Асосий мавзулар
9 ноябр 2017

Бу кетишда тиббиётни ислоҳ қилиб бўладими?

Маълум бўлишича, ўтган якшанба куни Тошкентдаги бир қанча шифохонаю поликлиникалар ходимлари Сергелида янги қурилаётган уйлар олдини тозалаш, уларни тартибга келтириш, чанг-чўнгларини артиш ишларига сафарбар қилинган.

Президент тўртинчи бор медикларни танқид қилди. Рассом Туз

Бунга сабаб мазкур уйларнинг тез орада президент иштирокида фойдаланишга топширилишига тайёргарлик кўришдир.

Яқинда Ўзбекистон президенти, адашмасам, тўртинчи бор тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар бўйича катта йиғилиш ўтказди.

Бу сафар ҳам мазкур соҳадаги камчиликларни аямасдан танқид қилди, қанчадан қанча раҳбарларни койиди.

Ҳали ҳеч бир соҳа бўйича президент бунча кўп ва дам-бадам мажлис ўтказмаган бўлса керак. Шунинг ўзиёқ тиббиётнинг бугунги ҳолати қанчалик ночор эканидан дарак беради.

Лекин ўчоққа ўтин тиққан билан уни ёқмасдан овқат пишириб бўладими? Тиббиётимизни «тирилтириш»га уринишга қаратилган саъй-ҳаракатлар айни шу ҳолатни эсга солади.

Энди мана шу фикрларимизни исботлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Фейсбук саҳифасидан скриншот

Тиббиёт ходимлари ўз ишлари қолиб, йил давомида бошқа ишларга жалб қилинади. Кўчаларни тозалаш керакми, ўшалар (ўқитувчилар билан бирга).

Фейсбук юзери Ангелина Назарова Сергелидаги қурилишларни тозалашга тиббиёт ходимларидан ташқари ўқитувчиларнинг ҳам крепостной каби текин ишчи кучи сифатида жалб қилинаётгани ҳақида ёзди. Ўқитувчилар қўпол муносабат сабаб ишдан бош тортишгач, мактаб директорига ҳайфсан берилган, ўқитувчиларга эса 5000 сўмдан йиғиб бериш буюрилган.

Пахта териш керакми, биринчи навбатда яна тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар далага ҳайдалади. Бирор катта ишга ҳашарчи керакми, марҳамат, дўхтирлар бор, ўқитувчилар бор.

Пахта теримидаги «кўнгиллилар» ҳам асосан шифокор ва ўқитувчилар. Рассом Туз

Куни-кеча «Kun.uz»да ўқиб қолдим. Эндигина ўқишни битирган ёш, интилувчан тиббий мутахассис тумандаги поликлиникага ишга кирибди.

Кўп ўтмай ўзининг шундай қобилияти учун бош шифокор даражасига етишибди.

Лекин орадан сал ўтмай, дўхтирларини пахта теримига сафарбар этиш ҳақидаги буйруқни бажара олмагани учун ишдан бўшатилибди.

Мана шунақа гаплар бугун юртимизда. Тиббиёт муассасаларидаги мажбурий меҳнат, порахўрликлар, таъмагирликлар ва бошқа иллатлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Барака топгурлар (Ислом Каримов кўп ишлатарди бу сўзларни), тиббиёт ходимларини ўз ҳолига қўймасдан, бевосита вазифаси бўлмаган ҳар ишга жалб қилаверсак, соҳани ислоҳ қилиб бўладими, дейдиган мард йўқ.

Ҳар қанча мажлислар ўтказмайлик, соҳадаги раҳбарларни ҳар қанча алмаштирмайлик, аввало, мана шундай ҳолатларга барҳам бермасак, тиббиётдаги ислоҳотлар кўзланган самарани бермаслиги аниқ.

Ҳа айтганча, бу гаплар бошқа соҳаларга ҳам тааллуқли…

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
19 июн 2024
Рамзан Қодировнинг тўртта хотини ва кўплаб «чўрилари» ва “канизаклари” бор. Уларнинг айримлари ҳали вояга етмай туриб Рамзандан фарзанд ҳам ...
12 феврал 2016
«Замондош» сайти муҳаррири бўлган Ризо Обиднинг калласи ишлаб қолди. Боши бориб тошга текканидан сўнг ишлаб кетди шекилли. Галима Бухарбаева ...
16 май 2016
Ўзбекистонда фермерларга қарши бошланган «Ойболта» дея номланган кампанияга кўра, белгиланган режани уддаламаган фермерлар, давлатга ерини қайтариб бериши, пахта етиштириш ...
13 феврал 2022
Россия Украинага бостириб кирди дея фараз қилайлик. Иннан кейинчи… иннан кейин нима бўлади? Шуни совуққонлик билан бир таҳлил қилиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...