекилли: «Биламан, жуда яхши биламан, бизниям аҳоли деб олиб чиқяпсизлар», – дедим.

Атрофимдаги аёлларнинг менга хавотирланиб қараганларини сездим.

  • Пулингизни оляпсизми, бўлди! – деди у яна гапини такрорлаб ва катта-катта қадамлар билан нари кетди.
  • Пахта пулингни олдинг, энди овозингни ўчир, демоқчисиз-да!

Бу гапимни гўё ўзимга айтгандек бўлдим.

Директоримиз бир оғиз ҳам гапирмади. Кейин судралиб, дала қўйнида қаторларимиз сари йўрғаладик. Ҳеч кимга қарамай, ҳеч кимга гапирмай кетяпман-у, ғазабим босилмасди.

Ўтган йили теримдан сўнг газетада фермер ва чаккасига пахта қистириб олган аъзолари тушган сурат ва уларга пахта теримидаги фаол иштироки учун раҳматлар ёғилган мақола босилган эди.

Уни кўриб ҳайрон бўлгандим. Қани ўқитувчилар? Ахир улар фермернинг аъзоларидан кўп эди-ку! Нега бир оғиз ташаккур билдиришмайди? Нега бизни ишлатиб-ишлатиб, кейин буни ҳаммадан бекитишади?

Ўшанда суратдаги аёлларнинг чаккасидаги пахтани юлиб олгим келганди. Буниси-чи? Бунисига нима дейин? Биз киммиз ўзи? Ғурури, ҳуқуқи топталган, ҳамма нарсага «майли», дея кўниб кетаверадиган оддий ўқитувчимиз.

Бизчалик фидойи ва камтар тоифа бормикин халқ орасида? Тонг саҳарлаб директоримиз қўнғироқ қилди. «Одинахон, бугун пахтага чиқмаймиз, комиссия бор экан. Формада келинг», деди.

Ана бўлмасам! Аксига олиб, шеригим хонани қулфлабди-да, калитни чўнтагига солиб Нукусга пахта тергани кетибди. Шанба куни ёмғир ёққан эди. Ҳеч ким далага бормади. Мактабда йиғилиш қилдик.

Директоримиз айтдики, президентимизнинг янги буйруғи чиқибди. Қорақалпоғистондаги пахтани териш учун Фарғона вилоятининг таълим соҳасига ўн мингта теримчи жўнатиш топширилибди.

Ҳар бир мактабдан ўн бештадан эркак ўқитувчи жўнатилиши керак экан. Ойлиги сақланган ҳолда, қўлларига яна беш юз минг сўмдан нақд пул бериларкан. Давлатнинг сиёсати аввал ўқитувчиларда синаларкан.

Шундай қилиб, домлалар Нукусда, ёшлар маҳалла аҳли бўлиб теримда. Бугунги комиссияни эшитиб, ёзилмаган конспектлар, журналлар, дарс таҳлиллари, тўгарак ҳужжатлари ёзилиб кетди.

Қаранг, бир вақтнинг ўзида ҳам дарс ўтсам, ҳам ҳужжат ёзсам, супер ўқитувчи бўлмайманми? Худо хоҳласа, бундай мактаблардан «супер ўқувчи»лар чиқади.

Порталга ёздим, «Адолат» ДП раҳбари Наримон Умаровга хат билан мурожаат қилдим. Фойдаси бўлмади.

Жавоб хатлари келди, районо мудири ҳам, бошқалар ҳам мийиғида кулиб: «Бу йил ўқитувчиларга тегмаймиз, сиз пахтага чиқмайсиз», дейишди.

Директоримиз эса мавсум бошидаги йиғилишида: «Ғаламислар ғаламислик қилмай турса, пахтани йиғиштириб оламиз…», деди.

Қизиқ, ўз ҳуқуқини талаб қилган ўқитувчи энди ғаламис деган ном оладими? Мактаб директорининг вазифаси нима? Ўқитувчини ҳимоя қилиш, мактабдаги тартиб-интизомни йўлга қўйиш, сифатли дарсни таъминлашми ёки пахта даласига теримчи топиб беришми?

Юрт тепасида турганларнинг «Ўқитувчилар пахта теримидан қайтарилсин», деган гаплари қаёқда қолди? Андижон вилоятида бу ҳатто жиноят билан тенглаштирилди.

Нима, Ўзбекистонимизнинг ҳар бир вилоятида алоҳида-алоҳида қонунларга амал қилинадими? Дардимни кимга айтай?

Ўзи мактабдаги компьютерлар муаммосини ҳал қилолмай юрибман. Информатика дарси ўқувчи сони 25 тадан ортиқ бўлган синфларда икки гуруҳга бўлиб ўтилади.

Иккала гуруҳга ҳам сифатли дарс ўтилиши учун иккита компьютер хонаси керак. Битта хонада яп-янги ўн тўққизта компьютер бор. Бунинг учун давлатимизга миннатдорлик билдираман. Иккинчи хонада эса аллақачон ишламай қолган эски компьютерлар.

Ўқувчилар эски хонага киришни истамайди. Мен ҳам истамайман, албатта. Шунга қарамай, қўлимдан келганича хонани чиройли қилиб таъмирладим. Шифтдаги сувоқлар бошимга тўкилиб кетай дерди.

Уч йил аввал хона қандай бўлса, ўшандай, гўё шу уч йил ичида бу хонага биров кирмагандек эди. Энди эски компьютерларни ҳужжатлаштириб, тегишли жойга жўнатиш ёки омборга олиб чиқиш керак. Ўрнига нариги хонадаги компьютерларнинг ярмини олиб чиқмоқчиман.

Аммо қачондан бери шуни амалга ошира олмаяпман. Мумкин эмас эмиш. Битта мактабга берилган ўн тўққизта компьютерни иккита хонага жойлаш мумкин эмасми? Умуман ишламайдиган эски компьютерлар қачонгача хонани банд қилиб туради?

Шундоқ ҳам хонам кичкина ва қоронғу. Югур-югур билан ҳамма чироқларни тўғрилатдим. Аммо дераза ортидаги қалин ёнғоқларни бутаб берадиган инсон йўқ. Директор фақат пахтанинг ташвишини қилади.

Қачон информатика фанидан олимпиада ғолиблари чиқарарканман? Доскани кўрсатиб: «Ўқувчилар, тасаввур қилинг, бу монитор…», дейишдан зерикдим.

Ziyonet ни-ку, гапирмай қўя қолай. Мактабимизнинг сайтига охирги марта қачон маълумот жойлаганимни эслолмайман.

Шундай дейман-у, уруш бўлаётган юртлардаги болаларнинг аҳволи кўз олдимга келади ва тинчлигимизга шукур қиламан. Худога шукур, тинчмиз.

Аммо ривожланиш учун юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш керакми-йўқми? Фақат ўзини ўйлайдиган ёки беғам одамлар қанча кўп бўлса, ривожланишимиз шунча узоооқ давом этади.

Булар нима бўпти? Чўлга ўн кунлик ётоққа ҳам ўқитувчилар жалб қилинмоқда. Мактабимиздаги бугунги тартибсизликни кўриб, унинг ҳолига маймунлар йиғласин…

Одина Абдураҳимова,
Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги
1-мактаб информатика ўқитувчиси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 июн 2016
Қўлга олинганларнинг уч нафари Ўзбекистон фуқаросидир. Қахрамонмараш полицияси тарқатган маълумотга кўра ИШИД террор тизими фаолларига қарши қаратилган тадбир давомида ...
25 январ 2024
Суратдаги бу шахсни танийсизми? Танимаган бўлсангиз, ҳозир ипучи бераман: 5600 сўм? – Эсладингизми? …. Ҳа, топдингиз! Бу ўша «2020 ...
30 сентябр 2020
БМТ Хавфсизлик кенгаши Нью-Йоркда фавқулодда йиғин ўтказиб, Тоғли Қорабоғ низосини муҳокама қилди. Хавфсизлик кенгаши Арманистон ва Озарбайжонни «зудлик билан ...
21 декабр 2020
Линн Швейсфурт Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва катталар мажбурий меҳнати бўйича ўтказилган 10 йиллик мониторинг ва ҳисоботлардан сўнг мамлакат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...